Қайднома

Қидирув

Ўзбекистон аёллар олимпия терма жамоаси ҳам "юриш"ни бошлади

Ўзбекистон аёллар олимпия терма жамоаси ҳам "юриш"ни бошлади

  15.12.2018 22:01
  0
  485
Ўзбекистон аёллар олимпия терма жамоаси ҳам

Ўзбекистон аёллар олимпия терма жамоаси 15-21 декабрь кунлари Тошкентда йиғин ўтказиши ҳақида аввал хабар бериб ўтгандик.  Бугун йиғиннинг биринчи кунида терма жамоа бош мураббийи Баҳром Норсафаров ЎФА Матбуот хизматига Олимпия терма жамоаси олдига қўйилган вазифалар, келгуси режалар ва яратиб берилаётган шарт-шароитлар ҳақида ўз фикрларини маълум қилди.

Раҳбарият эътибори ҳақида...

“Тошкентда аёллар терма жамоалари ўртасидаги CAFA мусобақасида муваффақиятли қатнашиб, бош совринни қўлга киритдик. Бу турнир қизларимизга катта фойда берди. Эндиликда бор эътиборни Токио-2020 олимпиадасига йўлланмани қўлга киритишга қаратганмиз. Очиғини айтаман, авваллари менда хавотир бор эди. Олимпиадага йўлланмани қўлга киритиш учун шунга яраша эътибор, шарт-шароит яратиш зарур эди. Ҳозирга келиб Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан бу йўналишда жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. ЎФА 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов CAFA мусобақаси тақдирлаш маросимига ташриф буюрганда, эркаклар қаторида аёллар олимпия терма жамоаси ҳам Токио-2020 йўлланмасини қўлга киритиши кераклиги, бунинг учун ЎФА томонидан барча зарур шароитлар яратилиши ҳақида айтиб ўтди. Ҳақиқатан ҳам, ҳозирда бизга тайёргарлик учун ҳамма сўраган шароитларимизни муҳаё қилишяпти. 

CAFA мусобақасидан кейин ЎФАда аёллар терма жамоаси масаласида 3 марта йиғилиш ўтказилди. Йиғилишлар давомида бизнинг талабларимиз тингланиб, уларни амалга ошириш бўйича тегишли бошқарма ва бўлимларга топшириқлар берилди. Ҳозирда терма жамоамизга алоҳида фитнес мураббийи ажратилди. У футболчи қизлар билан жисмоний ҳолатни яхшилаш бўйича иш олиб боради. Шунингдек, йиғин давомида футболчиларнинг рационига ҳам катта аҳамият қаратиляпти. Шифокорлар билан маслаҳатлашиб терма жамоа аъзолари учун алоҳида рацион ишлаб чиқдик. Бу нарса футболчи қизларимизнинг машғулотларда фаол қатнашишларига ёрдам беради. 

Раҳбариятнинг бундай эътибори қизларни ҳам руҳлантириб юборган. Уларнинг кўзида катта иштиёқни кўряпман. Авваллари, биз йиғинлар давомида уларга уй вазифаси сифатида топшириқлар берардик. Аммо кейинги йиғинларгача барча терма жамоа аъзолари ҳам бу топшириқларни сидқидилдан бажаришмас эди. Бугун эса ўтган вақт давомида берилган барча вазифаларимизни астойидил бажаришганига гувоҳ бўлдим. Бу қувонарли албатта".
  Таркиб ҳақида...

“Кенгайтирилган таркибимизда  72 нафар футболчи қизлар бор. Биз уларни доимо назорат қилиб боришга ҳаракат қиламиз. Бугун бошланган йиғинга 23 нафар футболчини таклиф қилганмиз. Йиғин давомида уларнинг ичидан энг сараларини танлаб оламиз. Биз кўпроқ ёшларга эътибор қаратяпмиз. Чунки Токио-2020дан кейин Жаҳон чемпионати мусобақаси ҳам бор. Мақсадимиз, Олимпиада йўлланмасини қўлга киритиш билан чекланиб қолиш эмас. Ҳозирда шаклланиб бораётган таркиб билан Жаҳон чемпионатида ҳам муносиб иштирок этмоқчимиз. Шу боис ҳозирда асосий таркибнинг 80 фоизи ёшлар бўлишига эътибор беряпмиз”.

Тўрт асосий жиҳат

“Футболчиларни саралаб олишда 4та асосий жиҳатга эътибор қаратяпмиз: уларнинг жисмоний ҳолати, техник-тактик кўрсаткичи, футбол фалсафамизни тушуниши ва интизоми. Мана шу тўрт йўналишда бизнинг талабимизга жавоб берадиган футболчиларни таркибга жалб қиламиз. Рақобат жуда кучли. Айтиб ўтиш керакки, биринчи марта турли позицияларда бунақа кучли рақобатни кузатяпман. Бу ҳам бўлса терма жамоамизнинг асосий таркибини шакллантиришга катта ёрдам беради”.

Режалар...

“21 декабрга қадар Тошкентда йиғин ўтказамиз. Кейин январь ойида яна иккита йиғинимиз бор: 5-11 ва 20-30 январь кунлари. Бу йиғинлар давомида асосан футболчи қизларнинг жисмоний ҳолати устида ишлаймиз. Февралда яна йиғин ташкил этамиз. Йиғиндан сўнг халқаро мусобақада қатнашиш режамиз бор. Феврал ойида Туркияда аёллар ўртасида халқаро мусобақа ташкил этилади. Ана шу мусобақада қатнашиш бўйича музокаралар олиб бориляпти. Мартда эса бир қатор назорат ва ўртоқлик ўйинлари ўтказишни мақсад қилганмиз. Бу чора-тадбирларнинг барчаси олимпия терма жамоамизнинг асосини шакллантиришга қаратилган. Умид қилиб қоламанки, бу саъй-ҳаракатлар албатта ўз самарасини беради. Биз Токио-2020 йўлланмасини қўлга киритиш учун астойидил ҳаракат қиламиз” Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси келаси йилнинг апрель ойида Токио-2020 олимпиада саралашининг 2-босқичида иштирок этади. 2-босқич саралаш баҳсларига 2019 йилнинг 13 февраль куни қуръа ташланади.  


Манба: ufa.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz