«Реал Мадрид» жорий мавсум Ла-лигада ўта беқарор иштирок этмоқда. Салбий натижалар туфайли Испания терма жамоасидан «ўғирланган» бош мураббий Хулен Лопетеги биринчи давра ярмидаёқ истеъфога чиқарилди. Қисқаси, «Қироллик клуби» спорт нуқтаи назаридан қандайдир инқирозни бошдан кечирмоқда. Бу ҳолат жамоа структураси, яъни кўплаб йўналишлардаги ишларга озми-кўп таъсир этиши тайиндек. Лекин «Реал Мадрид» бренди битта жиҳат - тижорат бобида ҳамон аввалгидек кучли.
Мана, фактларга эътибор қаратинг: мавсум-2017/2018да клубнинг бош ассамблеясига 751 миллион еврони ўз ичига олган бюджетни тақдим этганди. Бу бир йил аввалги кўрсаткичга нисбатан 11 фоиз кўпдир. Чунончи, тижорат сектори натижаси 16 фоиз ошиб, 297 миллион еврога етди. Жорий мавсум эса жамоа даромади 305,24 миллион еврога кўтарилиши мумкин. Умуман, «Реал» учун ҳам ҳомийлик ва ҳуқуқларни сотиш асосий даромад манбаи ҳисобланади. Ўтган мавсум бу йўналишдаги фойда 239,68 миллион еврони ташкил қилди (18,2 фоизли ўсиш). Жамоа президенти Флорентино Перес мухлислар олдидаги чиқишида «Сантьяго Бернабеу» стадиони реконструкцияси учун 575 миллион евро ажратилиши ҳақида гапирар экан, клуб ҳам спорт, ҳам иқтисодий нуқтаи назардан тарихий даврда турганини баралла таъкидлаганди. Жаноб президент бежиз ўзини бундай дадил тутмаган. Катта ишонч боиси шуки, унинг қўлида битта устун «қурол» бор эди: Adidas билан ҳамкорлик келишуви. Тахмин қилинишича, ҳомийлик шартномаси яқин кутларда расман янгиланади. Навбатдаги битим 10 йилга мўлжалланади ва «Реал» бунинг ортидан нақ 1,1 миллиард евро олади. Қисқаси, «Қироллик клуби» ва Германия бренди ўртасидаги келишув Европа спорт маркетингини янги босқичга кўтариши мумкин. Ҳозирдан унга «Аср шарномаси» таърифи ишлатилмоқда. Айни шу битим билан «Мадрид» жаҳон спортидаги энг қимматбаҳо брендга айланади.
Қаранг, янги шартномага кўра, «Реал»нинг ҳар йили 110 миллион евро олиши кафолатланади. Қолаверса, бонус шаклидаги тўловлар ҳам бор. Тўғри, буниси Германия компанияси маҳсулотларининг нечоғли сотилишига боғлиқ. Лекин тахминий ҳисоб-китобларга мувофиқ айтсак, «Реал» ғазнасига йилига қўшимча 40 миллион тушиши мумкин. Шундай экан, савдо тушумининг маълум фоизига эгалик қиладиган «Мадрид» биргина ҳомийлик келишувидан чамаси 150 миллион евро олади. Айни пайт Adidasнинг Испания грандига бундан икки ҳисса кам (тахминан 75 миллион евро) тўлашини алоҳида таъкидлаш ўринли. Энди янги келишув моҳияти ва даражасини теранроқ англаш учун спорт оламидаги бошқа йирик шартномаларга назар солиш керак. Мисол учун, Nike компанияси ва МБА (миллий баскетбол ассоциацияси) ўртасидаги келишувни олайлик: АҚШ фирмаси 8 йил давомида барча 21та жамоага 1 миллиард доллар ажратади. Бошқача айтганда, бир мавсум учун 125 миллион доллар (110 миллион евро) беради. Бу 21та жамоага қанчадан тегишини ўзингиз ҳисоблаб олаверинг. «Реал» эса биргина Adidasдан йилига деярли шунча ундиради. Ёмон эмас, тўғрими? Йўқ, шунчаки, аъло!
Умуман, «Реал» нақ 16та ҳомийга эга. Улардан бири - Fly Emirates 2017 йилнинг сентябрида тузилган шартномага мувофиқ, бир мавсумда нақ 70 миллион евро тўлайди. Таққослаш учун айтсак, «Барселона» шу турдаги битимга мувофиқ, Rakutenдан 55 миллион евро олади. Chevrolet ва «МЮ» ўртасидаги келишувнинг йиллик баҳоси ҳам шунча. Adidas 1998 йилдан буён «Реал Мадрид»нинг доимий ҳомийси бўлиб келяпти. Тўғри, 2қаймоқранглилар» Германия компанияси либосини илк марта 1981 йили кийишганди. Бу жамоа тарихида бош ҳомий номи кўз-кўз қилинган дебоча мавсум ҳисобланади. Қисқаси, мадридликлар биринчи ҳамкорлик доирасида 1986 йилгача Adidas билан ишлашган, кейин Hummel (1994 йилгача) ва Kelme (1994-1998 йиллар)ни маъқул кўришган.
Клубнинг маркетинг бўлими Adidas билан навбатдаги шартнома масаласида анча олдин иш бошлаганди. Бироқ вақти-вақти билан икки томон айрим жиҳатлар бўйича сира келишолмади ва музокара жараёни анча чўзилиб кетди. Дейлик, «Мадрид» раҳбарияти 10 йилга мўлжалланган янги битим клубнинг жаҳон футболидаги ҳозирги мавқеига тўлиқ мос келишини истади, компания олдига катта талабларни қўйди. Мадридлик мутахассисларнинг умумий хулосаларига кўра, аввалги шартномаларда жамоанинг жаҳондаги обрўсига унча эътибор қаратилмаган. Тушунарлики, Европа ЧЛдаги кетма-кет ғалабалар клуб раҳбариятининг ўз позициясида мустаҳкам туришига асос бўлди. Бундай ҳолатда Adidasнинг шартларга кўнишдан ўзга чораси қолмади.
Дарвоқе, музокара жараёни давом этаётган палла, аниқроғи, ўтган йилнинг май ойида Der Spiegel нашри Football Leaks гуруҳи билан ҳамкорликда Adidas ва «Реал Мадрид» ўртасидаги айни шартнома тафсилотларини эълон қилди. 2016 йилнинг январида расмийлаштирилган ҳужжатга асосан, тўлов миқдори 70 миллион еврони ташкил этган. Шунингдек, Германия компанияси «Реал» белгиси бор маҳсулотлари сотувидан тушган йиллик соф фойданинг 22,5 фоизини клубга тақдим этишни ўз зиммасига олган ва бу сумма 30 миллион евродан ошган. Келишувдаги айни шу банд жуда муҳим аҳамиятга эга. Зеро, бу масала харидорлар томонидан тез-тез бериладиган «Битта форма 100 евро. Нега?» қабилидаги саволга бевосита боғлиқ. Айтиш жоиз, 140 саҳифадан иборат янги шартномада барча-барча ҳолатлар инобатга олинган. ҳаттоки, «Реал» Ла-лигадан тушиб кетса, нима бўлиши ҳам ёзиб қўйилган. Бундай тақдирда ҳомий жамоага атиги 65 миллион евро тўлайди, холос. Шунингдек, томонлар «Мадрид» ҳар бир унвон (турнирдаги ғалаба) учун қанча мукофот олишини ҳам аниқ белгилаб қўйишган. Аввалги шартномада 2015-2019 йиллар оралиғида Испания чемпионатидаги ғалабага 2,5 миллион евро миқдорида бонус берилиши кўрсатилганди. Энди 2020-2024 йиллар учун бу миқдор 3,5 «лимон» бўлади. Европа ЧЛдаги ҳар бир зафар ортидан клуб ғазнасига қўшимча 5 миллион евро тушади (2019 йилгача). Янги келишувда бу миқдор бирданига 2 миллион оширилди - 7 «лимон».
Аслида Nike ва Under Armor каби бошқа брендлар ҳам мадридликлар билан музокара бошлашга тайёр турганди. Ҳар ҳолда, айримлар «Реал» ва Adidas ўртасидаги ҳамкорлик хотима топишини зор кутди, бироқ Германия компанияси «Мадрид»ни ҳамиша ўз қанотида сақлаш йўлида бор имкониятларини ишга солганидек, бу сафар ҳам бўш келмади. Хуллас, янги келишув амалга кирса, «Реал Мадрид» спорт кийимлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган компаниядан энг кўп пул олувчи «МЮ»дан ўзиб кетиб, бу борада ҳам «қирол» мақомини ўзиники қилади. Айни ҳозирги ҳолат бўйича айтсак, Nikeдан йилига 85 миллион ундирадиган «Юнайтед» пешқадам бўлиб турибди.
ЎРТАГА
Алоҳида маълумот: охирги вақтларда футбол клублари ва йирик брендлар ўртасидаги ўзаро муносабатларда бир қатор ўзгаришлар кузатилди. Хусусан, «Арсенал» Puma билан ҳамкорликни тўхтатиб, Adidas шеригига айланди. Шунингдек, «Манчестер Сити»нинг Nikeдан юз ўгириб, Pumaга юз буриши ҳақида миш-мишлар бор.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20