Қайднома

Қидирув

Футболимизнинг иши «беш» бўладими?

Футболимизнинг иши «беш» бўладими?

  06.12.2018 03:57
  0
  829
Футболимизнинг иши «беш» бўладими?

Мана, Суперлиганинг илк мавсуми якунланди. Демакки, бу йил футболимиз элитасида учрашувлар қандай кечгани хусусида дастлабки хулосаларни айтиш мумкин. Хўш, Суперлига ғалвирини сувдан кўтарсак, қандай воқеликлар кўз олдимизда гавдаланади? Ушбу саволга жавоб изланса, табиийки, ҳар кимда турлича мулоҳазалар тилга кўчади, қоғозга тушади. Марҳамат, энди бизнинг айрим мулоҳазаларимиз билан танишинг...

 1.  Пасту-баланд хулосаларга қарамай, Суперлига сабаб, футболимиздаги қотиб қолган узоқ йиллик музлар эрий бошлади. Формат ва регламентдаги янгиланиш, «олтин очко» қоидасини қўрқмасдан жорий қилиниши мухлислар ҳамда мутахассисларда қарама-қарши мулоҳазалар уйғотгани рост. Лекин футболимиз мутасаддилари ўз позицияларида қатъий турдилар. Мавсум ўртасида «олтин очко» қоидасининг тақдири хавф остида қолганида, футбол жамоатчилиги ўз сўзини баралла айтди. Натижада Суперлига мусобақаси белгиланган тартиб-қоидаларга мувофиқ ҳолда, ниҳоясига етди. Шу маънода айтсак, камчилик ва нуқсонларидан қатъий назар, бу мавсум инқилобий ҳодиса сифатида футболимиз тарихига муҳрланади.

2.  Суперлигада 12та жамоа иштирок этиши аввалига кўпчиликни ажаблантирганди. Аммо мавсум якунида ҳаттоки, 12та жамоа ҳам орзумиздаги Суперлига талабларига тўлиқ жавоб беролмаслиги кўриниб қолди. «Бунёдкор», «Бухоро» ва «Насаф» жамоалари молиявий муаммолар сабаб, мухлислар кутган даражада ўйин намойиш этолмади. Албатта, бу муаммолар мухлисларнинг стадионларга ташрифига салбий таъсир қилди. Шунинг учун ҳам ўйинларга қизиқиш сусайганини формат ёки регламентдан эмас, балки клубларнинг молиявий ҳолатига боғлаш маъқул. Келажакка ишонч йўқолган жамоада футболчи иштиёқ билан майдонга тушмайди, ахир. Қойил қолиш керакки, биз тилга олган жамоалар мухлислар ҳурматидан, қолаверса, номус кучлилиги боис, мавсумни бир амаллаб, охирига етказди. Нима ҳам дердик, футболчиларни маррага эсон-омон етаклашгани учун Миржалол Қосимов, Рўзиқул Бердиев ва Улуғбек Бақоевга тасанно!

3. Мавсумнинг якуний босқичида чемпионат формати ва регламентга нисбатан танқидлар кучайди. Салбий баҳо берганлар мухлисларнинг стадионларга ташрифи камайишини формат ва регламентдаги камчиликлар билан изоҳлашди, факт сифатида эски олий лига ва Суперлига натижаларини ўзаро солиштиришди. Аслида олий лигага таққослаганда, Суперлигада ўткинчи ўйинлар фоизи ниҳоятда камлигига, мухлислар муаммоси эса молиявий жиҳатдан қийналган жамоалар ўйинида иштиёқ сезилмагани, «Пахтакор»да «Металлург» ва АГМК қўшқанот сифатида шакллангани билан боғлиқлигига эътибор қаратилмади. Унутмайликки, мухлислар муаммоси сабаб, эски формат ва регламентни тиклашга уриниш - футболимиз илдизига болта уриш билан тенг. Гап янги формат ёки регламентда эмас, аксинча, футболимизда ҳалол курашни бўғаётганларда.

4. Бу йилги мавсум футболимиз муҳитида ҳар қандай формат ва регламентни издан чиқариб, ғажиб ташлашга тайёр худбин ОНГ жуда чуқур илдиз отганини яна бир бор исботлади. Келишилган ўйинлар авж нуқтасига кўтарилган 2015 йили илк бор ҳозирги формат ва регламент ҳақида сўз очиб, лойиҳани мажбурий, иложсиз кураш йўли, келишишнинг олдини оладиган чора сифатида илгари сургандик. Ўшанда «Металлург» ўзини «Пахтакор» учун «қурбон» қилиши мумкинлиги, «Бунёдкор» ва «Насаф» инқирозга учраши хаёлимизга келмаганди. Бу мавсум 4-марта учрашганда,  «Бухоро» ўз майдонида «Пахтакор»га, «Навбаҳор» эса «Локомотив»га нима учун йирик ҳисобда ютқазди? Ҳолбуки, «Бухоро» ва «Навбаҳор» истаса, етакчиларга қандай қаршилик кўрсатиши барчага маълум. Формат ёки регламентга алоқаси йўқ бу икки мағлубиятнинг. Қаршисида ҳаттоки, Эктор Купердек мураббий ҳам довдираб қолаётган худбин ОНГга қарши кураш шу зайл машаққатли кечмоқда. Футболимиздаги аҳволдан ҳафсаласи пир бўлганлар «Кўпроқ еврофутбол ҳақида ёзинг!» - дейишмоқда аламлардан ўртаниб.

5. Клубларимизнинг мавжуд молиявий иқтисодий ҳолатидан келиб чиқиб, таҳлил қилиш мумкинки, келгуси мавсумда иқтидорли, ёш футболчилар «Пахтакор», «Локомотив», «Металлург» ва АГМК жамоалари  таркибидан жой олишга интилишади. Мазкур квартетда «Локомотив» ўзини ноқулай сезиши ҳозирданоқ ҳеч кимга сир эмас. Чемпионлик учун кураш ҳам шу ноқулайлик ичра ўтса, ажабмас. Қандайдир чора топилмаса, Суперлигада шундай нохуш ҳолат кузатилади. Яхши яшаш илинжида футболчилар мажбуран шу йўлни танлашади. Етакчилар ва молиявий бақувват клублардан жой тополмаган футболчиларга эса «Навбаҳор», «Сўғдиёна», «Қўқон-1912», «Қизил­қум» ўз эшикларини очади. Шу тариқа бошқарилмайдиган сараланиш юзага келади. Тўғри, бу каби сараланиш еврофутбол ҳаётига ҳам сингиб кетган. Фарқи шуки, «кўҳна қитъа»да рақобат босимига дош беролмаганлар жимгина кучлиларга йўл бўшатадилар. Ҳар ҳолда, биздаги каби футболга зид йўллар билан жон сақлашга уринмайдилар. Дейлик, АПЛда Лондон, Манчестер ва Ливерпулдаги концентрация рақобат маромини ушлаб туради. Тошкент шаҳри ва вилоятида шаклланаётган концентрация эса бошқа ҳудудлардаги футбол ривожига қандай таъсир ўтказишини олдиндан айтиш қийин.

Муҳтарам мухлис! Ҳукмингизга оғриқли мулоҳаза - хулосаларни ҳавола қилдик. Нима деб ўйлайсиз, келгуси мавсумда футболимизнинг иши «беш» бўладими?

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz