Қайднома

Қидирув

КИНГ-КОНГ НИҚОБИДАГИ «НОТАНИШ»

КИНГ-КОНГ НИҚОБИДАГИ «НОТАНИШ»

  12.01.2019 02:37
  0
  398
КИНГ-КОНГ НИҚОБИДАГИ «НОТАНИШ»

Кенг доирада танилмаган сенегаллик ҳужумчи европада ҳаммадан кўп гол урмоқда ва муваффақиятини Кинг-Конг ниқоби остида нишонламоқда. Хўш, у ким? Туркия миллий чемпионати Суперлигаси турнир жадвалига қарасангиз, камтарин «Қосимпошо» клубини 4-ўринда кўрасиз. Жамоа шунингдек, «сенсацион» даражадаги маҳсулдорлиги билан ҳам ажралиб турибди. Диққат қилинг, «Қосимпошо» 17та ўйинда 37та гол урди (чемпионатдаги энг яхши натижа) ва улардан нақ 20таси сенегаллик 27 ёшли «нотаниш» ҳужумчи Мбайе Диане номига ёзилди. Айни пайт бу йигитнинг трансфери атиги 2,5 миллион еврога баҳоланмоқда. Яна бир томони, у «Қосимпошо» сафига мутлақо текин трансфер воситасида қўшилган. Европанинг кучли 5та лигасини олсак, уларнинг бош тўпурарлари орасида Лионель Месси олдинда - 15та гол (2018 йил якунида). Қаранг, ҳаттоки, аргентиналик даҳоча ҳам қувноқ ва «даҳшатли» Мбайе Дианедан анча орқада. Демак, турк диёрида туриб, еврофутболга ўзгача нур сочаётган сенагаллик ҳужумчи билан яқинроқ танишиш футсати етди.

Диане профессионал футболга Италияда истиқомат қиладиган тоғаси туфайли қадам ташлаган. Ёш Мбайе аввалига Сенегалда шаҳар миқёсида ўтказиладиган турли турнирларда ўзини кўрсатади. Натижада йигитчанинг онаси Италияга қўнғироқ қилиб, акасидан ўғлининг салоҳиятини чамалаб кўришини сўрайди. Тоға эса Мбайе ўйинини бевосита кузатганидан ке-йин уни ўзи билан Европа сафарига бошлайди ва ҳаттоки, Италия бешинчи лигаси иштирокчиси - «Брандизо»га жойлаб қўяди. Бу клуб яхшигина инфратузилмага эга эди ва асосан муносиб ўйинчилар тарбиялаб, уларни топ-жамоаларга сотиш эвазига кун кўрарди. Диане кейинроқ «Бра» сафига қўшилиб, «D» серияда 23та гол уради. Сенегаллик ҳужумчи шу маҳсулдорлиги эвазига катта клублар назарига тушади. Якунда «Ювентус» 100 минг евро тўлаб, уни ўз сафига олади. Мбайе ҳаттоки, Антонио Конте бошқарувида ҳам шуғулланган!

Мбайе болалигида камбағаллик қийноқларини тўла татиб кўрди. Шунинг учунми, футболга ҳаётини изга солиш манбаи сифатида қарагандир. Тўғри, Диане «Ювентус» таркибида бирор марта майдонга тушмади. Қисқаси, сенегаллик йигитча узоқ вақт турли мамлакатлар клубларида ижара келишуви асосида тўп суриш билан чекланди. Диане бу орада ҳаттоки, Саудия Арабистонига ҳам йўл олди, чунончи, араблар унга катта маош таклиф этишганди. Энг қизиғи, Мбайе араб ўлкасида атиги 2та ўйинда кўриниш берди ва яна «Юве» ихтиёрига қайтди. Туринликлар тез орада сенегалликни Венгрияга юборишди. Эътиборлиси, «Юве» раҳбарияти ҳужумчини Шарқий Европа клуби воситасида «Спортинг»га сотишни ўйлаганди, бироқ хитойликлар Португалия грандига нисбатан 5 баравар кўп пул таклиф қилгач, унинг йўналиши кескин ўзгарди. Хуллас, Диане якунда «Тянжин Теда» сафига қўшилди, бироқ кўп ўтмай, яна Европа футболига юзланди.

Диане жорий мавсум олдидан ўз олдига жиддий вазифа қўйди - 20та гол марраси. Мана, у атиги 17та ўйинда бунга эришди. Боз устига, Туркия биринчилиги тўпурарлари пойгасида яқин таъқибчисини анча ортда қолдирмоқда. Тўғри, Диане 6та голини пенальтидан урди, шунинг баробарида унинг ҳисобида 3та самарали узатма ҳам бор. Умуман, ҳужумчи Туркияда аввалги мавсумнинг иккинчи ярмида кўзга ташланганди: 17та ўйинда 12та гол.

Диане тез орада «Қосимпошо» билан хайрлашиши мумкин, лекин клуб унинг трансфери ортидан каттагина фойда олади. «Чемпионатнинг бош тўпурари бўлишни истардим: агар ўтган мавсум бошидан ўйнаганимда, Бафетимби Гомисдан ортда қолмасдим. Умуман, янги даражага чиқиш учун номдорроқ жамоага ўтишим кераклигини яхши тушунаман, бундай имконият йўқ эмасди. Лекин муҳими, айни пайт «Қосимпошо»да бахтлиман. Шунинг учун шартнома муддатини узайтирдим», - деганди Диане 2022 йилгача мўлжаллаган янги келишув остига имзо чекиб бўлгач.

Футболчи ёзда муҳокама марказига ҳам тушди. Тўғрироғи, унинг сенегаллик актриса Сумбул Батили билан хуфёна муносабатлари овоза бўлди. Лекин Диане бундай гап-сўзларни қатъий оҳангда инкор этиб, турмуш ўртоғига содиқ эканлигини бот-бот таъкидлади. Айтишича, унинг ҳаётий қоидаларида хиёнатга ўрин йўқ. Айни ўша вақт футболчи Англияга кўчиб ўтиш масаласида бош қотираётганди. Бинобарин, «Борнмут», «Лидс» ва «Рединг» каби клублар ҳужумчининг трансферига чамаси 4 миллион фунт таклиф қилаётганди. Бироқ можаро халақит берди, қолаверса, футболчида Англияда ишлаш рухсатномаси йўқлиги ҳам трансфернинг амалга ошишига тўсқинлик қилди. Тўғри, Диане ҳозир бундан унча афсусланмаётган бўлса керак.

Дарвоқе, Мбайе Диане профессионал футболга ўтишдан аввал маълум муддат тикувчи шогирди сифатида ишлаган. Эндиликда у дакарлик оддий болаларга қўлидан келганича ёрдам бермоқда. Дейлик, уларни футбол атрибутлари билан сийлаб, миллионлар ўйинига қизиқишни оширишга ҳаракат қилмоқда.

Диане қисқа вақтда Туркия чемпионати тарихига кирди. Зеро, ундан олдин ҳеч бир хорижлик маҳаллий Суперлиганинг биринчи даврасида 20та гол урмаганди.

Мбайе Африка футболи афсоналари - Эл-Ҳожи Диуф, Дидье Дрогба ва Самуэль Это~Ога ҳавасманд ва айнан уларга ўхшашни истайди. Мана, ҳужумчи 2018 йили ниҳоят, Сенегал терма жамоасига чақирилди ва 3та ўйинда қатнашди.

Сенегаллик ҳужумчи голни оригинал усулда нишонлаши билан ажралиб туради. Кинг-Конг ниқоби бир вақтнинг ўзида ҳам ҳайратлантирмоқда, ҳам даҳшат уйғотмоқда. Дейлик, Мбайе «Малатьяспор»га қарши ўйинда ниқобни махсус пакетдан олди. «Қосимпошо» вакили «Бешиктош» дарвозасини икки бора ишғол қилганидан келиб чиқиб, ҳаммага таниш Льорис Кариус қандай аҳволга тушганини бир ўйлаб кўринг... Ҳужумчининг ўзи «Малатьяспор» билан ўйиндан кейин ушбу «акция»ни оддий изоҳлади: «Шунчаки, Кинг-Конг образини ёқтираман. Бу олдиндан режалаштирилган ҳаракат, бироқ энди бошқа такрорламасам керак. Акс ҳолда, ҳакам яна сариқ карточка кўрсатади». Мбайе шундан сўнг «Фенербахче» ва «Коньяспор»га 2тадан гол «улашди», аммо қайноқ эҳтиросини «Бешиктош»га асраб қўйган экан. Хуллас, «Қосимпошо» номдор рақибни 4:1 ҳисобида доғда қолдирган баҳсда Диане роса яйради. Айниқса, ўша жафокаш Кариус олдида...

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Сиз Эктор Купер миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 (Қатар)га олиб бора олишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz