Қайднома

Қидирув

Марио БАСЛЕР: ЭНГ ЯХШИ ВА ЭНГ ЁМОН

Марио БАСЛЕР: ЭНГ ЯХШИ ВА ЭНГ ЁМОН

  11.01.2019 03:49
  0
  536
Марио БАСЛЕР: ЭНГ ЯХШИ ВА ЭНГ ЁМОН

Ўтган асрнинг 90-йилларида ёрқин ўйинлари билан ном қозонган германиялик Марио Баслер 18 декабрь куни 50 ёшга тўлди. Soccer.ru сайти юбилей баҳона собиқ ярим ҳимоячининг унинг турли мавзуларга доир фикр-мулоҳазаларини қамраб олган суҳбатини чоп этди. - Марио, қайси жамоа сиз учун энг севимли ва қадрли...?

- Кайзерслаутерндан 20 км. узоқликда жойлашган Пфальц шаҳарчасида туғилганман. Шундай экан, футболдаги асосий жамоа - «Кайзерслаутерн». Ҳар ҳолда, болалик орзуларию, миллионлар ўйинига иштиёқим айни шу клуб билан боғлиқ эди.

- Сиёсатга муносабатингиз қандай?

- Бу борада 20 соатлаб гапиришим мумкин. Лекин ижобий руҳда эмас. Ҳукумат мутасаддилари одамларни калака қилишмоқда. Улар сайловолди ваъдаларни бажаришмайди, қуруқ сафсатадан нарига ўтишмайди. Шу сабаб ҳам, анчадан буён сайловларга бормаяпман.

- Жамоангизнинг аламли мағлубияти билан якунланган ЧЛ-98|99 финалини эслаш сиз учун ҳали ҳам оғриқлидир (Марио ўша фантастик финалнинг 6-дақиқасида «Бавария»ни ҳисобда олдинга олиб чиққан, лекин «МЮ» ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтда 2та гол уриб, совринни илиб кетганди)...?

- Бошқача бўлиши мумкинми? Деярли нақд қилинган кубокни бой бериш чиндан ҳам, ачинарли... Айниқса, 90 дақиқа давомида олдинда бориб, қўшимча вақтда енгилиш. Ҳа, бунга чидаш осон эмас. Лекин табиатан майдондаги омадсизликларга жиддий аҳамият бермасликка одатланганман. Эсимда, Барселонадаги ўша  ўйиндан кейин 5 соат ўтгач, аламимни ичкиликдан олгандим. Тўғрироғи, алкоголь таъсирида бор овозим билан хиргойи қилиб, рақсга тушгандим.

- Бурчак зарбасидан тўғри гол уриш осон эмас. Сиз эса бир мавсум давомида 2 марта шундай мўжиза кўрсатгансиз. Айтингчи, бунга алоҳида тайёргарлик кўрармидингиз?

- Кимдир бурчак зарбасидан гол урсаю, буни олдиндан режалаштирганини айтса, у ёлғончи ҳисобланади. Демоқчиманки, бурчак тўпини қандайдир қолипга солишнинг иложи йўқ. Ҳа, тўпга айланма йўналиш бериш, муайян нуқтага тўғри етказиш устида ишлаш мумкин. Аммо бурчак зарбасининг голга айланиши - бу омад ва тасодиф. Хусусан, мен ҳам ўша вазиятларда тўпни дарвозанинг яқин устуни томон йўналтирган ва қайсидир жамоадошим унга тегиниб, гол уришига умид боғлаганман.

- Умуман, ўзингизни қандай инсонлар тоифасига киритасиз?

- Очиғи, турмуш тарзим ва табиатим билан мақтанолмайман. Мисол учун, вақтида кўплаб футболчилар, ҳаттоки, айрим жамоадошларим ҳам мендан ошкора нафратланишган. Мухлислар хусусида ҳам шундай дейишим мумкин: улар мени ортга қайтиш чиптасисиз Ойга жўнатиб юборишга тайёр турардилар...

- Сўнгги йилларда футболчиларнинг Хитойга йўл олишлари урфга айланди. Бунга нима дейсиз?

- Умумий фикрим оддий: Осиё футболи мўмай даромад манбаига айланган экан, бутсаларини михга илиш олдидан Хитойга юзланаётган фахрийларга эътироз йўқ. Аммо ёш футболчиларнинг моддий масалани биринчи ўринга қўйишлари - соф калтафаҳмлик. Улар ҳаттоки, олтин тоғни ваъда қилишган тақдирда ҳам, кетмасликлари керак.

- 2012|2013 йиллар мавсумида ЧЛ финалига «Бавария» ва «Боруссия» Д. клублари чиққанди. Ўшанда роса яйрагандирсиз...

- Мусобақа аввалига «Енгилганлар турнири» мақомини олди. Кейин соврин Ла-лиганинг соф мулкига айланиб қолди. Хуллас, 2013 йили битта хитоб янгради: «Алвидо, «Барселона» ва «Реал», яшасин, «Бавария» ва «Боруссия»!»

- Вақтида етарлича тан-қид эшитгансиз. Улардан куч олганингиз ростми?

- Ҳа, танқид кучимга куч қўшади. Дортмунд стадиони трибуналаридаги 50000 мухлис мени отишга ва яна 50000 киши оёқларимни синдиришга тайёр турса, ўзимни ўта қудратли ҳис этардим. Худди Арнольд Шварценеггер қайсидир фильмда бутун дунёга қарши курашганидек...

- Баъзи зарарли иллатлар янада ёрқинроқ ўйнашингизга халақит берган экан...

- Ўша пайт қанча хоҳласам, шунча чекардим. Ҳеч қачон нафсимни тийган эмасман. Ичкиликдан ҳам қайтмасдим. Шундай бўлсада, майдонда вазифамни рисоладагидек адо этардим, барибир. Хуллас, дунёдаги энг яхши одам ҳам, энг ёмони ҳам ўзимман. Фақат қўшимча қилишим керак, ёмон иллатлар ҳеч кимга фойда келтирмайди.

- Месси ва Роналдуга оид тўхтовсиз баҳс-мунозаралар ҳамон давом этмоқда. Сиз қайси томондасиз?

- Тўғриси, бу йигитларга аниқ баҳо беришим мушкул. Бунинг ўрнига оддийгина жавоб билан кифояланаман: сайёранинг энг яхши ҳужумчиси - Роберт Левандовски. Албатта, ўз ишининг асл усталари кўрсатадиган  нафис ҳаракатлар чексиз завқ бағишлайди. Иложи бўлса, Раулнинг энг ёрқин ўйинларини томоша қилишдан бош тортмасдим.

- Хосеп Гвардиола тузган «Бавария» шахсан сизда қандай таассурот уйғотганди?

- Бу жамоани чек-чегараси йўқ дарёга ўхшатаман. Ўша «Бавария» менга йил давомидаги 300 кунлик таътилдек туюлди. Агар Пеп мени ўз жамоасига таклиф қилганида, дарҳол рад этардим. Чунки қизиқарли спектаклни четдан томоша қилиш ёқимлироқ...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz