Қайднома

Қидирув

КАРИМ БЕНЗЕМА: «Криш кетди, энди гол уриш - менинг вазифам».

КАРИМ БЕНЗЕМА: «Криш кетди, энди гол уриш - менинг вазифам».

  13.12.2018 08:48
  0
  619
КАРИМ БЕНЗЕМА: «Криш кетди, энди гол уриш - менинг вазифам».

Махсус сўров якунларига кўра, франциялик ҳужумчи Испания чемпионатининг ноябрь ойидаги энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилди ва Marca наш-рининг махсус соврини билан тақдирланди. 30 ёшли Каримнинг «Реал Мадрид ТВ» телеканалига берган интервьюсида ошкора таъкидлашича, Криштиану Роналду кетганидан кейин унинг «Қироллик клуби»даги роли чиндан ҳам, анча ошган. Ҳужумчи шунинг баробарида клуб сардори Серхио Рамосни алоҳида мақтади, Сантьяго Соларининг мураббийлик ишига юқори баҳо берди.

 Умумий ҳолати

- Ҳамон айнан шу клубда ўйнаётганимдан беҳад бахтиёрман. Умид қиламанки, Мадриддаги фаолиятимни шу руҳда давом эттираман.

Майдондаги кайфияти

- Майдонда ҳамиша аъло кайфиятни сақлаб қолишга уринаман. Айниқса, тўпни назорат қилиш жараёнида қандайдир енгилликни ҳис этаман. Гол урган ёки самарали узатма амалга оширган лаҳзада эса, мендан бахтиёрроқ киши топилмайди.

Жорий мавсумда урган голлари

- Айни пайт ҳаммаси зўр. Бунга майдонда нечоғли ҳаракатланаётганимни кўриб, ишонч ҳосил қилишингиз мумкин. Қисқаси, савиям чакки эмас, ўзимни тобора кучлироқ сезяпман. Иштиёқ ва ғайратим ҳам ошиб бормоқда. Жорий мавсум ҳаммамиз учун ўта муҳим саналади. Ўйлашимча, жамоавий ҳаракатларда ижобий ўзгаришлар кўзга ташланмоқда: ҳимоя ва ҳужумда бирдек ҳамжиҳат ҳолда ўйнаяпмиз. Бунинг самараси ўлароқ, рақиб жамоалар дарвозаси анча кўп вазият яратяпмиз.

Етакчилик роли

- Мухлислар доимо яхшироқ натижа талаб қиладилар. «Реал» - дунёдаги энг кучли клуб. Ҳужумчилар олдига ҳар юксак талаблар қўйилади: голлар, самарали узатмалар, сермазмун комбинациялар... Бу «Мадрид» учун табиий ҳол, албатта. Муҳими, ҳозирда иштиёқим ҳар қачонгидан кўра, баландроқ. Бор эътиборим мавсумнинг жамоам учун муваффақиятли кечишига имкон қадар ҳисса қўшишга қаратилган.

Юксак масъулият

- Криштиану Роналду жамоамиздан кетгач, зиммамдаги масъулият ҳисси янада ошди. Ахир у йўқ, демак, энди гол уриш - менинг вазифам. Асосийси, бунга ўзим ҳам эҳтиёж сезяпман, масъулият юкини кўтариб юришга тайёрман.

202та гол

- «Реал» либосида шунча гол урганим бахтиёрлик ва фахр туйғуларини бермоқда, албатта. «Реал»да ўтган умрим, амалга оширган ишларимни ўйлар эканман, машаққатли меҳнат ва унинг самараси кўз олдимда гавдаланади. Ҳа, бахтиёр дамлар баробарида омадсиз вақтларни ҳам бошдан кечирдим. Қувонтирадиган томони, иштиёқ масаласида ҳамон ўша Каримман.

Мавсум учун режа

- Имкони борича кўпроқ гол уришимиз керак. Зеро, маҳсулдорлик қанча ошса, соврин ютиш эҳтимоли шунча ортади. Шахсан мен ҳар бир учрашувда янада самаралироқ тўп суриш учун бор имкониятларимни ишга соламан. Лекин гол уриш бобида муайян маррага интилмайман.

35-рақам

- Ҳа, менда бу рақамга нисбатан қандайдир муҳаббат аломати йўқ эмас. Бироқ майдонга тушгач, рақамни унутаман. Чунки диққат-эътиборим ўйин, гол уриш ва самарали тўп суришга қаратилади.

Сардорлардан бири

- Бу мақомнинг ҳам ўзига яраша аҳамияти бор. Жамоамизда биринчи сардор - Серхио. У ўз вазифасини аъло даражада уддаламоқда. Рамосга хос хотиржамлик шахсан менга ишонч бағишлайди. Майдонда барча жамоадошларим билан яхшиa чиқишаман, кимдир ёрдамга эҳтиёж сезса, уни иложи борича қўллаб-қувватлайман.

Серхио Рамос

- Бу йигит анчадан буён жамоа етакчиси ролини бажармоқда. Сафга қўшилган кунидан бошлаб, катта манфаат келтираётгани таҳсинга сазовор.

Севимли услуби

- Тўпга 1-2 марта тегиниш билан амалга ошириладиган комбинацияларни ёқтираман. Доимий ҳаракат, вазиятдан келиб чиққан ҳолда, тезкор ёки хотиржамлик билан узатиладиган тўплар - жону дилим. Тўпни қабул қилишдан олдин ҳаммасини эътиборга олиб, тўғри ечим топиш лозим.

Товон билан берилган

самарали узатма

- Кўпчилик шундай услубда ўйнашни хоҳлайди, аммо ҳамма ҳам уддасидан чиқавермайди. Гути - даҳо! У «Риасор»даги ўша ўйинда ортидан мен яқинлашаётганимни ҳам билмаганди. Лекин ички туйғусига таяниб, тўпни менга узатди. Гаров ўйнашга тайёрман - ҳар қандай бефарқ киши ўша лавҳани кўрса, шундоқ футбол шайдосига айланади!

Мураббийлик истиқболи

- Нега уриниб кўрмаслигим керак? Футболни севишим ҳеч кимга сир эмас. Тўғри, мураббийлик тамоман бошқа соҳа ва ҳозир аниқ жавоб беролмайман. Бу борада яхшилаб ўйлаб кўриш лозим.

Сантьяго Солари

- Солари - ажойиб инсон. У ўзини муносиб номзод сифатида кўрсатишга улгурди. Сантьяго худди Зидан каби етук футболчи эди, ўйиннинг барча икир-чикирларидан хабардор. У биздан тўпга кўпроқ эгалик қилиш, тезкорлик билан ҳужумга ўтиш ва хотиржам ҳаракатланишни сўрамоқда. Айни ҳолатда жамоамизда ҳаммаси аъло даражада, руҳиятни янада кўтарсак, бас.

Гарет Бэйл

- Нима дейиш мумкин? Юқори тезлик ва сеҳрли чап оёққа эга кучли ҳужумчи. Жисмоний ҳолати талаб даражасида бўлса, жамоага катта манфаат келтириши тайин. Қисқаси, Гарет - ўз услуби, дунёқарашига эга ўзгача юлдуз. Ажойиб ижрочи.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz