Қайднома

Қидирув

Женнаро ГАТТУЗО: «МУАММО КУЧЛИ ИШОНЧСИЗЛИКда...»

Женнаро ГАТТУЗО: «МУАММО КУЧЛИ ИШОНЧСИЗЛИКда...»

  10.01.2019 20:39
  0
  193
Женнаро ГАТТУЗО: «МУАММО КУЧЛИ ИШОНЧСИЗЛИКда...»

«Милан» жорий мавсум ҳам ишончни сира оқлолмаяпти. Табиийки, бош мураббий вазифасини адо этаётган клуб афсонаси Женнаро Гаттузо ҳам натижалардан қониқмаяпти. Футболчилик пайти майдонда жонкуярлиги билан алоҳида ажралиб турган ёш мутахассис жамоа телеканалига берган интервьюсида 2018 йил якунларига оид фикрларини баён этар экан, «Милан» вакиллари кучли ишончсизлик қуршовида қолишганини тан олди. Ирқчилик ва Кулибали

- Карло Анчелотти фикрини 100 фоиз маъқуллайман. Ирқчиликнинг жирканч кўриниши биргина Италияга хос иллат эмас. Масалан, юксак спорт маданияти шаклланган Англияда ҳам шундай ёқимсиз ҳолатларни кузатиш мумкин. Менимча, ирқчилик аломати сезилиши ҳамоно ўйинни шартта тўхтатадиган пайт келди. Мана, янги йилга қадам ҳам қўйдик, ривожланишда давом этишимиз лозим. «Италия - ирқчилик макони» қабилидаги фикрларга асло қўшилмайман. Ахир трибунада номақбул ҳаракатни амалга оширадиган 3-4 нафар калтафаҳм туфайли бутун мамлакатни қоралаш тўғрими?

Ички муаммолар

- Таркиб борасида муаммо юзага келган паллада «Милан» ҳаммани бирдек ҳайрон қолдирди. Чунончи, йигитлар юксак шижоат билан тўп суришди. Гўёки, йўқотадиган ҳеч нарса қолмагандек... Шундай ёндашув эвазига «Торино» ва «Болонья»ни енгдик. Лекин ғалабалар аҳамияти орта бошлагач, камчиликлар юзага чиқди, хавотир даражаси ошди. Дейлик, «Фрозиноне»га қарши баҳснинг биринчи бўлимидан кўнглим умуман тўлмади. «Милан» эмас, балки рақиб жамоа 4-ўринга чиқиб олиш курашаётгандек туюлди. Ваҳоланки, 3 кунча муқаддам ўзимиз кўзлаган марра, яъни, ЧЛ йўлланмасини таъминлайдиган 4-ўриндаги жамоадан атиги 1 очко ортда бораётгандик. Ўша учрашувнинг танаффусидан кейин кўплаб хавфли вазиятлар яратдик, аммо ғалаба голини уролмадик, барибир. Доимо нимадир етишмайди... Дейлик, ҳимоя чизиғига боғлиқ муаммоларни ҳал этишимиз билан ҳужумда камчиликлар сезилмоқда. Ҳа, «Милан» либосини кийиш ҳамон улкан масъулият саналади ва бунинг босими катта. Аммо хатолар таъсирида тушкунликка берилмаслик керак. Зеро, ҳеч ким хато қилишдан ҳимояланмаган. Энг муҳими - улардан тўғри хулоса чиқариш. Айни пайт умумий ҳолатимизга ҳавас қилиб бўлмайди. Ўйлашимча, бунинг асосий сабаби - хавотир. Жамоам қандайдир кучли ишончсизлик қуршовида қолгандек...

Йилнинг охирги ойи

- Декабрда ўйин услубини ўзгартирдик. Барчамизга деярли ёд бўлиб кетган 7-8та комбинацион ишланма мавжуд, аммо муайян муаммодан қутулолмаяпмиз, барибир. Янги ғояларни амалга татбиқ этишда эса роса қийналяпмиз. Мана, сўнгги ўйинларда 2 нафар ҳужумчи билан ҳаракатландик. Бу тактик чизмада жамоа талаб даражасида фаоллик кўрсатмаса, режа шундоқ ошкор бўлиб қолади. Оқибатда хавфли вазиятлардан фойдаланиш мураккаблашади. Очиғи, шогирдларимнинг ўйинга шайланишларидан кўнглим тўлмаяпти, уларда иштиёқ сўнгандек, гўё. Лекин бу «Милан»нинг энг ёмон ҳолати эмас. Ҳеч кимни ранжитишни истамайман, лекин айрим ўйинларда ношуд мусиқачилар гуруҳидек таассурот уйғотдик. Мисол учун, қаторасига 4та ўйинда гол уролмаслик ҳолати клуб ҳаётида 1986 йилдан буён кузатилмаганди. Начора, чидашга мажбурмиз, умид шуки, жамоа тез орада аввалги шижоатини тиклайди.

Турнир жадвали

- Жамоамизга нисбатан ишончсизликка йўғрилган мулоҳазалар ҳам кўпайганидан кўпайди. Сезиларли силжишга эришишни кўзлагандик, аммо ўхшамаяпти. Тўғриси, менга омадсизликдан кўра, жамоам атрофидаги муҳит оғирроқ ботяпти. Ҳаттоки, 4-поғонага чиққанимизда ҳам танқидлар тўхтамади. Қандай таркибга эгалигимиз, етук ижрочиларга муҳтожлигимиз ҳеч кимни қизиқтирмайди. Ҳамма «Милан»нинг бирданига кучли ўйин кўрсатишини талаб қилади, холос. Муваффақиятсизлигимизда ана шу ноўрин муносабат таъсири ҳам катта, менимча.

Гонсало Игуаин

- Афсуски, Гонсало муҳим ўйинда  пенальтидан фойдаланолмади, боз устига, қизил карточка олиб, бутун дунёга овоза бўлди. Унутмайлик, ҳар қандай футболчи бундай омадсизликка юз тутиши мумкин. Энг ёмони, бу унга руҳий томондан таъсир ўтказмай қолмайди. Тўғри, Игуаинда вазиятлардан фойдаланиш масаласида баъзи муаммолар йўқ эмас. Бироқ менга айнан шундай ҳужумчи керак. Умуман, жамоамга юксак техника соҳиблари етишмаяпти. Ҳа, Сусо бор, бироқ унинг саломатлиги жойида эмас, Чалханоглу эса ўз савиясига яраша ўйнолмаяпти...

Жамоа ўйинига изоҳ

- Тўп учун 10 киши бўлиб курашадиган рақибни енгиш осон эмас. Ҳар ҳолда, «Фрозиноне»га қарши баҳсда аслида чакки кўринмадик. Ижобий ўзгариш сари интиляпмиз, қайтараман, охирги ўйинларда ҳужумга кўпроқ эътибор қаратдик. Чунки 5 нафар ҳимоячи қаршилигини синдириш талаб этилди. Йўқ, ўзимни оқламоқчи эмасман, лекин жароҳатланганлар ўрни сезилгани - бор гап. Тез орада ҳаммаси изга тушишидан умидворман. Бошқа илож йўқ.

Йил якуни

- Йил якуни эмас, узоқроқ муддат, яъни, мавсум-2013Ғ2014дан кейинги даврни таҳлил қилмоқчиман. «Милан» сўнгги йилларда март ойида қандайдир омадсизликка юз тутмоқда. Демакки, баҳорда иштиёқ билан тўп суришимиз учун ЧЛга чиқиш имконини берадиган ҳудуд яқинида бўлишимиз шарт. Аввалги натижаларни унутиб, бугунги вазифалар ҳақида бош қотириш мақсадга мувофиқ. Айни ҳолатда ЧЛ йўлланмаси биз учун чемпионликка тенгдир. Бунга эришиш йўлида максимал даражада тер тўкиш талаб этилади. Очиғи, 2018 йил якунида 5-поғонадан кўтарилолмаганимиз мени қаттиқ ранжитди. Бунинг ортидан шогирдларим кайфияти тушиб кетди. Иккинчи томондан, асосий рақобатчиларимиз - «Рома» ва «Лацио» клублари анойи эмаслигини унутмайлик. Демак, олдимизда битта йўл бор - охиригача ғалаба сари интилиш.

А.Ҳамидов тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz