Қайднома

Қидирув

Майкл Кэррик: «Алам ҳам мотивация...»

Майкл Кэррик: «Алам ҳам мотивация...»

  23.12.2018 12:02
  0
  674
Майкл Кэррик: «Алам ҳам мотивация...»

«МЮ»га хос буюк анъаналар ҳимоячиси сифатида эътироф этилаётган ва ҳеч кимни хафа қилмасликка интиладиган Майкл Кэррик самарали фаолиятига ўтган мавсум нуқта қўйганди. Англиялик касбдошларимиз собиқ ярим ҳимоячига битта савол беришлари билан унинг «қулфланган» тили «занжир»ни узди. Қизиқ, Майклни қайси савол ошкора гапиришга мажбур этди? Бу савол анча оддий: «Айтингчи, қайси даврдан эътиборан ўзингизни Райан Гиггз ва Пол Скоулз каби ички қоидаларни белгилаб берадиган етакчи сифатида ҳис қилгансиз?» Демак, қуйида Кэррикнинг турли масалалар юзасидан билдирган фикрлари билан танишиб чиқамиз.

 

- Қачондир номдор жамоадошларимга тақлид қилган ёки уларга ўхшашни истаган эмасман. Аслида ҳеч қачон клубда ўзимни эркин ҳис этмаганман. Ўзи «МЮ»га келган футболчининг завқ билан тўп суриши қийин масала. Эркинликни ўйлаш - телбалик. Ҳар бир йигит янги мақом, юқорироқ савияга интилади. Машаққатли жараён ҳеч кимга завқ улашмайди. Фақат мақсадга эришгандан кейин босиб ўтилган йўлга назар ташлаган ҳолда, натижадан роҳатланишинг мумкин.

- ЧЛнинг 2009 йилги финали, «Барселона»дан қабул қилинган мағлубият аламини унутиш жуда қийин бўлди. Ҳаттоки, Хосеп Гвардиоланинг ўша жамоаси футбол тарихидаги энг кучли клуб мақомини олгани ҳам мени тинчлантиролмайди. Чунки майдонда юз берган воқеаларни тушуниш қийин. Баъзида омадсизлик сабабини англагандек бўламан, аммо... 2007 йили ярим финалга чиққандик, кейин совринни қўлга киритдик. 2009 йилги финалга эса қаторасига 25та мағлубиятсиз ўйин билан киришдик. Эҳтимол, шунинг учун финалда ют-қазганимиз кучли оғриқ уйғотгандир... Чунки ўша пайт жамоамизни қитъа етакчиси ўрнида кўрардик. Бироқ нима бўлдию, ҳал қилувчи ўйинда талаб даражасида тўп суролмадик. «Нима учун айнан финалда?» Шу савол мени кўп қийнайди...

- Асосий саҳна. Мен ҳам яхши ўйнолмадим, жамоа тушунарсиз сусткашликларга йўл қўйди. Ваҳоланки, ўйиндан олдин бунинг аломатлари сезилмаганди. Амалда ЧЛнинг ҳал қилувчи баҳси энг ёмон ўйинимизга айланди... 2011 йили эса рақибимиз чиндан ҳам, энг кучли жамоа эди. Лекин у зафарли юришни 2 йил аввал бошлаганди. Демоқчиманки, 2009 йили савия бобида биз олдинда эдик. Аниқроғи, «МЮ» яққол кучли бўлиб, шоҳсупага кўтарилишимиз учун шароит ва вақт етилганди. Бироқ...

- Ҳа, нохуш хотиралардан қутулиш йўли ҳамиша топилади. Фақат ундан мотивация сифатида фойдалансанг, бас. Ғалаба ёқимли ҳиссиётлар ва лаззат бахш этади, шунда янада кучлироқ иштиёқ билан олға интиласан. Дейлик, «МЮ»даги илк мавсумдаёқ жамоа билан чемпионликка эришганман. Лекин атиги 2 ҳафтадан сўнг Англия кубоги финалида «Челси»га ютқазгандик. Чемпионлик  расмийлаштирилгач, бутун ёз бўйи ғолиблик завқини суриш ҳақида ўйлаганим рост. Аммо кубокнинг қўлдан кетгани алами кучлилик қилди, ғолиблик шукуҳидан асар ҳам қолмади. Муҳими, шу аламни мотивация сифатида янги мавсумга сақлаб қўйгандим.

- Очиқ-ойдин айтишим керак, «МЮ» 2006 йилнинг ёзида менинг трансферимга 18,5 млн. фунт стерлинг тўлаганида, мутахассислар буни сэр Алекс даврининг сўнгги пасайиш белгиси сифатида баҳолашганди. Яъни талаб даражасида ўйнаб кетишимга ҳеч ким ишонмаганди. Амалда «Юнайтед» мени 100 фоизга ўзгартириб юборди. Чўққини забт этиш учун қанча куч сарфлаш керак? Бу борада муайян фикрга эга эдим. «МЮ» сафига қўшилгач, «Олд Траффорд» қоидалари, футболчилар ҳаёти ва машғулотлар жараёни билан танишгач, беихтиёр ўйга толдим: «Эҳ-ҳе, бу ердаги ҳаёт меникидан кескин фарқланар экан. Чучварани хом санабман». Муҳими, ўша заҳоти умидсизлик кайфиятини танқидий ва умидбахш ёндашув эгаллади: «Ахир ўзинг шуни орзу қилгансан-ку, етук футболчилар қаторига қўшилишни истагандинг-ку». Тўғри, Райан Гиггз ва Пол Скоулздек юқори мақомга эришолмаслигимни сезиб турардим - улар ўзга сайёрадан келишган. Хуллас, шунчаки, ўз салоҳиятимдан тўлиқ фойдаланишим лозимлигини вақтида тушунгандим. Шундан кейин кўзларим очилди, энг яхши мақомига эришиш қандайлигини тўлиқроқ англадим.

- Хурсанд қилган томони, Фергюсон қитъада ҳукмронлик қилишга қодир охирги буюк жамоасини шакллантириш ишларини якунига етказа олди. Айниқса, Скоулз билан ҳамкорлигимиз яхши чиқди, ажойиб жуфтлик сифатида тўп сурдик. Асосийси, сэр Алекснинг Европадаги энг омадли даврига асос солдик - ЕЧЛда битта ғалаба ва яна 2та финал. Яна бир жиҳат, Рой Киннинг йўқлиги сезилмади. Мураббий менга бирор марта «Сендан мана бундай ўйин кутяпман» ёки «Шундай ўйнашингни истайман» қабилида гапирмаган. У иложи борича бехато ўйнашим зарурлигини уқтирарди: «Сени жамоага қўшдим, чунки фазилатларингдан хабардорман. Ўйна ва маҳоратингни оширишда давом эт». Сэр Алекс ўйин пайти айрим кўрсатмаларни бериб турар, лекин эркин ўйнашга имкон берарди. Умуман олганда, «МЮ»да қандай тўп суриш кераклигини ҳеч ким тушунтирган эмас, ўзим ўйинни кузатиб, керакли жиҳатларни ўрганган ҳолда, мослашиб олганман.

- Ўша пайтлар зиммамизга асосан олға интилиш вазифаси юкланарди: олдинга югур, олдинга узат, жарима майдонига кир. Жамоа услуби айнан шундай эди. Мураббий талабини бажариш учун ҳар бир футболчи ўзича йўл топарди. Менинг жамоадаги вазифам табиийки, Гиггз, Скоулз ва бошқа ўйинчилар ролидан фарқланарди. Масалан, Пол «девор» усулида ўйнашни, Райан эса дриблингни ёқтирарди. Аммо қоида, назария ҳаммамиз учун бир хил эди. Энг ажабланарли томони, бизни ҳеч ким қандайдир услубга ўргатган эмас. Мураббийнинг асосий қуроли даъват: «Сизларга тўлиқ ишонаман, майдонга тушинг ва вазифангизни адо этинг».


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz