Қайднома

Қидирув

Италия "А" серияси асло зерикарли эмас

Италия "А" серияси асло зерикарли эмас

  21.12.2018 03:53
  0
  517
Италия

Италия футболи орада маълум вақт сояга ўтди. Ички лигадаги ҳимоявий қадриятлар туфайлими, ўйинлар зерикарлироқ туюлгани ҳам рост. Лекин энди вазият кескин ўзгармоқда. Биргина Криштиану Роналдунинг «А» сериясида ўйнай бошлагани омма ёндашуви ва эътиборига кучли таъсир ўтказди.  Лекин Италия футболи фақат португалиялик юлдуз ёки «Ювентус»дан иборат  эмас, албатта. Мана, ёрқин мисол, мухлислар охирги кунларда 2та ажиб ўйин гувоҳига айланишди: аввалига кубок турнирида, кейин чемпионатда...

1. 19та (!) пенальти ва...

«А» сериясининг энг «тартибсиз» ва беқарор иштирокчиси - «Женоа» кубок баҳсида «митти»гина рақиб олдида бош эгди. Дарҳақиқат, Генуя жамоасини сира тушуниб бўлмаяпти. Бир томондан қарасак, унинг ихтиёрида чемпионатнинг бош кашфиёти ва тўпурари бўлишга яққол даъвогар футболчи бор - Кшиштоф Пентек. Бошқа тарафдан назар солсак, клубнинг боши можарою, жанжаллардан чиқмаяпти. «Женоа» раҳбарияти натижага шунчалик ёпишиб олганки, мураббийларни бирин-кетин истеъфога чиқармоқда. Ахир раҳбарлар атиги 4 ой ичида 3 нафар мутахассис билан хайрлашишди. Охирги исътефо айнан кубок баҳсидаги омадсизликдан кейин кузатилди. Чунончи, Иван Юрич «Виртус Энтелла»га қарши кечган учрашувда ижобий натижани таъминлай олмади.

Хўш, ўзи нима рўй берди? Биринчидан, «Женоа» ўйиннинг асосий ва қўшимча вақтларида камтарин рақибни енгиш уддасидан чиқолмади - 3:3. Иккинчидан, жамоа вакиллари 3та голни ҳам пенальтидан уришди. Ўйиндан кейинги серияда эса генуяликлар 2та зарбани кўкка совуришди ва 6:7 ҳисобида ютқазишди. Қисқаси, мухлислар 19та пенальти ва жамоа мағлубиятига гувоҳ бўлишди. Учинчидан, асосий вақтда «А» сериясининг янги қаҳрамонларидан бири Кшиштоф Пентек 2та пенальтидан унумли фойдаланди, яна бирини амалга оширган Жанлука Лападула эса серияда ҳал қилувчи зарбани голга айлантиролмади. Тўртинчидан, «Женоа» раҳбарияти ўйин тугаши ҳамоно бош мураббий Иван Юричга жавоб берди ва тезда Италия терма жамоаси собиқ устози Чезаре Пранделли ҳамда унинг бутун штаби билан шартнома тузди.

Қизиқ, «Женоа»га қўшимча ташвишлар туғдирган «Виртус Энтелла» қандай жамоа? Очиғи, «Женоа» энг «тартибсиз» клуб сифатида тилга олинса, «Виртус Энтелла» омадсизларнинг омадсизидир. Италия кубоги 1|8 финалига йўл олган клуб ўтган мавсум расман Италия 3-дивизионига тушиб кетди. Шунга қарамай, «Энтелла» юқори лигада ўйнаш учун тайёргарлик кўрди, раҳбарият эса клубни «В» сериясида олиб қолиш масаласида фаол ишлади. Чунончи, аввалига «Фоджа» ва «Чезена» пул ўзлаштиришга боғлиқ ғалати айбловларга дуч келди. Мамлакат футбол федерацияси шу айблов натижасида ҳар икки жамоа ҳисобидан 15 очко олиб ташлашни ўйлади. Лекин якунда жазо чорасини жорий мавсумда қўллашга қарор қилди. Оқибатда «Виртус»ни «В» сериясида қолдириш ҳаракати зое кетди. Кейинроқ «Авеллино» ва «Бари» клубларининг инқироз ҳолатига тушгани тан олинди. Шунда битта юқори дивизиондаги 2та ўринга «С» сериясининг бир неча иштирокчиси даъвогарлик қилди.  Якунда Италия футболи мутасаддилари «В» серияси таркибини ўзгартиришмади, гарчи «Виртус Энтелла» охиригача юқорига кўтарилишдан умид узмаган бўлсада. Дейлик, жамоа вакиллари охирги 7 йилликнинг молиявий ҳисоботларини тақдим этиб, барча келишувлар қонун доирасида амалга оширилганини исботлашди. Шунингдек, жамоа моддий томондан «В» сериясида иштирок этишга тайёр эканлигига кафолат берилди. Бу оралиқда «Энтелла» «С» серияси доирасидаги 3та ўйинни ўтказиб юборди. Аммо ҳаммаси ўз ҳолича қолди: «Виртус Энтелла» юқорига соф спорт принциплари асосида чиқиши керак. Дарвоқе, ушбу клуб Италия кубоги чорак финали йўлида «Рома» билан олишади. Балки ундан яна «сенсация» кутармиз...?

 

2. «Кальяри» жасорати

«А» серияси 15-туридан ўрин олган «Кальяри» - «Рома» ўйини яна бир кутилмаган натижани тақдим этди. Ҳа, ўйинда 2:2 ҳисоби қайд этилгани аслида оддийгина воқелик саналади. Ахир заиф рақибнинг кучли жамоадан очко тортиб олиши ҳар қадамда кузатилиши мумкин. Лекин Кальяридаги учрашув сценарийсига қарасак... Хуллас, «Рома» сафар ўйинида хотиржам ўйнаб, биринчи бўлимдаёқ мезбонларни 2та гол билан «сийлади» ва ортга бемалол ғалаба билан қайтиши мумкин эди. Чунончи, 85-дақиқада ҳам таблода 0:2 ҳисоби порлаб турганди. Кейин воқеалар шу қадар тез ривожландики, асти қўяверасиз... 85-дақиқа: Артур Ионицэ «Кальяри»нинг биринчи жавоб голини урди ва мезбонлар мисли кўрилмаган даражада шодланишди. Энг қизиқарли воқеалар эса ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларга тўғри келди. Аввалига «Кальяри» вакиллари - Лука Чеппителли ва Дарио Срна ҳакамлар билан тортишишгани учун бирин-кетин «қизил»га йўлиқишди, шундан сўнг Марко Сау рақибни бироз калака қилган тарзда ҳисобни тенглаштирди. У «Рома» дарвозасини нишонга олган лаҳзада финал ҳуштаги янграшига саноқли сониялар қолганди. Эҳтимолки, агар римлик футболчилар тўп учун курашда енгилмаганларида, «Кальяри» такрорланмас «камбэк»ни амалга оширолмасмиди? Хуллас, мезбонлар чинакам жасорат намунасини кўрсатишди - 9 киши бўлиб, «Рома»ни ғалабадан маҳрум этиш осонми?

Сау ўйиндан сўнг италиялик Давид Асторини эсга олди. Чунончи, аввалги мавсум ўйинларидан бири арафасида меҳмонхонада ҳаётдан кўз юмган «Фиорентина» фахри вақтида «Кальяри»да ҳам фаолият юритганди. «Ҳа, ажойиб жамоага қарши кечган ўйинда мағлубиятдан сеҳрли тарзда қутулиб қолдик. Сабаб битта - охиригача ўз кучимизга ишондик. Ушбу дуранг кайфиятимиз ва руҳимизни кўтариш баробарида биз катта жасорат эвазига қутқариб қолган бошқа ўйинларни ҳам эсга солди. Ўз голимни Давиде Астори хотирасига бағишлайман»,- деди қаҳрамон. Айтганча, Марко жуда кам гол урадиган футболчи. Дейлик, «А» сериясининг бутун ўтган мавсумида ўз номига атиги 2та гол ёзиб қўйганди. «Рома» дарвозасига йўллангани эса унинг учун жорий мавсумдаги дебоча голдир.

Дарвоқе, фанатлар шу ўйин баҳона «Рома» ва «Кальяри» ўртасидаги яна бир тўқнашувни эслашди. Унда ҳам фаворитнинг ишлари сира юришмай, охир-оқибат 2:4 ҳисобида ютқазганди. Умуман, «Рома» ҳозирча ўз тиффозилари кутган футбол ва натижа кўрсатолмаяпти. Ахир ҳамма «бўрилар»нинг «Ювентус»га жиддий рақобат тақдим этишини кутганди, аммо улар ҳозирча пешқадамнинг чангида қолиб кетишяпти...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz