Қайднома

Қидирув

Бетакрор Колина ақидалари

Бетакрор Колина ақидалари

  04.12.2018 05:51
  0
  791
Бетакрор Колина ақидалари

- Тасаввур қилинг, сиз ҳакамсиз. Ихтиёрингизда бехавотир ҳудуд йўқ, доимий босим, таҳлика... - Москвада ташкиллаштирилган бизнес-форумга ташриф буюрган италиялик машҳур мутахассис кескин вазиятларда қабул қилинадиган қарорлар ҳақидаги ҳикоясини шундай бошлади. Бу борада Коллинанинг тенгсиз эканлигига шубҳа йўқ: фаолияти давомида 6 марта дунёнинг энг яхши ҳаками мақомига эришган адолат ҳимоячисини ҳалоллиги, қатъияти ва ҳаммага бир хил муносабатда бўлгани учун ҳурмат қилишади. Ҳакамлик олами суперюлдузининг асосий ақидалари тайин:

1.     Ҳакамнинг ҳар бир хатоси улкан маблағлар тақдирини ҳал қилади. Коллина мисол тариқасида бир нечта баҳсли пенальтилар ва ЖЧ-2010 доирасидаги Англия - Германия учрашувида инобатга олинмаган голни эслатиб ўтди: «Ҳар бир қарор ортида катта пул туради. Жамоанинг ғалабаси, кубокни қўлга киритиши ёки кейинги босқичга чиқиши миллионлаб долларни ўз ичига олган янги шартномага йўл очиб беради. Ҳакамнинг биргина хатоси эса буларни барбод этади».

2.     Ҳакам футболчининг феъл-атвори, ўйин услубини яхши билиши керак. «Ўйинчи тўпни қайси оёғи билан бошқаради, қайси аъзоси ёрдамида тўхтатади, ён чизиқдан қай тариқа узатади. Дейлик, «Ливерпуль» вакили Жо Гомес тўпни ён чизиқдан жуда узоққа отарди. Бундан хабардор рефери тўп жарима майдончасига тушишини олдиндан билади» - Коллина тингловчиларга Европа Миллатлар Лигаси доирасидаги Англия - Хорватия учрашувидан олинган лавҳани намойиш этди. Ўша вазиятда Гомес тўпни жарима майдончасига улоқтиргач, Лингард гол урганди. «Ҳакам жарима майдончаси ичида тургани учун ҳаммасини тўғри баҳолади. Нима учун? Чунки у Гомеснинг услубидан яхши хабардор эди» - бу Коллинанинг вазиятга изоҳи.

3.     Ҳакам рақиб жамоаларни яхши ўрганиши керак. Коллина ЖЧ-2002 финали арафасида 2 кун давомида Бразилия ва Германия терма жамоалари ўйинларини видеолавҳалар ёрдамида синчиклаб ўрганган, керакли маълумотлар ва ўзига хос жиҳатларни ёзиб олган экан. «Кафу ва Роберто Карлос янги ҳужумни бошлаш учун қандай ҳаракат қилишади? Жамоаларнинг тактик услублари қандай? Ҳозир ҳакамларнинг тайёргарлик жараёнида жамоалар ўйинларини 2 кунлаб кузатишлари шарт эмас. Энди ҳар қайси лавҳага бехато баҳо бериш учун алоҳида видеоматериаллар мавжуд. Масалан, бурчак зарбаси амалга оширилган пайт «Челси» футболчилари қандай ҳаракатланишлари ҳақидаги материал», - деди Коллина.

ФИФА Ҳакамлар қўмитаси раҳбари ўз маърузасини якунлагач, юмушлари кўплигига қарамай, чамаси яна 15 дақиқа давомида турли саволларга жавоб берди...

- Қорин оғриғи ва ҳожатхонага бориш эҳтиёжи каби нохуш ҳолатлардан қочиш учун ўйин арафасида нималарни тановул қилиш маъқул?

- Одатий парҳез. Ўйин вақти яқинлашган пайт энг қулай егулик - паста. Уни учрашувдан 3 соатча аввал бемалол истеъмол қилардим. Кейин мириқиб ухлардим. Агар учрашув одатдагидан кечроқ вақтга белгиланган бўлса, кундузи ҳам 1-2 соат мизғиб олардим. 2002 йили Япония мундиали финалини бошқарганман. Ўйин маҳаллий вақт билан соат 19:30га белгиланганди. Ухлаб қолмаслик учун қўнғироқ тизимини ёқиб қўйдим. Ахир вақт тавофути ўзгарганида, ғафлатда қолиш ҳеч гап эмас. Бироқ бу фақат менга хос ҳолат. Кўплаб ҳакамлар қаттиқ ҳаяжонланиб, ўйин арафасида умуман ухламайдилар.

- Бирор ўйинни бошқариш жараёнида қорин оғриши ёки шунга ўхшаш қандайдир муаммога дуч келганмисиз?

- Ҳеч қачон.

- ЖЧ-2002 финали тугагач, футболчиларга нима деганингиз эсингиздами?

- Бразилияликларни ғалаба билан табрикладим - бу одатий ҳол. Ўша ҳал қилувчи баҳсда майдонга тушган ўйинчиларни Европанинг кучли чемпионатлари ва ЧЛдаги иштироклари орқали яхши билардим. Финал баҳсига Япония императорининг ташрифи туфайли майдонга тушишимиз чамаси 1 соатдан кўпроққа чўзилиб кетди. Узоқ вақт ерости йўлагида қолдик. Кийиниш хонасидан чиқишга улгургандик. Шу боис, фахрий меҳмон келишига қадар ўзаро суҳбатлашиб туришдан бошқа чорамиз қолмаганди. Хуллас, Германия ва Бразилия терма жамоалари аъзолари, ҳакамлар ўзаро гурунглашишди, жумладан, мен ҳам четда турмадим. Ҳаммамиз бир-биримизга яхши таниш эдик, шунинг учун суҳбат роса қизиганди. Муайян бир мавзу йўқ, «ҳар соҳадан бир шингил» қабилида қисқа мулоқотлар...

- Вақтида иқтисод йўналишида таҳсил олгансиз. Билимингиз ҳакамликда нечоғли қўл келди?

- Иқтисод бўйича билимим кўплаб қарорлар қабул қилишимда сезиларли даражада далиллик бағишлади, айниқса, ёшлик даврида. Доимо қандайдир кескин қарорлар чиқаришимизга тўғри келади, лекин ёшликда кўпчилик учун барчасини кимдир ҳал қилиб бериши керакдек туюлади: ота-онамиз, ўқитувчилар, дўстларимиз ёки акаларимиз. Ҳакамлик 17-18 ёшдаёқ ўзимдан катта кишилар устидан қарор чиқара бошлашимни тақозо этди. Уларнинг футболдаги тақдирлари менга боғлиқ эди. Бунда ҳам иқтисодга оид кўникмалар роса қўл келди.

- ЧЛ-1998|1999 финали. Афсонавий ўйинни айнан сиз бошқарган эдингиз. «МЮ» амалга оширган беқиёс «камбэк» қандай юз берганди?

- 91-дақиқада «МЮ» жавоб голини уриб, мувозанатни тиклагач, учрашув яна ярим соатга чўзилишини ўйладим. Ҳамма қўшимча бўлимларга шайланган, 2-гол ҳеч кимнинг хаёлига келмаганди. Бироқ англияликлар «Бавария» дарвозасини яна бир бора ишғол қилиб, барчасига нуқта босишди - тамом. Бу барча учун ажойиб сабоқ эди: «Доимо охиригача курашиш керак!»

- Ўша лаҳзаларда қандайдир эҳтиросга берилганмисиз?

- Асло! Ахир мен ўйнамагандим, шунчаки, ўйинни бошқариб боргандим.

- Фаолиятингиз давомида кузатилган энг мураккаб баҳс...?

- Масъулият нуқтаи-назаридан олганда, ЖЧ ва ЧЛ финалларини айтишим мумкин. Аммо энг мураккаб ўйинларга ёш ҳакам мақомида Италия қуйи дивизионларида дуч келганман. Чунончи, пастда ҳакамларни мухлислар хуружидан ҳимоя қилиш даражаси жуда паст. ЧЛ ўйинида эса ҳеч ким ҳакам олдига яқинлашолмайди. Қуйи лигаларда атиги 200 кишилик оломон, хавфсизлик воситалари ҳам, масофа ҳам йўқ. Тўғри, шахсан ўзим нохуш ҳолатга дуч келмаганман, лекин қуйи лигаларда ҳакамларга нисбатан умумий муносабат - жиддий муаммо.

- Қайсидир жамоага ёрдам беришингиз учун сизга неча марта пора таклиф қилишган?

- Ҳеч қачон. Порахўрлик тақиқланган. Очиғи, бу савол мени ғоят ҳайратга солди.

- Ўйинчилар билан тез-тез ҳазиллашиб турардингиз...

- Интернетда суратларим тўлиб ётибди: хушчақчақ ва ўта жиддий қиёфадаги Коллина. Инсон ҳеч қачон ўзлигини йўқотмаслиги, ҳар дам табиий қиёфасида туриши керак. Ҳазил-мутойиба - яхши. Ҳа, ҳамиша ҳазилга асос топардим. Ўз навбатида, футболчилар ҳам баъзан устимдан кулишарди. Дейлик, «Челси»даги Деннис Уайз ёнимда туриб, қитмирлик қиларди. Бунинг ёмон томони йўқ - футболга табиийлик ярашади.

- Тақир бошингизга боғлиқ ҳазилларга ҳам дуч келганмисиз?

- Йўқ, бунақаси бирор марта кузатилмаган.

- Россия футболи вакилларидан ким билан мириқиб суҳбатлашгансиз?

- ЖЧ-2018дан кейин Россия терма жамоаси бош мураббийи билан Лондондаги мастер-сабоқ жараёнида учрашиб, бафуржа отамлашдик. У инглиз тилида равон сўзлашади. Хуллас, ЖЧ воқеалари, Россия термаси муваффақиятини эсга олдик.

- Соҳил бўйида шинам уйингиз борлигидан хабардормиз. Ҳаётдан бошқача завқлансангиз керак...

- Ҳа, Форте-деи-Марми ороли соҳилида истиқомат қиламан. Бу осуда шаҳарча бамайлихотир ҳордиқ чиқаришим учун жуда мос гўша. Уйим шундоқ соҳил бўйида, пляж ҳам узоқ эмас. Оила аъзоларим - 2 нафар қизим ва набирам билан бирга бўлиш мароқли. Аммо кўпинча бунинг иложи топилмайди. ФИФАдаги юмушлар туфайли тез-тез сафарга чиқишимга тўғри келади...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz