Қайднома

Қидирув

Икром Алибоев: «Еврофутболга йўл «Сеул» орқали...»

Икром Алибоев: «Еврофутболга йўл «Сеул» орқали...»

  22.12.2018 01:18
  0
  760
Икром Алибоев: «Еврофутболга йўл «Сеул» орқали...»

Ўзбекистон Суперлигасининг якунланган мавсумида «Локомотив» шарафини ҳимоя қилган ва мамлакат чемпионига айланган Икром Алибоев бундан буён фаолиятини легионер сифатида давом эттиради. Истеъдодли ярим ҳимоячи Жанубий Кореянинг «Сеул» клуби футболчисига айланганидан кўпчиликнинг хабари бор, албатта. Маълумот ўрнида айт­сак, Алибоев ва «Сеул» ўртасида тузилган шартнома 2021 йилгача амал қилади ва Икром ушбу корейс клубида тўп сурган ўзбекистонлик иккинчи футболчи бўлади. Унга қадар Сервер Жепаров ҳам «Сеул» шарафини ҳимоя қилган. Осиёнинг икки карра энг яхши футболчиси 2010-2011 йилларда Жанубий Корея чемпионига айланган эди. Трансфер амалга ошганидан сўнг Жепаров Алибоевга омад тилаш баробарида у ҳақда жуда илиқ фикрларни билдирди. Қолаверса, бу трансфердан «Локомотив» ҳам яхшигина пул ишлаб олди. Корея матбуотидаги хабарларга таянадиган бўлсак, ушбу сумма ярим миллион доллар атрофида экан. Лекин бу борада расмий маълумот берилгани йўқ. Айни пайтда Алибоев Анталияда миллий терма жамоамизнинг ўқув-йиғин машғулотида иштирок этяпти. Биз футболчимиз билан боғланиб, ундан интервью олдик.

- Икром, аввало легионер бўлганингиз билан табриклайман. Умуман, бу трансфер қандай амалга ошди?

- Табрик учун раҳмат. Трансферга келсак, «Сеул» ҳақидаги гап-сўзлар асли Жакартада бўлиб ўтган Осиё ўйинларидан сўнг бошланган эди. Корейс клуби томонидан жиддий қизиқиш бўлса-да, бу ҳақда матбуотда маълумот берилмаганди. Мавсум якунланиши билан улар «Локомо­тив»га расмий таклиф жўнатишди. Жамоамиз раҳбарлари, мураббийлар штаби бу таклифни кўриб чиқишди ва розилик беришди. Шу тариқа мен «Сеул» клуби футболчисига айландим.

- «Сеул» сизга нимаси билан маъқул келди?

- Бундай клубнинг таклифини ўйламасдан ҳам қабул қилса бўлади. Зеро, бу жамоа нафақат Жанубий Корея, балки бутун Осиёда ўз ўрнига эга клуб ҳисобланади. Корея К-лигаси қитъамизнинг энг кучли учта чемпионатидан бири. Боз устига, «Сеул» орқали Европага кетиш ҳам мумкин. Энди ҳаммаси ўзимга боғлиқ. Мақсадим - яхши ўйин кўрсатиб, Европанинг кучли чемпионатларига йўл олиш! Масаланинг айнан шу томонларини ўйлаб, бу таклифга розилик бердим.

- 2010-2011 йилларда бу клуб шарафини Сервер Жепаров ҳам ҳимоя қилганди. У ҳатто Корея чемпиони ҳам бўлган. Дарвоқе, Сервер ижтимоий тармоқлар орқали сизга омад тилади. Келишувдан аввал у билан маслаҳатлашмадингизми?

- Ҳа, Сервер аканинг сўзларини ўқидим. Бундан жуда ҳам хурсанд бўлдим. Фурсатдан фойдаланиб, уларга раҳмат айтаман. Жепаровнинг «Сеул»даги натижаларини такрорлашни истайман. Лекин ҳозирча у билан маслаҳатлашишга улгурмадим. Аммо, албатта, маслаҳатлашиб оламан. Қолаверса, ҳозирда Кореяда Санжар Турсунов ва Шоҳрух Гадоев ҳам фаолият юритмоқда. Табиийки, улар билан ҳам алоқага чиқаман. Умид қиламанки, бу футболчиларимиз билан Кореяда кўп бор учрашамиз.

- «Локомотив» ОЧЛ гуруҳ босқичида иштирок этади. Шу маънода клуб раҳбарияти сизни осонликча қўйиб юбормагандир?

- «Локомотив» билан яна бир йиллик шартномам бор эди. Жамоам бу трансфердан молиявий томондан фойда кўрди. Клубимиз мутасаддилари менинг келажагимни ўйлаб ҳам бу трансферга рози бўлишди. Мен билан суҳбатлашишди, «Кореянинг кўзга кўринган клуби бўлгани учун розилик беряпмиз, агар араб жамоалари чақирганида ёки жуда катта суммага сотардик ва ё умуман қўйиб юбормасдик», дейишди. Шунинг учун ҳам клубимиз раҳбарларига алоҳида миннатдорчилик билдираман. Собиқ жамоадошларимга ОЧЛда омад тилайман. Ишончим комил, албатта ўрнимга яхши савияли футболчи олиб келинади. Айтишадику, алмаштириб бўлмаслар йўқ, деб! Бу жумла русчада жарангли чиқади (кулади).

- Сир бўлмаса, трансферингиз «Сеул»га қанчага тушди? Биздаги норасмий хабарларга кўра,  800 000 АҚШ доллари деб эшитдик. Шу ростми?

- Бу ҳақда аниқ маълумотга эга эмасман. Икки клуб ўзаро келишувга эришган, ҳарқалай.

- Икром, янги клубингиз билан танишишга улгурдингизми? Бош мураббий билан мулоқот ҳам бўлгандир?

- Корейс клуби мутасаддилари билан кўришиб, танишиб олдим. Бош мураббий билан ҳам тахминан бир соатлик суҳбат бўлиб ўтди. Жуда кўп масалаларда гаплашиб олдик.

- «Сеул» сўнгги мавсумни бироз омадсиз ўтказди. Клуб олдига қандай вазифа қўйилган экан?

- Бу жамоа олдига ҳамиша юқори мақсад ва вазифалар қўйиб келинган. Кейинги мавсумдаги мўлжал аниқ - чемпионлик! Ҳа, сиз айтгандек, ўтган мавсум жамоада пасайиш ҳолати кузатилди. Шунга қарамай, ўтиш ўйи­нида Корея К-лигасидаги ўрнини сақлаб қолди. Бундай ҳолат баъзида кучли жамоаларда ҳам кузатилади.

- Клубда сиздан бошқа легионерлар ҳам борми?

- Билишимча, ўтган мавсумдаги легионерлар масаласида ҳали бир тўхтамга келишмабди. Албатта, мендан бошқа хорижлик футболчилар ҳам бўлади. Легионерлар учун қабул қилинган лимитдан тўлиқ фойдаланилса керак, ҳарҳолда.

- Тил масаласида қийналмайсизми? Қаерда яшайдиган бўлдингиз?

- Тилмоч, яъни таржимон хизматидан 4-5 ой фойдаланаман. Барибир, янги муҳитга мослашгунча маълум вақт керак бўлади. Умид қиламанки, узоғи билан ярим йилдан сўнг таржимоннинг хизматига эҳтиёж сезилмайди. Бошпанага келсак, «Сеул» клуби томонидан менга алоҳида уй ажратилиши ҳақида айтишди. Демак, бу борада муаммо бўлмайди.

 

Сервер Жепаров Алибоев ҳақида:

Алибоев учун хурсандман. Чунки Ўзбекистондан қанча кўп футболчи хорижга йўл олса, бу футболимиз ва қолаверса, миллий терма жамоамиз учун ҳам шунча яхши бўлади. Ҳар бир футболчи ўзини легионер сифатида синаб кўришни истайди. Икром учун шундай фурсат келди. Энди у имкониятдан унумли фойдаланиб қолиши керак. Уни иқтидорли футболчи деб ҳисоблайман. Тўғри, майдонда бироз агрессивроқ, яъни «портловчи» характерга эга. Лекин бу бир томондан яхши. Ёшлигимда мен ҳам Икромга ўхшаб жиззаки эдим. Вақт ўтиши билан босилиб қолганман. Мен ҳам «Сеул» билан уч йиллик шартнома имзолагандим. Кўряпсизми, у билан ўзига яраша ўхшаш жиҳатларимиз бор. Ўйлайманки, Алибоев Корея чемпионатида йўқолиб қолмайди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz