Қайднома

Қидирув

Ҳимоядан олтин умид ёки Маттейс де Лигт ким ўзи?

Ҳимоядан олтин умид ёки Маттейс де Лигт ким ўзи?

  28.12.2018 05:59
  0
  698
Ҳимоядан олтин умид  ёки  Маттейс де Лигт ким ўзи?

Нуфузли спорт нашри - Tuttosport томонидан таъсис этилган GoldenBoy соврини футбол тарихида илк марта ҳимоя чизиғи вакилига топширилди. Европада 21 ёшдан кичик энг кучли футболчига бериладиган юксак мукофотнинг янги лауреати - «Аякс» сардори Маттейс де Лигт. Айтиш ўринли, халқаро нуфузи баланд GoldenBoyнинг ўзига хос жиҳатлари бир талай. Дейлик, «Олтин тўп» соҳибини аниқлашда номзод футболчиларнинг шахсий кўрсаткичлари ва қўлга киритган совринлари инобатга олинади. «Олтин бола»ни аниқлашда эса, даъвогарларнинг индивидуал ва жамоавий натижалари эмас, балки уларнинг реал иқтидорига эътибор қаратилади. Дарвоқе, Tuttosport бу сафар Килиан Мбаппени номзодлар рўйхатига киритмади. Биринчидан, франциялик жаҳон чемпиони ўтган йили «Олтин бола» мақомини олганди. Иккинчидан, Килиан эндиликда «Олтин тўп»га қўл узатмоқда. Қолаверса, GoldenBoyнинг асосий вазифаси - ёш иқтидор соҳибларини кашф этиш. 19 ёшли де Лигт ҳам бунга ёрқин мисол. «Аякс» ҳимоячисини порлоқ келажак кутаётган бўлса, ажабмас.

 

Умуман, Tuttosport изланувчанлиги ва талабчанлиги билан ажралиб туради. 15 йил давомида юксак мукофотга лойиқ кўрилган 15 нафар футболчидан фақат 3 нафари (Андерсон, Марио Балотелли ва Алешандро Пато) мегаюлдуз мақомига эришмади. Ренату Саншешда эса ҳали камчиликларни бартараф этиш ва кемтикларни тўлдириш имконияти бор. Қолган барча лауреатлар ёрқин юлдузга айланишди. Мисол учун, Уэйн Руни, Лионель Месси, Сеск Фабрегас, Иско, Поль Погба... Маттейснинг ҳам шу йўлдан боришига шубҳа йўқ. Чунки у ҳозирдаёқ ҳайратланарли кўрсаткичларга эга. «Ўзимни Пикега ўхшатаман, эътиборлиси, фаолиятимни худди «Барса» вакили каби ярим ҳимоячи сифатида бошлаганман. Табиатан ҳужумчиларни тўп билан таъминлашни ёқтираман. Қолаверса, «Аякс»нинг ўйин услуби «Барса»никига ўхшаш: тўпни кўп назорат қиламиз, кучли прессинг ва тартибли ҳимояга асосланиб ўйнаймиз», -  дейди ёш сардор.

Очиғи, голландиялик янги лауреат Пикедан фарқли ўлароқ, майдонда анча ишончли кўринади, шунингдек, ақл билан ҳаракатланиши ҳам эътиборга молик. Де Лигт болалигидан «Аякс»га мухлислик қилган ва 10 ёшида клуб академиясига қўшилган. Орадан атиги 8 йил ўтиб, яъни 18 ёшида асосий жамоада сардорлик боғичини қўлга олди. Клаас-Ян Хунтелар ва !!!! Шонедек тажрибали футболчилар турганда, айнан унга ишонч билдирилгани ёш ҳимоячининг улкан салоҳиятидан далолатдир. Айтганча, де Лигт ўтган йилиёқ «Барселона»га ўтиб кетиши мумкин эди. Бироқ якунда Франк де Бур билан маслаҳатлашгач, гранд клуб таклифини рад этди. Демакки, «Аякс» устози унга топ-клубда муносиб тўп суриш учун яна бир йил Амстердамда тобланиши зарурлигини тушунтирган. Қаранг, де Бур маслаҳатига қулоқ тутган Маттейс ярим йил ичида шиддатли ўсишга эришди. Ҳар ҳолда, ҳозир ўйинни аввалгидан кўра, теранроқ ҳис этмоқда, вазиятларга аниқ баҳо бермоқда ва керакли пайт олдинги чизиқ вакилларига самарали ёрдам бермоқда. «Аякс»нинг жорий мавсум ЧЛ кашфиётига айлангани бежиз эмас. Жамоа гуруҳ босқичини мағлубиятсиз якунлади, ўйин ҳолатидан атиги 2та гол қўйиб юборди. Амстердамликлар турнир иштирокчилари орасида тўпга эгалик қилиш бобида 10, кескин узатмалар бўйича 6 ва рақибларни алдаб ўтиш борасида 3-яхши натижани қайд этишди. Умуман, де Бур шогирдлари  қисқа узатмалар орқали ўйнашни, рақиб жарима майдончаси ичида «айланмачоқ» уюштиришни ёқтирадилар. Бунинг учун ўйинни яхши тушунадиган, дастлабки самарали узатмани қойиллатадиган ижрочи талаб этилади, албатта. Маттейс айнан шундай ҳимоячи. ЧЛ гуруҳ босқичида аниқ узатмалари 92 фоизни ташкил этгани фикримиз исботи. «Аякс» шунингдек, қисқа узатмалар ёрдамида ҳужум уюштириш борасида 5-яхши натижани кўрсатди. Асосий ижрочилар  - де Лигт ва Френки де Йонг. Бу жавоҳирларга ҳозирнинг ўзида Европа грандларининг ярми харидор. Жуфтлик эса топ-клубда ҳам ёнма-ён тўп суриш ниятида. Маттейс ва Френкини Амстердамда узоқ ушлаб қололмаслиги Франк де Бур ҳам яхши тушуниб турибди. Олдинги чизиқни тўп билан таъминлаб турадиган дуэт - муваффақият гарови. Шу нуқтаи назардан олганда, де Лигтнинг Golden Boy тарихида дастлабки лауреат ҳимоячи бўлгани ҳам унинг юксак салоҳиятидан дарак бермоқда. Англиялик журналистлар таъбири билан айтганда, футбол келажаги де Лигт ва де Йонг каби иқтидорлар қўлларида.

 

Маттейс де Лигтга оид 5та омил

1.  Ўсмирлик даври ярим ҳимоя чизиғида ўйнаган

Дунё футболининг энг истиқболли ҳимоячиси бу позицияда унча кўп тўп сурган эмас. Аниқроқ айтсак, 16 ёш тўлгунича «Аякс» академияси жамоаларида ярим ҳимоянинг таянч ва марказий ҳудудида ҳаракатланган. Бундай тажриба билим даргоҳлари учун одатий ҳолат - мураббийлар тарбияланувчиларни турли позицияларда синаб кўришади. Зеро, жисмоний ва техник тараққиёт жараёнида болаларнинг сифатлари ўзгариши мумкин. Маттейс ҳамиша майдондаги вазиятга тўғри баҳо бериши билан ажралиб турган. 16 ёшга тўлганида эса, рақибни якка тартибда қўриқлаш ва тўпсиз қолган пайтлар тўғри позиция танлай олиш маҳорати яққолроқ кўзга ташланган. Шу боис, мураббийлар уни ҳимоя чизиғига суришни маъқул кўришган. Мана, таълим даврининг илк босқичларида ўзлаштирилган тезкор қарши ҳужумга йўл очувчи диагонал узатмаларни амалга ошириш малакаси ва бутун жамоа ҳаракатини бошқариш қобилияти де Лигтни замонавий ҳимоячилар сафидан жой олишини таъминламоқда.

2. 9 ёшида диетолог хизматидан фойдаланган

Маттейс болалигида жадал улғайган бўлсада, вазн борасида муаммога дуч келганди. Шу сабаб, камтарин «Абкауде» мактабида «Аякс» скаутлари назарига тушган 9 ёшли болакай футбол майдони эмас, балки диетолог ҳузурига йўл олганди. «Аслида бу масала мени ташвишлантирган эмас, лекин шифокор тавсиялари қизиқарли туюлганди. Муҳими, унинг кўрсатмаларига амал қилдим, овқатланиш тартиби ва ўз ҳолатимга кўпроқ эътибор бера бошладим», - дейди ҳимоячи бу борада. Тарбияланувчилар ва диетолог ўртасидаги ҳамкорлик «Аякс» академияси учун табиий жараён. Мутасаддилар имкон қадар соғлом ва маҳоратли футболчиларни тарбиялаш йўлида барча чораларни кўрадилар. Де Лигт шифокорга мурожаат қилган пайт унинг танасидаги мой миқдори умумий вазнининг 13 фоизидан ошмаслиги керак эди. Акс ҳолда, унинг академия билан хайрлашишига тўғри келарди.

3. Хоккейчи бўлиши мумкин эди

Ота-онаси Маттейсдан профессионал футболчи чиқишига унча ишонишмаган. Йигитча 16 ёшга тўлганидагина уларнинг бу масаладаги фикрлари ўзгарган. Де Лигт ўсиб-улғайган Абкаудеда чим устида хоккей ва футбол майдончалари бўлиб, болакайлар бўш вақтни асосан шу ерда ўтказишарди. Аввалига Маттейс хоккей тўгарагига ёзилади. Йохан Кройффдек афсона хоккейдаги ҳимояланиш усуллари футбол учун ғоят фойдали эканлигини таъкидлашига қарамай, тўпни таёқча воситасида бошқариш болакайга маъқул келмаганди. Қисқаси, у бир кунлик машғулотдан кейин хоккей билан бутунлай хайрлашади ва бутун эътиборини футболга қаратади.

4. 19 ёшгача дискотекага кирмаган

- Табиатан шовқин-суронга тоқатим йўқ. Фикримча, базму-жамшид ўрнига кимнингдир уйида тўпланиб, дилдан суҳбатлашиб ўтириш маъқулроқ. Ҳа, жамоадошларим билан бир бора тунги клубга борганимни сир тутмайман. Ўтган мавсум «Фейеноорд» устидан ғалаба қозонганимиздан кейин йигитлар роса қисташгач, кўнишдан ўзга чорам қолмади. Бироқ у ердаги «хурсандчилик» менда айтарли қизиқиш уйғотмади - бу де Лигтнинг дискотека ва турли кечаларга муносабати. Умуман олганда, Маттейс асосий вақти ва бутун эътиборини севимли машғулотига қаратадиган замонавий футболчилар сирасидан. Олқишларга сазовор бундай ёндашуви мухлислари сонини янада орттираётган бўлса, ажабмас. Уни шоҳона ҳаёт ортиқча қизиқтирмайди ва ҳали-ҳануз ота-онаси билан бирга яшайди.

5. Фаолиятини Мино Райола назорат қилмоқда

Бу шундан далолатки, де Лигт, хусусан, унинг қайси клубга ўтиши масаласидаги хабарлар ҳали-вери тинмайди. 19 ёшли Маттейс учун энг муҳими - мулоқотлар жараёнида Райоланинг тажовузларидан ўзини йўқотиб қўймаслик. Италиялик агент эса ҳар бир мижози билан доимо шундай муносабатда бўлади. Айтганча, ўзаро муносабат борасида де Лигтга яқиндан ёрдам берадиган беминнат халоскор бор: ёши улуғ қаҳрамон ва мулоҳазали киши, «Аякс»нинг собиқ футболчиси Барри Хюльсхофф. У анчадан буён Маттейсга маънавий сабоқ бериб келмоқда. Дейлик, вақтида «Аякс» ҳақида ёзилган китобни қайта-қайта ўқишга, жамоа тарихини мукаммал ўрганишга мажбур этган. Айтиш жоиз, Хюльсхофф мағрур Райоланинг мутлақо акси. Асосийси, Маттейс дунёнинг энг номдор агенти мижозига айланганидан кейин ҳам Барри билан алоқани узмади: «У футболдаги отам - яқин суҳбатдошим. Олдинлари Барри ягона агентим эди, энди эса алоҳида мураббийимга айланди». Лўнда айтганда, шундай ишончли қалқон ёнида экан, «Аякс»нинг навқирон сардори тақдиридан ташвишланмасак ҳам бўлаверади - Маттейс де Лигт барча синовлардан муваффақиятли ўтади!


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz