Қайднома

Қидирув

Уйда мухлис қўллаяптими?

Уйда мухлис қўллаяптими?

  29.12.2018 04:49
  0
  389
Уйда мухлис қўллаяптими?

Кўпчиликка маълумки, www.soccerway.com интернет порталида Осиёнинг айрим миллий биринчиликлари қатори Ўзбекистон Суперлигаси ҳақида ҳам маълумотлар бериб борилади. Уларнинг аксарияти статистик кўринишда бўлиб, футбол мутахассислари ҳар бирини алоҳида танишган ҳолда таҳлил қиладилар.

Жорий йилги ўсиш сифатида ҳар бир клубнинг ўйинларни ўзига тегишли (ҳуқуқий жиҳатдан бўлмаса ҳам) стадионлардагина ўтказганини келтириш мумкин. Суперлигага ўтиш баҳслари эса бошқа ареналарда ўтказилган бўлса ҳам, элитадаги учрашувларни қабул қилган стадионлар сони кескин ўзгармаган. Маълумот ўрнида айтиш керакки, 2015 ва 2016 йилларда Олий лигада 16та клуб ўз мухлислари ва меҳмонларини жами 21та (ўтган йили ҳам шунча) стадионда кутиб олганди.

Бизнингча, айрим клублар (мисол учун, «Нефтчи» ва «Қўқон-1912» ёки «Насаф» ва «Машъал») бир стадионни олиб, қайта реконструкция қилиб, унда навбатма-навбат мухлисларни қабул қилишни йўлга қўйиши керак. Худдики, Миландаги «Сан-Сиро» ёки Мюнхендаги «Альянц Арена» каби. Бизнинг шароитда бундай тежамкорлик фақат плюс демакдир.

«Навбаҳор» аренасида 17 март куни ўтган очилиш маросими Суперлиганинг ҳақиқий безагига айланди. Шу ўйинда шахсан иштирок этган инсон сифатида айтишим керакки, Наманганда футбол аҳли ҳақиқатан шинаванда. Шу фидойи мухлислар учун футбол майдони янада яхшиланса, нур устига аъло нур бўларди.

«Бухоро» клуби сўнгги мавсумнинг финал қисмида ўта кучсиз ўйин намойиш қилган бўлсада, жамоанинг уй аренасида ўтказилган ўйинлар Суперлигадаги исталган клуб учун ўрнак бўлиши керак. Нега бошқа жойларда бундай бўлмаяпти? Чунки ҳамма ҳам ўз ишини профессионал даражада бажармаяпти. Стадионларга томошабин жалб этишнинг йўллари кўп. Лекин барибир, клуб совринли ўринлар учун курашиши лозим. «Навбаҳор», «Бухоро», «Металлург» ва «Сўғдиёна» ареналаридан бошқа ҳеч қаерда 30 фоиздан ортиқ (парадокс жойи шундаки, мавсумнинг энг сўнгги қисмини инобатга олганда) ўсишни кўрмаймиз. Пойтахтнинг уч етакчиси, чемпионлик учун курашадиган клублар («Пахтакор», «Бунёдкор» ва «Локомотив») ареналари кўп ҳолларда мухлисларсиз ҳувиллаб қолаётганига гувоҳ бўлдик. Тўғри, жорий йил пойтахтда бу борадаги кўрсаткичлар бирмунча ижобий тус олди.

«Нефтчи» 2015 йили янги стадионга эга бўлганди. Лекин жамоа кўрсатаётган савияси паст ўйин туфайли кўп ҳолларда томошабинлар сони 7 минг нафарга ҳам етмаяпти. Нурсиз ўйинлар ва юксак хоҳиш танқислиги мухлисларни алдаб бўлмаслигини исботлаяпти.

Чемпионимиз «Локомотив» аренасига ўртача 4264 нафар мухлис келган. Хўш, амалдаги чемпионга томошабинларни стадионга жалб қилиш борасида нима етишмаяпти? Ваҳоланки, «темирйўлчилар» ОЧЛ гуруҳ босқичи иштирокчиси ҳисобланишади. Таркиби терма жамоа аъзоларидан иборат бўлса, фақат стадион жойлашуви масаласида мухлисларда ўйчанлик бор. «Пахтакор» ишқибозлари эса 2018 йилги мавсумда аввалги йилларга нисбатан фаолроқ бўлишди. Бу эса Тошкентда ҳам футболни севадиганлар кўп эканлигига ишора.

Жорий йил ўйинлар вақти тартибга солинди, маркетинг тадбирлари кучайтирилди. Суперлига ўзининг расмий ҳамкорига эга бўлди. Ваҳоланки, пойтахт клублари футбол ким учун ўйналишини унутиб қўйган давраларни ҳам кўрдик. Ўтказиладиган учрашувлар кенг жамоатчилик орасида реклама қилинмаётган ҳолатлар ҳам бор. Ўзбекистон кубоги финали клублар ўйинларни ташкиллаштиришга қандай ёндашиши кераклиги борасида ўзига хос намуна бўлиши керак. Бизнинг клублар лотерея каби воситалар ёрдамида мухлисларни жалб этишга ҳаракат қилишди, лекин бу фойда бермади. Янги реклама усулларини ишлаб чиқиш даркор. Бунинг учун керак бўлса, хориждан маркетингга ихтисослашган яхши консалтинг марказлари ёки таниқли футбол ареналари менежерларини жалб этиш лозим.

«Бухоро»нинг натижаси ва кўрсатаётган ўйини, жамоа ўйинини томоша қилиш учун келаётган мухлислар ўртасидаги боғлиқликни тушунтира олмаймиз - ҳақиқий парадокс! Бири бирини инкор қилиб тураверади. Ваҳоланки, Улуғбек Бақоев бошчилигадаги жамоа молиявий муаммолар туфайли финал босқичида 6-ўриндан юқорига кўтарила олмади. Лекин фидойи мухлислар натижалар тушиб кетаверса ҳам, ойлаб ғалабалар келмаса ҳам, стадионга келаверишди. Аслида, бухоролик ишқибозлар бундан кўпроғига лойиқлар. Улар учун севимли жамоаси юқори ўринда бўлмаса ҳам, уйдаги баҳсларда мухлислар учун жон куйдириб, масъулиятни ҳис қилиб ўйнаши кифоя.

Солиштириш деймизми ёки чин дилдан ҳавас қилишми, Эрон Про-лигасига ўзимизнинг Суперлигамизни боғлаб ўтсак. Янги бошланган мавсумда Эрон олий дивизионида 5та клубнинг ўйинларида 100-500 нафардан томошабин келган ҳоллар ҳам учради, лекин умумий ҳисобда мухлислар ташрифи бўйича 12 фоиз ўсишга эришилди. Битта ўйинга ўртача 12021 ишқибоз келмоқда. Чемпион «Персеполис» (Теҳрон) ўйинларига 15 мингдан 50 минггача томошабин ташриф буюрмоқда. Бу клубнинг ўртача кўрсаткичи 31938 нафарни ташкил этди. «Пайкон» эса ўйинларда ҳаттоки, 1,5 минг мухлис йиға олмаяпти. Саудия Арабистони Профессионал лигасида эса бу кўрсаткич 8702 нафарни, Корея Кей-лигасида 5381ни, Хитой Суперлигасида 24107ни, Япония Жей 1-лигасида 19064ни, Индонезия Лига 1да 10162ни ташкил этмоқда.

Pepsi Суперлига-2018 иштирокчилари уй учрашувидаги мухлислар сони

Жамоа

Ўйинлар

сони

Томошабин

Ўртача

«Навбаҳор»

16

247117

15445

«Бухоро»

16

209649

13103

«Пахтакор»

16

174293

10893

«Бунёдкор»

16

137993

8625

«Нефтчи»

16

125565

7848

«Қизилқум»

16

118130

7383

«Қўқон-1912»

16

101359

6335

«Металлург»

16

98482

6155

«Сўғдиёна»

16

92951

5809

«Насаф»

16

89726

5608

АГМК

16

84256

5266

«Локомотив»

16

68231

4264

 

Мухлислар кўнгил очадиган жойлар кўп бўлса, футбол улар учун биринчи танлов бўлмай қолиши ҳам мумкин. Лекин Англия ва Германиядаги ареналарга қараб, бу фикр унчалик тўғри эмасдек туюлади. Стадионлар мухлислар чин дилдан маза қиладиган, кун бўйи жисмоний ва ақлий меҳнат билан банд бўлганлар учун ишдан сўнг ўзидаги негативларини чиқариб ташлайдиган, чин кўнгилдан роҳат оладиган маскан бўлиши керак!

Европа ареналарида мухлисларнинг стадионга келиши учун бепул автотураргоҳлар ташкил этилади, клуб экипировкалари арзон нархда сотилади, сафар ўйинларига клуб президентлари чипта олишга кўмак беришади, чипталар нархи қиммат бўлиб кетган тақдирда мухлислар билан ҳисоблашилади, клубнинг кекса ва фидойи ишқибозларига эҳтиром кўрсатилади ва ҳоказо. Яна давом эттиришимиз ҳам мумкин, агар хоҳласангиз.

Сўнгги пайтларда бир тенденция кузатиляпти. Оммавийлик борасида футболга рақобат туғдиришга уринаётган спорт турлари ўзларининг марказлашувини Осиёга кўчиришмоқда. Албатта, бу ерда маркетинг кўлами асосий роль ўйнамоқда. Шундай шароитда ҳам Осиё жамоалари футболнинг мавқеини ушлаб қолиш учун курашмоқдалар. Япония ва Жанубий Кореяда футбол спорт мусобақалари орасида биринчи ўринда турмайди. «Кунчиқар юрт»да сўнгги пайтда фигурали учиш кўплаб мухлисларни жалб этаётган бўлса, корейсларда гольф, БААда Формула-1 баҳслари оммалашиб бормоқда. Лекин шундай бўлсада, миллионлар ўйинига ишқибозлар ташрифи бир маромда.

Суперлигамизда ҳам шундай вазият юзага келиши учун клублар рақобатбардош ва сифатли, энг муҳими, кутилмаган (натижаси пастга қараб йўналтирилмаган) ўйин намойиш қилишлари керак. «№1» ёки «№2» клуб мухлислари ўйин қандай ҳисоб билан якунланиши ва нечта гол уришини ҳатто тахмин қила олмасликлари керак.

2019 йилда янгидан куч йиғадиган Суперлига мухлисларни майдонга қайтариши лозим. Бунинг учун ўйинлар сони ортишидан ташқари, уларнинг аҳамияти ҳам ошиши мақсадга мувофиқ. Буни аввало, клубларнинг ўзлари чуқур ҳис этишлари даркор. Шу боис футбол раҳбарияти мусобақа формати ҳақида олдиндан бир қарорга келиши керак.

Келгуси мавсум ўйлари. Айни дамда, ўтказилган текширув натижаларига кўра, фақат «Насаф», «Пахтакор» ва «Локомотив» клубларининг ареналари талаб даражасида ва улар уй учрашувларини ўз стадионларида бошлаши мумкин. Суперлигада қолган барча ареналара талабга жавоб бермайди ва ушбу стадионларда келгуси мавсум стартига қадар ижобий ҳолат кузатилмаса, уй учрашувларини бошқа ҳудудда ўтказишлари мумкин. Мухлисларни ҳам ўйлаш керак, менимча!

 

P.S. Факт ўрнида. 2019 йилда очиладиган стадион - «Тоттенхэм Хотспур Стэдиум» (Лондон, Англия). Қайси жамоа ўйнайди: «Тоттенхэм». Сиғими: 62062 томошабин. Тахминий нархи: 750 млн. фунт-стерлинг.

«Тоттенхэм»нинг эски стадиони «Уайт Харт Лейн» XIX асрда қурилган бўлиб, ўз бағрига 36 минг мухлисни сиғдирарди. Аммо жамоага ишқибозлик қилувчилар сони ортгач, одамлар эски аренага сиғмай қолишди. Сўнгги 5-6 йил ичида «шпорлар» АПЛ чемпионлиги учун жиддий курашишга қодир рақобатбардош жамоага айланди. Шу боис ҳозир янги стадионни барпо этиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу арена кейинги йил фойдаланишга топширилади. Маурисио Почеттино балким янгиликдан баҳра олган биринчи мураббий бўлиш мақсадида бошқа жамоаларга кетмаётгандир?!

Довудхон АКРАМОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz