Қайднома

Қидирув

Зерикарли бўлсада, 32-тур рамзий жамоаси билан таништирамиз...

Зерикарли бўлсада, 32-тур рамзий жамоаси билан таништирамиз...

  06.12.2018 05:01
  0
  459
Зерикарли бўлсада, 32-тур рамзий жамоаси билан таништирамиз...

Мана, Pepsi Суперлига-2018нинг якуний тури рамзий жамоасини тузиш пайти ҳам етиб келди. Умуман, 32-турда ўз жамоаси сафида қаҳрамонга айланганлар кўпчиликни ташкил этди ва шу тариқа энг яхшилар рўйхатидан ўрин олишди.

ДАРВОЗАБОН:

Ўткир Юсупов («Қўқон-1912») Фарғона вилояти дербисида Про-лигага тушиб кетиши аниқ бўлиб улгурган «Нефтчи» очкога эҳтиёж сезаётган «Қўқон-1912»га имкониятни бой берди. Мазкур баҳсни юқори кайфиятда ўтказган Ўткир Юсупов дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.

ҲИМОЯЧИЛАР:

Мурод Холмуҳаммедов («Қўқон-1912») Қўқонликлар сардори Мурод Холмуҳаммедов «дубль» қайд этиб, бу сафар ҳам жамоанинг энг асосий ўйинчиларидан бири эканини кўрсатди. Унинг голлари «Қўқон-1912»га ўта муҳим ғалабани туҳфа этди.

Кахи Махарадзе («Локомотив») Авваллари ярим ҳимояда кўришга ўрганиб қолганимиз Кахи Махарадзе, «Локомотив»да мудофаа чизиғига аллақачон кўникиб қолган. У «темирйўлчилар»нинг Намангандаги ишончли ғалабасида ҳам муҳим роль ўйнади.

Хуршид Мухторов («Насаф») Бу мавсум қаршилик мухлислар ёқимтойига айланган маҳоратли ҳимоячи 32-турда ҳам жамоаси ғалабасига муносиб ҳисса қўшди. «Сўғдиёна» уюштирган ҳужумларнинг аксарияти айнан Мухторов томонидан қайтарилди.

Шерзод Аъзамов («Пахтакор») Пойтахт дербисида «шерлар» «қалдирғочлар»га ҳеч қандай имконият қолдиришмади. Мазкур учрашувда «Пахтакор» сафида энг фаол бўлганлардан бири Шерзод Аъзамов ҳам рамзий термага киритилди.

ЯРИМ ҲИМОЯЧИЛАР:

Икром Алибоев («Локомотив») Жорий мавсумни ажойиб тарзда ўтказганлардан бири - Икром Алибоев. Ҳам клуб, ҳам термада мураббийлар ишончини оқлаётган ярим ҳимоячи «Навбаҳор»га қарши кечган сўнгги учрашувда ҳам жуда яхши ҳаракат қилди.

Бобур Давлатов («Насаф») Қаршиликларнинг муҳим футболчиларидан бири «Сўғдиёна» майдонида ўтказилган учрашувда ягона ғалаба голи муаллифига айланиб, «Насаф»нинг қуйи олтиликда биринчи ўринни эгаллашига катта ҳисса қўшди.

Йован Жокич (АГМК) Сўнгги турда «дубль» қайд этганлар орасида АГМК легионери Йован Жокич ҳам бор. Умуман, жорий мавсумни кўтаринки кайфиятда ўтказган бу футболчи бир неча маротаба рамзий жамоа-дан ўрин эгаллади.

Сардор Рашидов («Локомотив») Истеъдодли вингер жароҳатдан тузалиб, яшил майдонга қайтишини иккита гол билан нишонлади. Чемпионлик шукуҳидан баҳра олаётган Сардор Рашидов томонидан киритилган тўплар амалда Намангандаги учрашув тақдирини ҳал қилди.

Зафар Тўраев («Металлург») «Бухоро» билан ўйинда бекободликлар сафида энг фаол ўйинчилардан бири бўлган Зафар Тўраев «Металлург»га уч очко келтирган гол муаллифига айланди.

ҲУЖУМЧИ:

Тиаго Безерра («Пахтакор») Ва албатта, 32-тур қаҳрамони ҳам бугунги рўйхатдан жой олди. Аслида, Тиаго Безерра «заявка»да ярим ҳимоячи сифатида кўрсатилган. Аммо унинг сўнгги пайтларда ягона ҳужумчи вазифасини ҳам ажойиб тарзда уддалаётганини кўрдик.

БОШ МУРАББИЙ:

Андрей Фёдоров («Локомотив») «Темирйўлчилар» мавсумдаги сўнгги баҳсда ҳам сермазмун ўйин кўрсатишди, анчадан буён ўз майдонида енгилмаётган «Нав-баҳор»ни Наманганда таслим этишди. Манаман деган мутахассислар уддалай олмаган ишни Андрей Фёдоров шогирдлари ёрдамида шараф билан бажарди ва яна рамзий жамоа бош мураббийлигига лойиқ кўрилди.

 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz