Қайднома

Қидирув

Кейсуке Хонда тиним билмаяпти

Кейсуке Хонда тиним билмаяпти

  13.12.2018 01:21
  0
  773
Кейсуке Хонда тиним билмаяпти

Москванинг ЦСКА клубидан кетгач, Кейсуке Хонданинг фаолиятида пасайиш кузатилди: «Милан» захира ўриндиғи, Мексика чемпионатига ўтиш ва ЖЧ-2018дан кейин бутсаларини михга илишга ваъда бериш. Аммо япониялик ярим ҳимоячи ёзда футболдан кетиш ўрнига, ОАВни ларзага солган янгилик сабабчисига айланди. Россия мундиали меҳмонларидан бири - америкалик актёр Уилл Смит Хонданинг манзилига мақтовлар ёғдириб, биргаликда венчур (турли ғоялар, лойиҳаларни молиялаштиришда катта таваккал қиладиган) фонд очишаётганини таъкидлади. Кейсуке жаҳон чемпионатидан кейин терма сафида Олимпиада-2020га бормоқчилигини айтиб, Австралиянинг «Мельбурн Виктори» клуби билан шартнома имзолади. Ва энг ажабланарлиси - августда Хонда Камбоджа миллий жамоаси бош мураббийи бўлди.

Токио Олимпиадасида қатнашиш учун Австралияга кўчиб ўтди

2020 йили Токиода ёзги Олимпиада ўтказилади. Хонда 10 йилдан буён терма жамоада ўйнайди ва 2008 йилги олимпия ўйинларида ҳам қатнашган, бироқ Японияда ўтадиган турнир Кейсуке учун алоҳида аҳамиятга эга.

Унинг бобоси каноэда эшкак эшиш мусобақаларида қатнашиб, 1964 йили Токиода бўлиб ўтган Олимпиадада «кунчиқар юрт» шарафини ҳимоя қилган. Кейсукенинг акаси Тамон Хонда 1984, 1988 ва 1992 йилларда ўтказилган олимпия ўйинларида эркин кураш бўйича иштирок этган. «Мен учун Олимпиаданинг Токиода ўтаётгани жуда муҳим. Агар мазкур турнир бошқа шаҳарда ташкил этилганда, фаолиятимни якунлардим», - деди япониялик ярим ҳимоячи. Олимпия терма жамоасига 23 ёшдан катта бўлган уч футболчини қўшиб олиш мумкинлигини, Хонда ҳамон Япониянинг энг яхши футболчиларидан бири эканини инобатга олсак, унда орзусини амалга ошириш учун ажойиб имконият борлиги ойдинлашади.

Фаолиятини давом эттириш учун яна бир сабаб - «Виктори»дан тушган яхшигина таклиф. Австралияликлар Хондага 3 млн. еврога тенг йиллик маош тайинлашган. Бундан ташқари, «яшил қитъа» клуби Кейсукенинг параллель равишда Камбоджа термасида ҳам ишлашига йўл қўйиб берган, япон футболчиси эса бу фаолият туфайли «Виктори» ўйинлари ва машғулотларини ўтказиб юбормасликка ваъда берган. Хонда машаққатли ишни уддалашига ишонмоқда: «Ўн йилдан буён Япония термасида ўйнаяпман ва миллий жамоа бош мураббийи кўп банд бўлмаслигидан хабардорман: улар ҳар уч ойда термани иккита ўйинга тайёрлашади. Бу эса бир йилда 10та учрашув ўтказилади, дегани».

Мана уч ойдирки, Хонда икки жойдаги вазифасини бирдек уддалаяпти. «Мельбурн Виктори» иккинчи ўринда бормоқда, Кейсуке эса етакчилардан бири: сўнгги беш учрашувда 3тадан гол ва самарали узатма муаллифига айланди.

Хўш, қаҳрамонимиз қай тариқа Камбоджага бориб қолди?

Хонда Камбоджани ёқтириб қолган

Бир қарашда, Кейсукенинг Камбоджа термасини бошқариши жуда ғалати туюлиши турган гап. У лавозимга тайинланган паллада ушбу мамлакат миллий жамоаси ФИФА рейтингида Фиджи ҳамда Иордания билан ёнма-ён - 166-ўринни эгаллаб турганди. Маош - тўланмайди. Келгусидаги ўйинлар - Малайзия, Сингапур ҳамда Вьетнамга қарши.

Аммо Хонда учун бу иш мураббийлик нуқтаи назаридан эмас, балки ижтимоий миссия сифатида қизиқроқ.

У илк бор Камбоджага 2015 йили, Япония маҳаллий терма билан ўйнаганда келганди. Японлар яриморолда уч кунни ўтказишди ва Хонда ҳар бир ўтган дақиқалардан роҳатланди. «Камбоджа жуда ажойиб. Одамлари, табиати. Бу Осиёнинг энг яхши мамлакатларидан бири. У ерга яна қайтгим келди», - дея ҳайрат билан гапирганди Кейсуке.

Янги мамлакат Хондани шу қадар ўзига ром этгандики, у 2016 йилда Камбоджа пойтахти Пномпенда футбол академияси ташкил этди. Кейинчалик ушбу таълим маскани қошида «Солтило Ангкор» номли жамоа фаолият бошлади. Кейсуке ушбу клуб президенти ҳисобланади.

Хонда Камбоджани қанчалик яқин билгани сари, футбол мактабларининг етишмаётганини шунчалик теран англай бошлади.

1975 йили Камбоджа ҳукумати Пол Пот бошчилигидаги коммунистик ҳаракат вакиллари қўлига ўтганди. Уларнинг режалари кўпчиликка зиён етказди, ислоҳотлар асосан радикал кўринишга эга бўлди: шаҳар аҳолисини қишлоққа кўчириш, дори-дармон ва шифохоналардан фойдаланишни тақиқлаш. Мактабларни қонунга хилоф деб ҳисоблаб, тиббиёт ходимлари ва ўқитувчиларни ўлдиришган. Ҳаммасидан даҳшатлиси, у ердаги геноцид бўлган: Камбоджага миллионлаб фидойи фуқаролар керак деб ҳисоблаган Пол Пот қолганларни қатл қилишга буюрган. Геноцид тадқиқотлари халқаро ассоциацияси ҳисоб-китобларига кўра, ўша даврда 1,7дан 3 миллионгача бўлган камбоджаликлар ўлдирилган.

Хонда агар ушбу мамлакат термасини бошқарса, маҳаллий футболга кўпроқ ёрдами тегишини тушуниб етди. «Мен Камбоджа халқини яхши кўраман, пул билан боғлиқ муаммоси бор одамларга кўмак бераман. Аммо мен ўзгача тарзда ёрдамлашмоқчиман. Айниқса, футбол мактаблари кўплаб болаларнинг муаммоларини ҳал қилиши мумкин. Бошқа масала - миллий жамоа. Термада ишлаш орқали бутун мамлакат футболига таъсир ўтказиш имкониятига эга бўламан», - деди Хонда.

Маҳаллий футбол федерациясининг ҳам ушбу масалада ўз қарашлари бор. 2023 йили Жанубий Осиё ўйинлари Камбоджада ўтказилади: бу мамлакат учун сайёҳларни жалб қилиш, терма жамоа учун эса муносиб иштирок орқали футболни оммалаштириш йўлидаги ажойиб имкониятдир. Хондани таклиф этиш - терма ўйинчиларининг савиясини кўтариш учун идеал ва қиммат бўлмаган вариант. Айни пайт япониялик футболчи-мураббийнинг шартномаси 2 йилга мўлжалланган, бироқ томонлар мазкур келишув 2023 йилгача узайтирилиши мумкинлигини инкор этишмаяпти.

Хонда ўз вазифасини бажариш учун ҳар ой қарийб 14000 км.ни босиб ўтади (Австралия ва Камбоджа ўртасидаги масофа - 7000 километр). Тўғридан-тўғри рейслар йўқлиги учун парвоз баъзан 30 соатга чўзилади. Кейсуке йўлнинг бир томони учун сарфлайдиган 1000дан 2500 минг долларгача бўлган харажатини Камбоджа ФФ тўлайди. Ҳар ерга улгуриш жуда мушкул: ноябрь ойи бошларида «Виктори» сафида ўйин ўтказганига эндигина бир сутка бўлган Хонда Мьянмага қарши баҳсда ҳозиру нозир бўлиш учун Камбоджага парвоз қилганди.

Тинимсиз саёҳатлар туфайли вужудга келадиган чарчоқни енгиш учун Хонда матэ ичди: бу Аргентина-Уругвайга хос чой нави Гризманнинг ҳам жону дили (шунингдек, уни Месси, Суарес ва бошқа минглаб аргентиналик ҳамда уругвайликлар яхши кўришади).

Хонда фақат ўйин ўтказиладиган санада Камбоджада бўлади, бошқа пайт асосан «Скайп» орқали боғланади. Душанба кунлари Кейсуке мураббийлар штаби билан қўнғироқлашиб, ҳафталик машғулотлар режасини муҳокама қилади. Камбоджада Хонданинг ёрдамчиси - аргентиналик Феликс Гонсалес ҳамда маҳаллий мутахассислар фаолият юритишади. Улар машғулотларга бош-қош бўлишади, рақибларни ўрганишади. Хонда эса умумий кўрсатмалар бериб, маҳаллий лига баҳслари ёзилган видеони кўриб чиқади ва шу тариқа янги ўйинчиларни топади.

Гарчи футболчилар бош мураббийни тахминан ойда бир марта кўришсада, улар учун Хонда билан ишлаш ўзига хос рағбатлантирувчи омил саналади. «Янги мураббий ким бўлишини билганимизда, қий-чув бошланди. Энди футболчилар машғулотларда аввалгидан фаолроқ қатнашишмоқда - Кейсукеда илиқ таассурот қолдиришни хоҳлашмоқда», - дейди Гонсалес. Японияликни ҳайрон қолдириш анча қийин бўлди. Ҳозирча у томонидан кўпроқ танқидлар янгради: «Камбоджадаги футболчиларга техника етишмайди. Европаликлардек ўйнаш учун кўп жабҳада ўсишга эришишлари талаб этилади». Кейсукенинг эътирози ўринли - терма жамоанинг деярли барча ўйинчилари маҳаллий чемпионатда тўп суришади (Малайзиянинг «Теренггану» клуби аъзоси Тьерри Биндан ташқари).

Аммо Хонда айрим масалаларда ижобийликка эришмоқда.

Камбоджа термаси билан AFF Suzuki Cup (Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари иштирокидаги мусобақа) гуруҳ босқичида Лаосга қарши баҳсда тарихий ғалабага эришди. Бу Камбоджанинг 2004 йилдан буён қўлга киритган дастлабки муваффақияти эди. Тўғри, мазкур терма барибир, «А» гуруҳида сўнгги ўринлардан бирини эгаллаб, турнирни тарк этди.

Афтидан, камбоджаликлар ушбу натижадан кўп ҳам ранжишмади. Камбоджада Хондани жуда яхши кўришади, унинг мураббийликка тайинланиши эса терманинг довруқ қозонишига сабаб бўлди. Малайзияга қарши кечган гуруҳ босқичи ўйинини кўриш учун Олимпия стадионига 40 минг мухлис ташриф буюрди - бу рекорд.

Хонда фонд очди, дунёни ўзгартирмоқчи

Ёзда Уилл Смит ва Хонда биргаликда венчур фонди очишаётгани ҳақида хабар беришди. Бир қарашда ғалати туюладиган бундай ҳамкорликни оддийгина изоҳлаш мумкин - бу шахсларнинг молиявий ишларини бир компания олиб боради.

Dreamer Fund деб номланувчи фонд Калифорнияда фаолият юритади. Моҳият ҳам оддий: гигант кампаниялар пули фаолиятини тиклашга уринаётган корхоналарга йўналтирилади. Фонднинг яқин мақсади - 100 млн. евро тўплаш. Бунинг учун Хонда ва Смит алоқаларни ишга солишмоқда, компаниялар билан учрашиб, уларни пул ажратишга кўндиришмоқда.

Бу борада дастлабки муваффақият ҳам кўзга ташланди. 18 июль куни Япониянинг Nomura Holdings Inc. молиявий холдинги мазкур фондга 15 млн. евро инвестиция киритишини маълум қилди. Музокараларни шахсан Хонданинг ўзи олиб борди - бунинг учун ЖЧ-2018 бошланишидан аввал Япония ва АҚШга бир неча марта парвоз қилди.

Кейсуке барчасига улгуриш учун кундалик жадвални тўлиқ ўзгартирди. Ўзига ёрдам тайинлади - австралиялик Клаудияни топишда «Мельбурн»нинг ёрдами асқотди. Машғулотлардан кейин у клуб базасидаги хонаси кириб, у ерда кечки соат 5-6гача ишлайди. Терманинг ишлари якунлангач, венчур фонд ҳамда футбол мактаблари (Хонданинг бутун дунё бўйлаб 64та таълим муассасаси бор) билан шуғулланади. Бир ойда бир марта Калифорнияга бориб, Смит билан ишларнинг боришини таҳлил қилади.

Жуда қийин, аммо Кейсукенинг ўзига хос мотивацияси бор: унга нафақат пул иштиёқи, балки дунёни ўзгартириш истаги ҳам куч беради: «Улкан режалар тузганмиз: фармацевтик компаниялар, технологиялар. Ажойиб лойиҳаларни амалга оширишга тайёр, фақат бунинг учун пулга эҳтиёж сезаётган кўплаб ажойиб муассасалар бор. Уларнинг дунёни ўзгартириш йўлидаги изланишларида мададкор бўлишимизга ишонаман».


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz