Қайднома

Қидирув

Ҳамиджон Актамов: "Мақсадимиз маҳаллий ёш футболчиларга катта эътибор қаратиш..."

Ҳамиджон Актамов: "Мақсадимиз маҳаллий ёш футболчиларга катта эътибор қаратиш..."

  06.12.2018 12:30
  0
  516
Ҳамиджон Актамов:

Қизиқарли ва шиддатли курашлар остида кечган учрашувларга бойлиги билан ёдда қолган Суперлиганинг 2018 йилги мавсуми ҳам ва ниҳоят якунига етди. Ортда қолган мавсум миллий чемпионатимизда кўплаб янгиликлар амалга оширилди. Чемпионат формати ўзгарди, ўйинлар иккита босқичга бўлинган ҳолда ўтказилди.

Профессионал Футбол Лигаси эндиликда келаси мавсум учун тайёргарлик жараёнини ҳам бошлаб юборди. Яқинда “ЎФА ва ЎзПФЛ томонидан ўтказиладиган мусобақаларда иштирок этувчи футбол клубларини лицензиялаш ва профессионал футбол клуби мақомини белгилаш бўйича регламент” ишлаб чиқилди. Клублар ушбу Регламент асосида келаси мавсум учун тайёрлаб борилади. 

Яъни яқин йиллар ичида ўз олдига Про лига ёки Суперлигада қатнашишни мақсад қилаётган ҳар қандай футбол клуби аввало мазкур Регламентда кўрсатилган талабларга ҳар томонлама жавоб бера оладиган тузилмага эга бўлиши лозим бўлади.

Клублар олдига қўйилаётган талаблардан энг муҳими – ўз академиясига эга бўлиш. Шу ва бошқа талаблардан тўлиқ хабардор бўлиш мақсадида Навоийнинг “Қизилқум” жамоаси бош мураббийи Ҳамиджон Актамов ПФЛга ташриф буюрди ва келаси мавсум режаларини бафуржа муҳокама этди.

Ҳамиджон Актамов “Қизилқум” клубининг ПФЛ томонидан қўйилаётган талаблар асосида секин-аста ўз инфратузилмасини яхшилаб бориш ниятида эканини таъкидлади.

- Ортда қолган мавсум жуда қизиқарли тарзда кечди. Мавсум давомида кўплаб ўйинларда умуман кутилмаган натижалар қайд этилганини таъкидлай оламан. Ўйинлар шиддати ошгани кишини қувонтирди. Қолаверса, 2018 йилда мухлисларнинг стадионларга ташрифи чиндан ортди. Бунда ўйин олди ва танаффус вақтида ташкил этилган турли кўнгилочар тадбирларнинг ўрни ҳам катта бўлди, деб ўйлайман. Мана шундай концерт, акцияларни кейинги йилларда ҳам давом эттириш тарафдориман. Зеро бу ҳам мухлисларни стадионларга жалб этишда ўз самарасини беришига 2018 йилги мавсумда гувоҳ бўлдик.

Ортда қолган йилда чемпионат савиясини ошириш учун анча меҳнат қилинди. Аксарият учрашувлар ТВ орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилди. Бу – жуда яхши амалиёт. Зеро жамоаларнинг ўйинга кела олмаган узоқ жойдаги мухлиси ҳам учрашувни жонли кўриб, ўз жамоаси ўйинини кузатиб туриш имконига эга бўлди. Лекин шуни ҳам таъкидлаб ўтишни истардимки, вилоятлардаги ўйинларнинг айримларида трансляция сифати у қадар юқори бўлмади. Масалан, хавфли вазиятлар такрорий лавҳалари кўп ҳам кутилганидек намойиш этилмади. ПФЛ ушбу жиҳатни ҳам инобатга олиб, келаси мавсумда Спорт телеканали билан ушбу масалага ижобий ечим топса яхши бўлар эди.

Умуман олганда, ортда қолган мавсумдан таассуротлар ёмон бўлмади. Қилинаётган ишлар миллий футболимиз, ички чемпионатимиз савиясини кўтариш учун амалга оширилаётганини барчамиз кўриб турибмиз.

Айниқса, “ЎФА ва ЎзПФЛ томонидан ўтказиладиган мусобақаларда иштирок этувчи футбол клубларини лицензиялаш ва профессионал футбол клуби мақомини белгилаш бўйича регламент” яқин вақт ичида клублар инфратузилмасини яхшилашда ўз самарасини беришига ишонч хосил қилдим. Тўғрисини айтсам, ПФЛ раҳбарияти олдига келиб, янги мавсум режаларини муҳокама этишдан олдин қўйилаётган талаблар бажариш учун бироз мушкулдек туюлаётган эди. Лекин барча ўзимни қизиқтирган масалаларни бафуржа муҳокама қилгач, ушбу талабларни бажариш имконсиз иш эмаслигига амин бўлдим.

Тўғриси, ПФЛ томонидан ҳар бир клубнинг ўз академиясига эга бўлиши лозимлиги талаб қилинаётганини ижобий баҳолайман. Бу футбол пойдеворини қўйишда жуда муҳим омил. Бироқ футбол академиясини қисқа вақт ичида ташкил этиш қийин экани бизни бироз ўйлантираётган эди. Айнан шу масалани муҳокама этиб олишни истаган эдим.

ПФЛ клублар олдига қатъий талаблар қўяётгани билан, ўз мусобақасида қатнашадиган жамоаларнинг ушбу талабларни бажаришида уларга кўмак бериш ниятида эканидан очиғи жуда хурсанд бўлдим. Биз яқин келажакда албатта ўз академиямизни қурамиз. Бироқ бунга секин-асталик билан тамал тошини мустаҳкам тарзда қўйиб бориш ниятидамиз.

Шу сабабдан ҳам энди ЎФА ҳузуридаги Навоий вилояти болалар-ўсмирлар ҳудудий футбол академияси билан ёш футболчиларни тайёрлаш бўйича шартнома имзолайдиган бўлдик. Ўзаро шартномага кўра, “Қизилқум” клуби ҳам айрим мажбуриятларни ўз зиммасига олади. Ўз навбатида маълум ҳуқуқларга эга ҳам бўлади. Энг муҳими – вилоятимизда ёш истеъдодларни тўғри йўналишда тарбиялаб, улардан яхши савиядаги профессионал ўйинчи етишиб чиқишида “Қизилқум” клуби ҳам ўз муносиб хиссасини қўшиш имкониятига эга бўлади. Биз ўз шаҳримиз ва унинг атрофидан бўлган ўйинчиларнинг кейинчалик вилоятимиз бош жамоаси сафига келиб қўшилишидан ҳар томонлама ютамиз. Бундай ўзаро манфаатли ҳамкорликдан Навоий вилоятидаги барча футболга бефарқ бўлмаган кишилар хурсанд бўлишига ишонаман, - дея таъкидлади Ҳамиджон Актамов.


Манба: pfl.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz