Қайднома

Қидирув

Тахминга терс томоша ёки яа “ТОП-5”даги муҳим воқеалар ҳақида

Тахминга терс томоша ёки яа “ТОП-5”даги муҳим воқеалар ҳақида

  06.12.2018 00:41
  0
  598
Тахминга терс томоша ёки яа “ТОП-5”даги муҳим воқеалар ҳақида

Декабрнинг дастлабки «уик-энд» оқшомлари топ-чемпионатлар мухлисларига олам-олам унутилмас лаҳзаларни туҳфа этди. Туманли ўлкадагилар муросасиз баҳслар ва сермаҳсул ўйинлардан ташқари, тасаввур қилиш қийин бўлган фантастик голга ҳам гувоҳ бўлишди. Испанияда яна пешқадам алмашди, «Реал» ниҳоят ғалабага эришди. Бундеслига гранди ҳам бу турда сафардан 3 очко билан қайтди, Францияда карвонбошининг 100 фоизли натижалар серияси якунига етди. Апеннин вакиллари ўртасидаги беллашувлар ҳам қизиқарли ўтди.

Англия. Оммавий тартибсизлик ва 6 гол

14-турдан ўрин олган беллашувларнинг иккитасида мухлислар принципиал қарама-қаршиликка гувоҳ бўлдилар. Шимолий Лондон дербиси номи остидаги «Арсенал» - «Тоттенхэм» учрашуви нафақат голлар, балки эҳтиросларга ҳам бой бўлди. Ўйин ўта шиддатли тарзда кечди, ҳакам 6та гол ва 2та пенальтини қайд этди. Мухлислар ўртасида эса ирқчиликка оид можаро юзага келиб, мафтункор ўйинга бироз доғ туширди.

Учрашув ҳисоби 10-дақиқада очилди. Меҳмонлар ҳимоячиси Ян Вертонген ўз жарима майдончаси ичида тўпни қўли билан ўйнагани учун Майк Дин Уго Льорис дарвозаси томон пенальти белгилади. Жарима зарбасидан унумли фойдаланган Пьер-Эмерик Обамеянг мезбонларни олдинга олиб чиқди. Голдан кейин «тўпчилар» шиддатни оширган бўлсаларда, ҳисоб йириклашмади. Боз устига, стандарт вазиятдан узатилган тўпни Эрик Дайер голга айлантириб, уни нишонлашга киришди. Воқеа жойи мезбонлар мухлислари ва «Арсенал» захирасидаги футболчиларга яқин эди. Оқибатда майдонда оммавий тартибсизлик юзага келди, ҳатто Маурисио Почеттино ҳам ўзини тўхтата олмади. Қизиғи, ҳакам можаро сабабчиларини жазоламади, шунчаки, футболчилар тинчланиб олишларини кутиб турди. Лекин тез орада йўқ жойдан пенальтини кашф этиб, мезбонларни жазолади. Шу тариқа Гарри Кейн меҳмонларни олдинга олиб чиқди.

Танаффусдан кейин Унаи Эмери янги кучларни жангга ташлади. Захирадан тушган Аарон Рэмзи ва Александр Ляказетт ўйин шиддатини оширишди, Обамеянг айнан Рэмзининг узатмасини голга айлантириб, мувозанатни тиклади. Шундан кейин «Арсенал»ни тўхтатишнинг иложи бўлмади. Натижада Уго Льорис яна 2 марта ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур бўлди. Қўшимчасига, 85-дақиқада иккинчи сариқ карточкани олган Вертонген майдонни тарк этди.

«Ливерпуль» ва «Эвертон» ўртасидаги Мерсисайд дербиси жанговарлик бобида Шимолий Лондон даражасига кўтарила олмади. Қолаверса, мухлислар ягона гол билан кифояланишга мажбур бўлишди. Майдонга фаворит сифатида тушган «қизиллар» учун ғалаба жуда зарур эди. Акс ҳолда, улар «Сити»нинг узоқлашишига сабабчи бўлишарди. Шу боис, жамоа доимо олға интилди, кўплаб хавфли вазиятларни яратди. Аммо ҳисобни очишнинг иложи бўлмади. Боши қотиб қолган Юрген Клопп Дивок Оригига мавсумда илк бора имконият берди. Таажжубки, айнан шу ҳужумчи ҳисобни очишга жуда яқин эди. Аммо 2 метр масофадан йўлланган тўпни дарвоза тўсини қайтарди. Ниҳоят, ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтда адолат тантанаси юз берди - ғалабадан умидини узиб улгурган ван Дейк сўнгги сониядаги зарбасидан сўнг тўп дарвоза устидан ўтиб кетади, деб ўйлаган ва ортга қайта бошлаганди. Бироқ тўп дарвоза тўсини устига тушди, Пикфорд уни уриб юбормоқчи бўлди, тўп эса яна бир марта тўсинга урилиб, майдонга қайтди. Ориги эса уни боши билан дарвозага йўллади. Ана шу ўта ғаройиб гол эвазига пешқадам билан таъ-қибчи ўртасидаги 2 очко фарқи сақланиб қолди.

Ўз навбатида, «Борнмут»ни қабул қилган Гвардиола жамоаси ортиқча муаммоларсиз зафарга эришди. Эътиборлиси, мазкур ғалаба каталониялик мураббий учун юбилей мақомида бўлди - ўз фаолияти давомида Гвардиола 400-марта рақибларини мағлубиятга учратди. Маълум бўлишича, журналистларнинг тарихий ғалаба ҳақидаги маълумоти мураббий учун хушхабар бўлган. «Очиғи, статистика билан шуғулланишга вақт йўқ. Юбилей мен учун сюрприз бўлди. Четдан қараганда, биз осонликча ғалабага эришгандекмиз. Аслида ундай эмас. ЕЧЛдан кейин ўйнаш анча қийин кечади. Муҳими, керакли натижага эришдик», - деди Гвардиола.

Испания. Грандлардан бир хил Ғалаба

Примерада аввал «Реал», эртасига «Барселона» ўз ра-қиблари устидан икки тўп фарқи билан зафар қучдилар. Натижада «Барса» яна турнир етакчиси бўлиб олди, «Қироллик клуби» эса ЕЧЛ ҳудудига яқинлашди. Таъкидлаш жоизки, навбатдаги 3 очкони расмийлаштириш грандлар учун осон кечмади. Мадридда «Валенсия», «Камп Ноу»да «Вильярреал» муносиб қаршилик кўрсатди. Лекин якунда номдорлар барибир мақсадга эришдилар Ғолибликка асосий даъвогарлар - «Севилья» ҳамда «Атлетико» эса қимматли очколардан маҳрум бўлишди. Эътиборлиси, ғалаба бу икки жамоа рақиблари - «Алавес» ҳамда «Жирона»га ҳам сув ва ҳаводек зарур эди. Демак, улар ҳам етакчи квартетга яқинлашиб олиш имкониятини йўққа чиқаришди. Хуллас, жорий мавсум ўта муросасиз ва тенг курашлар остида ўтмоқда. Бу эса бетараф мухлислар учун айни муддао, десак муболаға бўлмайди.

Германия. ПешҚадамнинг машаҚҚатли Ғалабаси

Бундеслигада етакчилик қилаётган «Боруссия-Д» ўз майдонида хавфли ҳудуддан узоқлашиш илинжида бўлган «Фрайбург»дан 3 очкони «юлиб олди». Тўғри, икки тўп фарқи билан эришилган зафар ишончлидек туюлади. Бироқ ушбу голларнинг бири пенальтидан, иккинчиси қўшимча вақтда амалга оширилди. Бу эса меҳмонларнинг ишончли ҳимояланганидан далолатдир. Тан олиш керак, ҳозирда тўпурарлар рўйхатида етакчилик қилаётган Пако Алькасер Люсьен Фавр жамоасида асл «жокер» ролини ажойиб тарзда уддаламоқда - ички чемпионатнинг 8 учрашувида майдонга тушган ҳужумчи 10та гол урди, шуларнинг фақат биттасини илк дақиқадан тўп сурган ўйинда амалга оширди! 10-голини уриш учун испаниялик тўпурар 20 дақиқа сарфлади. Уни кашф этган швейцариялик мураббий Люсьен Фавр эса Дортмунд-даги фаолиятида ажойиб натижага эришган дастлабки мутахассисга айланди - 13 учрашув, 10 ғалаба, 3 дуранг!

Мюнхен гранди эса Бременда «Вердер» қаршилигини синдириб (2:1), совриндор учликка яқинлашиб олди. Ўйинда «дубл»га эришган Серж Гнабри аслида 2016 йили 5 млн. евро эвазига «Арсенал»дан «Вердер»га ўтган, ке-йин «мусиқачилар» уни 8 млн. эвазига «Бавария»га беришганди. Шу ҳужумчи гранднинг нохуш сериясига чек қўйди.

Жадвалнинг иккинчи поғонасида бораётган «Боруссия-М» Лейпцигда маҳаллий жамоага тенг кела олмади ва ўз дарвозасидан икки марта тўп олиб чиқди. Оқибатда, «РБ Лейпциг» унга яқинлашиб олди. Совринли ўринлардан умидини узмаган «Айнтрахт» эса кутилмаганда «Вольфсбург»га имкониятни бой берди - 1:2.

Италия. Рим - Милан Қарама-Қаршилиги, Роналдунинг рекорди

«А» сериянинг 14-тури мусобақа пешқадами учун чигалёзди машқи мақомида ўтди. Флоренцияда «Фиорентина» меҳмони бўлган «Ювентус» сафардан 3:0 ҳисобидаги зафар билан қайтди. Ўйинга сўнгги нуқтани қўйган Криштиану Роналду голлари сонини 10тага етказиб, бундан 61 йил аввал англиялик касбдоши Жон Чарльз томонидан қайд этилган натижани такрорлади - 14та ўйин-да 10та гол!

Якшанба оқшомида бўлиб ўтган «Рома» - «Интер» (2:2) баҳси турнинг марказий учрашуви мақомида эди. Томонларнинг фаоллиги эвазига қизиқарли ўтган беллашувда чинакам жанговар дуранг қайд этилди. Таъкидлаш жоизки, меҳмонлар ғалабага яқин эдилар. Бироқ 73-дақиқада ҳакам VAR тизими ёрдамида «Интер» дарвозаси томон пенальти белгилади, Коларов эса «нуқта»дан зарба беришда адашмади. «Милан» ўз майдонида «Парма» устидан иродали ғалабага эришиб, совриндорлар қўшниси бўлиб олди. «Интер»нинг очко йўқотишидан фойдаланган «Наполи» эса сафарда «Аталанта»ни маҳв этиб (1:0), 2-ўринга кўтарилиб олди.

Франция. Ниҳоят, «ПСЖ» очко йўқотди

Биринчи дивизион етакчиси «ПСЖ» қаторасига 14 ғалабадан кейин «Бордо» билан битим (2:2) имзолашга мажбур бўлди. Гарчи Неймар ва Мбаппенинг голлари эвазига пойтахт клуби икки марта олдинга чиқиб олган бўлсада, мезбонлар мувозанатни тиклай олдилар. 2-ўринда бораётган «Лион» ҳам шундай ҳисобдаги дуранг билан кифояланиб, Монакодан зафар (2:1) билан қайтган «Монпелье»га ўрнини бўшатиб берди. «Марсель» эса ўз уйида «Реймс» билан қайд этилган нурсиз дуранг (0:0) туфайли етакчи триодан четда қолди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz