Қайднома

Қидирув

Қиш чилласида қизишиб олинг ёки яна Осиё кубоги ҳақида...

Қиш чилласида қизишиб олинг ёки яна Осиё кубоги ҳақида...

  12.01.2019 00:33
  0
  1016
Қиш чилласида қизишиб олинг ёки яна Осиё кубоги ҳақида...

Айни кунларда ҳаммамизни ҳаяжонга солиб, БААда давом этаётган футбол бўйича навбатдаги Осиё чемпионати россиялик мутахассис ва мухлисларнинг қизиқишига сабаб бўлмоқда. Буни «ru» доменида эълон қилинаётган мақолалардан ҳам билиб олиш мумкин. Хусусан, яқинда чоп этилган қуйидаги фикрлар эгаси Михаил Морозов турнирга ўзгача нигоҳ билан назар солиб, ўқувчиларда илиқ таассурот уйғотди. Шу боис, унинг мулоҳазаларини сизга илиндик.

Янги формат

Маълумки, бу галги Осиё кубоги ҳам худди сўнгги Европа чемпионатида бўлгани каби, иштирокчилар сонининг ошгани билан алоҳида ёдда қолади. Яъни, мусобақада қатнашувчи жамоалар сони 16тадан 24тага оширилди. Қоидалар ҳам ўхшаш - тўрттадан жамоаси бор олти гуруҳ, 1|8 финалга тўғридан-тўғри икки йўлланма, уларга энг яхши натижа кўрсатган яна тўртта учинчи ўрин соҳиблари ҳам қўшилади. Турнир форматининг ўзгариши туфайли Қирғизистон, Филиппин ва Яман термалари ҳам ўз тарихларида илк бор мусобақада қатнашиш ҳуқуқига эга бўлишди.

Эътиборли футболчилар

Биз турнир давомида турли сабаблар туфайли Хонда ва Кагава, Оказаки ва Хасебе, Йединак ҳамда Кэйхилл, Арзани ва Моу каби машҳур футболчиларнинг ўйинидан баҳра ололмаймиз. Шунингдек, Осиё футболидаги етакчи плеймекерлардан бири бўлган Умар Абдулраҳмон ва пенальтиларни қайтариш борасида АПЛдаги энг яхши киперлардан бири Нил Этерижлар ҳам мусобақани ўтказиб юборишади. Лекин шунга қарамай, терма жамоаларда диққат қаратишга арзийдиган футболчилар етарлича топилади.

• Австралия: ўтган сафарги Осиё кубоги қаҳрамонлари Леки ва Круз, шунингдек, турнирнинг энг яхши футболчиси мақомига лойиқ кўрилган Массимо Луонго. Қизиғи шундаки, Австралиядаги чемпионатда ҳаммадан яхши деб топилган Луонго ҳалигача «КПР» даражасидан юқорига чиқолмади.

• Жанубий Корея: Ки Сун Ён ва Сон Хюн Минлар бундан аввалги икки чемпионатда кумуш ва бронза медалларга эга чиқишган. Корейслар мана 50 йилдан ошдики, сира «олтин»га ета олишмаяпти. Ким билади дейсиз, айнан шу омил жорий мусобақада футболчиларга қўшимча куч берар?..

• Хитой: Ву Лей. Бу йигитча Оскар ва Халк каби юлдузлар қатори «Шанхай СИПГ» учун кетма-кет голлар урмоқда. Бу йил эса Лей айниқса, «очилиб», 27та гол билан Хитой чемпионатида тўпурарлик мақомига эришди.

• БАА: таркибда Умар Абдулраҳмоннинг йўқлиги учун албатта, бор эътибор Али Мабҳутга қаратилганди. Аммо очилиш ўйини кўрсатиб бердики, бош қаҳрамон ролини Аҳмад Ҳалил ўйнаб беради, чоғи.

• Эрон: Россиядаги сўнгги ЖЧда Марокашни енгиб, испанларнинг асабини бузиб, Португалияни сал қолса, уйига жўнатиб юборган таркиб деярли ўзгармаган ҳолда Осиё кубогига етиб келган. Демак, яна Азмун ва Жаҳонбахшларнинг ўйинини кузатамиз.

• Саудия Арабистони: сўнгги йилларда терма жамоанинг ўйини марказий ярим ҳимоячи Абдуллоҳ Отайф атрофида шакллантириляпти. Лекин ЖЧ-2018да араблар ўзлари истаган натижани қайд эта олишмади. Балки, Серхио Бускетсни кумир даражасида ҳурмат қилувчи Отайф қитъа турнирида мақсадига етишар?..

• Япония: тажрибали Нагатомо ва Йошида, шунингдек, мундиалда порлаган Осаколарнинг ҳаракатларини кузатиш ёқимли, албатта. Бироқ Сёя Наказима рақиблар учун кутилмаган «сюрприз» бўлиши аниқ. Бу футболчи нимагадир ЖЧга олиб кетилмаган, ваҳоланки, ўша пайт у Португалиянинг «Портимоненсе» клубида 29 ўйинда 10та гол уриб, яна шунча пас беришга улгурганди. Наказиманинг ҳозирги кўрсаткичи эса бундан ҳам яхши - 13 ўйинда 5}5!

• Ўзбекистон: «Анжи» ва «Краснодар»даги ўйинлари орқали россиялик мухлислар ёқимтойига айланган Одил Аҳмедов соғ-омон ва кўтаринки кайфиятда. Айтишларича, жамоа сардорини бу гал фақат медалларгина қониқтиради. Ўтган галги Осиё кубоги қаҳрамони - Сардор Рашидов эса Одилга ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр. Афсуски, бу йигитни Россия клублари ўз таркибларига қўша олишмади ва Рашидов маълум вақт Қатарда тўп сурди. Қизиғи шундаки, ҳаракатлари чиндан ҳам Роналдуни эслатиб юборувчи футболчини қатарликлар «CR10» тахаллуси билан сийлашганди.

 

ТаниҚли мураббийлар

Осиё кубоги-2019да номдор мураббийлар сони номдор футболчилардан кўра кўпроққа ўхшайди, назаримизда. Ишонмасангиз, қуйидаги рўйхатга кўз югуртиринг...

БАА - Альберто Заккерони: «Интер», «Милан», «Лацио» ва «Ювентус» клубларини бошқарган, Италия чемпиони бўлган.

Жанубий Корея - Паулу Бенту: Евро-2012 ярим финалчиси.

Хитой - Марчелло Липпи: жаҳон чемпиони.

Филиппин - Свен-Ёран Эрикссон: учта еврокубок соҳиби, Италия чемпиони.

Эрон - Карлуш Кейруш: «Реал» клуби ва Португалия терма жамоаси собиқ устози.

Ироқ - Сречко Катанец: камтарингина Словения термасини Евро-2000 ва ЖЧ-2002га олиб чиққан.

Саудия Арабистони - Хуан Антонио Пицци: Америка кубоги-2016 ғолиби.

Ўзбекистон - Эктор Купер: ЕЧЛ финалининг икки карра қатнашчиси.

Шунингдек, Милован Райевац (Таиланд), Грэм Арнольд (Австралия), Бернд Штанге (Таиланд) ва Пим Вербек (Уммон) каби номлар ҳам кўпчиликка яхши таниш.

 

РПЛ вакиллари

Эрон термасида «Ахмат» ҳимоячиси Милад Муҳаммади ва «Рубин» ҳужумчиси Сардор Азмунлар ҳаракат қилишади. Ўзбекистон жамоасига эса «Анжи» вакили Достонбек Ҳамдамов ва «Ростов» аъзоси Элдор Шомуродов ёрдам беришади. Қирғизистонлик Валерий Кичин «Енисей»да тўп суради. Дарвоқе, Қирғизистон термаси устози, 40 ёшли мутахассис Александр Крестинин ҳам Россия фуқаролигига эга.

 

ҚизиҚарли фактлар

• Осиё кубогида ФИФА рейтингида кучли 50таликда бораётган атиги учтагина терма жамоа мавжуд. Эрон - 29-ўрин, Австралия - 41, Япония эса айни чоғда айни 50-поғонада турибди.

• Жанубий Корея ҳар доим турнир фаворитлари қаторида эътироф этилади. Аммо бу терма сўнгги бор 1960 йилда турнир чемпиони бўлган, холос. Шундан бери корейслар тўрт марта финалгача етиб боришди-ю, лекин уларнинг бирортасида ғолиб чиқа олишмади.

• Мусобақанинг энг совриндор термаси - Япония. «Кунчиқар юрт» вакиллари жами тўрт марта финалга чиқишган ва бирор марта рақибга имконият беришмаган.

• ОК тарихида жами 8та ғолиб жамоа бўлиб, уларнинг иккитаси - Исроил (ҳозирги пайтда УЕФА аъзоси) ва Австралия (аввалги мусобақа ғолиби) ҳақиқий «осиёлик» ҳисобланмайди.

 

Хавотир

Бир нечта сабаблар туфайли турнирга бўлган қизиқиш йўқолиш хавфи ҳам мавжуд.

1. БААда стадионлар тўлмаслигидан хавотир олишмоқда. Бир томондан, бу иштирокчиларнинг сони ошиши ва ўткинчи ўйинларнинг кўпайгани билан боғлиқ.

2. Ташкилотчиларни ташвишга солаётган яна бир омил - Англия Премьер-лигаси. Гап шундаки, амирликларда яшовчи кўплаб футбол мухлислари қитъа мусобақасини «жонли» томоша қилишдан кўра, АПЛ ўйинларини ўз уйларида телевизор орқали кўришни ёқтиришади.

3. Турнирнинг чорак финалидан бошлаб VAR тизими ишга туширилади. Бироқ факт шуки, бу тизимни Осиё мусобақаларида синаш унчалик фойда келтирмаяпти. Чунончи, имкон қадар кам вақт сарфлаб, тўғри қарорга келиш ҳатто ЖЧ-2018даям осон бўлгани йўқ.

 

Австралия хотиралари

Кенгурулар диёридаги сўнгги чемпионатда ҳам қизиқарли ҳолатлар кўп учраган. Уларнинг айримлари билан қуйида танишиб олинг:

* Австралияликларнинг жами 10 нафар футболчиси қисқа турнир давомида рақиб дарвозасини ишғол қилган. Бу «кенгурулар»га кучсиз рақиблар тўқнаш келганини англатмайди, асло. Гап шундаки, улар мусобақада хилма-хил ўйин кўрсатиб, сермаҳсулликка эришиш баробарида, якунда чемпион бўлишганди.

* КХДР ҳимоячиси 13-сонидаёқ сариқ карточка билан жазоланган (Винни Жонсга ҳавас).

* Баҳрайн ва БАА термалари ўртасидаги учрашувни томошабинлар соябон остида томоша қилишган. Ваҳоланки, ўша куни осмонда бир парча ҳам булут йўқ эди. Сезгандирсиз, қуёшнинг қайноқ тафти мухлисларга бошқа чора қолдирмаган.

* «Теҳрондаги, йўғ-е, Сиднейдаги ўйиннинг 22-дақиқасида ҳамон 0:0 ҳисоби сақланиб турибди!». Бу хабар «Твиттер»ни ларзага келтирган. Қатар ва Эрон тўқнашган мазкур ўйинни стадионда 22 минг (!) эронлик томошабин кузатган. Стадион эса... Сиднейда жойлашганди.

* Австралияликлар қитъа чемпионатида ғолиб чиқишгач, тақдирлаш маросимида терманинг барча аъзоларига кубокнинг кичик нусхаси совға қилинган. Шу пайтгача бундай воқеа кузатилмаганди.

* Кичкина болакай билан боғлиқ ҳодиса: Хитой термасининг Саудия Арабистонига қарши ўйинида пенальти белгиланади. Болакай эса хитойлик киперга тўп қаерга тепилишини айтади ва чиндан ҳам, ўша йўналишдаги зарба дарвозабон томонидан қайтарилади. Болакай шу ўйиндан кейин мамлакатда танилиб кетади ва Хитойнинг Ўзбекистон термасига қарши ўйинини ҳам трибунадан томоша қилди. Афсуски, ўша ўйинда Қосимов шогирдлари хитойликларга бас кела олишмаган.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz