Қайднома

Қидирув

Лука МОДРИЧ: «ФАОЛИЯТИМНИ «РЕАЛ»ДА ЯКУНЛАШГА ҚАРШИ ЭМАСМАН»

Лука МОДРИЧ: «ФАОЛИЯТИМНИ «РЕАЛ»ДА ЯКУНЛАШГА ҚАРШИ ЭМАСМАН»

  28.12.2018 02:57
  0
  243
Лука МОДРИЧ: «ФАОЛИЯТИМНИ «РЕАЛ»ДА ЯКУНЛАШГА ҚАРШИ ЭМАСМАН»

Кўп йиллик машаққатли меҳнатлари самараси ўлароқ, икки «ўзга сайёралик» - Криштиану Роналду ва Лионель Месси гегемонлигига нуқта қўйиб, мавсум якунларига кўра «Олтин тўп» соҳибига айланган хорватиялик ярим ҳимоячи Лука Модрич яқинда FranceFootball нашрига интервью бериб, фаолиятидаги қизиқарли воқеалар ва шахсий ҳаёти ҳақида гапирди.

- Илк бор соврин қўлга киритганингиз ёдингиздами?

- Албатта, ўшанда 15 ёшда эдим, Загребнинг «Динамо» клуби аъзоси бўлсамда, ижара асосида «Зриньски»да тўп сурардим. Ўша йили мени жамоанинг энг яхши ўйинчиси сифатида эътироф этишди. Жуда ёш эдим, бу менинг дастлабки индивидуал совриним бўлганди.

- Табиийки, жаҳон даражасидаги нуфузли мукофотга эга чиқиш кишидан катта меҳнатни талаб қилади...

- Шундай ибора бор: «Муваффақият ҳеч қачон осонликча қўлга киритилмайди» - буни ўзимнинг шиорим десам ҳам бўлаверади. Ҳаётим турли курашлардан ва катта иш ҳажмидан иборат, шуларнинг эвазига мақсадларимга эришяпман. «Олтин тўп» соҳибига айланиш осон эмас, аммо мен буни уддаладим.

- Ўз вақтида «Арсенал» сизни ўз сафига қўшиб олишни истамаган экан. Шу ростми?

- 18 ёшимда ҳозирги даражамга чиқишимни тасаввур қилолмасдим, ваҳоланки, ҳамиша узоқни кўзлаб, буюк жамоалар таркибида тўп суриш орзум эди. Тўғри, «Арсенал» мени сотиб олишни истамаган. Ўшанда Венгернинг рад жавобини енгиб ўтиш керак бўлган тўсиқ сифатида қабул қилгандим. Ўша пайтда франциялик мутахассиснинг мен ҳақимдаги фикри шундай бўлганди.

- Ташқи кўринишингизга қараб кўпчилик сизнинг жисмоний ҳолатингиз чекланган деб ҳисоблайди. Бу борада нима дейсиз?

- Жуссам нисбатан кичиклиги сабаб ўзимни бошқалардан кучсизроқ деб ҳисобламайман: мен кўпчилик тасаввур қилганидан кучлироқман. Одатий тўқнашувлар, рақибларимнинг басавлат эканидан заррача чўчимайман.

- Зайниддин Зидан бош мураббийлик қилган даврда «Реал» улкан зафарларга эришди. Ушбу мутахассис билан муносабатларингиз қандай бўлган?

- Зидан менга ишонч бағишлаганлардан бири. Иттифоқо, у менга шундай деганди: «Сен «Олтин тўп» учун курашда ғалаба қозона оласан». Жорий йил қанча индивидуал соврин ютганимни ҳисоблаб, 30 нафар даъвогардан иборат рўйхатга киритилганимдан сўнг ўзим ҳам бунга ишона бошладим. Яна бир воқеа хотирамда узоқ муддатга сақланиб қолиши аниқ: 2016 йилнинг январида Зидан «Реал» бош мураббийи этиб тайинланганида, машғулотлардан сўнг у мени хонасига чақириб, қандай тўп суришим кераклиги, мендан нималар кутаётгани ҳақида гапирди. Жамоадаги муҳим футболчилардан бири эканлигимни таъкидлаб, менинг тимсолимда яқин йиллар ичида «Олтин тўп»ни қўлга киритадиган футболчини кўраётганини айтди. Зидан сингари кўп нарсага эришган шахсдан бундай гапларни эшитиш руҳиятни кескин кўтариб юборишини тушундим. У билан фахрланаман, ҳурматим чексиз. Ўйлашимча, Зидан билан ўхшаш жиҳатларимиз кўп: у ҳам оғир-босиқ, бироз тортинчоқ. У майдонда ўзимни кўпроқ кўрсатишимни кутарди, очилмаган қирраларим намоён бўлишида ёрдамлашди. Зиданга керак эдим, футбол соҳасида улкан ютуқларга эришаётган давримизда мени асосий футболчилардан бири сифатида кўрди. Унинг сўзлари олдинга интилишимга сабаб бўлди. Агар ушбу мураббийнинг тавсиялари, сабоқлари бўлмаганда, келгусидаги ютуқларга ишонишим амримаҳол эди.

- Хорватия термаси Россияда ўтказилган жаҳон чемпионатида тарихий натижага эришди. Ушбу мундиал, хусусан, финал учрашуви сизда қандай таассурот қолдирди?

- Ҳал қилувчи учрашувни муҳокама қилишни бошқаларга қолдирганим маъқул. Менимча, битта ўйинга қараб «Олтин тўп» соҳибини аниқлаш мумкин эмас. Тан оламан, жаҳон чемпионати финалидаги мағлубиятдан сўнг кайфиятим тушиб кетди, ўша паллада «Олтин тўп» ҳақидаги ўйлайдиган ҳолатда эмасдим. Аммо Хорватияга қайтганимиздан кейин қайғу ўрнини шодлик эгаллади: кўча тўла мухлисларнинг кўтаринки кайфиятда олқишлашганини кўриб, ўзимизни жаҳон чемпионидек ҳис қилдик.

- Сўнгги йилларда жаҳон футболи етакчилигини ҳеч кимга бермай келган Месси ва Роналду ҳақида нима дейсиз?

- Хорватиялик футболчи, кичик мамлакат вакили ўзгача савиядаги ўйинчилар – Лео ва Криштианудан сўнг «Олтин тўп»ни қўлга киритгани узоқ йиллар ёдда қолади. Ўзини ушбу икковлон билан солиштиришга ҳеч ким ҳақли эмас – улар футбол тарихидаги энг яхши футболчилардир. Аммо шу афсоналардан кейин йирик совринга эга чиқиш ёқимли ҳиссиётларни тақдим этади. Месси ва Роналду даври тугади, дейишса бунга зинҳор ишонмайман. Уларнинг «Олтин тўп» топшириш маросимида қатнашишлари лозимлиги бўйича нимадир деёлмайман, аммо уларни тадбирда кўрсам хурсанд бўлардим.

- Кўпчилик сизни Йохан Кройфга ўхшатади...

- Бу албатта, мен учун катта фахр. У ажойиб ўйинчи ва мураббий бўлган. Айнан Кройф шарафига «Тоттенхэм»да 14-рақамда ўйнаганман.

- Қайси футболчиларни ўзингизга кумир деб биласиз?

- Шубҳасиз, Звонимир Бобанни – ҳам футболчи, ҳам шахс сифатида. Хорватия термаси 1998 йилги жаҳон чемпионати ярим финалига чиққанида 13 ёшда эдим. Ўшанда ҳам Франция миллий жамоасига имконият бой берилганди. Бобан мен учун илҳом манбаи бўлган. «Тоттенхэм»да ўйнаб юрган кезларим ундан хабар келганди: «Агар хоҳласанг, қўнғироқ қилишинг мумкин. Звон». Аввалига бу дўстларимдан бирининг ҳазили бўлса керак, деб ўйлагандим, аммо берилган рақам билан боғланганимда, ҳақиқатан ҳам Бобан эканлигига амин бўлганман. У билан суҳбатимиз руҳий томондан менга асқотган: ўзим фахрланадиган киши билан гаплашгандим, Звонимир мулоқот пайтидаги оддийлиги туфайли ёрқин таассурот қолдирганди.

- Сизга қолса, қайси позицияда ўйнашни маъқул кўрасиз?

- Ярим ҳимоячиман, аммо нисбатан орқароқда тўп сураман. Пирло сингари ўйинни ташкил этиш, ҳимоя ва ҳужумни ўзаро боғлаш, жамоа етакчиси бўлишни ёқтираман. Аммо аксарият мураббийлар мендан орқароқда, ўнг ёки чап қанотда фойдаланишади. Ўзимга қолса марказда ўйнаш маъқулроқ. Айни пайт «Реал»даги позициям ҳам ёқади, ўнг томондан олдинга интиламан, кўпинча жой алмашиш ҳолати кузатилади. Замонавий футболда агар Месси ёки Криштиану бўлмасангиз, бир чизиққа боғланиб қолиш ярамайди, ҳамма ҳимояланишни билиши лозим.

- Ижтимоий тармоқларда фаолмисиз?

- «Инстаграм»да саҳифам бор, аммо у ерга фақат футболга тааллуқли суратлар, муҳим воқеалар, катта ўйинлар ёки соврин топшириш маросимларидан фотолар жойлаштираман. Мен шунақаман: оилам билан оддий ҳаёт кечираман, тонгда уйғониб, машғулотга йўл оламан, фарзандларимни Ла Моралехадаги халқаро мактабга олиб бораман... Деярли ҳар куни «Вальдебебас»да овқатланаман, у ердан жуда кеч чиқаман. Уйга қайтиб, болалар билан ўйнайман, рафиқам билан кино кўраман, хонадонимда унча катта бўлмаган уй кинотеатри бор.

- Оилангиз даврасида яна нималар билан банд бўласиз?

- Юқорида айтганимдек, уйда кино кўрамиз, шунингдек, турли мусиқаларни тинглаймиз, ресторанга борамиз... Менга хос жиҳат шуки, исталган маҳсулотни истеъмол қилиб, семирмаслигим мумкин – генетика шуни тақозо этади.

- Дам олиш чоғида алоҳида тартибга амал қиласизми?

- Ҳар бир юқори савияли спортчи қилиши керак бўлган нарсаларга амал қиламан: яхши овқатланаман, мириқиб ухлайман. Кўп машғулот ўтказаман, ҳар бир ўйиндан сўнг тезроқ тикланишга уринаман. Фарзандларим билан рафиқам шуғулланади, уларга дам олиш ишимни бир қисми эканини тушунтиришимга тўғри келади.

- Ўзингизни қайси тоифага мансуб деб ҳисоблайсиз?

- Оддийман, ўзимни худди шундай тутаман. Камтарлигимни бошқалар ҳам пайқаётганини кўряпман. Бир нарсани айтишим керак: оддий футболчилардан бири «Олтин тўп»ни қўлга киритганидан жуда хурсандман.

- Нуфузли совринни қаерда сақлаш ҳақида ўйлаб кўрмадингизми?

- Дастлаб у ётоғимда, кроватимнинг ёнида туради. Шунда ҳар сафар уйғонганимда бу туш эмаслигига амин бўламан. Кейинчалик «Олтин тўп»га муносиб жойни топаман. Жамғармамда бошқа совринлар ҳам бор, аммо бу «Тўп» алоҳида ўринни эгаллайди.

- Ҳиссиётлар ҳамон тинчлик бермаётгандир?

- Айни пайт нималарни ҳис этаётганимни сўз билан таърифлаш мушкул. Жуда хурсандман, ишимни муносиб баҳолаганлардан миннатдорман.

- Келгусидаги режалар қандай?

- Шартномам тугашига яна икки йил бор, аммо умид қиламанки, «Реал»да ҳали кўп муддат тўп сураман. Клубдагилар мени қўллаб-қувватлашяпти, фаолиятимни айнан шу ерда якунлашга қарши эмасман: оилам ва мен ушбу буюк клубдан роҳатланишда давом этмоқчимиз.

 

Айтгана:

Флорентино Перес («Реал» Мадрид клуби президенти): - Модричнинг «Олтин тўп»ни қўлга киритишига нафақат унинг кўп йиллар мобайнида ажойиб тарзда тўп сургани, ўтган мавсумни фантастик тарзда ўтказгани, балки шахс сифатида ўзини муносиб тутиши ҳам сабаб бўлди. Лука «Реал», спорт, хусусан, футбол қадриятларидан яхши хабардор. Айнан шундай инсонларни тақдирлаш керак, зеро улар спорт мусобақаларини можаролар эмас, қизиқарли учрашувлар жойига айлантиришади.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz