Қайднома

Қидирув

Саккиз йил аввалги садо

Саккиз йил аввалги садо

  26.12.2018 06:44
  0
  1242
Саккиз йил аввалги садо

Бундан роппа-роса 8 йил муқаддам айнан декабрнинг сўнгги кунлари футбол мухлислари Осиё кубоги-2011 стартини сабрсизлик билан кутишаётганди. Барчани Вадим Абрамов миллий жамоамиз ўйин услубига сингдирган «тажовузкор футбол» ғояси қандай натижа бериши қизиқтирарди. Ўшанда бош жамоамиз нуфузли турнирга тайёргарлик кўриш жараёнида бир неча ўртоқлик учрашувларида шижоат билан ўйнаб, араб футболи босимидан қутулганди. Бугунги ёш авлод балки тасаввур қилолмас, у пайтлар жамоаларимиз араб футболи вакиллари билан тенг­ма-тенг баҳслашишга чўчирди. Бу ғалати ҳайиқиш руҳият билан боғлиқ эди, албатта. Ҳар ҳолда, футболчиларимиз истеъдод ва маҳорат бобида рақиблардан асло кам эмасликларини яхши билардик. Аксинча, Максим Шацких ва Сервер Жепаров, Александр Гейнрих ва Одил Аҳмедов тилга олинса, бутун Осиё футболи оёққа қалқирди. Жамоаларимизга фақат рақибдан устунлик кайфияти ва ғолиблик руҳи етишмасди. Вадим Абрамовга хос ёндашув шу икки бўшлиқни тўлдирди. Интервьюларидан бирида таъкидлаганидек, мураббий бунинг учун, аввало, араб футболчиларини асабийлаштириш йўлини танлаганди. «Араб футболчиларини бир неча дақиқа давомида тўпсиз қолдириш кифоя: улар асабийлаша бошлашади ва ўйин назоратини йўқотишади. Вазиятдан фойдаланиб, кескин ва тажовузкор ҳужумга ўтиш - ғалаба омили» каби мазмунда сўзлашни ёқтирарди Вадим Карленович.

 

Эътироф этиш керак, ҳозир кўпчиликка таниш бу хулоса ўша давр учун катта янгилик ҳисобланган ва терма жамоамизнинг араб футболидан устунлигини таъминлаганди. Турнир давомида футболчиларимиз Қатар, Қувайт ва Иордания терма жамоаларини ишонч билан енгиш асносида мухлислар меҳрини қозонишганди. Уйда, ишхонада, кўчада - қўйингки, ҳамма бир-бирини табрикларди. Биз ҳам ҳайрату ҳаяжонлар оғушида «Одил - Осиёда овоза!», «Тошиб ўйна, довонлардан ошиб ўйна!», «Нари тур, еврофутбол!» каби эҳтиросларга лим-лим сарлавҳалар билан мақолалар ёзгандик. Таҳририятда иш қайнарди, аммо ходимлар чарчоқ сезишмасди. Ҳамкасбимиз Гули Мурод терма жамоамизнинг ҳар бир аъзосига атаб алоҳида-алоҳида шеър бағишлаган ва улар дарҳол Дохага етказилганди.

Муҳтарам мухлис! Юқоридаги мулоҳазаларни қоғозга тушириш чоғи қалбимизда яна ўша шукуҳли лаҳзаларни туйдик, қулоқларимиз остида ёқимли ғалаба садолари янгради. Ишончимиз комилки, Сиз ҳам шундай кайфиятдасиз ва «Қайдасан, зафар садоси?» дея қувончли онларни қўмсаяпсиз. Ишонинг, барчамиз соғинган ўша ғалаба ва қувонч машъаласи шундоққина яқинимизда порламоқда. Шу машъала ёғдуси биз ёзаётган қоғоз узра ручкамиз ва сўзлар ила майин ҳазиллашаётгандек, Сиз ўқиётган газета саҳифаларини ёритаётгандек, назаримизда. Ҳар ҳолда, бизга шундай туюлмоқда. Вакилларимиз гуруҳ босқичидан ҳатлаб ўтишса, уларга Қатар, Ливан, Сурия, Фаластин, Иордания терма жамоаларидан бири рақиб бўлиши эҳтимоли катта. Хўш, фалакнинг гардиши билан КХДР термаси рақиб сифатида гавдаланса, нима? Миржалол Қосимовни уялтирган биргина хунук натижани ҳисобга олмасак, терма жамоамиз шимолий кореяликлар билан басма-бас тўп суришга қодир. Эътибор бердингизми, учинчи вариант хусусида сўз очмадик. Йўқ, бу каби тахмин ёки реалликни мухлисларнинг асаби кўтармайди. Бошқача айтганда, футболчиларимиз Уммон ва Туркманистон терма жамоалари устидан ёрқин ғалаба қозониб, мухлисларга олам-олам қувонч улашадилар. Ўзга натижа - биз учун ақл бовар қилмас ҳодиса. Бундай бўлиши тасаввурга сиғмайди. Ахир термамиз тизгини Эктор Купердек салобатли мураббий қўлида бўлгач, шундай деймизда қатъият билан. Майли-да, биз келишини ёқламаган бўлсакда, у - Эктор Купер, барибир.

Тўғри, кимдир «Мулоҳазани сал эҳтиёткорона ёзиш керак. Ана, Жозе Моуриньодек беназир мураббий «МЮ»га ғолиблик руҳини сингдиролмай, футболчилар билан аразлаша-аразлаша истеъфога чиқди. Сэр Алексдан сўнг Жозе ва ундан олдинги мураббийлар уддаламаган ишни эса Оле-Гуннар Сульшер бир зарб билан эплади. Қолаверса, Хосеп Гвардиола ва Маурицио Сарри ўртамиёна рақиблар қошида бош эгишди. Яна ўз майдонларида. Футболда катта гапириб бўлмайди!» - дея бизга танбеҳ бериши мумкин. Тушунамиз. Ҳақиқатан ҳам, ҳозир футболимизда шу каби мубҳам кайфият ҳукмрон. 8 йил аввал ҳам жараён дастлаб шундай хавотирли руҳ билан бошланган ва ке­йинчалик ҳаммаси жой-жойига тушган. Ўтиб кетади ҳаммаси. Футболимизга яна ёруғ кунлар қайтади. 2010 йили бўлгани каби қиш совуғида дийдираган қалбларни футболчиларимиз ёққан ғалаба гулханлари қиздириб, ёритиб юборади. Бунга жуда оз қолди. Ҳозиргача ўзининг имкониятларини тўлиқ намойиш этмаган ёки этолмаган Эктор Купер кучини Япония терма жамоасига кечадиган баҳс­да кўрамиз. Фикримизча, ўша учрашув, натижадан қатъий назар, терма жамоамиз ўйин услуби сайқалланиши билан боғлиқ якуний имзога айланади.

Инкор этмаймиз, бир қарашда, Марат Бикмаев ўша Александр Гейнрих, Сардор Рашидов эса Максим Шацких, Икром Алибоев беназир Сервер Жепаров ўрнини босолмайди, гўё. Одил Аҳмедовнинг ҳам ёши анча улғайди. Ажабланмаса ҳам бўлади бу ҳолатдан. Чунки рақиб жамоаларнинг вазияти ҳам шунга монанд ва хавотирланишга ўрин йўқ. Келинг, қон-қонимизга сингган, онгу шууримизга маҳкам ўрнашган рақибларни ҳурмат қилиш ҳақидаги ақидалардан буткул халос бўлайлик. Рақиблар ҳурматини роса жойига қўйдик. Ҳурмат қилсак ҳам, қилмасак ҳам, ҳеч нарса ўзгармаслигига футболимиз тарихи гувоҳ. Рақиблар ўз йўлига. Терма жамоамиз, энг аввало, ўзини ҳурмат қилсин! Ўзини ҳурмат қилган жамоа рақибни енгишга интилади ва ғалабалар воситасида мухлисларига ҳурмат кўрсатади. «Манчес­тер Сити» ёки «Челси» ўз майдонида енгилса, енгилибди-да. «Ўйнолмаслик изтироби» номли мақоламизда ёзганимиздек, лидерлар қисматида учраб туради бу каби мағлубиятлар. Улардан фарқли ўлароқ, терма жамоамиз ЎЙНАШ иштиёқида ёнмоқда. Шу иштиёқ гулхани баравж гурилласин ва унинг ҳарорати ҳамда ёруғида янги - 2019 йилни хуш қаршилайлик!

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz