Қайднома

Қидирув

Ўткир Юсупов: «Эктор Куперга вақт керак...»

Ўткир Юсупов: «Эктор Куперга вақт керак...»

  24.12.2018 01:27
  0
  1022
Ўткир Юсупов: «Эктор Куперга вақт керак...»

Муҳокама ва мунозараларга йўл очган Ўзбекистон Суперлигаси тугагач, клублар қисқа муддатли танаффусга чиққанди. Мана, дам олиш вақти ҳам поёнига етмоқда. Ҳар ҳолда, кўплаб жамоалар 20 декабрдан янги мавсумга қаратилган тайёргарлик ишларини бошлайди. Табиийки, ҳозирда трансферлар асосий масала бўлиб турибди. Суперлига иштирокчилари ўзига яраша шов-шувли харидларга қўл уришса ҳам, асло ажабланмаймиз. Мисол учун, «Локомотив» сафида Ўзбекистон чемпионига айланган Икром Алибоев Жанубий Кореянинг гранд клубларидан бири - «Сеул» билан 3 йиллик шартнома тузди. Кутилишича, бундай трансферлар ҳали кўп бўлади. Хусусан, вице-чемпион «Пахтакор» ўз сафини истеъдодли дарвозабон ҳисобига кучайтиришга яқин турибди. Гап «Қўқон-1912»нинг биринчи рақамли киперига айланган Ўткир Юсупов ҳақида кетмоқда. Бу дарвозабон Суперлигада клубининг барча ўйинларида тўлиқ иштирок этди (чемпионатимизда бошқа ҳеч ким бундай натижага эришгани йўқ). Юсупов ва «Қўқон-1912» ўртасидаги шартнома 31 декабрь куни якунланади. Дарвоқе, «Машъал» клуби тарбияланувчисига «Навбаҳор» ҳам жиддий қизиқмоқда. Лекин Ўткирнинг ўзи ОЧЛда ўйнайдиган «Пахтакор» таклифини қабул қилса керак. У айни пайт Ўзбекистон миллий жамоаси ихтиёрида. Такрор айтиш керак, Ўткирнинг Суперлигадаги статистикаси ҳавас қиладиган даражада: 32та ўйинда 28та гол қўйиб юборди, 9та учрашувда ўз дарвозасини дахслиз сақлади. Хуллас, терма жамоамиз Туркия йиғинига жўнаб кетиши олдидан Ўткирни махсус суҳбатга чорладик.

 

- Ўткир, аввало, мавсум якунларига тўхталсак: чемпионат шахсан сиз учун қандай ўтди?

- Қизиқарли ва шиддатли мавсум. Дейлик, кутилмаган натижалар кўп кузатилди. Менимча, бу йилги мавсум мухлисларга ҳам ёқди. Тўғри, ҳамма ўйинлар ҳам бирдек катта қизиқиш уйғотмагандир, лекин умумий олганда, намойиш этилган футбол яхши таассурот қолдирди. Ўзимга келсак, ҳеч иккиланишсиз айтишим мумкин, фаолиятимдаги энг яхши мавсумни ўтказдим. Чунончи, 32та ўйинда 28та гол қўйиб юбордим: ўртача кўрсаткич -1та голдан кам. Бу дарвозабон учун жуда муҳим. Асосийси, Ўзбекистон миллий жамоасидан таклиф олдим. Демакки, орзуларимдан бирига эришдим. Бинобарин, болалигимдаёқ вақти келиб, бош жамоамиз либосини кийишни дилимга тугиб қўйгандим. Энди юксак ишончни оқласам, бас.

- Янгича формат сизга маъқул келдими ёки икки даврали аввалги тизим яхшироқмиди?

- Ҳозир янги кўринишдаги чемпионат юзасидан турлича фикрлар билдиряпти. Шахсий фикрим - аввалгиси, яъни икки даврали чемпионат яхшироқ эди. Кўпчилик иккинчи босқич олдидан жамоалардан ўзаро ўйинларидаги очколар олиб ташланишига қарши. Менга ҳам мана шу ўзгариш ёқмади. Масалан, биринчи босқич якунларига кўра, таъқибчиларидан анча ўзиб кетган «Пахтакор» бирданига 2-ўринга тушиб қолди. Биз эса 7-қатордан 11-поғонага пастладик. Янги тизимнинг шу жиҳати эътирозларга сабаб бўлди. Менимча, бу масала қайта кўриб чиқиш керак. Чунки катта меҳнат эвазига қўлга киритилган очколарнинг ўз-ўзидан йўққа чиқарилиши ғалати, барибир...  

- «Қўқон-1912»га чемпионат давомида барқарорлик етишмагандай туюлди. Бу нима билан боғлиқ?

- Ҳа, фикрингизга қўшиламан. Чиндан ҳам, очко олишимиз шарт бўлган баъзи ўйинларда дуранг билан чекландик ёки мағлубиятга учрадик. Бир томондан, жамоада молиявий муаммолар юзага келгани ҳам нотекис ўйин кўрсатилишига сабаб бўлди. Тўғрисини айтсам, олдинги тизимда юқори ўринлар учун курашиш имконияти деярли чемпионат охиригача сақланиб турарди. Янги формат эса... Қисқаси, биринчи босқичдан кейин айрим жамоаларда мотивация йўқолди. Кучли олтиликка кириб олсангиз-ку, яхши. Акс ҳолда, жамоангиз кайфиятсиз ҳаракат қилишни бошлайди.

- Мавсум-2018 клуб раҳбарияти томонидан ижобий дея баҳоландими?

- Аслида чемпионат бошида жамоа олдига кучли олтиликка кириш вазифаси қўйилган эди. Афсуски, буни уддалай олмадик. Кейин қуйи олтиликда Про лигага тушиб кетмаслик учун кураш олиб боришга мажбур бўлдик. Шундан келиб чиқсак, умумий натижа раҳбарларни қувонтирмаган, менимча...

- Фақат сиз Суперлиганинг барча 32 учрашувини тўлиқ ўтказдингиз. Буни билармидингиз?

- Ҳа, албатта хабарим бор. Чунки фаолиятимни мунтазам таҳлил қилиб, ўйинларим сони ва ўтказиб юборган голларимни ёзиб бораман. Бир сўз билан айтганда, статистикага бефарқ эмасман. Дарвоқе, ўз ўрнида менга билдирилган ишонч учун мураббийларимга ташаккур билдираман.

- Бу йилги мавсумдаги қайси ўйин­ни эслашни истамасдингиз?

- Ўз майдонимизда «Бухоро»га қарши ўйинни сира эслагим келмайди. Ўша учрашувда биз 1:2 ҳисоби билан аламли мағлубиятга учрадик. Иккита қўпол хато сабабли кетма-кет голлар ўтказиб юбордик. Боз устига, бу ёқимсиз ҳолат ўз мухлисларимиз кўз ўнгида рўй берди.

- Нима деб ўйлайсиз, Суперлигада кучли учликдан жой олган жамоалар бу ўринларига ҳақли равишда эришдиларми?

- Албатта. Чунки, «Локомотив» ҳал қилувчи ўйинларда асосий рақиби ҳисобланган «Пахтакор»ни мағлуб эта олди. «Навбаҳор» эса йил кашфиётига айланди.

- «Қўқон-1912» жамоаси билан тузилган шартномангиз якунландими?

- Йўқ, келишув 31 декабрь куни якунига етади.

- Шартномани узайтирасизми ёки бошқа режаларингиз борми?

- Ҳозирча расмий таклиф бўлгани йўқ. Балки, янги мавсумда бошқа жамоа шарафини ҳимоя қиларман... Қисқаси, ҳали ҳеч нарса аниқ эмас. Қолаверса, ҳамма ҳозир таътилда. «Қўқон-1912» жамоасини ҳам осонликча ташлаб кета олмайман.

- Хориж клубларидан қизиқишлар бўлмадими?

- Бу мавзуда ҳам ҳеч қандай янгилик йўқ. Лекин очиғини айтсам, хориж чемпионатида тўп суришни доим орзу қиламан. Ҳар томонлама фойдали таклиф бўлса, албатта, қабул қилардим.

- Тасаввур қилинг, араб клубларидан манфаатли таклиф олдингиз. Россия, Жанубий Корея ёки Япониядан эса маоши нисбатан камроқ келишувга ундашяпти... Қайси бирини танлаган бўлардингиз?

- Шубҳасиз, Жанубий Корея ёки Япония чемпионатида ўйнашга розилик берардим. Зеро бу чемпионатларда футболчи сифатида ўсишга эришиш мумкин.

- «Қўқон-1912» раҳбарияти футболчилар билан ҳисоб-китоб ишларини тўлиқ бажардими?

- Яшириб нима қилдим: клубда яна икки ойлик маошимиз қолган.

- Келинг, энди бироз ўтмишни эслайлик: «Насаф» - сиз учун қадр­ли жамоа ҳисобланади. Бу клубдан кетишга сизни нима мажбур қилган?

- Бунинг ўзига яраша қизиқ бир сабаби бор. Биласизми, мен асли Қозоғистонда туғилганман. «Насаф» таркибига қўшилган пайтимда Ўзбекистон фуқароси эмасдим. Ниҳоят, 2017 йилда Ўзбекистон фуқароси бўлдим. Аммо бундан олдинроқ ОЧЛда қатнашаётган «Насаф» учун легионер бўлиб қолгандим. Легионерлар учун эса хабарингиз бор, лимит мавжуд эди. Хуллас, айнан легионерлар чеклови сабабли Қарши клубини тарк этганман.

- Нима учун айнан «Нефтчи»ни танлагансиз? Бу клубни сизга ким тавсия қилган?

- «Нефтчи» азалдан бой ва шонли тарихга эга жамоа ҳисобланади. Фар­ғонага эса Денис Иванковнинг тавсияси билан йўл олганман. Алоҳида таъкидлашим керак, бу инсонга ҳурматим баланд. Ўз ишининг профессионал устаси бўлган бу мураббий менга ҳам ҳаётда, ҳам футболда тўғри йўл кўрсатган. Шу кунгача эришган ютуқларимда Денис Иванковнинг хизматлари катта.

- «Қўқон-1912» жамоасига ўтиш тарихи қандай бўлди?

- «Нефтчи» таркибида юрган кезларим «Қўқон-1912»га қарши бир нечта ўйинларда қатнашганман ва ҳаракатларимни кузатган Нўъмон Ҳасанов мени ўз жамоасига таклиф қилган. Ўша пайтда «Нефтчи» билан тузилган шартнома ҳам ўз якунига етиб қолганди. Шу тариқа, эркин агент мақомида қўқонликлар сафига қўшилганман. Қўқонда жуда аҳил жамоа йиғилган. Айнан шу клубда сезиларли ўсишга эришдим. Клуб раҳбарияти ҳам, Нўъмон аканинг ўзи ҳам мен билан хайрлашгиси келмаяпти. Ижтимоий тармоқларда Юсупов «Пахтакор» ёки «Навбаҳор»га ўтиши мумкин, деган хабарлар чиққанидан кейин мухлислардан кўплаб қўнғироқлар бўлди. Аммо юқорида айтганимдек, ҳали ҳеч нарса ҳал бўлмади. Ўзимга келсак, ОЧЛда ўйнаш ниятим бор.  

- Агентлар билан ишлайсизми? Ёки бирор клубга ўтишингизни ўзингиз ҳал қиласизми?

- Йўқ, агентлар билан ишламайман. Ҳозиргача ҳеч бир футбол агенти билан ҳамкорлик қилмаганман. Дейлик, бирор клубга ўтишим керак бўлса, энг аввало, оила аъзоларим билан маслаҳатлашаман ва якуний қарорни қабул қиламан.

- ОЧЛда ўйнаш ҳақида гапирдингиз. Бу билан ОЧЛда иштирок этадиган клубларимизни назарда тутяпсизми?

- Худди шундай.

- Демак, «Пахтакор» варианти ҳақиқатга яқин эканда?

- Бундай дейишга ҳали эрта. Биринчидан, «Қўқон-1912» клуби билан тузилган шартнома ҳали амалда. Иккинчидан, ҳеч бир клубдан расмий таклиф олмадим.

- Қизиқ, нима учун айнан дарвозабонликни танлагансиз?

- Ёшликдан Жанлуижжи Буффон ва Оливер Каннинг ўйинларига қизиқардим. Шу сабабли дарвозабон бўлиш учун астойдил интилганман. Биринчи мураббийим - Отабек Набиев. У киши айни пайтда футболга ихтисослашган мактаб-интернатда ишлаяптилар. Фурсатдан фойдаланиб, уларга миннатдорчилик билдираман.

- Ўткир, энди миллий терма жамоа мавзусида суҳбатлашсак. Мана, орзулар ушалиб, мамлакатимизнинг бош жамоаси йиғинида иштирок этдингиз. Таассуротлар қандай?

- Илк бор терма жамоа йиғинида иштирок этганим учунми, таассуротлар бир олам. Машғулотлар қизиқарли тарзда ўтяпти.

- Эктор Купернинг тактикасига тушуниб олдинг­ларми? Талаблари жиддийми?

- Тўғриси, шахсан мен Купернинг асл мақсадини ҳали тўлиқ тушунмадим. Лекин мураббий ҳозир биринчи навбатда ҳимояни мустаҳкамлашга эътибор қаратяпти ва ўйлайманки, бу бир томондан тўғри. Биласиз, ҳужум доимо ҳимоядан бошланади. Ўртоқлик ­ўйинлари ва уларда қайд этиладиган натижалар эса ҳамиша нисбий кўринишда бўлган. Шу боис, ташвишланишга арзимайди. 

- Лекин бу ҳолат мухлисларни хавотирга соляпти...

- Тўғри, кўпчиликнинг иккиланаётгани айни ҳақиқат. Лекин унутмайликки, Эктор Куперга ҳам вақт керак. У сеҳргар эмаски, бир зумда мавжуд камчиликларни бартараф эта олса. Бирданига ҳамма нарсани тўғрилаб, жой-жойига қўйиб бўлмайди. Бунинг давоси - вақт! Мураббийга ишонишда давом этиш керак.

- Осиё Кубогида терма жамоамиздан ижобий натижа кутиш мумкинми?

- Терма жамоамиз барча даврларда фақат ижобий натижа учун курашган. Ҳеч қачон бу галги Осиё чемпионатида гуруҳдан чиқиб олсак, шунинг учун кифоя, деган ният қилинмаган. Бу сафар ҳам фақат юқори чўққи кўзланяпти. Ўзбекистон учун жонимизни бериб ўйнашга ҳаракат қиламиз.

- Купер Осиё чемпионати ҳақида сизлар билан гаплашадими?

- Ҳа, ҳар бир йиғилишимизда бу ҳақда гапиради.

- Сизнингча, Осиё кубогида қандай натижага эришамиз?

- Ҳозирдан бир нарса дейиш қийин. Биринчи галдаги вазифамиз гуруҳдан чиқиб олиш. Шубҳасиз, биз учун асосий рақиб Япония терма жамоаси бўлади. Лекин Уммон ва Туркманистон ҳам БААга фақат саё­ҳат учун бормаслиги аниқ. Улар ҳам «плей-офф» босқичига чиқиш учун ҳаракат қилишади. Бироқ ишончим комил, биз гуруҳдан, албатта, чиқамиз...

Камолиддин АЛИМОВ суҳбалашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz