Қайднома

Қидирув

Игорь Акинфеев: «Бегоналар томорқасига тош отмайман»

Игорь Акинфеев: «Бегоналар томорқасига тош отмайман»

  19.12.2018 03:38
  0
  601
Игорь Акинфеев: «Бегоналар томорқасига тош отмайман»

Москванинг ЦСКА клуби дарвозабони Игорь Акинфеев Чемпионлар Лигасининг бир мавсумида Мадриднинг «Реал» жамоасига қарши кечган иккита ўйин (1:0, 3:0)да дарвозаси дахлсизлигини сақлаган тўртинчи кипер сифатида тарихга кирди. Айни пайтга қадар бундай натижани Эдвин ван дер Сар («Аякс», 1995|1996), Йенс Леманн («Арсенал», 2005|2006) ва Хосе Рейна («Ливерпуль», 2008|2009) қайд этишганди. Яқинда «армиячилар»нинг фахрий посбони УЕФА расмий сайтига интервью бериб, Россия термаси, ЕЧЛдаги антирекорди ҳамда ёшликдаги кумири ким бўлгани ҳақида гапирди.

 

Дебюти ҳаҚида

- Фаолиятингизда футболни ёқтирмай қолиш ҳолати кузатилганми?

- Асло бунақаси бўлмаган. Футбол - менинг ҳаётим. Аввал ҳис этган, ҳозир ҳис этаётган ва умид қиламанки, кейинчалик ҳам ҳис этадиган ёрқин дамлар ўрнини ҳеч нарса боса олмайди. Бундай паллаларда, замонавий тил билан айтганда, ҳақиқий «драйв» кузатилади. Совринлар ютганда, кубокларни бошим узра кўтарганда, ҳиссиётлар қувонтиради, қалбимдаги бўшлиқларни тўлдиради. Айни ҳолатни бошқа ерда кузатиш амримаҳол. Бу каби тарихий воқеалар умрбод унутилмайди, ҳаттоки, йигирма йиллардан кейин ҳам ёдда қолади.

- Чемпионлар Лигасида 2004 йили мазкур турнирнинг амалдаги ғолиби - «Порту»га қарши баҳсда дебютингизни нишонлагансиз. Ўша учрашувни яхши эслайсизми?

- Рақиб ташаббусга эга бўлган, дарвозамизнинг тўсин ва устунини нишонга олганди. Бизда атиги икки-учта имконият юзага келганди. Аммо астойдил ҳаракат қилиб, нурсиз дурангга имзо чеккандик. Ўша пайтдаги ЦСКА учун Португалияда бир очкога эга бўлиш катта натижа эди. Демак, дебютим муваффақиятли ўтган, дейиш мумкин.

Черчесов - болаликдаги кумири

- Болалик чоғларингизда кимни ўзингизга кумир деб билардингиз?

- Гарчи бу ҳақда бироз ҳадик аралаш гапирсамда, Россия термасининг бугунги кундаги бош мураббийи - Станислав Черчесовни кумир ҳисоблаганман. Кўпчилик футболчиларни тилёғламалик ва лаганбардорликда айблашади. Аммо аслида бундай эмас. Унинг ўйинларини томоша қилганимда бор-йўғи беш-олти ёшда эдим. Ўшандаёқ Черчесовнинг ҳаракатлари менга ёқарди. Кейинчалик хотирамда ёрқин дамларни муҳрлаган бошқа футболчилар пайдо бўлишди: Сантьяго Канисарес, Оливер Кан, Жанлуижи Буффон. Бундай буюк дарвозабонлардан кўп нарсани ўрганиш керак.

Чемпионлар Лигасидаги антирекорд ҳаҚида

- ЕЧЛда гол ўтказиб юборилган ўйинлар бўйича антирекорд қайд этганингизда хафа бўлганмисиз?

- Статистика - яхши нарса. Баъзан омадли ва омадсиз сериялар кузатилади. Кимдир бу ҳолатга кулиб қараса, айримлар ачинади. Аммо мен ҳеч қачон танқидчилар, мазах қилишлар ва Интернетдаги «мем»ларга эътибор бермаганман. Бегоналар «томорқа»сига тош отмайман, кимнидир айбламайман: у айбдор, айнан у сабаб гол ўтказиб юбордим, демайман. Бундай нарсаларга оддий қарайман. Бир томондан, 11 йил ичида умуман гол ўтказиб юбормаслигимга ҳеч ким ишонмаган. Бошқа тарафдан, яқинда «Реал» билан ўйинларни «қуруқ» ўтказдик. Шундай экан, аввал қайд этилган муваффақиятсизликларнинг бари ҳаётда рўй бериши мумкин бўлган энг қўрқинчли воқеа эмас. Шунчаки, танқид ва мазах қилаётганларга аввал кўзгуга бир қараб олишни маслаҳат бераман.

Масъулият ҳаҚида

- Голкипернинг позициясини ўта масъулиятли ҳисоблашади. Шунга қўшиласизми?

- Майдондаги ўйинчиларда ҳам бор бундай масъулият. Аммо дарвозабоннинг ҳолатида психологиянинг роли юқори. Сен охирги чизиқда ўйнаш асносида, хато қилишга ҳақли бўлмайсан, ютуғингни кутиб турган миллионлаб ишқибозларнинг ишончини оқлашинг керак. Ушбу касбни танлаш учун руҳий томондан чидамли бўлиш даркор. Ҳаётда ҳамма нарса рўй бериши мумкин: баъзан мураккаб вазиятда зарбаларга тўсқинлик қиласан, баъзида эса кулгили голларни ўтказиб юборасан. Шунга қарамай, ҳеч қачон тушкунликка тушмаслик лозим. Омадсиз ўйинлардан кейин ўзингга келиб, олдинга интилиш жуда муҳим. Бирозгина сусткашликка йўл қўйсангиз ҳам, ҳеч нарсани уддалай олмайсиз, совринлар ҳақида унутишга тўғри келади. Ҳа, дарвозабоннинг ўрни беқиёс, аммо натижаларга эришиш учун бутун жамоа ягона мақсад йўлида бирлашиши керак.

ЦСКА ҳаҚида

- ЦСКАдаги фаолиятингиз хусусида қандай фикрдасиз, клуб билан яна нималарга эришмоқчисиз?

- Деярли бутун умрим шу ерда ўтди, яқинда янги шартномага имзо чекдим. ЦСКА менинг уйим эканлиги, у қалбимда умрбод яшашини кўп таъкидлаганман. Клуб раҳбарлари ўз вақтида мени қўллаб-қувватлашди, оёққа туришимда кўмаклашишди. Бунинг учун улардан жуда миннатдорман. Шу каби онлар ҳеч қачон ёддан чиқмайди. Ўйлашимча, клубга қанчалик содиқ бўлсанг, тақдир, Яратганнинг ўзи шунга яраша сени мукофотлайди. Ҳеч қачон афсусланмаганман, умидсизликка тушмаганман. ЦСКА мен учун топ-клуб ҳисобланади, бу ерда бахтлиман.

- ЦСКАнинг бир оила эканлигини таъкидлашади, шу ростми?

- Менимча, футболда оила - баландпарвоз, сийқаси чиққан сўз. Аммо ЦСКАда чиндан ҳам узоқ йиллар мобайнида илиқ атмосфера ҳукм сурмоқда. «Армиячилар» мактабига тааллуқли ҳар бир шахс буни ҳис этган. Ҳаттоки, жамоада ярим-бир йил тўп сурганлар ҳам унга ўрганиб қолишган, ёқимли таассуротлардан баҳра олишган. ЦСКАда футболчи ўзини эркин сезиб, юқори савияда тўп суриши учун барча шароитлар яратилган. Энг муҳими ҳам шу. Бундай ҳолатда жамоанинг ўйини ҳам ўзгача чиқади. ЦСКАдан кетганлар орасида норози бўлганларни учратмадим. Бизда ҳар тарафлама мукаммалликка интилиш кузатилган. Барча бир-бирига қалбан яқин.

- Янгиланган жамоада ЦСКАнинг аввалги сифатларидан қайси бирини кўришни хоҳлардингиз?

- Мен учун аввало, барқарорлик бўлиши муҳим. Сени чиройли кўзларинг учун ёқтиришлари мумкин. Аммо энг асосийи - натижа. Театрга бордингми, актёрларнинг чиройли ижросидан баҳра олишни хоҳлайсан. Футболда ҳам шундай. Мухлислар чипта харид қилишади ва биздан чиройли ўйнаб, голлар уриш талаб этилади. Шундагина стадиондаги томошабинлар сони ортади, сени янада кўпроқ яхши кўришади.

Келажаги ҳаҚида

- Бутсаларингизни михга иладиган ҳолатни тасаввур қила оласизми?

- Албатта. Аммо умид қиламанки, яна бироз муддат ишқибозлар ва клуб раҳбариятини ўз ўйиним билан бироз «қийнайман». Ўзимни ҳам, албатта. Глобал режаларим йўқ. 5-10 йил кейин бўладиган воқеаларни башорат қилиш нотўғри. Фаолиятим якунига яқинлашганда, қайси тармоқда ишлашни ўйлаб кўраман. Ҳозир мураббий сифатида барча жамоалар билан совринларга эга чиқиш ёки бизнес билан шуғулланишни орзу қилмаяпман. Кейинги тўрт йиллик учун аниқ мақсадим бор - қадрдон клубим манфаати йўлида максимум кучимни сарфлаш. Келажакда нима бўлишини вақт кўрсатади.

Миллий жамоадан

кетиши ҳаҚида

- Кузда термадан кетишингизни эълон қилдингиз. Жаҳон чемпионатидан кейин бир неча ой кутишингизнинг ўзига хос сабаби борми?

- Ёзда кўплаб йигитлар миллий жамоани тарк этишди. Улардан кейин бешинчи бўлиб бу ҳақда хабар берганимда, қизиқарсиз, нотўғри бўларди. Ўз навбатида, менда айрим шубҳалар пайдо бўлди. Германияда ўтказилган текширувлар эса ушбу масалага узил-кесил нуқта қўйди, якуний тўхтамга келдим. 15 йил мобайнидаги ўйинлар, йиғинлар, машғулотлар - барчасига барҳам бериб, соғлиғим ҳақида ўйлашим керак эди.

- Демак, бу ерда гап психологик босимда эмас экан-да?

- Худди шундай. Фаолиятим давомида кўплаб таъна-дашномлар ва бошқа нохуш ҳолатлар гувоҳига айландим. Уларнинг менга тааллуқли ери йўқ. Гап фақат соғлиқда. Бутсаларимни михга илганимдан кейин ҳам оёқларим ёрдамида ҳаракатланишни хоҳлайман.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz