Қайднома

Қидирув

Марат БИКМАЕВ: «БИЗ ЎЗИМИЗГА ИШОНАМИЗ»

Марат БИКМАЕВ: «БИЗ ЎЗИМИЗГА ИШОНАМИЗ»

  09.01.2019 09:56
  0
  380
Марат БИКМАЕВ: «БИЗ ЎЗИМИЗГА ИШОНАМИЗ»

Кўпчилик учун кутилмаган тарзда, БАА яшил майдонлари мезбонлик қилаётган Осиё кубоги сенсацион натижалар билан бошланди. Аввалига Баҳрайн билан куч синашган мезбонлар сўнгги дақиқаларда пенальтидан киритилган гол эвазига аламли мағлубиятдан қутулиб қолишди. Эртаси куни эса амалдаги Осиё чемпиони - Австралия терма жамоаси шов-шувли тарзда иорданияликлардан енгилди. Бундан хулоса қилиш мумкинки, мусобақадаги ҳар бир ўйинга ўта жиддий ёндашиш керак. Айниқса, гуруҳдаги илк учрашувга. Эктор Купер шогирдлари эса гуруҳнинг биринчи ўйинида Уммон терма жамоасига қарши майдонга тушишади. Японияга гуруҳ фаворити сифатида қарайдиган бўлсак, катта эҳтимол билан иккинчи йўлланма тақдирига айнан мана шу баҳсда узил-кесил ойдинлик киритилса керак. Буни биз ҳам, уммонликлар ҳам жуда яхши ҳис қилиб туришибди. Хўш, шундай муҳим беллашув олдидан йигитларимизнинг кайфияти қандай? Биз буни аниқлаш мақсадида терма жамоамиз ҳужумчиси Марат Бикмаевдан интервью олдик.

- Марат, Осиё кубогининг очилиш ўйинида бироз кутилмаган натижа қайд этилди. БАА футболчиларининг бу қадар суст ҳаракат қилишганинг сабаби нима, сиз­нингча?

- Очиғи, шахсан мен бу учрашувни кўра олмадим. Чунки айнан ўша пайт­да биз машғулот ўтказаётган эдик. Кейин кичик танаффус юзага келган пайтда телефонда хавфли вазиятлар ва голларни кўриб олдик. Фикримча, баъзи эпизодларда, айниқса, пенальти белгиланган вазиятда ҳакам мезбонларга яққол ён босди. Ўша пайтда ўйин қоидаси бузилмаган эди. Умуман олганда, менга Баҳрайн футболчилари кўрсатган ўйин жуда маъқул бўлди. Ўзи мана шундай катта мусобақаларда ҳеч бир жамоага осон кечмайди. Бошқаларни билмадиму, лекин мен Осиё Кубогининг очилиш ўйинидан сенсация кутгандим ва бу рўй берди.

- Қитъа чемпионатига тайёргарлик ва яратилган шароитлар ҳақида нима дейсиз? Муаммоларга дуч келмадингларми?

- Ҳозирча ҳаммаси жойида. Ҳеч қандай ортиқча янгилик ва шу билан бирга муаммо ҳам йўқ.

- ФИФА сайти чемпионлик учун бир нечта даъвогарларни айтди ва улар орасида Ўзбекистон ҳам бор. Бу галги Осиё чемпионатида кутилмаган жамоа чемпион бўлиб қолишига ишонасизми?

- Албатта, ишонаман. Агар ишонмаганимда бу ерда бўлмасдим. Насиб қилса, терма жамоамиз футболчилари қўлдан келганича ҳаракат қилиб, яхши натижа билан Ватанга қайтамиз. Бир сўз билан айтганда, биз ўзимизга ишонамиз.

- Сиз чемпионлик йўлида қайси жамоаларни фаворит ҳисоблайсиз?

- Ўзбекистон, Жанубий Корея ва Эрон.

- Кучлилар сафига Австралия ва Японияни қўшмадингиз?

- Австралиянинг илк ўйинини кўрдингизку! Япония эса гуруҳдошимиз.

- Қитъа чемпионатида илк бор 24та терма жамоанинг иштирок этишига қандай муносабат билдирасиз?

- Менимча, ўзгаришлар Осиё кубогининг нуфузига салбий таъсир ўтказмайди. Аксинча, қолган жамоаларга ҳам имконият тақдим этиляпти. Бугун (суҳбат 6 январь куни уюштирилган) Ҳиндистон терма жамоасининг Таиландни йирик ҳисобда мағлуб этишини ҳеч ким кутмаганди. Демак, жамоаларнинг кўп бўлгани, барибир, яхши. Бежизга ФИФА ҳам жаҳон чемпионати иштирокчилари сонини оширмоқчи бўлмаяпти.

- Уммонга қарши кечадиган ўйинни мухлислар биз учун «биринчи финал» деб баҳолашяпти...

- Тўғрисини айтсам, Уммон терма жамоаси ҳақида умуман маълумотга эга эмасман. Учрашувдан бир-икки кун олдин албатта, гуруҳдаги илк рақиб ҳақида тўлиқ маълумот биз - футболчиларга тақдим этилади. Лекин интернет тармоғи орқали бу жамоанинг етакчи футболчилари ҳақида маълумот олиш мумкин ва мураббийлар аллақачон бир тўхтамга келиб қўйишгани аниқ. Асосийси - хато қилишга асло ҳаққимиз йўқ. Ҳар қандай нуфуздаги мусобақанинг биринчи ўйини исталган жамоа учун қийин бўлиб келган. Бизга осон бўлади, деган фикрдан йироқман. Гуруҳнинг биринчи ўйини кейинги учрашувларга ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Айтмоқчиманки, турнирни қандай бошласанг, шундай давом этади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам Уммонни мағлуб этиш шарт ва биз бунинг учун боримизни берамиз.

- Мураббийлар бу жамоа, умуман, биринчи учрашув ҳақида сизлар билан гаплашишдими?

- Ҳали гаплашишгани йўқ. Лекин бунга ҳали улгурамиз.

- Гуруҳдаги қолган рақиблар - Япония ва Туркманистон ҳақида нима дея оласиз?

- Биласизми, мен ҳам, ишонаманки, бошқа футболчиларимиз ҳам ҳозир фақат бир жамоа ҳақида ўйлаш­япти - Уммон! Япония билан гуруҳнинг сўнгги ўйинида тўқнаш келамиз. Кўпчилик Туркманистон терма жамоасини аутсайдер деб ҳисобламоқда. Мен эса бундай демаган бўлардим. Кетма-кет кутилмаган натижалар кузатилаётган бир пайтда ҳеч бир жамоага паст назар билан қараб бўлмайди.

- Футболчиларнинг кайфияти қандай? Кўзлар ёняптими?

- Албатта, бошқача бўлиши мумкин эмас. Ўйлайманки, жамоамиздаги яхши кайфият мусобақа сўнггига қадар сақланиб қолади. 

- Эктор Купернинг тактикаси, футболга қараши, фалсафасини тўла тушуниб олдингларми?

- Энг муҳими, у биздан нимани талаб қилаётганини тушуняпмиз. Энди кўрсатмаларни ўйинда намо­йиш этиб берсак, бас.

- Туркиядаги йиғин чоғида ўртоқлик учрашуви ўтказилмади. Фақат машғулот билан чекланиб қолиш бизга панд бериб қўймасмикан?

- Бу саволни очиқ қолдирсам... Чунки ўртоқлик ўйинини ўтказилмагани бизга боғлиқ эмас.

- Жавобларингиз учун раҳмат. Осиё кубогида жамоамизга омад ёр бўлсин!

Камолиддин АЛИМОВ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Сиз Эктор Купер миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 (Қатар)га олиб бора олишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz