Қайднома

Қидирув

Мағрур ҳилпирасин ҳур байроғимиз

Мағрур ҳилпирасин ҳур байроғимиз

  09.01.2019 14:51
  0
  499
Мағрур ҳилпирасин ҳур байроғимиз

Тарихдан маълумки, ҳар қандай даврда бирор давлат ташкил топгани ҳамоно унга алоҳида байроқ танланган. Бу иш замонамизда ҳам давом этяпти, албатта. Муайян мамлакат қадриятларини билдирувчи эзгу анъана! Чунончи, ўз ватани миллий байроғининг мағрур ҳилпираши ҳар қандай инсонга ўзгача кўтаринкилик ва қўшимча куч бағишлайди. Шундай экан, ҳур ЎЗБЕКИСТОН байроғи Осиё кубоги-2019да миллий жамоамизни олға бошлашидан умидвормиз. Тўғри, миллий байроғимизнинг мағрур ҳилпираши аввало, футболчиларимиз ҳаракатига боғлиқ.

Ҳа, ўтаётган ҳар бир дақиқа бизни миллий жамоамизнинг Осиё кубоги  доирасидаги биринчи ўйинига яқинлаштирмоқда. Бу сафарги қитъа биринчилиги ватандошларимизда ҳар қачонгидан ҳам каттароқ қизиқиш уйғотаётгани бор гап. Бинобарин, футболчиларимиз ОК-2019га хорижлик таниқли мутахассис қўл остида тайёргарлик кўришди. Кўпчилик билади, аргентиналик Эктор Купер жаҳон футболида ўзига хос фалсафаси билан ном қозонган. Эҳтимолки, унинг қарашидаги футбол биз учун бироз бегона. Миллий жамоамизнинг қитъа чемпионатига қаратилган сўнгги ўқув-йиғинини олсак, Купер Туркияда олиб борилган машғулотлар бинойидек ўтгани ҳақида гапирди. Аргентиналик мутахассис термамизнинг БААга борадиган якуний таркибини ҳам айнан шу йиғин асосида тузгани тайин. Ҳозирда Осиё кубоги «заявка»сига киритилган ва киритилмаган футболчиларга эътибор қаратишдан маъно йўқ. Футболда ёзилмаган қонун бор: натижа учун ҳамиша бош мураббий жавоб беради. Қолаверса, Купер жамоага жалб этилган футболчилар билан озми-кўп бирга ишлади, ҳар бир номзод нималарга қодирлигини чамалаб кўрди. Демоқчимизки, у БААда ватан шарафи учун ўйнашга танлаб олинган 23 нафар футболчининг ҳозирги ҳолатию, имкониятини биздан яхшироқ билади. Асосий масала -  термамизнинг мусобақада қандай иштирок этиши!

Терма жамоамизнинг сўнгги ўртоқлик учрашувлари таъсиридами, ажойиб бир мақол бот-бот ёдимга тушмоқда: «Иштаҳа овқат пайти келади». Ҳа, айниқса, корейсларга қарши кечган ўша муаффақиятсиз ўйин бизга қўзғатувчи зарба сифатида хизмат қилса, ажабмас. Расмий ўйинлар бошланишига қадар шундай кайфият-ёндашувда бўлган маъқул. Акс ҳолда, вужудимизни қандайдир ишончсизлик қамраб олади ва бунинг таъсирида чиройли ўйин ҳам кўзимизга унча кўринмайди, кўнгил ҳаловат топмайди. Яна бир таскин шуки, миллий жамоамиз ўйинларида хорижлик мураббийнинг имзоси ҳам аста-секин сезилмоқда. Футболчилар майдонда ўзаро ҳамжиҳат ҳаракатланиб, назоратни қўлга олишга уринишгани кўпчиликда ижобий таасурот қолдиргани рост. Муҳими, мухлисларда термамизга нисбатан юксак ишонч қайта барқ уриши керак. Шунда умумий кайфият футболчиларга ҳам кўчади ўз-ўзидан. Оддий хулоса чиқарсак, БАА майдонларида бош жамоамизга айни шу икки жиҳат - бир ёқадан бош чиқариб, ягона кучга айланиш ҳамда ишонч асқотиши мумкин. Бир эсланг, 2011 йилги Осиё кубогига тайёргарлик кўриш жараёнида ҳам ўртоқлик учрашувларида салбий натижалар қайд этилган ва Вадим Абрамов томон кўпдан-кўп танқидлар янграганди. Лекин асосий баҳсларда жамоамиз буткул бошқача қиёфага кириб, Осиё чемпионатига ўзгача чирой бағишлаганди. Шунинг баробарида натижа ҳам яхши бўлган (ҳар ҳолда, жамоамиз бунга қадар ярим финал юзини кўрган эмасди). Эҳтимол, Эктор Купер ҳам жамоамизнинг асл салоҳиятини финал босқичи учун яшириб қўйгандир. Агар шундай бўлса, ишонинг, бу сафар ҳам камида ярим финал довони забт этилади. Ҳар ҳолда, Осиё футболининг ҳозирги ҳолатида кучли тўртликка кириш имконсиз иш саналмайди.

Мақола бошида таъкидлаганимиздек, юрт шарафини халқаро миқёсда ҳимоя қилишга чоғланган ҳар бир инсонга давлат рамзлари алоҳида мотивация бағишлайди. Хусусан, миллий байроқ ички кечинмаларни жунбушга келтириб, ватанпарварлик туйғусини оширади. Бу ҳақда ортиқча гапириш шарт эмас. Зеро, она ватан ҳимояси - улуғ миссия. Эсланг, Қатар-2011 турнири бошланиши арафасида бош мураббий Вадим Абрамов футболчилар олдига битта шарт қўйганди: давлатимиз мадҳиясини ёдлаш талабини. Тўғри, олдин ҳам мураббийлар шундай қилишгандир, лекин бизга маълуми шуки, айнан Вадим Карленович буни шарт сифатида илгари сурган. Натижаси ўзингизга маълум. Юртимиз мадҳиясини чин юракдан куйлаган ҳолда ўйинга киришган вакилларимиз бутун вақт давомида мазмунли тўп суришганди. Купер амаки ҳам жамоада шу каби жиҳатларга алоҳида эътибор қаратгандир, ҳарқалай, у кўпни кўрган мураббий ва мотивация нималигини жуда яхши билади. Унутмайлик, футболчилар БААда она ватан шарафи учун майдонга тушишади. Зотан, ижод аҳли айтганидек, ВАТАН - БУ ОНА! Уни жондай асрамоқ мардларга хосдир!

Аҳрор ВАЛИЕВ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz