Қайднома

Қидирув

Сардор Рашидовда қайта "парвоз" тараддуди бор...

Сардор Рашидовда қайта "парвоз" тараддуди бор...

  28.12.2018 09:13
  0
  1072
Сардор Рашидовда қайта

Тасаввур қилинг, самода парвоз қилаётган самолёт маълум сабабларга кўра вақтинчалик ерга қўнди. Бундай жараёндаги қўниш самолёт учун фойдадан холи бўлмайди. Дейлик, қўшимча ёқилғи қуйиб, ҳолатини яхшилаб, аввалгидан ҳам муваффақиятли парвоз қилиши мумкин. Бу мисолни келтирганимга ҳайрон бўлишингиз табиий. Якунига етаётган йил Тошкентнинг «Локомотив» клубида тўп сурган Сардор Рашидов учун ўзига хос «қўниш йили» бўлди. У тўп сурган жамоа эса аҳволини яхшилаши учун аэродром вазифасини ўтаб берди.

Умуман, «Локомотив» бундан аввал ҳам айрим футболчилар учун тикланиш жойи вазифасини ўтаган, кейинчалик ўша ўйинчилар муваффақиятли парвоз эта олишганди. Санжар Турсунов «Газовик» клубига йўл олган бўлса, Сервер Жепаров «Эрон» чемпионатида ёмон ўйин намойиш этмади. Энди навбат Рашидовга етди. Келинг, маълум муддат араб футболидан баҳраманд бўлган футболчининг фаолиятига бироз эътибор қаратамиз.

2013 йили ОК-2015 саралаши доирасидаги Вьетнам термасига қарши учрашувнинг иккинчи бўлимида Миржалол Қосимов «Бунёдкор»даги шогирдига имконият берди. Сардор дастлабки имкониятдан унумли фойдаланиб, дебютини гол билан безади. Жавоб учрашувида ҳам рақиб дарвозасини ишғол қилишга эришди. Бу ҳали бошланиши эди. Мавсум-2014ни ажойиб тарз­да ўтказган ва ўзининг юқори техникаси билан бир қатор голларга муаллифлик қилган Сардор терма жамоа сафида «яшил қитъа»да бўлиб ўтган Осиё кубогига йўл олди. Бу унинг ҳаётидаги дастлабки йирик мусобақа бўлишига қарамай, ажо­йиб ўйин намойиш этди ва мухлис-у мутахассислар, шунингдек, скаутларнинг ҳам эътиборини ўзига қаратди.

Гуруҳ босқичидаги КХДР ва Хитойга қарши учрашувларда захирадан ўйинни кучайтирган футболчи Саудияга қарши баҳсни асосий таркибда бошлади. Кечагидек ёдимда, шарҳловчи ҳали таркибни таништириб улгурмасидан, Сардор ҳисобни очган, сўнгра бутун ўйин давомида фаоллиги билан ажралиб турганди. У учрашув охирида яна бир бор тўп киритиб, 3:1 ҳисобидаги ғалабага муносиб ҳисса қўшганди. Ўрни келганда айтиш жоизки, мана шу ўйин Сардорни Осиёга танитди.

Қитъа чемпионатидан аъло кайфиятда юртимизга қайтган футболчи ОЧЛ «плей-офф»ида «Бунёдкор» сафида «Ал-Жазира» дарвозасини ишғол қилгач, хорижликларнинг унга бўлган қизиқиши янада ортди. 2015 йилнинг ёзида Рашидов Қатарнинг «Ал-Жаиш» клубига йўл олди. Бундан бир йил аввал Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида Сардорнинг айнан «Ал-Жаиш» дарвозасига урган голи «Бунёдкор»ни гуруҳдан олиб чиққанди. Буни ҳам бир факт сифатида қабул қилиш мумкин. Фаолиятида илк бор хорижга йўл олган вингер Қатар футболига тезда мослашди, мураббийлар, хусусан, Сабри Лямушининг ишончини қозонди. Ўз голлари билан жамоаси ғалабаларига муносиб ҳисса қўшди.

Қатарда икки йилга яқин вақт мобайнида тўп сурган Сардор маҳаллий ишқибозлар ёқимтойига айланди. Жасур Ҳасановнинг «Лаҳвия» клубида муваффақиятли тўп суриб, мамлакат чемпионига айланганидан мухлисларнинг хабари бор. Шунинг баробарида, Рашидовни ҳам ушбу лигада муваффақиятли тўп сурди, дея оламиз. Унинг хорижда кўрсатаётган ўйини термамизга ҳам ижобий таъсир кўрсатди. ЖЧ-2018 саралашининг дастлабки босқичида Сардор ўз ҳисобига тўртта гол ёздириб қўйди.

Лекин кейинчалик Қатарнинг икки клуби - «Ал-Жаиш» ва «Лаҳвия» бирлашиб, «Дуҳайл» номини олгач, бир қатор футболчилар қатори ҳамюртимиз ҳам жамоани тарк этди. Унга БААнинг бир нечта клубларидан таклифлар тушди. Улар орасида «Ал-Айн ҳам бор эди. Шахсан Умар Абдулраҳмон Сардорга қўнғироқ қилиб, жамоага ўтишини сўраганидан мухлисларнинг хабарлари бўлса керак. Лекин Рашидов бу таклифни рад этиб, «Ал-Жазира»га йўл олди. Ушбу жамоанинг голландиялик бош мураббийи Хенк Кате уни бир нечта ўйинларда синаб кўргач, бошқа ўйинларда Сардорга имконият бермади. Майдонда ҳаракат қилган учрашувларда эса ўзини кўрсатишга астойдил интилди. Гол ҳам урди. Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида бирорта ўйинда майдонга тушмагани тезкор вингер учун оғир руҳий зарба бўлди.

Ҳа, футболчи ва нотўғри танлов кўпинча ёнма-ён юради. «Йиқилишимни билганимда, тагимга ёстиқ қўйиб олардим», дейилгани бежиз эмас. Агар барчаси шундай кечишини билганида, ҳамюртимиз албатта, «Ал-Айн» вариантини танларди. Шундай паллада Сардор аввалги формасига қайтиш, ҳолатини яхшилаш учун бошқа жамоага кетиши керак эди. Мавсум бошида футболчининг «Ренн»га ўтиши борасида хабарлар тарқалди, аммо у кутилмаганда Тошкентнинг «Локомотив» клуби билан шартнома имзолади. Рашидовнинг «темирйўлчилар» сафига қўшилиши икки томон учун ҳам манфаатли ҳамкорлик бўлди. Биринчидан, клуб ўз сафини маҳоратли футболчи ҳисобига тўлдирди. Иккинчидан, Сардор ўз ҳолатини яхшилаб олди, маҳаллий мухлислар кутган ўйинни намойиш этди, Суперлигада чемпионликни қўлга киритди. Буни стабил натижа дейиш мумкин. Келгуси йили «Локо»ни тарк этиши кутилаётган ажойиб техника соҳиби ўтган мавсум ўзини анча ўнглаб, энди қайта парвозга таёргарлик кўрмоқда. Европага йўл олса, нур устига аъло нур, Осиёда қўним топса, ўзини яна бир бор кўрсатишига шубҳам йўқ.

Дарвоқе, Эктор Купернинг Осиё кубоги-2019 учун эълон қилган таркибидан Сардор Рашидов ҳужумчи сифатида ўрин олди. Демак, олдинда кутиб турган қитъа мусобақасида техникаси юқори ярим ҳимоячи форвардлик хислатларини ҳам намойиш этишига тўғри келади. Бу мусобақа кўп нарсага ойдинлик киритади. Агар Рашидов чиройли голлари билан бизни хушнуд этса, бу термамизга ҳам, унинг ўзига ҳам фойдали бўлиб, скаутлар эътибори яна унга қаратилиши турган гап.

Абдулазиз ИСКАНДАРОВ, Тошкент шаҳри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz