Қайднома

Қидирув

Кечиккан мактуб алангаси

Кечиккан мактуб алангаси

  19.12.2018 05:45
  0
  666
Кечиккан мактуб алангаси

Таҳририятга чилонзорлик Жўра ака Қўчқоровдан мактуб келди. Эътирознамо номага шеър ҳам илова қилинган. Гарчи мулоҳазаларимизга нисбатан кескин танқидий муносабатда ёзилган бўлса-да, мактуб ва шеърни газетамизда чоп этиш тарафдори эдик. Бироқ мактуб анча кечиккани ва унда кўтарилган мавзу жорий йил сентябрь ойидаги воқеаларга алоқадорлиги учун ҳамкасбларимиз буни лозим топишмади. Шу боис, Жўра аканинг танқидий муносабатига ушбу мақолада тўхталишга аҳд қилдик.

Аввало, таҳририятга мактуб ва шеър йўллагани учун Жўра акага раҳмат! Ўқилган мақолага ёзма равишда фикр билдириш ҳозир камёб ҳодиса ҳисобланади. Агар ҳар бир мухлис ўзидаги жонкуярлик туйғусини Жўра ака каби ифодалаганда эди, футболимиз бугунги ҳолатга нисбатан анча илгарилаб кетган бўларди. Афсуски, у киши каби куюнчаклар мухлислар орасида жуда кам. Майли, ҳар ҳолда, муносабат билдирувчилар бор ва шунисига ҳам шукр.

Энди мактуб ва шеърга қайтсак. Жўра ака «Пахтакор» ва «Металлург» муносабатларига оид мулоҳазаларимизни танқид остига олган. Шунинг­дек, «Навбаҳор»нинг ўз майдонидаги ютуқлари ҳақида билдирган фикр­ларимизни тарафкашлик сифатида баҳолаган. Нима ҳам дердик, бу - «Пахтакор»нинг 61 ёшли фидойи мухлисига тегишли позиция ва бундай нуқтаи назар фақат Жўра ака билан чегараланмайди. Бизнингча, «шерлар»нинг ҳар бир мухлисида шундай муносабат барқ уриши - табиий жараён. Қандай қилиб бошқача бўлиши мумкин?! Унутмаслик керакки, бугун мамлакатимиздаги аксар ёши катта мухлислар ҳамон шонли «Пахтакор» ўйинлари кайфияти билан яшайдилар. Фахрий мухлислар - Ғуломжон ака, Абдували ака, Эргаш акалар нигоҳида ҳали-ҳануз ўша шукуҳли ўйинлар олови ёлқинланади. Айни шу ёлқин бизга қадрдон фахрийларни «Пахтакор» стадиони сари етаклайверади, олис сафарларга отлантираверади. Ҳар гал Наманганга келишганда, «Пахтакор» мухлислари орасида улар билан ёнма-ён ўтирамиз. Футболга садоқатли фахрийлар ҳурматидан «Пахтакор» ёки «Нав­баҳор» мухлислари кўзларида чақнаган ғашлик учқунига эътиборсиз қараймиз. «Пахтакор»нинг шонли тарихи билан бирга улғайган бу зукко мухлислар унинг бугуни хусусида бизга ачиниб сўзлайдилар. Улардаги шижоат ва садоқат ҳурматидан ҳам, «Пахтакор» стадиони ёш мухлисларга тўлиб-тошиши керак. Ҳолбуки, Ғуломжон ака Ҳамидов бир ҳовуч ёш мухлисларни тартибга чақириш билан банд, буюк Гарринча ҳақида шеър ўқиб, мурғак қалбларда тарихий туйғу шакл­лантириш иштиёқида. У кишидаги иштиёқ ва ғайратга ҳавас қилса арзийди. Кўз тегмасин!

«ИнтерФутбол»ни мунтазам ўқийдиган ва мулоҳазаларимиздаги мувозанатдан хабардор мухлислар бизга тарафкашлик ёт эканини яхши билишади. Айнан ортда қолган мавсумда «Пахтакор» шаънига айтилган олқишларимиз ва «Навбаҳор»нинг сафар учрашувларида қайд этган ёмон натижалари хусусида танқидий мулоҳазаларимиз ҳам доимий ўқувчиларимиз назаридан четда қолмаган, албатта. Шу жумлаларни ёзиш асносида бир вақтлар «Реал» мухлислари мулоҳазаларимизга нисбатан айтган нордон сўзлар эсимизга тушди. Ўшанда «Майдонда қандай бўлса, мақолада ҳам шундай» номли мақола ёзиб, анча аввалги мулоҳазаларимиздан «О, Анхель ди Мария! Сенинг Роналду голга айлантирган қойилмақом «пас»ларинг­га Лео Месси ҳавас қилсин, Дани Алвеш маҳлиё бўлсин!» каби кўчирмалар ҳавола этгандик бизни тарафкашликда айблаганлар эътиборига. Фақат бир мақола доирасида фикр юритиб, хулоса чиқаришгани учун ўша мухлислар уялиб қолишгандир балки...

Хуллас, қайсидир жамоага нисбатан билдирилган илиқ муносабат ҳар доим ҳам тарафкашлик маъносини англатмайди. Шундай ўйинлар кузатиладики, футбол фусунидан завқланган журналист маълум жамоани олқишлайди, рақибни эса пассивликда айблайди. Бу - футбол адолати ва журналист ундан нари туролмайди. Кимгадир ёқса-ёқмаса, биз ҳам шу адолат йўлидан боришга интиламиз. Дейлик, Ғуломжон ака билан қанчалар қадрдон бўлмайлик, лозим топилса, у кишининг севимли клуби - «Пахтакор»га нисбатан танқидий мулоҳаза билдираверамиз. Оғриқли бўлса ҳамки, у киши бизни тўғри тушунади. Муносабатларнинг бу каби гўзал мувозанати кишига хотиржамлик бағишлайди ва беихтиёр мухлислар учун янги-янги мулоҳазалар ёзишга чоғланамиз. Футбол дунёси шуниси билан гўзал. Мана, «Реал»нинг қанчадан-қанча мухлислари Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ярим финалига чиққан Осиёнинг икки жамоасига бефарқ қарашмаяпти. Улар ҳаттоки, «Кашима Антлерс»нинг «Қироллик клуби» устидан ғалаба қозонишини исташмоқда. Бу - Осиё футболини севиш туйғуси, том маънодаги тарафкашлик! Аёнки, бундай тарафкашлик бағрида етакчи клубларимизни «Кашима» ва «Ал-Айн» ўрнида кўриш истаги ётибди. Қаранг, шу олий истак сабаб, ҳаттоки, «Реал» ҳам кўзга кўринмаяпти. Қойил! Футболда мухлислик, аввало, ўзимизнинг жамоаларни қўллаб-қувватлашдан бошланади. Мазкур мулоҳазаларни қоғозга туширишдан олдин «Насаф» ва «Навбаҳор» мухлислари ўртасидаги кесатиқларга тўла тортишувлар билан танишдик. Тортишувлар мавзуси  - трансферлар жараёни. Бир жамоа қўйиб юборишни хоҳламайди, иккинчиси эса бир амаллаб қўлга киритиш ҳаракатида истеъдодли ва келажаги порлоқ футболчини. Бу - футболнинг ёзилмаган қонуни ва унга ҳамма бўйсунишга мажбур. Ўзаро тортишув жараёнга асло таъсир кўрсатолмайди. Шундай экан, тортишув ва баҳс-мунозаралар давомида инсон қадрини ҳамма нарсадан баланд қўйиш - энг улуғ фазилатдир.

Муҳтарам мухлис! Жўра ака Қўч­қоровнинг кечиккан мактуби баҳонасида Сизни футболимиз муҳитидаги алангали мавзу атрофига чорладик. Юксак маданият билан баҳслашишда давом этинг!

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz