Қайднома

Қидирув

Темур КАПАДЗЕ: «МЕНИНГ ФАЛСАФАМ КУПЕРНИКИДАН ФАРҚ ҚИЛАДИ»

Темур КАПАДЗЕ: «МЕНИНГ ФАЛСАФАМ КУПЕРНИКИДАН ФАРҚ ҚИЛАДИ»

  06.01.2019 15:38
  0
  1027
Темур КАПАДЗЕ: «МЕНИНГ ФАЛСАФАМ КУПЕРНИКИДАН ФАРҚ ҚИЛАДИ»

Ўзбекистон миллий жамоаси 2018 йил ҳисобидан сўнгги йиғинни Туркияда ўтказди. Анталиядаги машғулотларда асосий эътибор футболчиларнинг жисмоний тайёргарлиги, жамоавий ўйинни янада шакллантириш, турли тактик схемаларни амалда синаб кўришга қаратилди. Қитъа чемпионатидаги рақиблар ва бошқа иштирокчилардан фарқли равишда, ўртоқлик ўйини ўтказилмади. Аслида, Туркиядан кўра БАА ёки Қатарда йиғин ташкил қилинса яхшироқ бўларди. Чунки Осиё кубогининг аксарият иштирокчи термалари таёргарликни айнан шу икки мамлакатда ўтказишди. Биз миллий жамоа мавзусида Эктор Купергача бош жамоамизни бошқарган Темур Кападзе билан суҳбатлашдик.

- Темур, аввало, Осиё кубогига йўл олган якуний таркиб борасидаги фикрингизни билмоқчи эдим. Рўйхатнинг шундай тузилишини кутганмидингиз?

- Бу ерда фақат Элдор Суюнов масаласини муҳокама қилса бўлади, назаримда. Ўзбекистоннинг 2018 йилдаги энг яхши дарвозабони деб топилган посбонга якуний таркибдан жой тегмади. Билишимча, жароҳати тузалганди. Виталий Денисовга келсак, унинг тажриба ва маҳоратига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Лекин Куперга ҳозирги кунда кўпроқ Олег Зотеев ва Фаррух Сайфиев маъқул келгандир, ёққандир, шу икки ҳимоячи танловида тўхтади. Фикримча, бу мавсум Зотеев ўзининг энг яхши ўйинларини кўрсатди. Эшитишимча, Олег яхши маънода Купернинг ёқимтойига айланган. Сайфиев ҳам охирги йиғин ва ундан олдин ўтказилган ўртоқлик учрашувларида ўзининг ижобий жиҳатларини майдонда кўрсата олди. Дарвоқе, яна Суюнов масаласига қайтаман. Менимча, бу мавзуда дарвозабонлар мураббийининг фикр билдиргани афзалроқ. Чунки айнан Денис Иванков терма жамоага номзод дарвозабонларнинг бугунги ҳолатидан хабардор ва ишончим комилки, Эктор Купер якуний таркибни эълон қилиш олдидан у билан дарвозабонлар масаласида суҳбатлашган, маслаҳатлашган. Яна бир шахсий фикрим, терма жамоанинг якуний таркиби қандай бўлиши кўпчилик учун олдиндан 90 фоизга аниқ бўлганди. Фақат бир-иккита позицияларда танлов учун имконият бор эди. Бошқа томондан, Купер аллақачон ўзига кимлар кераклигини билиб олган. Бунга аввалги йиғинларда амин бўлдик.

- Демак, сизни якуний таркиб ҳайрон қолдирмади?

- Худди шундай.

- Жамоамизни яна ким кучайтириши мумкин эди?

- Биласизми, Купернинг ўзига хос қарашлари ва услуби бор, шу мусобақага керакли деб топган футболчиларни чақирди. Кимнидир таклиф этмаган бўлса, демак ўша футболчилардан кўнгли тўлмаган. Дейлик, кимдадир жароҳат бор, яна кимнингдир техникаси пасайган, баъзилари мураббий талаб қилган нарсани бажара олишмаган. Шунга ўхшаш сабаблар билан айрим футболчилар якуний таркибдан тушиб қолишди. Шу боис ҳам қайсидир футболчи терма жамоамизнинг ўйинини кучайтириши мумкин эди, дейишим ноўрин бўлади. Чунки менинг фалсафам, футболга қарашим бошқача ва Куперникидан фарқ қилади.

- Терма жамоа ўртача ёшининг 30 эканлиги бироз хавотирни юзага келтиряпти. Нима деб ўйлайсиз, тезлик бобида рақибларга ютқазиб қўймасмиканмиз?

- Менимча, ҳозирги таркибдаги барча футболчилар Осиё кубогига боришга ҳақли. Улар бутун мавсум давомида ўз ўйинлари билан буни амалда исботлашди. Балки бошқа мураббий бўлганида, ўзининг футбол фалсафасига тушадиган ўйинчиларни таркибга жалб қилиши мумкин эди. Футболчиларнинг ёшига келсак, менимча, бу катта аҳамиятга эга бўлмайди. Фақат майдонга ҳар томонлама тайёр бўлган футболчини тушириш керак. Ҳам руҳан, ҳам жисмонан бемалол ўйнай оладиганларга имконият бериш даркор. Кўп нарса футболчилар Купернинг талабини қай даражада бажара олишига боғлиқ. Осиё кубогидаги иштирокимиз танловлар қанчалик тўғри ёки акси бўлганини кўрсатиб беради.

- Гуруҳдошларимиз ҳақида гапирганда, асосий рақиб сифатида Япония терма жамоаси қаршимизда гавдаланади. Нима деб ўйлайсиз, гуруҳда муаммога дуч келмасмиканмиз?

- Тўғри, Япония қолган икки рақибимиз билан таққослаганда анча кучли. Қуръа биз учун омадли келди. Яхшиямки, японияликлар билан гуруҳнинг охирги ўйинида тўқнаш келамиз. Шунгача кейинги босқичга чиқиш вазифасини ижобий ҳал қилиб олишимиз керак. Бунинг учун Уммон ва Туркманистон термаларини мағлуб этишимиз лозим бўлади. Шунда футболчиларимиз Японияга қарши учрашувда босимсиз ҳаракат қилишади. Асосий ўйин - Уммонга қарши бўлиб ўтади. Босим қийнамайдиган паллада японларни ҳам мағлуб этса бўлади. Боз устига, мазкур баҳсда захирадаги қолган футболчиларга ҳам имконият бериш мумкин. Аммо Уммон ва Туркманистон жамоаларига қарши кечадиган гуруҳнинг дастлабки икки учрашуви осон кечмайди. Буни ҳозирданоқ айтиш мумкин. Рақибларимиз ҳам буни жуда яхши тушуниб туришибди. Шунга яраша тайёргарлик ҳам кўришяпти. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам биз гуруҳдан чиқишимиз керак. Дастлабки икки ўриндан ташқари, гуруҳларда 4та энг яхши натижага эришган учинчи ўрин эгалари ҳам нимчорак финалга йўл олишади.

- Кўпчилик Осиё кубогида ҳам жамоамизнинг худди ўртоқлик учрашувларида бўлгани каби ҳимоявий тактикада ўйнашидан хавфсирамоқда. Сизда ҳам шундай ҳадик борми?

- Бунга Осиё кубогидаги иштирок тайинли жавоб беради. Фикримча, Жанубий Кореяга қарши кечган учрашувдан кейин мураббийлар штаби керакли хулосаларни чиқариб олишган ва қитъанинг нуфузли мусобақасида футболчиларимизнинг энг кучли тарафидан фойдаланишади.

Камолиддин АЛИМОВ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz