Қайднома

Қидирув

ОК-2019: Қайси жамоа фаворит?

ОК-2019: Қайси жамоа фаворит?

  15.12.2018 12:48
  0
  1167
ОК-2019: Қайси жамоа фаворит?

Ўтаётган ҳар бир кун бизни Осиё кубоги-2019га тобора яқинлаштирмоқда. Январь-февраль ойларига белгиланган навбатдаги қитъа биринчилигида иштирок этувчи барча терма жамоалар аллақачон тайёргарликнинг сўнгги босқичига киришиб улгурди. Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Эктор Купер куни кеча сўнгги йиғин олдидан мусобақадаги асосий мақсад ғолиблик эканлигини баралла айтиб, кўнглимизни озгина кўтарди. Ҳар ҳолда, жаҳон футболида ном қозонган мутахассис шунчаки, бўлар-бўлмасга гапирмаса керак. Лекин вазиятга реал қараб, баҳо берсак, миллий жамоамизни фаворитлар қаторига қўшолмаймиз, барибир. Хўш, унда қайси жамоаларни турнирда ғолиб чиқишга асосий даъвогарлар сифатида эътироф этиш мумкин? Бизнингча, айни пайт 5та иштирокчига фаворит ёрлиғини берсак бўлади. Қуйида шу ҳақда...

 

АВСТРАЛИЯ. Осиё кубогининг амалдаги ғолиби ва янги мусобақа ғолиблигига асосий даъвогарлардан бири. «Соккерруз» Океаниядан Осиё оиласига қўшилганидан буён минтақадаги барча мусобақаларда сов­ринли ўринларга даъво қилмоқда. Австралия термасининг ҳозирги мақсади ҳам тайин - чемпионлик унвонини ўзида сақлаб қолиш. Тўғри, Майкл Единак, Массимо Луонго каби еврофутболда ном қозонган йигитлар бўлажак Осиё кубогида роса қийналса керак. Сабаби, турнир араб диёрида ўтказилмоқда. Австралияликлар эса айнан шу мамлакатларда жиддий рақобатга дуч келишган. Умуман, сариқ либосли «баҳайбат» футболчилардан ташкил топган жамоа билан тенгма-тенг курашадиган рақиблар сафи ҳам тобора кенгаймоқда. Қисқаси, «яшил қитъа» вакиллари аввало, араб ўлкаси «синдроми»ни енгишлари керак. Шунда уларнинг узоқ Австралияга «бегона» Осиё кубоги билан қайтиш имкониятлари ошади.

БИРЛАШГАН АРАБ АМИРЛИКЛАРИ. Мусобақа мезбонини ҳам ҳеч иккиланмай, фаворитлар қаторига қўшиш керак. Чунончи, ҳозирда амирликларда шундай аҳил жамоа шаклланганки, у исталган рақибни қийнаб қўйишга қодир. Эсласангиз, БАА термаси 2015 йилги қитъа чемпионатида ёрқин футбол намойиш этиш эвазига 3-ўринни эгаллаганди. Ўша турнирда кўзга ташланган Али Мабҳут, Аҳмад Халил ва Умар Абдулраҳмон каби футболчилар бугун  ажойиб спорт формасига киришган, юқори чўққида туришибди. Уларда мусобақада ғолиб чиқиш учун барча имкониятлар мужассам. Қолаверса, мухлислар 12-футболчи ролини бажаришга шайлар. Умуман, БАА термасининг асосий устунлиги айнан мезбонлик факторига боғлиқ.

ЭРОН. Сўзсиз, Осиёнинг сўнгги йиллардаги энг тартибли ва барқарор ўйин намойиш этаётган жамоаси. Бугунги Эрон термаси барча жиҳатлар бўйича мусобақа олтин медалига асосий даъвогар бўлишга муносиб. Португалиялик Карлуш Кейруш жамоаси таркиби ва ўйин сифати билан Франция термасини эслатиб юбормоқда. Яъни ҳар бир чизиқ маҳоратли футболчилар билан тўлдирилган. Бош мураббий ҳам худди Дидье Дешам сингари бир неча йиллардан буён таркибга тобора сайқал бериш билан овора. Португалиялик мутахассис ҳарқалай, бунинг уддасидан чиқ­япти: жамоа айниқса, руҳий томондан бақувват. Табиийки, форслар юртида мамлакат футболи келажаги сифатида таърифланаётган Сардор Азмун ва унинг шерикларига катта умид боғлашмоқда. Яна бир томони шуки, жамоа БААда чемпион бўлмаса, Эронда кучли маломат остида қолиши тайин. Қисқаси, форсларни 1-ўриндан бош­қаси асло қониқтирмайди ва бу ҳол футболчилар ёндашувига катта таъсир ўтказиши аниқ.

ЖАНУБИЙ КОРЕЯ. Корейслар аввалги Осиё кубоги финал баҳсида омадсизлик туфайли олтин медални мезбон - Австралия термасига топшириб қўйишганди. Айтиш мумкинки, ЖЧ-2018да Германия термаси 2:0 ҳисобида доғда қолдирилгач, Жанубий Кореяда янги футбол тўлқини юзага келди. Корейслар шу кучли тўлқин таъсирида бу сафар ғолиблик шоҳсупасига кўтарилиш ниятидалар. Қисқаси, улар қитъа биринчилигига ўзгача руҳда йўл олишмоқда. Бинобарин, жамоа сўнгги пайтлар анча ишонч­ли ўйин намойиш этмоқда. Бу ҳам жаҳон чемпионатидаги натижа самарасидир. Кўплаб экспертлар ҳам Сон Хюн Мин, Ку Жа Чол каби йигитларни катта саҳнага чиқишларини тахмин қилишяпти. Ҳозирда улар ўйин савияси бобида идеал ҳолатда. Қўшимчасига, майдонда ўзаро ҳамжиҳат тўп суриш масаласида ҳам кореяликлар олдига тушадиган рақиб йўқ.

ЯПОНИЯ. Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳдоши ҳам табиийки, якуний ғалабани кўзламоқда. Аслида «кунчиқар юрт» вакиллари Осиё кубоги-2015га айнан чемпионликни тантана қилиш мақсадида боришганди. Лекин чорак финалда Меҳди Али бошчилигидаги БАА термасининг кутилмаган қаршилигига дуч келиб, чекинишдан ўзга чора тополмадилар. Хуллас, улар аввалги мусобақадан алам билан эрта қайтишганди. Демак, БААда ўйинларга янада жиддий ёндашишлари тайин. Фахрий Кейсуке Хонда жамоа билан хайрлашгач, таркиб иқтидорли ёшлар ҳисобига бойитилди. Улар Шинжи Кагава ва Шинжи Оказаки каби тажрибали футболчилар олдида эсанкираб қолишаётгани йўқ. Ҳар ҳолда, ёшлардаги дадиллик сўнгги ўртоқлик ўйинларида яққол кўзга ташланди. Японлар қитъа  биринчилигида шундай аниқ тизимдан унумли фойдаланишса, уларнинг ортга нуфузли кубок билан қайтишларига тўсқинлик қилувчи куч топилиши даргумон.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz