Қайднома

Қидирув

Мураббийларнинг зимдан кураши

Мураббийларнинг зимдан кураши

  09.01.2019 00:17
  0
  975
Мураббийларнинг зимдан кураши

Осиё кубоги-2019 иштирокчи жамоалари сонининг 24тага етказилиши мураббийлар Ўртасидаги зимдан кураш гуруҳ босқичидаёқ бошланишига туртки бергандек. Ҳа, улар илк раундаёқ чорак финалда дуч келиши эҳтимоли бор рақиб хусусида ўйлашмоқда. Ўзини лидер ҳисоблайдиган терма жамоалар учун нимчорак финалнинг аҳамияти йўқдек, гўё. Ҳар ҳолда, дастлабки 4та ўйинлар шундай таассурот уйғотди. Бир қарашда, бу учрашувлар жуда аёвсиз кечди, яъни рақиблар бир-бирларини аяб ўтиришмади. Лекин зимдан назар ташлаб, атрофлича мулоҳаза юритсангиз, ҳаммаси режалаштирилган сценарий асосида бораётгандек туюлади...

Ҳа, режалаштириш ҳақида сўз очяпмиз. Аёнки, режалаштириш ва келишиш ўртасида осмон билан ерчалик фарқ бор. Ижтимоий тармоқларда БАА ва Баҳрайн терма жамоалари ўртасидаги баҳс келишилганлигига боғлиқ мулоҳазалар янгради. Эмишки, икки араб жамоаси баҳамжиҳат иш кўрган ҳолда, нимчорак финалга чиқмоқчи. Таиланд ва Ҳиндистон термалари - улар учун осонгина мағлуб этиладиган қулай рақиблар. Бошқача айтганда, «ем». Ҳиндихитой ярим ороли вакилларининг икки араб жамоасига қандай «озуқа» эканлигини вақт кўрсатади. Бу борада ҳозирча аниқ фикр айтиш қийин. Гарчи ҳиндларнинг шаштлари жуда баланд бўлса ҳам. Бироқ келишув ҳақидаги мулоҳазаларга қўшилишга асос йўқ. БАА ва Баҳрайн терма жамоалари футболчилари шунчаки, дурангга кўниб майдонга тушишди. Ҳарқалай, икки жамоа ҳам биринчи ўйиндаёқ ўз салоҳиятини тўла намоён этишни истамади. Гуруҳдаги вазият шундай бўлгач, нима учун ундан фойдаланмаслик керак?! Араблар кейинги рақиблар Таиланд ва Ҳиндистон терма жамоалари эканини билган ҳолда, ўзаро баҳсни «ўлим жанги»га айлантириб юборишганида, футбол дунёси Альберто Заккерони ва Мирослав Соукуп устидан куларди. Осиё кубоги каби нуфузли турнирда бу каби содда ёндашув кетмайди. Барчаси вазиятни ҳисобга олган ҳолда аввалдан режалаштирилади ва якунда ўйлаганини амалга оширган мураббий шарафга бурканади. Эътибор бердингизми, италиялик мутахассис ўйин­дан сўнг матбуот анжуманида шогирдлари ҳар қандай жамоа билан курашишга тайёр эканликларини алоҳида таъкидлади. Бу унинг «Дастлабки баҳс­даги дуранг биз учун маъқул» деганидир. Чехиялик мутахассис ҳам камтарлик билан рақибни ҳурмат қилишини айтди. Катта эҳтимол билан энди гуруҳ босқичининг 2-3-турларида БАА ва Баҳрайн термалари йирик ҳисобда ғалаба қозониш борасида рақобатлашади. Чунки 1-ўрин масаласини тўплар нисбати ҳал қилиши ҳозирданоқ аён бўлиб қолди. Ҳиндистонликлар бу режага халал беришмаса, албатта. Зеро, Стивен Константин шогирдлари илқ қадамдаёқ барчани ҳайрат кўчасига бошлашди. Нима бўлганда ҳам, «А» гуруҳи вакилларининг 1-ўрин учун интилишлари тайин. Негаки, гуруҳда 2-ўринни эгаллаган жамоа нимчорак финалдаёқ кучли рақибга дуч келади. Яна тахмин қилиш мумкинки, икки араб жамоаси балки тиришқоқ ҳиндларга қарши ортиқча куч сарфламай, фақат таиландлик футболчиларни имкон борича кўпроқ гол билан «сийлаш»га уринар.

Узоқни кўзлаган мураббийлар турнир тактикасини шундай зимдан ишлаб чиқадилар ва аста-секин ­ўйин­ларга татбиқ этадилар. Демоқчимизки, келишув ҳақидаги мулоҳазалар мутлақо ортиқча. Тахминлар хусусида сўз борар экан, беихтиёр машҳур Хавининг терма жамоамизга алоқадор башорати ёдга тушади. Таассуфки, унинг хулосаси йўлида дастлабки қадам ташланди. Гап Иордания термасининг амалдаги чемпион устидан қозонган ғалабаси тўғрисида эмас. Гап Австралия терма жамоасининг чорак финалдаги кучли рақибдан қочишида. Маҳоратли мураббийларнинг нуфузли турнирларга қандай тактика тайёрлашидан яхши хабардор Хавининг башорати дастлаб кўпчиликни ажаблантиргани рост. Аммо қарангки, охир-оқибат, у ҳақ бўлиб чиқмоқда. Балки бу ҳолат тактика билан боғлиқ эмасдир ва Австралия терма жамоаси гуруҳда 3-ўринни эгаллар. У ҳолда нимчорак финал учрашувлари ҳам биз ўйлагандан кўра қизғинроқ ўтади. Ҳар қандай ҳолат юзага келиши мумкин.

Хўш, бундай чигал вазиятда Эктор Купер қандай йўл тутади? Айримлар айтаётгани каби терма жамоамиз гуруҳда 2-ўринни олиш режасини бажариши керакми? Бизнингча, жамоамиз юқоридаги каби тактик режаларни нари суриб, борини бериб тўп суриши даркор. Майли, Хави башорат қилаверсин, жамоамизни «соккеруз» учун  қулай рақиб ўрнида кўраверсин. Ишончимиз комилки, футболчиларимиз Хавининг башорати ноўрин эканини амалда исботлашади. Бир вақтлар Хавига мухлислик қилган тошкентлик /уломжон ака, сайхунободлик Аҳмаджон ака каби нуроний футболсеварлар бугун жамоамизни ғалабалар сари чорлашмоқда. /уломжон ака Ҳамидов ҳаттоки, таҳририятга футболчилар ва мухлисларга далда бўлувчи шеър ҳам йўлладилар. Шеърнинг номи жарангдор - «Гарринча». Мазмуни ҳам зўр.

Таърифинг қанча-қанча,

Пеле кўрар сени туш.

О, тезкор қуш - Гарринча,

Биз билан майдонга туш.

 

Дриблингнинг донгдори,

Икки карра чемпион.

Бетакрор иқтидори,

Ўчмайди ёдда ҳамон.

 

Уни Нилтон топганди,

Термасига қайғуриб.

Мураббийга чопганди,

Кафтини кафтга уриб.

 

Агар у бўлса сафда,

Рақиб бўларди тамом.

Ётарди ўнгу-чапда,

Майдонга бериб салом.

Финтларидан лол бўлиб,

«Маракана» эди маст.

Самода завққа тўлиб,

Юлдузлар бўлганди паст.

 

Ўйнайди термамиз ҳам,

Мисли Гарринча каби.

Футболимиз эмас кам,

Ҳой, Дубай, Абу-Даби!

Умид қиламизки, ушбу қанотли мисралар газетамизнинг махсус мухбири Камолиддин Алимов билан БААга етиб боради ва термамизга алоҳида куч бағишлайди.

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz