Қайднома

Қидирув

Виталий Денисов нега Осиё кубоги-2019га борадиган таркибга киритилмади?

Виталий Денисов нега Осиё кубоги-2019га борадиган таркибга киритилмади?

  29.12.2018 02:42
  0
  1350
Виталий Денисов нега Осиё кубоги-2019га борадиган  таркибга киритилмади?

Москванинг «Локомотив» клуби сафида Россия чемпиони бўлган, айни пайт «Крилья Советов»да ижара асосида ўйнаётган ҳимоячи Виталий Денисов ҳамкасбларимиз билан суҳбат жараёнида «темирйўлчилар» сафига қайтиш имкониятлари ҳақида гапириб ўтди.

- Россияда жаҳон чемпионати ўтказилиши йилнинг энг муҳим воқеаси бўлди. Турнир пайтида қаерда эдингиз?

- Афсуски, бирорта ўйинга киришнинг иложи бўлмади. Маълум муддатни Ўзбекистонда, уйимда ўтказдим. Кейин «Локомотив» билан йиғинда қатнашдим, мавсум бошланди, Самарага йўл олдим. Айни пайт «Крилья Советов» сафида жаҳон чемпионати ўйинига мезбонлик қилган стадионда ўйнаяпмиз. Ажойиб арена. Ўйлайманки, ёзда ушбу иншоот жаҳоннинг энг кучли футболчиларига ҳам маъқул келган.

- Нега «Локо»да йиғин ўтказиб, ижара асосида «Крилья»га ўтдингиз?

- Ёшим 31да. Бундай пайтда захирада имконият кутиш қийин, кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлишни хоҳлайсиз. Аммо жароҳатлардан сўнг асосий таркибдаги ўрнимни йўқотиб қўйдим. Бу Самарага йўл олишимнинг асосий сабаби. «Локо»ни жанжалларсиз тарк этдим. Агентим қўнғироқ қилди ва Тихонов мени ўз жамоасида кўрмоқчи эканлигини айтди. Бу вариант мени қониқтирди ва клублар тезда келишиб олишди.

- Сизни Тихонов чақирган, ҳозир эса Божович қўл остида ўйнаяпсиз.

- Бу мутахассис билан «Локомотив» орқали яхши танишмиз. Шу сабабли мураббий ўзгаришини хотиржам қабул қилдим. Майдонга чиқишда давом этаётган эканман, демак Божович менга ишоняпти.

- «Крилья» сизни мавсум охиригача ижарага олди. Москвага қайтишни истармидингиз?

- Бу ерда фақат менинг хоҳишим камлик қилади. «Локомотив» ҳам шуни исташи керак. Ҳаммасини бош мураббий ҳал этади. Аммо олдиндан бир нарса демаган бўлардим. Айни пайт бор эътиборим «Крилья Советов»га ёрдам беришга қаратилган.

- Ҳозирги жамоангиз Премьер-лигада жон сақлаб қолиш учун курашади. «Локо» чемпионлик камарини сақлаб қолиши мумкинми?

- Менимча, «Локомотив» олтин медаллар курашидан ҳали чиқиб кетмади. Жамоанинг мавсум стартида бўш ўйнаши янги футболчиларнинг кўплиги билан боғлиқ, деб ўйлайман. Улар бирданига мослашиб кета олишмади. Бироқ қишга яқинлашгани сари «Локо» «Зенит» билан ўртадаги фарқни анча қисқартирди. Жадвал шундай кўринишга келганки, икки-учта турда ҳаммаси тамомила ўзгариб кетиши мумкин. Бу бизга ҳам тааллуқли. Боз устига, «Крилья»нинг захирада ҳам ўйини бор.

- Чемпионлар Лигасида «Локомотив»га нима етишмади?

- Тажриба бўлса керак. Жамоа ушбу турнирда кўпдан буён иштирок этмасди. Аксарият ўйинларнинг биринчи бўлими иккинчисига қараганда яхшироқ чиқди. Жамоанинг ҳаттоки Европа Лигасига чиқа олмаганидан қаттиқ ранжидим. «Локо»даги жамоадошларим билан доимий ёзишиб тураман.

- Ўзбекистон терма жамоасида 2006 йилдан буён тўп сурасиз. Жамоанинг янги бош мураббийи - машҳур аргентиналик Эктор Купер билан танишишга улгурдингизми? У «Валенсия» билан Чемпионлар Лигаси финалига чиққан, Миср термасини ЖЧ-2018га олиб борганди.

- Терма жамоа билан битта йиғинда иштирок этиб, битта учрашувда майдонга тушдим, кейин жароҳат олдим. Шундан сўнг Купер йиғинларга жалб қилмади. Ҳозир терма Туркияда йиғин ўтказмоқда. Гарчи жароҳатдан фориғ бўлсамда, миллий жамоа билан бирга эмасман.

- Балки Купер Россия чемпионатини диққат билан кузатмас?

- Буни яхшиси, унинг ўзидан сўраш керак. Бироқ Купер нафақат мени, балки Жанубий Корея чемпионатида ўйнаётган Санжар Турсунов, «Оренбург» сафида доимий майдонга тушаётган Вадим Афонинни ҳам чақирмади. Бизни ҳаттоки, кенгайтирилган таркибга ҳам киритмади.

- Купер термани 5 январь куни БААда старт оладиган Осиё кубогига тайёрламоқда. Ушбу турнирни Россия иштирок этган Миллатлар Лигасига қиёсласа бўладими?

- Бу турнирни Миллатлар Лигаси эмас, балки Европа чемпионатига таққослаган бўлардим. Тўғри, Осиё термаларида Европадаги сингари юлдуз футболчилар кўп эмас, лекин кучли жамоалар бор. Мен Осиё чемпионатида иштирок этганман, анча қизиқарли бўлган. Англия, Франция, Германия чемпионатларида ўйнайдиган футболчиларга қарши майдонга тушганмиз.

- Ўзбекистон термасининг Осиё чемпионатларидаги энг юқори натижаси 2011 йили қайд этилган. Ўшанда тўртинчи ўринни эгаллаган. Ҳозирда жамоа медаллар учун курашишга қодирми?

- Айни пайт Купер қайсидир маънода янги жамоани шакллантирмоқда. Ўз фалсафасини футболчиларга етказиш учун маълум вақт керак бўлади. Шу боис ҳам бирданига натижа кутиш ярамайди. Шунингдек, ютуқни ҳеч ким талаб ҳам қилмайди.

- Энди яқин ўртоғингиз Денис Глушаков ҳақида сўрайман. Унинг оилавий можаролар туфайли Андрей Малаховнинг кўрсатувига чиқишига қандай муносабат билдирасиз?

- Менимча, ажрашиш шахсий иш. Денис шунга қарор қилибдими, демак етарли асоси бор. У катта одам, менинг маслаҳатларимга муҳтож эмас. Фақат шуни айтишим мумкинки, «Локомотив»дан «Спартак»ка ўтиб кетганидан кейин ҳам алоқаларимиз сақланиб қолган. Денис ҳақида фақат илиқ фикрларни билдиришим мумкин.

Айтганча В.Денисовнинг БААга бормаслиги ҳақида терма бош мураббийи Эктор Купер қуйидагича фикр билдирди:
-Футболчига баҳо берганда, унинг бир нечта жиҳатларига аҳамият қаратамиз. Виталий биринчи йиғинда иштирок этди. Ундан кейин ҳам Россия чемпионатидаги ўйинларини кузатиб бордим. Денисовнинг таркибга киритилмаганига асосий сабаб — унинг ҳозирги ҳолатидир. Айни пайт чап қанот ҳимоясида ихтиёримизда икки нафар жуда яхши футболчилар бор. Улар — Фаррух Сайфиев ва Олег Зотеев. Агар Денисовни чақирганимда, улардан бири Осиё кубогидан четда қоларди. Агар мухлислардан сўрасак, кимдир Олегни танлайди, бошқа мухлис Сайфиев тарафдори бўлади. Якуний қарорни эса мураббий қабул қилиши керак. Шуни ҳам таъкидлашим лозимки, мураббийнинг қарори ҳамиша тўғри бўлмаслиги мумкин. Агар бу борада мен хатога йўл қўяётган бўлсам, айб фақат менда бўлади. Бу билан Виталийни терма жамоага бошқа чақирилмайди, деган фикрдан йироқман. Уни ЖЧ саралаш босқичида Ўзбекистон миллий жамоасига таклиф қилишим мумкин. Ҳозирги босқичда эса эътиборни Сайфиев ва Зотеевга қаратишга қарор қилдим. Шуни айтишим мумкинки, футболчилар терма жамоада ўйнашга ҳамиша шай туриши, керак бўлса, ўзидаги баъзи нарсаларни қурбон қилишга тайёр бўлиши лозим. Шундагина у терма жамоага лойиқ бўлади.

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz