Қайднома

Қидирув

Хуан Антонио Пицци: «Бизда жанговар руҳ бор»

Хуан Антонио Пицци: «Бизда жанговар руҳ бор»

  01.01.2019 11:56
  0
  654
Хуан Антонио Пицци: «Бизда жанговар руҳ бор»

Саудия Арабистони миллий жамоаси бош мураббийи Хуан Антонио Пицци ўз вақтида ҳужум чизиғида тўп сурган. Футболчилик фаолиятини якунлаганидан сўнг Жанубий Америка, Мексика ва Испания каби мамлакатларда мураббий бўлиб ишлаган. Футболчилик даврида Испания Ла Лигаси тўпурари сифатида Пичичи совринини қўлга киритган. Шунингдек, Испания термаси сафида жаҳон ва Европа чемпионатларида ўйнаган. 2002 йили у бутсаларини михга илди.

Шундан сўнг бир неча йил «радар»лардан йўқолиб қолди. Ўша пайтларда у Барселонада поло ўйнаб юрарди. Охир-оқибат Пицци мураббийлик фаолиятини бошлашга қарор қилди. Лекин унинг бу соҳадаги иши бошланмай туриб якунланиши мумкин эди. Аргентинанинг «Колон» жамоасини қабул қилиб олган Пицци учта ўйиндан кейиноқ истеъфога чиқарилди. Шундан кейин ҳам унда ўзига бўлган ишонч йўқолмади. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, Пицци Чилида иш бошлади ва ўша ерда ўзини кўрсатди. «Универсидад Католика» клубини қабул қилиб олган Хуан Антонио мамлакат чемпионлигини қўлга киритди. Орадан беш ярим йил ўтиб, Пицци яна Чилига қайтди. Бу сафар мамлакат миллий жамоаси бош мураббийи сифатида. Унинг қўл остида чилиликлар 2016 йилги «Копа Америка» мусобақасида ғолиб чиқишди. 2017 йили бўлиб ўтган Конфедерациялар кубогида эса финалга қадар етиб боришди. Бироқ Чили термаси кутилмаганда ЖЧ-2018 финал босқичига чиқолмади. Шундан сўнг мутахассис ўз лавозимини тарк этди. Буни қарангки, Россия мундиалига бориш Пиццининг тақдирига ёзилган экан. Мусобақа бошланишидан аввал у Саудия Арабистони термасини қабул қилиб олди. Турнирда саудияликлар мақтовга лойиқ натижага эришмаган бўлсаларда, уларнинг ҳаракатлари кўпчиликка маъқул келди. Айни пайт Пицци терма жамоани БААда бўлиб ўтадиган Осиё кубогига тайёрламоқда. Яқинда испаниялик мутахассис FIFA.com сайтига интервью берди. Қуйида ана шу суҳбатни ўқишингиз мумкин.

- 28 ноябрь куни Саудия Арабис­тони термасини қабул қилиб олганингизга бир йил бўлди. Ўтган давр мобайнида қандай ўзгаришлар кузатилди?

- Тўғрисини айтсам, бирор-бир натижага эришишга кўзим етмаганди. Чунки жаҳон чемпионати бошланишига оз қолганди. Одатда, янги келган мураббийга вазиятни ўрганиши, футболчилар ва муҳит билан танишиши учун вақт керак. Лекин Саудияга ташриф буюрганимдан сўнг бошқача вазиятга гувоҳ бўлдим. Мамлакат футбол федерацияси ва бошқа раҳбарлар қўллаб туришди. Футболчилар ҳам мен кутгандан яхшироқ бўлиб чиқишди. Ўйлайманки, жаҳон чемпионатида ёмон ўйнамадик. Мана, бир йилдан сўнг шуни айтишим мумкинки, бизда курашиш учун жанговар руҳ бор.

- Жамоани ЖЧ-2018га қандай тайёрладингиз?

- Тайёргарлик жараёни яхши ўтди. Бир нечта йиғинлар ташкил қилдик ва ўртоқлик учрашувларини ўтказдик. Агар жамоани бир йил олдин қабул қилиб олганимда, бундан ҳам яхши бўлармиди...

- Мисрга қарши учрашувдаги ютуқни «буюк ғалаба» деб атагандингиз...

- Нимага буюк бўлмас экан? Биз юлдузларга тўла Миср термасини мағлуб этдик. Ўша ўйинда нафақат натижа, балки ўйин борасида ҳам устун келгандик. Жамоамиз энг яхши ўйинларидан бирини намойиш этганди.

- Бир неча кундан сўнг Саудия Арабистони термаси Осиё кубогидаги иштирокини бошлайди. Бу сафар жамоадан нима кутяпсиз?

- Ҳаммасини. Ҳозир вазият бошқача. Жаҳон чемпионатига қараганда маъсулиятимиз юқорироқ. Умид қиламанки, футболчилар белгиланган вазифани бажариб, яхши натижа қайд этишади. Ҳозирда тўғри йўлдан кетяпмиз, деб ўйлайман. Амбицияларимнинг чегараси йўқ. Мен ўз ишига қунт билан ёндашиб, юқори натижаларга эришишни истайдиган мураббийман.

- Бунга қадар саудияликлар олти марта финалга чиқиб, шундан учтасида зафар қучишган. Галдаги мусобақа ҳақида фикрингиз қандай?

- Саудия Арабистонидаги фаолиятим орқали Осиё футболини яхши биламан. Бир қатор рақобатчиларимизни ўрганиб чиқдим. Осиёнинг ўйин услуби Жанубий Америка ёки Европаникидан тубдан фарқ қилади. Бошқа мураббийлар сингари башорат қилишни ёқтирмайман. Бу турнирда ғолиб чиқишни истаган кучли рақиблар ва қийин ўйинлар бўлади.

- Жаҳон ва Европа чемпионатларида ўйнаган мураббий футболчиларга қандай таъсир ўтказа олади?

- Бу омад ёки муваффақиятсизлик орасидаги ҳал қилувчи фактор эмас. Лекин ўшанда тўпланган тажрибанинг қўл келиши бор гап. Умуман олганда, футболчиларнинг ўзлари шундай йирик турнирларда иштирок этиб, керакли тажрибани тўплашлари муҳимроқ.

- Мураббий сифатида кимдан ўрнак олишни истагансиз?

- Ҳар бир футболчи фаолиятини якунлаганидан сўнг футбол соҳасида қолишни, ўзига мос иш топишни истайди. Мураббийлик ҳам шулардан биридир. Амбицияларимга мос иш топгунимча тўрт йил ўтиб кетган. Балки Голландия мактабининг бунга таъсири бордир. Умуман олганда, мен ўрнак олишни истайдиган мураббийлар кўп: Гус Хиддинк, Луи ван Гал, Юпп Хайнкес, Бобби Робсон, Хорхе Вальдано ва Рамон Диас шулар жумласидан.

- Клуб мураббийи билан терма жамоа мураббийи ўртасида қандай фарқ бор?

- Умуман олганда, тафовут йўқ эмас. Терма жамоа мураббийлари бутун бир мамлакат футболчилари билан иш олиб боришади. Ҳар сафарги йиғинларда янги номлар пайдо бўлиши эҳтимоли мавжуд. Аммо бу вақт оралиғида футболчиларни яхши ўргана олмай қолишингиз ҳеч гапмас. Клубда эса бир хил футболчилар билан ҳар куни ишлайсиз. Бу кўп йилларга чўзилиши ҳам мумкин.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz