Бугун Франция терма жамоасининг ЖЧ-2018даги муваффақияти тўғрисида гапирганда, бош мураббий Дидье Дешамнинг ҳам номини алоҳида эътироф этиш жоиз. У ҳам футболчи, ҳам мураббий сифатида жаҳон кубогини боши узра баланд кўтарди. Дешам сўнгги 6 йил ичида терма жамоага ўз қарашларини аста-секин сингдира борди. Бу эса ўз мевасини бера бошлади. Ҳар ҳолда, сўнгги икки йил ичида бунинг гувоҳига айланяпмиз.
Дидье Дешам Франция миллий жамоасини 2012 йил 8 июлда қабул қилиб олганди. Бунга қадар у клубларда фаолият юритаётганди. Термада иш бошлаган кезлари жамоанинг аҳволи ҳавас қиладиган даражада эмасди, яъни Франция Евро-2012да муваффақият қозонолмаган, боз устига, 2010 йилги воқеалар таъсири ҳали ҳам йўқолмаганди. Таркибдаги айрим тажрибали футболчилар эса термадаги фаолиятларига якун ясашганди. Шундай шароитда Дешамнинг олдида жамоани қайтадан шакллантириш вазифаси турарди. У буни вазминлик билан бажара олди, яъни таркибга футболчиларни узоқни кўзлаган ҳолда танлаб олди. Дастлаб Рафаэль Варан, Блез Матюиди, кейинчалик Поль Погба, Антуан Гризманн, Н~голе Канте, мундиалдан олдин эса Килиан Мбаппе ва Бенжамин Павар каби футболчилар таклиф этилди. Ўтган давр мобайнида мураббий уларга ўз фалсафаси сингдира олди. Агар ушбу ўйинчилар термада шу йўсин ўйнашда давом этишса, биз яна камида 10 йил Франция миллий жамоаси таркибини айни ҳолатда кўришимиз аниқ. Бу ҳам Дешамнинг устун томонларидан бири ҳисобланади.
Евро-2016даги омадсизликдан сўнг ҳам Франция футболи мутасаддилари Дидьега ишонишда давом этишларини маълум қилишди ва албатта, бу қарор ўзини оқлади. Чунки улар ҳам мураббийнинг ғояларини қисман англаб етишганди. Ҳозир Дешам жамоада шундай ўйин услуби ва таркиб танлаганки, уни исталган шароитда қўллай оляпти. Футболчилар борасида гапирсак, ҳатто жамоа сардори Карим Бензема 2016 йили термадан четлаштирилганда ҳам бош мураббий бундан кўп қайғурмади. Чунки ўша паллада захирадагилар назарий жиҳатдан «Реал» ҳужумчисининг ўрнини бемалол боса олишарди ва амалда шундай ҳам бўлди.
Франция термасининг ўйинига тўхталадиган бўлсак, барчасини сўнгги мундиалда кўрдик. Жамоа майдонда ҳоҳлаганини қилди, яъни вақти келганда ҳимояланди, керак пайтда қарши ҳужумга ўтиб, муваффақиятга эришди. Аргентина ва Хорватияга қарши ўйинларни эслаб кўринг.
Кўпчиликда фикр туғилиши мумкин - таркиб жиҳатидан кучли бўлганлиги уларга қўл келди. Лекин Бразилия ва Аргентина термасидаги футболчиларга назар солинг. Францияда Месси, Неймар каби юлддузлар йўқ, шаклланган ажойиб жамоа бор. Мана Дешамнинг яна бир ютуғи!
Қизиқ жиҳати, Дидье клубларда футболчи ва мураббий сифатида фаолият юритганда муваффақият қозонмаган экан. Тўғри, 2007 йили «B» сериядаги Ювентусни «А» серияга қайтарди. Лекин бу ҳолатни мақташга арзигулик воқеа сифатида қабул қилолмаймиз, қолаверса, таркибда Буффон, Дель Пьеро, Трезеге каби тажрибали футболчилар бор эди. Келажакда эса агар яна клубларда ишласа, унга омад тилаймиз. Чунки Дешамнинг мураббийлик фалсафаси футбол ривожига муносиб ҳисса қўша олади, бунга ишонамиз!
МАЪЛУМОТ УЧУН
Тўлиқ исми: ДИДЬЕ КЛОД ДЕШАМ
Туғилган йили ва жойи: 1968 йил 15 октябрь. Баённа, Франция.
Амплуаси: таянч ярим ҳимояси
Футболчилик фаолияти:
«Нант» - 1985-1989 (111та ўйин, 4та гол);
«Марсель» - 1989-1990,1991-1994 (122та ўйин, 8та гол);
«Бордо» - 1990-1991 (29та ўйин, 3та гол);
«Ювентус» - 1994-1999 (124та ўйин, 4та гол);
«Челси» - 1999-2000 (26та ўйин);
«Валенсия» - 2000-2001 (8та ўйин);
Франция U-21 термаси - 1988-1989
(9та ўйин);
Франция миллий жамоаси - 1989-2000 (103та ўйин, 4та гол).
Футболчилик давридаги ютуқлари: Европа чемпионати бронза медали соҳиби (1996), жаҳон чемпиони (1998), Европа чемпиони (2000).
Мураббийлик фаолияти:
«Монако» - 2001-2005;
«Ювентус» - 2006-2007;
«Марсель» - 2009-2012;
Франция миллий жамоаси 2012-ҳ.в.
Мураббийликдаги ютуқлари: Европа вице-чемпиони (2016), жаҳон чемпиони (2018).
Аҳрор АЛИЕВ тайёрлади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20