Қайднома

Қидирув

Мураббийлар: «Беназир»га аталган соврин

Мураббийлар: «Беназир»га аталган соврин

  30.12.2018 05:29
  0
  340
Мураббийлар: «Беназир»га аталган соврин

Анчадан бери қизғин баҳсларга сабаб бўлаётган воқеа - Жозе Моуриньонинг истеъфоси ниҳоят юз берди. Лекин бу футбол билимдонлари ўртасидаги тортишувларнинг барҳам топиши ёки ҳеч бўлмаганда пасайишини англатмайди. Аксинча, мунозара янада авж олиши эҳтимоли кўпроқ. Боз устига, португалиялик мутахассис яқин йиллар ичида ўз фаолиятини якунламаслиги ҳам аниқ.

«Ўқимай уққан» «Беназир»нинг малакаси ва инсоний фазилатлари ҳақида баҳслашиш ҳам ноўрин. Яхшиси, Моуриньонинг бугунги ҳолатига унинг ўзи берган изоҳ билан танишсак, вазият ойдинлашади: «Мен янги оламга, янги авлодга мослашишга мажбур бўляпман. 23 ёшида чинакам эркакка айланган Лэмпард билан шу ёшдаги ғўр болакай ўртасидаги фарқни аниқлашим лозим. Фрэнк асл профессионал эди ва ўз вазифасини яхши биларди. Бугунги ёшлар эса ўз режаларини ҳам билишмайди».

Бир томондан, мураббий ҳақ: Лэмпардга ўхшаган футболчилар мухлислардан ҳақорат эмас, фақат олқишлар эшитишган. Аммо бошқа томондан, бугунги нохуш ҳолатга «Беназир» ҳам алоқадордек: шу пайтгача иштиёқсиз судралаётган жамоа у кетиши билан мавсумдаги энг йирик ғалабасини расмийлаштирди. Хуллас, бу - ҳаёт. У биз ўйлагандан кўра анча бешафқат бўлсада, давом этади. Жумладан, айримлар Моуриньо раҳбарлигида муваффақиятга эришган ёки аксинча, ўз ўрнини топа олмаган футболчиларнинг фикр-мулоҳазаларига кўра махсус соврин жорий этишни таклиф қилишди. Иштирокчиларни 3та шартли гуруҳга ажратиш мумкин:

1. Жозенинг ўтмиши;

2. Жозенинг бугуни;

3. Жозенинг танқидчилари.

Биринчи гуруҳдан асосан Моуриньонинг собиқ шогирдлари жой олдилар. Иккинчиси эса мураббий билан ҳамкорлик қилаётган футболчиларга ажратилди. Сўнгги гуруҳ таркиби вақти-вақти билан ўзгариб туради. Марҳамат, мулоҳазалар билан танишинг:

Жозенинг ўтмиши

Петр Чех: - Моуриньо ва Венгер - турлича табиат соҳиблари. Аммо улар ўртасида умумий жиҳат ҳам йўқ эмас - иккови ҳам мағлубиятни ёқтиришмайди. Ўйлашимча, бу улар эришган муваффақиятлар таъсири. Чунки ўта кучли иштиёқ ва фидойиликсиз мағлубиятдан узоқ юришга эришиб бўлмайди.

Хавьер Занетти: - Моуриньо хусусида шуни айтишим мумкинки, у ҳар қандай икир-чикирга эътибор берадиган ғолиб мураббий. Унинг «Интер»даги 2 йиллик фаолияти мухлислар хотирасида абадий қолади.

Жон Терри: - Бир нечта машғулотлардан кейин қўлимга дафтар олиб, машқ давомида амалга оширган барча ҳаракатларимни, мураббий кўрсатмаларини қоғозга туширишга одатландим. Жозе келганидан кейин менда мураббийлик касбига иштиёқ пайдо бўлди.

Марко Матерацци: - Моуриньо билан хайрлашув ўта ғамгин кайфиятда ўтди. Айнан ўша пайтда унинг бизни тарк этишини тўлиқ ҳис этдик. Ёдимда, Жозе менга шундай деганди: «Бу шунчаки бир спорт, ҳаёт эса давом этади». Биз уни оиламиз аъзоси деб билардик, ота ўрнида кўрардик. Жозе мен учун дунёдаги энг яхши мураббий мақомида эди.

Эшли Коул: - У доимо битта мақсадни кўзлаган - ғалаба. Менимча, футболда нималар қилганинг ва нималарга эришганинг унчалик муҳим эмас. Нима бўлишидан қатъий назар, бор куч-қувватингни сарфлашингга тўғри келади. Жозе ана шу фидойиликни қадрига етар ва шундай шогирдларига имконият берарди.

Уэсли Снейдер: - Моуриньо - ҳақиқий жентльмен. «Интер»ни тарк этганидан афсусдаман, менга берган сабоқлари учун ундан миннатдорман. У билан доимий алоқадаман. Жозега «Реал»да муваффақият тилайман, ўз мақсадига эриша олишига шубҳа қилмайман.

Деку: - Жозе - буюк мураббий. Ундан жуда кўп нарсаларни ўргандим. Биз «Порту»да ажойиб икки мавсумни ўтказдик. Яна ҳамкорлик қилиш насиб этса, мамнун бўлардим.

Фрэнк Лэмпард: - Моуриньо - фантастик мураббий. У одамнинг кўнглини овлашни яхши билади. «Челси»га келгач, қалбимни забт этди. Ундан ўзига нисбатан ишонч нафаси уфуриб туради. Балки бу такаббурликдир. Фаолиятимда ҳеч ким мени дунёнинг энг яхши футболчиси демаганди. Жозе эса айтди: «Сен тенги йўқ ўйинчисан. Фақат буни исботлаш учун бир нечта совринларни қўлга киритишинг лозим».

Дидье Дрогба: - У менинг ҳаётимни ўзгартириб юборди, энг яхши футболчи мақомига эга бўлишим учун энг кучли жамоада энг яхши мураббийдан сабоқ олишим кераклигини айтди. 24 млн. фунтга арзимаслигим ҳақида кўп эшитганман. Лекин Лондонни тарк этаётганимда харажатларни тўла оқладим, деб ўйлайман.

Самюэль Это~О: - Жозе - тенгсиз мутахассис. Агар у рақиб жамоа устози бўлса, ҳар қанча нафрат камлик қилади, жаҳлингизни жиловлай олмайсиз. У сиз томонда бўлса, мотивация борасида ташвишланмайсиз. Бу масалада ундан ўтадиган мураббий йўқ.

Златан Иброҳимович: - Нима учун Моуриньо беназир? Чунки унда ғолиблик руҳияти бор. Ғалаба учун ҳеч нарсани аямайди, ўйинни яхши тушунади. Жозе ўйиндаги вазиятлардан эмас, шогирдларининг ақл-заковатидан унумли фойдаланади.

Бугунги Жозе

Сесар Аспиликуэта: - Ғамгин кун. Жамоага кўрсатган ёрдами ва менга берган сабоқлари учун Жозега расман миннатдорлик билдиришни истайман. Келажакда омад унга ёр бўлишини тилайман. Моуриньо билан муҳим совринга эришиб, мухлисларга унутилмас онларни ҳадя этдик. Уни ҳеч қачон унутишмайди. Раҳмат, мистер!

Рафаэль Варан: - «Реал»даги иккинчи мавсумимда Моуриньо менга дакки берганди. Чунки майдонда ўзим истаган ўйинни кўрсата олмаётгандим. У мендан нима учун машғулотларда югурмай қўйганимни сўради. Жўяли жавоб тополмагач, минғирлаб қўя қолдим. Аммо унинг ҳақ эканлигини, танбеҳга лойиқлигимни сезиб турардим. Моуриньога кўп гапириш шарт эмас. У ҳам бор гапни қисқа ва лўнда қилиб юзингга айтиб қўя қолади. Лекин доимо бизнинг фойдамизга гапириши аниқ.

Байи: - Ким нима дейишидан қатъий назар, «Олд Траффорд»да майдонга тушишимга имкон берган бу инсондан бир умрга миннатдорман.

Бранислав Иванович: - У сенинг ўзинг ҳам билмайдиган фазилатларингни кашф этади. Ўйин бобида ҳам, инсоний нуқтаи назардан ҳам. Жозега нисбатан бефарқ бўлишнинг умуман иложи йўқ. Сен уни ҳурмат қилишга ёки нафратланишга мажбурсан. Айнан шу хусусияти унинг беназир эканлигини тасдиқлайди. Моуриньо билан ҳамкорлик қилганимдан бахтиёрман.

Матич: - Моуриньо билан доимо, жумладан, «Челси»да ҳам яхши муносабатда бўлганман. Баъзида у билан тил топишиш қийин бўлади. Чунки Жозе доимо яхшироқ тўп суришимизни талаб қилади. Унинг наздида фаолиятингдаги энг етук ўйин ҳам имкониятларингга тўла баҳо бера олмайди.

Фабрегас: - Жозени қаттиқ ҳурмат қиламан ва ўзимни ундан қарздор деб ҳисоблайман. Мени «Челси»га у олиб келди, жамоа етакчиси бўлишимга кўмаклашди. Лондондаги сўнгги кунига қадар менга ишонч билдирди. Ундан бир умрга миннатдорман.

Виллиан: - Моуриньо билан боғлиқ кўпгина ёрқин хотираларни ҳикоя қилишга тайёрман. У нафақат мен, балки барча жамоадошларим ва мухлислар учун буюк мураббий мақомида бўлган.

Озил: - Мен учун Моуриньо ота қаторида. У - тенги йўқ устоз, ёрқин шахс ва ғамхўр мураббий.

Ди Мария: - Аввалги мавсумда Моуриньо менга кўп ёрдам берганди. Ўшанда кетма-кет жароҳатлар мени ҳолдан тойдирганди. Энди оёққа турганимда яна жароҳат олардим. Албатта, рафиқам доимо ёнимда бўлиб, кўнглимни кўтариб турди. Лекин мураббийнинг ҳар кунги далдалари кучимга куч қўшди. Таъкидлаш жоизки, Жозе шикастланган шогирдларига соғлом футболчилардан кўра кўпроқ эътибор беради.

Диего Коста: - Моуриньо менга кўп ёрдам бергани ва ундан миннатдор эканлигимни жуда кўп эътироф этганман. Ҳар қандай футболчи энг яхши мураббийдан сабоқ олиш ва маҳорат чўққисига тезроқ кўтарилишни истайди. Жозе шундай мутахассислардан бири. «Челси» таклифини кўриб чиқаётганимда, Моуриньонинг Лондонда эканлиги ҳал қилувчи роль ўйнаганди.

Моуриньонинг танҚидчилари

Икер Касильяс: - Ўйлашимча, Моуриньо билан шахсан ўзим орани очиқ қилиб олсам яхши бўларди.

Валенсия: - Кеча суратга илова қилинган матнни ўқимаган ҳолда мулоҳаза билдиргандим. У менинг фикрим эмас, бунинг учун узр сўрайман.

Серхио Рамос: - Моуриньо? «Сельта» президенти хусусида ҳеч нарса дея олмайман.

Давид Луиз: - Агар Жозе энди унга мен етишмаётганимни айтса, ўзини-ўзи инкор этган бўларди. У нима дейиши керак бўлса, шуни айтди.

Фелипе Луис: - Испанияга қайтиш таклифини олгач, қайтдим. Аслида Англиядаги фаолиятимни давом эттиришни истардим. Бироқ менга ҳозирги шароит Моуриньо давридагидек эмаслиги ёқмади.

Алексис Санчес: - Назаримда, «МЮ»даги ҳар бир учрашувда жамоа услубига мослашиш мен учун қийин кечди. Лекин янги жамоадошларимга кўника бошладим.

Поль Погба: - Янгича имзо ўйлаб топ...

Генрих Мхитарян: - «МЮ»ни «Арсенал»га алмашиш мумкинлиги ҳақида эшитганимда, дарров рози бўлдим, иккиланиб ўтирмадим. Мен учун энг муҳими ҳужумкор жамоада тўп суриш эди.

Эден Азар: - Моуриньо раҳбарлигидаги охирги мавсум биз учун оғир бўлди. Биз ғалаба қозона олмадик, машғулотлар, ўйин-кулгиларни йиғиштириб қўйдик. У кетиши билан ҳаммаси жойига тушди. Аммо мендан қайси мураббий билан ишлашни хоҳлайсан, деб сўрашганида, албатта, Моуриньони танлаган бўлардим.

Роналду: - Жозе Моуриньо ҳақида гапиришни истамайман, бунга вақтим йўқ. Аммо сэр Алекс Фергюсон хусусида истаганча суҳбатлашишга тайёрман, Моуриньо мени мутлақо қизиқтирмайди.

Карим Бензема: - Моуриньо билан доимо яхши муносабатда бўлганман. Бироқ унинг ўша монологи холис фикрлардан йироқ эди. У менинг устимдан кулди. Бундай вазиятда унга бўлган ҳурматимни сақлаб қола олмасдим.

Рўйхатда Шевченко, Креспо, Рауль, Швайнштайгер, Салоҳ ва Де Брюйнеларга ўрин берилмади ва шундай бўлиши лозим эди. Чунки бу умуман ўзгача тарих. Майли, ғалаба «Беназир» томонида бўла қолсин!

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz