Қайднома

Қидирув

ОСИЁ КУБОГИ-2000 САРАЛАШИНИ ЭСЛАБ...

ОСИЁ КУБОГИ-2000 САРАЛАШИНИ ЭСЛАБ...

  04.12.2018 04:47
  0
  681
ОСИЁ КУБОГИ-2000 САРАЛАШИНИ ЭСЛАБ...

«Ўзбекистон термаси Осиё кубогида. Ҳаммаси қандай бўлганди?» мавзусидаги суҳбатимизни давом эттирамиз. Бу сафар навбат ОК-2000 саралашига келди. БААда ўтказилганига қарамай, вакилларимиз учун омадли келган ўша босқичга яна бир бор назар ташлаш кўпчиликка қизиқ бўлиши турган гап.

Ўзбекистон термаси жойлашган гуруҳда Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон, Шри-Ланка ҳамда Бангладеш ҳам бор эди. БАА футбол ассоциацияси бир даврали тизимда ўтадиган саралашга мезбонлик қилиш таклифини билдирди. Рақибларнинг молиявий имкониятлари етарли бўлгани сабабли, барча жамоалар бунга кўнишди. Шу тариқа турнирни 1999 йилнинг окябрида ўтказиш белгиланди.

Бу пайтда Ўзбекистон термаси ўша даврдаги ўзига хос ҳолатда эди: ҳам клуб, ҳам миллий жамоада ишлайдиган мураббий, камсонли йиғинлар, молиялаштиришнинг у қадар яхши эмаслиги. Термага Маҳмуд Раҳимов бош мураббий этиб тайинланди. Ушбу мутахассис аввал ҳам бу жамоада ишлаган, фақат бошлиқ сифатида фаолият юритганди. Яъни айнан у Ўзбекистонда карьерасини жамоа бошлиғи сифатида бошлаган дастлабки мураббий бўлганди. Вадим Абрамов ҳамда Самвел Бабаян фақатгина унинг йўлини такрорлашди, холос.

Раҳимов термада ишлаш баробарида, Самарқанднинг «Динамо» клубидаги фаолиятини ҳам биргаликда олиб борарди. У ўша йилнинг январида «Дўстлик»дан кўҳна шаҳарга кўчиб ўтган, ўзи билан бирга нафақат мураббийлар штабидагиларни, балки 31 футболчини ҳам олиб кетганди.

Саралаш босқичи арафасида ўтказилган йиғинни ҳам инобатга олсак, термамиз бир йил ичида уч марта йиғилди. Ўшанда ЎФФ (ҳозирги ЎФА)да етарли пул йўқ эди, Раҳимов эса бу йиғинларга Самарқанд вилояти бюджети ҳисобидан маблағ топганди. Айнан шу сабаб ўша йилнинг августига белгиланган Озарбайжон билан ўртоқлик учрашуви Самарқандда ўтказилганди. Мазкур учрашув вакилларимизнинг йирик (5:1) ҳисобдаги ғалабаси ҳамда 21 ёшли дебютант Максим Шацкихнинг «хет-трик» қайд этгани билан ёдда қолганди.

Максимнинг роли ва унинг терма жамоага муносабати билан боғлиқ тортишувлар ўшандаёқ бошланганди. Ўсмирлик пайтида Ўзбекистонни тарк этган Максим 1999 йилнинг ёзигача Россия биринчи лигасида тўп сурди. Ўша йилнинг дастлабки ярмида олимпия терма жамоамиз Олимпиада-2000 саралаш босқичида қатнашганди. Ўйинлар тақвими ФИФА кунларига мос келмагани сабабли ЎФФ «Балтика» клубини кўндиришга катта куч сарфлашига  тўғри келди: мақсад Максимнинг турнирдаги саккиз ўйиндан тўрттасида қатнашишини таъминлаш эди. Айниқса, Қозоғистон ва Туркманистон билан кечадиган учрашувларда Шацкихнинг хизматларига эҳтиёж туғилаётганди. Бироқ маҳоратли ҳужумчимиз тўртта баҳсда майдонга тушмади: учта ўйинда икки марта сариқ карточка олди, шу боис Ашхобод сафарига терма жамоа Максимсиз йўл олди.

Мазкур воқеа Шацкихнинг термамизда ўйнашни унчалик хоҳламаётгани ҳақида гап-сўзлар кўпайишига олиб келди. Бироқ Максимнинг миллий жамоадаги дастлабки ўйини ва учта голидан сўнг ғала-ғовур тинди.

Дарвоқе, термада дебютини нишонлаган паллада Максим Киевнинг «Динамо» клуби аъзосига айланиб улгурганди. Бирлашган Араб Амирликларида ўтказилган саралаш босқичи пайтида эса киевликлар Европа Чемпионлар Лигаси доирасида «Реал»га қарши баҳс юритишлари лозим эди. Ушбу факт Максимнинг термага келишига, Бангладешга қарши ўйинда майдонга тушиб, иккита гол уришига тўсқинлик қилмади.

Аммо «Динамо» Киев раҳбарияти Ўзбекистон миллий жамоаси учрашувлари тақвими билан танишгач, ЎФФдан Максимни «Реал» билан ўйинга қўйиб юборишни сўрашга қарор қилди. Мазкур ҳолатда ҳужумчи БААга қарши кечадиган ҳал қилувчи баҳсда яна термага қайтишга улгуриши мумкинлиги қўшимча қилинганди. Натижада Шацких Шри-Ланка ҳамда Ҳиндистон билан бўладиган учрашувларни ўтказиб юборарди. Гап-сўзларга қараганда, ушбу масала «Динамо» Киев президенти ва ЎФФнинг ўша пайтдаги раҳбарининг телефон орқали ўтказилган мулоқотида ҳал қилинган экан. Шу тариқа Максим Киевга парвоз қилди ва бу ҳақда алоҳида афсона бор: бу воқеа шу қадар ғаройиб туюладики, ҳатто унинг асосида фильм сценарийсини ёзиш мумкин.

Осиё кубоги-2000 саралаш турнири Ал-Айндаги «Каттара» стадионида ўтказилди. Жамоалар шаҳардаги меҳмонхоналарнинг бирига жойлашишган, Максим эса Киевга Абу-Дабидан учиши лозим эди. Бу икки шаҳар ўртасидаги масофани автомобилда деярли бир ярим соатда босиб ўтиш мумкин бўлган.

Яна шуни ҳам эслатиб ўтиш жоизки, 1998 йили Максим «Спартак» (Москва) клубининг Исроилда ўтказилган йиғинида қатнашган, аммо ўшанда Олег Романцев ўзбекистонлик ҳужумчининг клубида ўйнаб кетишига кўзи етмаганди. Бизнинг ҳикоямиз учун йиғин ўтказилган жойдаги вазият ўта муҳим ҳисобланади. 90-йилларда Исроил иммиграция хизмати муҳри туширилган паспортлар билан Амирликлар ҳудудига кириш тақиқланарди. Максим эса айнан шундай ҳужжатга эга эди. Шацкихнинг бу пайтда Киевда бўлгани, шу боис паспортини ўзгартиролмаслиги инобатга олиниб, Тошкентда ҳужумчи учун янги паспорт тайёрланди. Максим айнан шу ҳужжат билан Амирликларга йўл олди. Футболчи Киевга учиши керак бўлганда эса, Шацких фақат аэропортга етиб боргандагина мавжуд вазият ҳақида эслаб қолишди. Дарҳол меҳмонхонага қўнғироқ қилиб, паспортни аэропортга олиб келиб беришни сўрашди. Маълум бўлишича, ўшанда жамоа машғулот ўтказаётганди. Меҳмонхонада эса журналист Мирзаҳаким Тўхтамирзаев бор эди ва айнан у терма жамоа маъмурининг хонасидан паспортни топган. Ҳужжатнинг аэропортга келтирилиши кечикиб кетди. Агар мазкур ҳолатда гап Максим Шацких, «Динамо Киев» ҳамда Украина авиатизими ҳақида бормаганда, самолёт учиб кетиши мумкин эди. Бироқ рейс тўхтатиб турилди. Максим қорли Киевга бориб, «Реал»га қарши баҳсда майдонга тушди. Сўнгра терма жамоанинг саралаш босқичидаги ҳал қилувчи ўйинини ўтказиш учун қуёшли Амирликларга қайтди.

Бу пайтга келиб Ўзбекистон термаси Шри-Ланкани 6:0, Ҳиндистонни 3:2 ҳисобида мағлубиятга учратиб улгурганди. Тақвим шундай тузилгандики, Ўзбекистонга қарши учрашувларга рақиблар куч тўплаган ҳолда тушишган, зеро қўшимча дам олиш кунларига эга бўлишганди. Шри-Ланка билан ўйинда ушбу факт ўзбекистонлик футболчиларга халал бермаган бўлсада, Ҳиндистонга қарши кечган баҳсда жиддий муаммолар кўзга ташланганди. Вакилларимиз 17-дақиқада ҳисобни очишганди, аммо ҳиндлар дарҳол мувозанатни тиклашди. 55-дақиқада эса рақиблар ҳатто ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Шунда вазиятни ўзгартириш учун Ўзбекистон термасидан нафақат ўйинчи алмаштириш талаб этилди, балки Ҳиндистон жамоаси дарвозабонининг жароҳати ҳам алоҳида аҳамият касб этди. Натижада Андрей Фёдоровнинг 77, Николай Ширшовнинг 86-дақиқаларда урган голлари Маҳмуд Раҳимов бошчилигидаги жамоага иродали ғалабани туҳфа этди.

Саралаш мусобақасининг 4-туридан ўрин олган БААга қарши баҳс олдидан Ўзбекистон термасида 9 очко, мезбонларда эса 6 очко ва захирада битта ўйин бор эди. Мазкур учрашувда дуранг қайд этилса, ягона йўлланмаси соҳиби номи 5-турда ҳал бўлар, унда Амирликлар термаси Шри-Ланка билан ўйин ўтказарди. Ўзбекистон миллий жамоаси эса бу пайтда уйга қайтиб, турнир мезбонларининг сўнгги учрашувда керакли ҳисобда зафар қучмасликларига умид боғларди. Шундай экан, гуруҳда биринчи ўрин масаласига узил-кесил ойдинлик киритиш учун фақат ғалаба керак эди.

БАА билан ўйин қайсидир жиҳатлари билан уч йил аввал айнан шу стадионда ўтказилган Осиё кубоги доирасидаги Хитойга қарши баҳсни эслатиб юборди. Рақиб яна сезиларли устунликка эга бўлди, Ўзбекистон термаси эса камсонли қарши ҳужумларидан бирини голга айлантирди. Миржалол Қосимов ўзининг ажойиб паси билан Максим Шацкихни қулай вазиятга чиқаргач, маҳоратли ҳужумчи рақиб дарвозасини ишғол қилганди.

1:0 ҳисобида ғалаба қозонган Ўзбекистон миллий жамоаси гуруҳдаги биринчи ўринни эгаллаб, Осиё кубоги финал турниридаги иккинчи иштирокни нақд қилди. Ўшанда ўз суюклиларининг мағлубиятидан жаҳли чиққан БААлик ишқибозлар Ўзбекистон термасининг камсонли мухлислари жойлашган ҳудудга турли буюмларни улоқтиришганди.

Уйга қайтаётганда, ЎФФ раҳбариятининг кайфияти чоғ эди. Қозоғистоннинг «Гол» нашрида чоп этилган танқидий мақола эса шунчаки, хизматларни ёмонлаш сифатида қабул қилинди. Амирликлар майдонида қайд этилган ижобий натижалар туфайли вужудга келган қувонч ҳисси бир йилдан кейин Ливанда ўтказилган Осиё кубоги финал босқичидаги иштирокдан сўнг йўқолди. Бу турнир ҳақида кейинроқ суҳбатлашамиз.

Алишер НИКИМБАЕВ

 

Осиё кубоги-2000 саралаши. 3-гуруҳ. 1999 йил, БАА

20 октябрь     

БАНГЛАДЕШ - ЎЗБЕКИСТОН - 0:6      (3:0)

Голлар: Миржалол Қосимов (21), Отабек Пирматов (38), Февзи Давлетов (45), Максим Шацких (51, 75), Абдуқаҳҳор Маъруфалиев (90).

22 октябрь     

ШРИ-ЛАНКА - ЎЗБЕКИСТОН - 0:6 (4:0)

Голлар: Жаъфар Ирисметов (3, 24), Февзи Давлетов (30), Николай Ширшов (38, 55), Равшан Бозоров (72).

24 октябрь

ҲИНДИСТОН - ЎЗБЕКИСТОН - 2:3 (1:1)

Голлар: Анчери (18), Виджаян (55) -    Шуҳрат Раҳмонқулов (17), Андрей Фёдоров (77), Николай Ширшов (85).

26 октябрь

БАА - ЎЗБЕКИСТОН - 0:1 (0:0)

Гол: Максим Шацких (72).

Ўзбекистон: Павел Бугало, Февзи Давлетов, Андрей Фёдоров, Даврон Файзиев, Александр Хвостунов, Отабек Пирматов, Николай Ширшов, Сергей Лушан, Шуҳрат Раҳмонқулов (Абдуқаҳҳор Маъруфалиев, 75), Миржалол Қосимов, Максим Шацких.

Бош мураббий: М.Раҳимов.

 

ЯКУНИЙ ЖАДВАЛ

Жамоа Ў          Ю         Д          М         Т-Н       О

ЎЗБЕКИСТОН  4          4          0          0          16-2      12

БАА     4          3          0          1          12-2      9

Ҳиндистон       4          1          1          2          8-9       4

Бангладеш       4          1          1          2          5-12      4

Шри-Ланка       4          0          0          4          2-18      0

Алишер НИКИМБАЕВ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz