Қайднома

Қидирув

Футболда пул кўп нарсани ҳал қилади...

Футболда пул кўп нарсани ҳал қилади...

  03.12.2018 09:00
  0
  548
Футболда пул кўп нарсани ҳал қилади...

Ҳамма кўриб турган нарсани кўтариб чиқишдан осони йўқ. Айтайлик, Суперлига формати яхши эмас, майдонлар сифати ёмон ва ҳоказо. Биринчи масала юзасидан ҳар кимнинг ўз фикри бор ва ҳеч кимники мутлақ эмас. Иккинчи масалани ёш бола ҳам билади.

2018 йилда бир жиҳат кузатилди ва чемпионат сифатига ўзининг таъсирини ўтказмай қолмади. Сизга савол билан мурожаат қиламан: “Пахтакор” ва “Локомотив” сингари жамоалар кўпайса рақобат ортадими ёки мана шу икки клуб қолган жамоалар даражасига тушиб қолсами? Савол ғалати, худди айрим ҳамкасбларимиз кўтариб чиқаётган масала каби. Иккинчи йўл билан ҳам рақобат пайдо қилиш мумкин аслида, бироқ бу соғлом рақобат дейилмайди. Соғлом рақобат бўлиши учун футбол клублари кучайиши керак.

«Ўзбекнефтгаз» барака топсин, йиллар давомида футболга энг катта сармоя киритган монопол ташкилот шу. Усиз футбол ҳозиргидан анча орқада бўларди. Бироқ 2018 йилга келиб бир қатор жамоалар кучсизланганини унутмаслик керак. Оддий мисол, “Бунёдкор” ва “Насаф” аввалги мавқеини йўқотди. Агар улар ҳеч бўлмаганда икки йил аввалги молиялаштиришга эга бўлганида, “Локомотив” ва “Пахтакор” бу қадар катта имкониятларга эга бўлмасди. “Бунёдкор” ва “Навбаҳор” ўзидан бир нарсалар қўшиб, рақобат ҳосил қилишга интилди. Бироқ уларнинг ҳақиқий имконияти сўнгги турда кўринди. Бири “Локомотив”дан ўз уйида 3 та гол қабул қилиб олди, иккинчиси “Пахтакор”дан 4 та. 

Нима демоқчиман, гап форматда эмас. Ҳар қандай ҳолатда ҳам соғлом рақобат қила оладиган жамоаларнинг кўп бўлиши мухим омилдир. “Бухоро” футбол клуби мавсум ярмида ўйнаб, нега кейин ўйинларни ташлаб қўйди? Жамоа раҳбариятининг нияти чакки эмасди, бироқ чўнтагида пули йўқ бўлса ўша гап — харажатсиз ҳаракат 0 га тенг. Оддий журналист эса “Бухоро”ни интригадан тушиб қолди, деб айбламоқда.

Ёки бўлмаса “Пахтакор” ва “Металлург” масаласи. Формат уларни ака-ука тутинтирди деган фикрга кимдир қўшиладими? Йўқ, бу футболдан анча юқорироқ доираларда ҳал этилган масала (ҳал этилаётганда кимдир Суперлига ҳақида ўйлаб кўрганига ишонмайман, бу футболдан умуман бошқа масала). Ва яна бир мисол, “Қўқон-1912” клуби нима сабабдан кучли олтиликка кира олмади (ёки киришни истамадими).

Мана энди мавзуни конкрет қиламиз. Агар “Бунёдкор” ва “Насаф”нинг ҳолати қадрсизланмаганида, улар кучли олтиликда жавлон урарди. “Бухоро” қарз ботқоғига ботмаганида, Бақоев жамоаси ҳам рақобатга киришарди. Агар футболда чиндан ҳам соғлом рақобат ва кураш бўлганида, балки “Қўқон-1912” ҳам кучли олтилик учун интиларди, тўғрими?

Бироздан сўнг мен учун қадрли бўлган нашрдаги ҳамкасбларим билан бир қатор мавзуларда ўртоқлашаман. Формат ҳақидаги баҳсларни эса шу ерда тўхтатамиз. Агар клубларда бўлмаса ва клублар пул топиш учун ўзи ҳаракат қилмаса, формат ёки ПФЛ масаласини кўтариб чиқишдан маъни йўқ.

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz