Қайднома

Қидирув

Оле Гуннар Сульшер: «Омадсизлик – яхши сабоқ»

Оле Гуннар Сульшер: «Омадсизлик – яхши сабоқ»

  30.12.2018 02:40
  0
  784
Оле Гуннар Сульшер: «Омадсизлик – яхши сабоқ»

Миттигина Норвегия футболидан чиқиб, «МЮ»дек гранд афсонаси даражасига кўтарилган Оле Гуннар Сульшер ўз ўйинини сира тополмай, роса қийналаётган собиқ жамоасини ёруғ йўлга бошлаш миссиясини ўз зиммасига олишдан чўчимади ва мухлислар уни шу мардонаворлиги учун ҳам олқишладилар. Мана, fourfourtwo.com нашри «қизил иблислар» тизгинини мураккаб ҳолатда қўлга олган ёш мутахассис ва клуб фанатлари ўртасида воситачи ролини бажариб, ўзаро фикр алмашишга имкон яратди ва ўртада анча жонли мулоқот кечди.

- Футболчилик даврида «Гўдак қиёфасидаги қотил» лақабини олгандингиз. Айтингчи, ўсмирларникидек ташқи кўринишингиз сизга қандайдир устунлик ёки халақит берганми?

- Лақаб туфайли ҳеч қандай муаммо туғилган эмас. Унга ўхшаши йўқлиги боис ҳам, мен учун ёқимли эди. АПЛда ўйнай бошлаган даврда чиндан ҳам, жуда ёш кўринардим. Лекин ҳақиқий «иблис» мақомини олишимга ишонардим. Болалигимда қандайдир устун жиҳат билан ажралиб турганман? Йўқ, аксинча, айрим муаммоларга дуч келганман. Ёдимда, Майоркада оилавий ҳордиқ чиқаришга 15 ёшдан ошган ва бўйи 140 сантиметрдан баланд болаларга рухсат беришарди, холос. Мен эса 15 ёшни ҳатлаб бўлсамда, жуссам жуда кичик эди. Шу туфайли ажойиб саёҳатдан четда қолганман. 20-21 ёш ўртасида тез улғая бошладим. Шундан кейин маҳаллий «Клаузененген» клубидан «Мольде»га таклиф этишди.

- Отангиз юнон-рум кураши бўйича мамлакат чемпиони бўлганлиги ростми? Сиз ҳам бирор марта гиламга тушганмисиз?

- Отам ҳақидаги маълумотлар ҳақиқат. Ўзим эса 8-10 ёш оралиғида кураш билан шуғулланганман. Гуруҳимиздаги шеригим Норвегиянинг энг кучли ёш курашчиларидан бири эди. Хуллас, машғулотлар пайти бошим айланиб, кучли оғриқ сезардим. Оддий айтганда, курашга жиддий қизиқмаганман.

- Болалик йиллари «Ливерпул»га мухлислик қилган экансиз...

- Инсон борки, тириклик пайти ниманидир ўрганишга интилади. Юқоридаги саволга жавобим оддий: ҳеч қачон «Ливерпуль» тарафдори бўлмаганман. Умуман, охирги нафасимгача «МЮ»га содиқ қоламан.

- Илк жамоангиз - «Клаузененген» сафида нечта гол урганингизни эслай оласизми?

- Норвегия чемпионати доирасидаги баҳсларда 14та ва кубок турнири чорак финалида 1та. Муҳими, шу камтарин натижа менга шуҳрат келтирди. Алоҳида айтишим керак, жамоадошларим ёрдамисиз рақобатчилардан ўзиб кетолмасдим, албатта. Хуллас, илк муваффақиятимда клубдошларимнинг ҳиссалари салмоқли. Жамоамиз таркибида 50-60 нафар футболчи бор эди. Асосийси, аҳиллик эвазига 3-4-лигаларда самарали тўп сурганмиз.

- «Мольде» сафига қўшилганингиздан кейин эса дарҳол хориж клублари назарига тушгансиз...

- Ҳа, дебют мавсумидаёқ муваффақиётли ўйнаб, эътибор қозондим. Зеро, илк учрашувда 2та, иккинчисида 3та гол ургандим. Тез орада Гамбургда Феликс Магат билан учрашдим, шунингдек, Жованни Траппаттони «Кальяри»га чорлади. Яна ПСВ, «Бавария» ва «Ливерпуль» каби клублар вакиллари ҳам менга бефарқ қарамадилар. Тўғри, биринчи расмий таклиф «МЮ»дан тушганди.

- Манчестерга илк ташрифдан қандай таассуротлар қолган?

- Норвегия миллий жамоаси таркибида Озарбайжон термасига 2та гол урганимни кўришган «МЮ» мутасаддилари Мартин Эдвардснинг таътилга чиқишини кутиб ўтирмай, менга таклиф жўнатишганди. «Мольде» президенти эса хусусий самолётни ижарага олиб, дарҳол Англия томон учишимга имкон яратди. Чунки у кучли иштиёқим ва катта марраларни кўзлаётганимдан  хабардор эди. Буни ҳеч қачон унутмайман, албатта. Қисқаси, «Олд Траффорд»га гид ҳамроҳлигида етиб олгач, ундан ручкасини бериб туришини илтимос қилдим. Шунда гид ҳайрон бўлиб, нима қилмоқчи эканлигимни сўради. Мен эса мутлақо хотиржам ҳолда жавоб бердим: «Ручка нимага керак? Шартнома остига имзо чекишимга!» Ҳамроҳим бу сафар индамади ва ручкасини узатди. Хуллас, айни ўша ручка билан илк битимга имзо қўйдим.

- Аниқроқ айтсак, «МЮ» сафига 1996 йили қўшилгансиз. Бу вақтда Алан Ширер «Ньюкасл»га ўтиб кетганди. Ўшанда мураббийдан қандайдир алоҳида топшириқ олганмидингиз?

- Йўқ, у дастлабки 6 ой захирадан тушиб, жамоа ўйинига мослашишимни, январда эса асосий таркибга киритишини айтганди. Қарангки, илк марта захирадан майдонга тушганимда, 2та гол урдим. Эсимда, ўшанда Энди Коул жароҳатлангач, мураббий мажбурий равишда менга мурожаат қилганди. Шу тариқа, атиги 6 дақиқа ичида «Блэкберн» дарвозасини 2 марта ишғол этгандим. Такрорлайман, Манчестерда муваффақият қозонишимга шубҳа қилмаганман. Чунки болалигимдан айниқса, ўйиннинг сўнгги дақиқаларида гол уришга одатлангандим.

- Алекс Фергюсон раҳбарлигида тўп суриш завқли бўлгандир...

- Ҳа, шахсан мен учун чинакам лаззатнинг ўзи. Кейинчалик Патрис Эвра билан гаплашганимда, у очиқ эътироф этганди: «Ювентус»да ҳам шароитлар ёмон эмасди, лекин ўзимни ишга кетаётгандек ҳис қилардим, барибир». «МЮ»да эса доимо идеал муҳит ҳукмрон сурган. Сэр Алекс биздан маҳоратимизни тўла намойиш этишимиз, лекин ҳеч қачон ўзимизни бошқалардан устун қўймаслигимизни талаб қиларди. Гиггз, Паллистер, Кин, МакКлаейр, Кантона ва Шмейхелдек афсоналар ҳам у учун бир хил мақомда эдилар. 2000 йилдан эътиборан кундалик дафтар тута бошладим. Унда мураббийнинг барча ўгитлари жамланган. Сэр Алекс сўзга чечан эмасди, аммо ҳар бир гапи ўта маъноли бўлиб, нишонга тегарди.

- Норвегия миллий жамоаси ЖЧда Бразилия термаси устидан ғалаба қозонганди. Ўша ютуқ фаолиятингизда қандай аҳамиятга эга?

- Бир нарса аниқ - 1998 йилги ЖЧ барчамизда ажабтовур таассуротлар уйғотди. Марокаш термасига қарши баҳсда атиги 45 дақиқа ўйнадим, иккинчи учрашувни эса ўтказиб юбордим. Бразилияликлар билан ўйинда эса тўлиқ вақт тўп сурдим. Табиийки, номдор рақиб устидан қозонилган ғалаба мен учун жуда қадрли - фаолиятимнинг чўққиси...

- 1999 йил. ЧЛ финали. Ўйин арафасида Фергюсон айнан сизга қандай кўрсатма берганди?

- Ҳеч қандай. Лекин танаффус пайти Тедди Шерингем билан узоқ гаплашди. Мураббий мени «уйғотиш», «қўзғатиш» учун шундай қилганини дарров фаҳмладим. У Шерингемга юзланган пайт кўнглимдан шундай фикр ўтганди: «Мен 17та гол урган бўлсаму, мураббий Тедди билан маслаҳатлашса-я!» Шундан кейин барча жамоадошларим каби бор кучимни ғалабага сарфлашга интилдим. Жамоамизнинг асосий мақсади - сов-рин воситасида сэр Алексга миннатдорчилик изҳор этиш эди.

- Ўша тарихий финални 10 ёшимда ота-онамнинг оқ-қора тасвирли митти телевизорида томоша қилганман. Лекин эсласам, ҳозир ҳам баданим жимирлаб кетади. Гол ургач, ўзингизни қандай ҳис этгансиз?

- Хаёлимга келган дастлабки фикр: «Ишқилиб, «офсайд» эмасми?» Умуман, ўша лаҳзадаги ҳаяжонимни ифодалаб беришга ожизман! Голни нишонлашда тиззам билан сирпандим. Эвазига терма жамоанинг 2та учрашувини ўтказиб юборишимга тўғри келганди. Бироқ ЧЛ кубоги шундай «қурбонлик»ка  арзирди. Ғалабадан кейин мухлислардан беҳисоб миннатдорлик изҳорларини эшитдим: «Оле, сен туфайли ҳаётимдаги энг бахтли оқшомни ўтказдим. Фақат буни рафиқамга айта кўрма!» Ўзим худди шундай оқшомни 1986 йили, Диего Марадона билан кўришганда ҳис этгандим. Ўшанда аргентиналиклар Ослода Норвегия термасига қарши ўйнагандилар. Эсимда, оломон орасидан бир амаллаб футбол қиролига қўл узатишни уддалагандим.

- «МЮ»да азалдан 7-рақам остида буюк футболчилар тўп суришган: Эрик Кантона, Дэвид Бекхэм, Криштиану Роналду. Сизга улардан қай бири кўпроқ ёқади?

- Жамоа сафига қўшилганимда, Эрик энг яқин шерикларимдан бири эди. Фаолиятим охирида эса Роналдунинг буюклик сари дадил одимлаётганига гувоҳ бўлдим. Лекин менга Бекс маъқулроқ. Чунки у аввало, жамоа учун ўйнарди.

- Ўғлингиз сиз эмас, Рунига мухлислик қилгани тўғрими?

- Ҳа, бу ҳам ҳақиқат. Лекин у ўшанда атиги 6 ёшли болакай бўлиб, жаҳлимни чиқаришни ёқтирарди.

- Мураббийлик соҳасида биринчи таклифни Норвегия термасидан олган экансиз. Бироқ мамлакатингиз бош жамоасини бошқаришни хоҳламадингиз...

- Ҳа, шундай таклиф олганим рост. Ўша вақт Манчестерда энди-энди мураббийлик сирларини ўрганишга киришгандим. Қисқаси, ўзим учун қадрдон масканда малака ошириш осонлигини ўйлаб, чорловга рад жавоби бердим.

- Футболчиликдан мураббийликка ўтишнинг энг қийин жиҳати нима?

- «Мольде»да рисоладагидек тўп сурганим боисми, клубда иш бошлашда унча қийналганим йўқ. Табиатан жуда ўжарман: ўз билганимдан сира қолмайман. Муҳими, футболчилар ва клуб раҳбарлари шахсий фалсафамга асосланиб, ишлашимга эътироз билдиришмади. Мана, бутун тарихида бирор марта ғолиб чиқолмаган жамоани 2 марта чемпионлик сари етакладим. Кардиффга сафар эса анча мураккаб кечди. Эҳтимол, бу жамоага мос келмаган ёки қулай вақтда бормагандирман? Мен тўп сурган пайт «МЮ» ва «Мольде» савияси талаб даражасида бўлиб, ўзим ҳужумкор ва мазмунли ўйин кўрсатишга интилганман. Яъни қаттиққўллик ва талабчанликка зарурат сезмаганман. Мен бошқарган жамоалар савияси эса анча паст эди. Табиийки, бундан тегишли хулосалар чиқардим, хусусан, «Мольде» билан сезиларли ўсишга эришдим.

- Футболдаги жамоага қабул қилиш маросими ҳарбий хизмат таомилларини эслатади...

-  19 ёшда кўпчилик қатори ҳарбий хизматга йўл олганман. Барча янги аскар бўлгани учун кимнидир ажаблантиришга зарурат туғилмаган. Футболдаги таомил бироз қийинроқ: рақсга тушиш ёки куйлаб бериш талаб этилади. Дейлик, Кардиффда куйлашимга тўғри келди ва футболчилар қаршисида Норвегия миллий мадҳиясини ижро этдим. Бўлажак устоз учун бироз ажабланарли ҳолат, албатта. Лекин атайин шундай қилдим. Зеро, шогирдларимга хатога йўл қўйишдан чўчимаган ҳолда тўп суришларини исташимни билдирмоқчи бўлдим. Чунки айрим футболчилар ўзларини АПЛга лойиқ эмасдек тутишаётганини илғагандим.

- Энди ўйинни Луи ван Гал услубида йўлга қўймоқчимисиз ёки...?

- Сэр Алекс ҳар бир учрашув арафасида бир гапни такрорларди: «Ўзингни кўрсат, ўйиндан шунчаки, лаззат ол. Лекин хатога йўл қўйсанг, айбингни ювишни ҳам унутма!» Қисқаси, мен ҳам майдонда эмин-эркин тўп сурадиган мағрур «МЮ»ни кўришни истайман. Луи ван Галга эса ҳавас қиламан. Чунки у футбол оламида ёрқин из қолдиришга улгурган мураббийдир.

Сульшер учун асосийси - завқли ўйин

«МЮ»да вақтинча бош мураббий мақомида иш бошлаган Оле-Гуннар Сульшер клуб телевидениеси орқали чиқишида ҳам асосий вазифаси футболчиларнинг яна роҳатланиб тўп суришларини таъминлаш эканлигини таъкидлади: «Менга берилган 6 ойлик муҳлатда завқланиб ишлаш ниятидаман. Ўз уйимга қайтдим. Биламан, раҳбарият бошқа мураббий излашда давом этяпти, мен эса ёрдамчиларим билан ўз билганимдек йўл тутмоқчиман. Муҳими, футболчилар ўйиндан роҳатланишлари керак. Кўплаб йигитлар билан гаплашиб олдим. Таркибда профессионаллар йиғилишган, улар ўз устиларида ишлаш, тер тўкишга тайёрлар. Тўғри, натижаларга эътибор бермасликнинг иложи йўқ, ғалабалар зарур. Демак, асосий вазифам - футболчиларга ҳар томонлама ёрдам бериш. Улар ўз имкониятлари даражасида ўйнашса, бас».


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz