Қайднома

Қидирув

Баҳодир Маҳкамов: «Академияларни ёпиш эмас, уларга ёрдам бериш керак»

Баҳодир Маҳкамов: «Академияларни ёпиш эмас, уларга ёрдам бериш керак»

  23.12.2018 11:05
  0
  602
Баҳодир Маҳкамов: «Академияларни ёпиш эмас, уларга ёрдам бериш керак»

Ўзбек футболида «Бунёдкор» клуби ва табиийки, академиясининг ўрни бўлакча. Ташкил этилганига ҳали унчалик кўп бўлмаган бу жамоа қисқа фурсатда мақтовга арзигулик ютуқларни қўлга киритиб улгурди. 60 йиллик тарихга эга «Пахтакор» клуби сингари ОЧЛ ярим финалига қадар етиб борди. Ривалдо, Сколари, Зико каби юлдузларнинг бу клубда ўйнаб ҳамда ишлаб кетгани «Бунёдкор»нинг дунёда брендга айланишига сабаб бўлди. Бундан кўз юма олмаймиз. Клуб қошида академия ташкил этилганига олти йил тўлди. Лекин ана шу фурсат ичида етишиб чиққан истеъдодларни санаб ўтириш шарт бўлмаса керак. Аммо шу йилнинг ёзида ана шундай истеъдодлар фабрикаси ҳисобланган академиянинг ёпилишига бир баҳя қолди. Ҳалиям бу хавф йўқолгани йўқ. Биз айнан шу мавзу ва якунига етиб бораётган 2018 йилги футбол мавсуми юзасидан «Бунёдкор» академияси директори ўринбосари Баҳодир Маҳкамовдан интервью олдик.

 

- Баҳодир ака, ҳар бир соҳада йил якунида ортда қолган 12 ой сарҳисоб қилинади. Янги режалар тузилади. Жумладан, спортда ва табиийки, футболда ҳам худди шундай манзарага гувоҳ бўламиз. Айтинг-чи, 2018 йил «Бунёдкор» академияси учун омадли келдими?

- Биз ўтган йилнинг декабрь ойида 2018 йил учун ўз режаларимизни ишлаб чиққандик ва шу аснода иш олиб бордик. Сир эмаски, ҳар бир академиянинг биринчи галдаги вазифаси кичик ёш тоифасидаги терма жамоаларга муносиб номзодларни етказиб беришдан иборат бўлади. Ўзимизни мақтамоқчи эмасман-у, лекин факт шуки, ҳар бир терма жамоада камида 3-4 нафардан «Бунёдкор» академияси тарбияланувчилари бор. Айниқса, Отабек Ғуломхўжаев жамоаси таркибида бизнинг футболчилар кўпчиликни ташкил қилади. Бу йил давомида қилинаётган меҳнатнинг самараси бўлса керак, деб ўйлайман. Якунланиб бораётган 2018 йилда академия тарбияланувчилари Россия, Жанубий Корея, Қозоғистон, Болгария каби давлатларда ташкил этилган халқаро турнирларда муносиб тарзда қатнашиб келишди. Жамоаларимиз ўтган йили ҳам мен санаб ўтган мусобақаларда жуда яхши ўйин кўрсатишганди. Шу сабабли ташкилотчилар бу йилги турнирга ҳам таклиф этишди. Россиянинг Новосибирск шаҳрида ўтказилган турнирда яхши таассурот қолдиргандик, келаси йилги мусобақада ҳам қатнашишимизни сўрашди. Қозоғистондаги турнирда ҳам худди шундай ҳолат кузатилди. Ўзим Жанубий Кореядаги мусобақага 2002 йилда таваллуд топган футболчилардан иборат жамоамизни олиб бордим. «Бунёдкор» иштирокидаги ўйин-ни томоша қилиш учун ҳатто бошқа клуб мураббийлари ҳам келишди. Асосий жамоамиз ОЧЛда корейс клубларига қарши муносиб ўйин намойиш этгани учун маҳаллий мутахассисларнинг эсида қолган. Кези келганда айтиш керакки, гоҳида таклиф олган халқаро турнирларга маблағ етишмовчилиги сабаб бора олмаймиз. Лекин қийинчиликларга қарамай, йилига 3-4та халқаро турнирда қатнашиш учун имконият яратиб беришади. Бир неча йилдан бери болалар футболида ишлаб келяпман. Тажрибамга таяниб бир нарсани айтишим лозимки, болаларга имкон қадар кўпроқ халқаро турнирлар керак. Бу мусобақаларда Европа, Осиё, Америка қитъаси жамоаларига қарши майдонга тушилади. Бундай ҳолатда футболчи ўсади. Агар ўзимизнинг «ёғимизда қовурилишда» давом этсак, маълум бир меъёрдан нарига ўта олмаймиз. Мен бу гапларни фақат «Бунёдкор» мисолида айтмоқчи эмасман. Катта футболда натижага эришиш учун пойдеворни мустаҳкамлаш керак. Пойдевор - бу болалар футболи! Бошқа клуб мураббийлари хафа бўлишмасину, «Локомотив», «Бунёдкор», «Пахтакор» жамоалари бошқа футбол мактаби тарбияланувчилари билан йил давомида ўйнайверганидан рақибларни осон ютишга ўрганиб қоляпти. Мен санаб ўтган клубларнинг турли ёш тоифасидаги жамоалари барибир, бошқа рақибларидан бир бош устун. Олдиндан ғалаба қозониши маълум бўлади. Қолаверса, бу жамоаларнинг ўзаро ўйинларига қизиқиш у даражада юқори эмас. Бу кетишда ўсишга эришилмайди. Шунинг учун, албатта, хал-қаро турнирлар керак. Болаларнинг дунёқараши ҳам ўзгаради. Умумий олганда, йил биз учун яхши келди. Шу ўринда бир нарсани айтишим лозим, асосий жамоа бош мураббийи Миржалол Қосимов академия тарбияланувчиларига катта эътибор қаратади. У янги истеъдодларни кашф қилишга интилади.

- Бу йил катта гуруҳларда ўзини ҳар томонлама кўрсата олган неча нафар кашфиётни асосий таркиб ёки ўринбосарлар жамоасига тавсия қила оласиз?

- Ҳозир муайян иқтидорли футболчиларнинг исм-шарифини айта олмайманку, лекин шундай ёшлар бор. Келаси мавсум 3-4 нафар футболчимизнинг асосий таркибнинг ўн саккизталик рўйхатига киритилиши, Ёшлар лигасидаги жамоамиз сафида ўйнашига умид қилиб турибмиз. Масалан, бу йил 2002 йилда таваллуд топган футболчиларимиздан 4-5 нафари ўринбосарлар таркибида майдонга тушишди. Улардан Жасур Жалолиддинов Суперлигада тўп сурган энг ёш ўйинчига айланди. У 16 ёшу 80 кунлигида элитада дебют қилди. Албатта, бу ҳам академиямизда ишларнинг тўғри йўлга қўйилгани ва Миржалол Қосимовнинг ёшларга эътибор бериши маҳсулидир. Сир эмаски, айнан мана шу ёшда болалар ўзларига жамоа топишда қийинчиликка дуч келишади. Бизда эса истеъдодлар қўллаб-қувватланади. Бу футболчи учун жуда муҳим. Қолган болалар ҳам ҳаракат қиладилар. Бир футболчининг ярқ этиб чиқиши қолган 7-8 нафар футболчининг интилишига замин яратади. «Дўстим шундай натижаларга эришяпти-ю, нега энди мен бу вазифани уддалай олмас эканман?» деб астойдил енг шимаради.

- Баҳодир ака, юртимизда шахсан давлат раҳбарининг саъй-ҳаракати билан коррупцияга қарши жиддий кураш кетмоқда. 8 декабрь - Конституция куни муносабати билан ўтказилган тадбирда ҳам ҳурматли Юртбошимиз бу мавзуга яна алоҳида тўхталиб ўтдилар. Энди истаймизми-йўқми, спортда, хусусан, футболда ҳам бундай жирканч ҳолатлар учраб туради. «Бунёдкор» академиясида таниш-билишчилик, пул эвазига муайян футболчининг жамоада алоҳида эътиборга эга бўлиши ҳолатларига қарши қандай ишлар олиб борилмоқда?

- Тўғри, ҳамма жойда бундай камчилик бор. Гуруч курмаксиз бўлмайди, дейишади-ку! Масалан, ҳар бир ота-она ўз фарзандининг машҳур футболчи бўлишини хоҳлайди. Лекин майдонга истеъдодли, қобилияти борлар тушишади. Бизда бошқалардан ажралиб турадиган, ҳар томонлама кучли болалар «А» гуруҳида жамланган. Бу гуруҳимиздагилар академияда бепулга футбол сир-асрорларини ўрганишади. Кейинги «В» ва «С» гуруҳларимизда эса ўйинида пасайиш кузатилган болалар тўп суришади. Бугунги кунда юқоридан телефон келиши ёки таниш-билишларни ишга солиш ҳолатлари рўй берса, бундайларга эътибор қаратмаймиз. Бу билан улар таклиф қилган футболчиларни академияга қабул қилмаймиз, демоқчи эмасман. Ҳаммага имконият берилади. Бола ўзини кўрсата олса, ҳақиқатан футболга лаёқати борлигини исботласа, бундан биз мураббийлар ҳам қувонамиз. Машғулот ва ўйинлардаги ҳаракатларини съёмка қиламиз. Бу ота-оналар учун исбот вазифасини ўтайди. Фарзандининг видеотасмадаги ўйинини кўриб, узр сўраганлар ҳам етарлича бўлган. Ҳаттоки, 15 ёшли фарзандини ҳам футболга олиб келишади. Ваҳоланки, бунга қадар у ҳеч бир футбол мактабида бошланғич билимни олмаган бўлади. Шунга қарамай, биз уларга соғломлаштирувчи ёки пулли гуруҳларимизни тавсия қиламиз. Бундай болаларнинг юз нафаридан бири истеъдодли бўлиб чиқади.

- Сиз айтган «В» ва «С» гуруҳидаги болаларнинг ўйинида ижобий томонга ўзгариш бўлса, улар кучли ҳисобланган «А» гуруҳига қайта оладиларми?

- Албатта. Бизда 18 нафар болани «А» гуруҳига йиғиб, охиригача шу футболчилар билан ишланмайди. Табиий ҳолатда ротация, яъни алмашиш, ўзгариш жараёни бўлади. «А» гуруҳидаги ўйини пасайиб кетган футболчилар пастки гуруҳларга ўтказилади. Аксинча, қуйидан юқорига ўтказиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Таъкидлаш жоизки, айрим ҳолатларда ёш футболчиларимизда ҳам юлдузлик касали пайдо бўлади. Бундай пайтда ўша болаларнинг ўйинида кескин пасайиш кузатилади. Бу ҳолатда академиямизда фаолият юритаётган психологлар тарбияланувчилар билан индивидуал тарзда ишлашади. Битта мисол келтираман, 2004 йилда туғилган футболчимиз Рустам Забиров «С» гуруҳида ўйнаётганди. Шу боламиз ўз устида ишлади ва куни кеча Азамат Абдураимов томонидан терма жамоага таклиф этилди. Бундан жуда хурсанд бўлдик.

- Мураббийларга «Таниш-билишчилик, бир футболчига нисбатан кўпроқ ён босиш ҳолатларига йўл қўйманглар, акс ҳолда, сизларни жиддий жазо кутяпти», деган маънода огоҳлантириш эълон қилганмисизлар?

- Аччиқ бўлса ҳам айтаман, бундай вазиятларга дуч келганмиз. Ота-оналар боласи яхши ўйнамаса ҳам, мураббийга «Кейин хурсанд қиламан» қабилида иш тутиб, таклиф билдирган пайтлар бўлган. Биз айни ҳолатларга чек қўйганмиз. Ҳар якшанба академиямиз директори Вадим Шодиматов, асосий таркиб мураббийлари тарбияланувчилар иштирокидаги учрашувларни келиб томоша қилишади. Ўйин пайтида яхши ўйнай олмайдиган болалар яққол ажралиб, кўриниб қолади. Буни тажрибали мураббийлар дарҳол пайқашади.

- Шундай ҳолатлар аниқланса, исбот қилиб берилса, мураббийга нисбатан чора кўриладими?

- Академия 2012 йили фаолиятини бошлаган бўлса, ўтган давр мобайнида сиз айтган ҳолатларга дуч келинган. Бундан кўз юма олмаймиз. Шундай мураббийларни ўша ондаёқ ишдан бўшатганмиз. Ҳозир ишлаётган мутахассисларни ҳам бу ҳақда жиддий огоҳлантирганмиз. Бу касбга нисбатан хиёнат ҳисобланади. Ким бўлишидан қатъий назар, бундайларга футболда ўрин йўқ! Яхши футболчи етказиб берган мураббий ўз мукофотини олади. Ушбу таълим масканида фақат ишлаш керак.

- Жорий йилнинг ёз ойларида «Бунёдкор» академиясини марказлашган Республика футбол академиясига айлантириш таклифи илгари сурилди. Ҳаттоки, бу борада амалий ишлар ҳам бошланди. Айнан ўша пайтда ўнлаб истеъдодли футболчилар «Энди нима бўлар экан?» қабилида иш тутиб, «Бунёдкор» академиясини тарк этишди. Бугунги кунда вазият қандай? Муассаса келаси йили ўз фаолиятини давом эттирадими?

- Ҳақиқатан ҳам, июль ойида академиямизга нисбатан футболчилар ва уларнинг ота-оналари томонидан ишончсизлик ҳолати кузатилди. Интернетда бу ҳақдаги маълумотлар тар-қалганидан кейин кўпчиликда иккиланиш кузатилди. Бизга мурожаат қилиб, «Энди академиянинг тақдири нима бўлади, эртага жамоасиз қоламизми?» каби саволлар билан мурожаат қилишди. Юқорида айтганимдек, кўпчилик «Пахтакор», «Локомотив» каби клубларга ўтиб кетди. Истеъдодли футболчиларимизнинг тахминан 30 фоизи бошқа жамоалар сафини тўлдиришди. Ўйлайманки, ҳаммаси биз учун ижобий якунланади. Аслида терма жамоаларимизга «Бунёдкор», «Пахтакор», «Насаф» ва «Машъал» академиялари номзод футболчиларни етказиб беради. Президентимиз совға қилган «Малибу» русумли бешта машина айнан «Бунёдкор» академияси тарбияланувчиларига топширилди. Ўзим ҳисоблаб чиқдим, турли ёш тоифасидаги термаларимиз, олий лига клубларида ўйнаётган футболчиларнинг 60 фоизини «Бунёдкор» академияси тарбияланувчилари ташкил этаркан. Бундай таълим масканларини ёпиш эмас, уларга ёрдам бериш керак. Хориждан келаётган легионерларнинг асосий мақсади пул бўлади. Ҳеч қачон «Ўзбек футболини юксалтиришга ҳисса қўшаман», деган ниятда бу ерга келмайди. Келажагимиз болалар бўлганидан ке-йин, уларга ҳар томонлама ёрдам беришимиз керак. Ҳозир сизга бир сирни очаман. Куни кеча ёш футболчиларимиздан бери Германиянинг «Бавария» клуби таклифига биноан Мюнхенга жўнаб кетди. Исм-шарифини ҳозирча айта олмайман. Ота-онаси билан гаплашдим, улар фарзандлари учун жуда хурсанд бўлишди. Академиямизда инглиз тилини ўрганди. 2001 йилда таваллуд топган бу футболчимизни Отабек Ғу-ломхўжаев мураббийлик қилаётган Ўзбекистон ёшлар термасига ҳам чақиришмоқчи. Бизнинг тарбияланувчимиз бўлгани учун бундан ўзимизда йўқ хурсандмиз. Тўғри, ҳозирча «Бавария»нинг асосий жамоаси таркибида ўйнамайди. Лекин кейинчалик ўз устида ишлашда давом этса, ўсишдан тўхтаб қолмаса, Мюнхен гранди либосида майдонга тушиши мумкин. Ҳозирча германияликларнинг қуйи лигадаги жамоалари сафида ўйнаб туради. Ўтган ҳафта жамоаси 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган ўйинда ҳар икки гол ўша футболчимиз ҳисобига ёзилибди. «Бун-ёдкор» академиясида бундай истеъдодлар кўп.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz