Қайднома

Қидирув

Златан Ибрагимович: «АПЛни забт этишимга кўпчилик ишонмаганди»

Златан Ибрагимович: «АПЛни забт этишимга кўпчилик ишонмаганди»

  14.12.2018 05:47
  0
  680
Златан Ибрагимович: «АПЛни забт этишимга кўпчилик ишонмаганди»

У қаерда ўйнамасин, ажойиб голлар урган, ҳамиша дадил ва эркин фикр билдирган. Фаолияти давомида 25та йирик совринни қўлга киритган, ўз мамлакати тарихидаги энг яхши тўпурар бўлган. Яқинда 37 ёшли Златан Ибрагимович хорижлик ҳамкасбларимизга берган интервьюсида ўз голлари, «МЮ»да ўтган даври, АҚШдаги ҳаёт тарзи ҳақида гапирди.

Голлари ҳақида

- Дастлаб голлар иккинчи даражали бўлган, энг аввало, кўникмалар, техника инобатга олинарди. Қаерга бормай, бу борада муаммо кузатилмаган. Вақти келиб, менга шундай дейишган: «Бу жуда юқори савия ва сен унга мослашишинг зарур. Ҳужумчисан, жамоага голлар беришинг керак, агар рақиб дарвозасини ишғол қилмасанг, бизга керакмассан». Ҳаммаси «Ювентус»га ўтганимда ўзгарди. Кўп нарса мен учун янгилик эди. Атрофга назар солиб, ўйланиб қолардим: «Йирик клуб, кучли футболчилар, малакали мураббий, катта тарих». Охир-оқибат гол урадиган машинага айландим. Италияда ҳужумчи - энг мураккаб позиция, шу боис барча футболчилар тактик жиҳатдан мукаммалликка интилишади. Паоло Мальдини ҳамда Алессандро Нестага қарши ўйнаганим ёдимда, бундай паллада нари борса, яримта имкониятга эга бўлишинг мумкин. Улардан ўтганингдан кейин рўпарангдан жаҳон даражасидаги дарвозабон - Дида чиқади... Машғулотларда Жанлуижи Буффондек шеригим бўлгани - менинг омадим. Шунингдек, жамоадошларим орасида Лилиан Тюрам ва Фабио Каннаваро бор эди.

Англияга кўчиб ўтиши ҳақида

- Кетишимдан аввал турли футболчилар билан гаплашдим, тўғри фикр билдиришларига ишонгандим. Ҳаммаси бир хил маслаҳат беришди: «Бундай қилма». Уларнинг фикрича, бу қарор фаолиятимга фойда келтирмасди, чунки нари борса, у ерда бир мавсум ўтказардим, холос. Агар ўша мавсумни ёмон ўтказсам, одамлар бунга қадар қилган ишларим бесамар эканини айтишар, зеро Англияда ҳеч нимани эплолмаганимни таъкдлашарди. АПЛни забт этишимга кўпчилик ишонмаганди. Шунга қарамай, ушбу чақирувга «лаббай» деб жавоб бердим. Умумий фикрларга қарши бориб, шундай қилишим шарт деб билдим. Улар мени жуда қари деб ҳисоблашарди, ёшим 35да эди - мен сабабли бутун Премьер-лига кексайгандек туюларди. Барчага аслида ким эканлигимни исботлаш учун уч ой кифоя қилди. Бу ҳақиқий синов эди ва мен бундай чорловлардан ҳеч қачон воз кечмайман.

Поль Погба ва Премьер-лига ҳақида

- «МЮ»дагиларни соғинаман, бу клубда вақтим ажойиб тарзда ўтди. Руни, Кэррик, бошқа ёшлар ўз ўйинлари билан бутун дунёга ким эканликларини намойиш этишга уринишарди, хоҳиш юқори эди. Поль Погба билан авваллари бирга ўйнамагандим, шахсан таниш эмасдик. У билан танишганимда, фантастик шахс ва фантастик футболчи эканлигини тушундим. Фақат бунинг учун уни кимдир тўғри йўлга йўналтириб туриши талаб этиларди. Погба профессионал, ҳар бир баҳсда астойдил ишлайди, машғулот ва ўйинларни ўтказиб юбормайди. Буларнинг бари одамлар назаридан четда қолади, ҳаммасига телевизордаги тасвир орқали баҳо беришади. Стадиондаги 90 дақиқа - ўзингни кўрсатишинг мумкин бўлган жараёндир.

Жароҳати ҳақида

- Бу воқеа рўй берганида, мени олдинда нималар кутаётганини тушунмагандим, бунга қадар жиддий жароҳат олмагандим. Ўзимни «Супермен»дек сезардим, Златанни фақат Златан жароҳатлаши мумкин, деб ҳисоблардим. Фаолиятимни бу тарзда якунлашни хоҳламасдим. Футбол оламига қандай кириб келган бўлсам, ундан шу тариқа чиқиб кетишни истадим. Кутилмаган жароҳат мен учун янги чақирув бўлди ва ўзимга-ўзим яна сафга қайтиб, аввалгидек ўйнашга ваъда бердим.

Лос-Анжелесдаги ҳаёти ҳақида

- Бу ерда ҳамма бахтиёр, стресс ҳолати камроқ. Салбий ҳолатлардан бири сифатида вақтдаги катта тафовутни кўрсатишим мумкин. Оила аъзоларим Швецияда, улар билан боғланиш учун кўп фурсат бўлмайди.

Товони ҳақида

- Рафиқам деворга суратларимни илишимга рухсат бермайди. У шундай дейди: «Сен ҳақингда шундоқ ҳам кўп гапиришади, қўшимчасига мунтазам равишда деворда суратларингни ҳам кўришни истамайман. Ҳаётда кўришиб турганимиз етарли». Товоним тасвирлаган сурат деворга осиб қўйилган. Бу оёқлар бизга кўп нарса берди, мазкур фото оиламизга нимага эга эканлигимизни эслатиб туради. Мавжуд вазият, мен билан боғлиқ шов-шувли воқеалар сабабчиси ҳам айнан шу оёқлардир. Бу мўъжизавий ўйинни оёқларим ёрдамида ўйнайман. Бармоқларим қанчалик хунук кўриниш олмасин, бундан заррача хафа бўлмаймиз. Оёқларим суратини деворга илишдан мақсад шуки, айнан улар туфайли бугун қорнимиз тўқ, эгнимиз бут.

«Златан сайёраси» ҳақида

- Мен ҳеч ким кўрмаган сайёрадан келганман. Кўпчилик гетто деб ҳисоблайдиган ҳудуддан чиққанман. Улар мени ўзгача қиёфада кўришади, улар мени ёқтиришмайди, улар менинг барча каби ҳаёт кечиришимга йўл қўйишмайди. Аммо ўзим билан яна бошқа нарсаларни ҳам олиб келдимки, энди барча унга амал қилмоқда. Мен ўзимнинг хусусий сайёрам - «Златан сайёраси»дан келганман.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz