Қайднома

Қидирув

ЛИОНЕЛЬ МЕССИ: «ФУТБОЛНИ СЕВАМАН, АММО ОИЛА ҲАММА НАРСАДАН УСТУН

ЛИОНЕЛЬ МЕССИ: «ФУТБОЛНИ СЕВАМАН, АММО ОИЛА ҲАММА НАРСАДАН УСТУН

  12.01.2019 04:56
  0
  590
ЛИОНЕЛЬ МЕССИ: «ФУТБОЛНИ СЕВАМАН, АММО ОИЛА ҲАММА НАРСАДАН УСТУН

Лео Месси ўз ўйини билан бутун дунёни лол қолдиришда давом этмоқда.У кун сайин мукаммалликка эришмоқда. Аргентиналик ҳужумчи жорий мавсум голлар, самарали узатмалар, ҳал қилувчи зарбалар ва тўсин ёки устунни нишонга олиш бўйича тенгсиз бўлиб турибди... Ҳар жабҳада ҳақиқий етакчи. Хорижлик ҳамкасбларимиз билан сухбат жараёнида Лионель одатдагидек, хаётига завқ-шавқ улашаётган энг асосий омиллар ҳақида гапирди: оила ва футбол.

- Яна бир йил ва бешинчи «Олтин бутса». Ютуқлардан чарчамадингизми?

- Бундай совринлар ҳамма учун ёқимли, у бутун жамоа учун рағбатдир. Яна ютуққа эришганимдан хурсандман.

- Бешта «Олтин бутса», бешта «Олтин тўп», коллекция бутун бўлиши учун Чемпионлар Лигасининг бешинчи кубоги етишмаяпти...

- Буни уддаласак ажойиб бўларди. Мавсум бошида айтганимиздек, ЕЧЛ бош соврини бошқа мукофотлардан фарқланади ва уни яна бир бор қўлга киритишни хоҳлаймиз. Орзумиз шу.

- Жамоангизда Лерой Сане билан ўйнашни маъқул кўрасизми ёки яна Хосеп Гвардиола қўл остида тўп суришними?

- Етук футболчилар билан бирга ўйнаш ҳар доим ёқимли. Қийин савол, аммо мен Гвардиола билан ишлашни маъқул кўраман. У дунёнинг энг яхши мураббийларидан бири. Лекин бунинг амалга ошиши қи-йинлигини ҳам биламан.

- Лионель Мессининг ушалмас орзуси борми? Ниманидир хоҳлайсиз-у аммо уни амалга ошириш имконсиз. Шундай ҳолатга тушганмисиз?

- Бажариб бўлмайдиган ишнинг ўзи йўқ. Имкониятдан максимум фойдаланиб, ўйлаган ниятимизга эришиш учун бор кучимизни сарф-лаймиз. Бундай ғоя, тинимсиз меҳнат ва изланишлар бўлган жойда имконсиз деган сўзга ўрин қолмайди.

- Яқинда пенальти тепиш кўникмаларини яхшилашингиз лозимлигини айтгандингиз. Бу борада нималар қиляпсиз?

- Машғулот ва кузатув. Бугунги кунда ҳамма нарса ўрганиляпти: жарима зарбалари, пенальти, ўйин... Ҳаммаси таҳлил қилинади, ҳеч нима эътибордан қолдирилмайди. Кўпроқ шуғулланиб, янги вариантларни излаш лозим.

- Жарима зарбалари билан пенальтилар ижросида фарқ борми?

- Иккиси турлича. Жарима зарбаси йўлланаётганда жонли девор, дарвозагача узоқроқ масофа, тўп тепилаётган позиция бўлади. Ҳеч қандай босим йўқ, гол уролмасангиз, ҳеч нима ўзгармайди ва ўйин давом этаверади. Пенальти ҳолати эса бошқачароқ - ўртага кўп нарса қўйилади. Дарвозабон ҳам ўзини қулай ҳис этади. Мабодо, у тўп ўтказиб юборса, айбдор бўлмайди, ахир бу пенальти-ку. «Нуқта»дан зарба йўллаётган футболчига эса қийин, босим юқори.

- Жорди Альбага стабил ўринбосар йўқ. Аввалроқ Динь ўйнади, Юмтитини эса ҳамон тиззасидаги муаммолар қийнамоқда, Рафинья учун мавсум якунланди... Шуларни инобатга олиб, бу йил «Барселона» таркиби сийрак кўриниши мумкин. Нима деб ўйлайсиз, январда жамоани кучайтириш керакмикан?

- Бу мураббий ва клубнинг иши. Менимча, таркибимиз ёмонмас. Боз устига, муаммосиз тўп суриб, ўзини астойдил намоён этаётган академия тарбияланувчилари ҳам бор. Бу борада биз хотиржаммиз.

- Иньестани соғиняпсизми?

- Албатта. Майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам. Биз кўп йиллар давомида Андрес билан машғулотлар, ўйинлар, шахсий масалалар бўйича бирга бўлдик. Шундай экан, соғинишим табиий.

- Бу галги Ла Лига баҳслари нисбатан тенг кечмоқда. Грандлар муаммога йўлиқишяптими ёки ўртамиёналар кучайишганми?

- Бизнинг давримизда рақибни мағлуб этиб, очко тўплаш осонмас. Ўртамиёна ҳисобланган жамоаларга қарши баҳсларда кўп очко йўқотяпмиз, бунақаси кўп йиллардан буён кузатилмаётганди. Лигада ҳамма тенг қатнашмоқда, ғалаба қозониш қи-йинлашяпти.

- «Олтин тўп» учун курашда бешинчи ўринни эгаллаганингиздан ажабландингизми?

- Рости, бунга у қадар эътибор қаратмадим, ваҳоланки, бу жуда муҳим соврин. Ўтган мавсум якунларига кўра ғолиб чиқиш имкониятим йўқлигини билардим. Номзодлар билан танишгач, у ерда бўлмаслигимни тушундим. Шундан келиб чиқиб, учинчи, тўртинчи ёки бешинчи бўлганимни эълон қилишларини кутмадим. Бошқача айтганда, ҳеч нимадан умид қилмаганим учун ажабланмадим.

- Бу йил жамоа ЕЧЛда ажойиб қатнашмоқда. Ушбу турнирда алоҳида мотивация борми?

- Ҳар бир йилда Чемпионлар Лигасида мотивация етарли. Бу ўзига хос, бетакрор ва ғаройиб мусобақалардан бири, унда кўп бора қатнашганман. Мазкур турнирда ҳаммамиз ғолиб чиқишни хоҳлаймиз.

- Усмон Дембеледа топ ўйинчи бўлиш учун ҳамма нарса етарли, аммо ёшлик қилиб, кўпинча тартиб-интизомга бўйсунмаяпти...

- У майдонда феномен, ўзига яраша сифатлари бор. Келгусида қандай ютуқларга эришиш унинг ўзига боғлиқ. Дарҳақиқат, Дембеледа жаҳоннинг энг яхши футболчиси бўлиш учун ҳамма нарса етарли. Бош-қа томондан, у анча ёш, шаҳар ва клубга энди мослашяпти. ОАВ у ҳақда қанча кам гапирса, шунча яхши. Усмон ўзига келиб олиши учун уни ўз ҳолига қўйиш керак. Айни пайт ишончни оқлашга интилмоқда, хатоларидан хулоса ясади. У тузалди ва ҳамма кўришни хоҳлаётган Дембелега айланди. Унинг бор эътибори футболга қаратилишида барчамиз ёрдам беришга шаймиз.

- «Реал»нинг Роналдусиз қийналиб қолганидан ҳайрон бўлдингизми?

- Мавсум бошида «Реал»нинг буюк клуб эканини таъкидлагандим. Таркибида ажойиб ўйинчилар бор, аммо Роналдунинг кетиши ҳар қандай клубга таъсир ўтказади. У ҳамиша кўплаб голлар уради, жамоасига кўп ёрдами тегади. Мадридликларнинг усиз қийналаётгани мени ҳайрон қолдирмади. Бироқ бу «Реал» жаҳоннинг энг кучли клублари рўйхатидан тушиб қолганини англатмайди.

- Узоқ йиллар мобайнида барча совринлар, индивидуал мукофотлар, рекордлар йўлида Криштиану билан бўлган рақобатни соғиняпсизми?

- У пайтлари биз битта лигада тўп суриб, жамоамиз билан имкон қадар кўпроқ ютуқларни кўзлаганмиз. Бу ёқимли, албатта. Криштиану нафақат «Реал», балки бутун лиганинг энг яхши ўйинчиларидан бири эди, у билан мусобақалашиш эса ёқимли бўлган. Аммо мен асосан жамоам ҳақида қайғуриб, Роналду борми, йўқми, бор имкониятимни ишга соламан.

- ЕЧЛ гуруҳ босқичида қайси жамоанинг ўйини кўпроқ маъқул тушди? «ПСЖ»ми, «Манчестер Сити»ми ёки «Ювентус»?

- Парижликларнинг ўйинини кўрмадим, чунки учрашувларимиз бир кунга тўғри келди. Бу жамоада кўпчиликни танийман, шу боис Франция лигасини кузатаман. «Ювентус» - жуда кучли клуб. Криштиану келганидан кейин эса янада кучайди. Ғолиблик учун асосий номзодлардан бири. «Манчестер Сити» ҳам ёрқин жамоалардан,  таркибида юқори савияли футболчилар бор, жуда чиройли ўйин намойиш этади. «Бавария» яна юқорига интилмоқда. Улар орасидан қайсидир бирини танлаш мушкул, шу боис ҳам бу ажойиб турнир.

- Неймарнинг «Барселона»га қайтиш эҳтимоли борми?

- Бу жуда қийин. Неймарнинг яна сафимизда тўп суришини хоҳлаймиз, ҳам майдонда, ҳам кийиниш хонасида бизга кўп ёрдами теккан. Биз дўстмиз, биргаликда кўп хуш дамларни ўтказганмиз. Аммо «ПСЖ»дан кетиши осон бўлмайди, парижликлар уни осонликча қўйиб юборишмайди.

- Месси Роналдунинг таклифига кўниб, Италияда тўп суриш орқали рақобатни давом эттириши мумкинми?

- Ўзгаришларга эҳтиёж сезмаяпман. Жаҳоннинг энг яхши клубида ўйнаяпман. Ҳар йили ишим кўпаймоқда. Олдимга янги мақсадлар қўйиш учун жамоа ёки лигани ўзгартиришим шартмас.

- VAR тизими қўлланишига муносабатингиз қандай? Бу ўзгариш ижобийликка сабаб бўлдими?

- Аввалига ундан фойдаланишларини хоҳламадим, бинобарин, ҳали амалда қандай ишлашини кўрмагандим. Аммо ҳозир бу тизимнинг лига ва футбол учун қанчалик самарали эканлигини кўряпмиз. Мазкур технология ишқибозлар ва футболчиларда катта таассурот қолдиряпти. Ҳамма унга тез мослашди.

- Ҳаётингизнинг ушбу босқичида футбол ҳамон биринчи рақамлими ёки оилангизни устун биласизми?

- Фарзандли бўлганимдан кейин оила биринчи ўринга чиққан. Бу ўта муҳим. Албатта, футболни яхши кўраман, усиз ҳаётимни тасаввур қилолмайман, бироқ оила ҳамма нарсадан устун.

- Уч нафар фарзанд етарлими ёки қизлик бўлишни ҳам хоҳлайсизми?

- Чиро эндигина юришни ўрганяпти. Антонелла иккимиз қиз фарзандли бўлишни истаймиз, аммо бу ҳақда гапиришга ҳали эрта.

- Тьягони «Камп Ноу»да, Либертадорес кубоги финалига мезбонлик қилган «Сантьяго Бернабеу» стадионида кўрдик. Унинг фикри қандай, нималар эътиборини тортяпти?

- Фарзандларим футболни яхши кўришади. Тьяго кўп нарсани тушунади, чунки катта бўлиб қолди. Ўйин, умуман, майдонда бўлаётган ҳар бир жараённи муҳокама қиламиз. Унинг бор эътибори ўйинга қаратилган.

- Отасига нисбатан талабчанми?

- Ҳа, албатта... Ҳозиргача бир-иккита жиддий насиҳатларни ҳам эшитдим (кулади). У «Барса», Примера, Чемпионлар Лигасини кузатади. Ўғлим ҳамма нарсани яхши кўради, саволлар беради, фикри билан ўртоқлашади, натижаларимиз яхши бўлмаганда нимадир дейди.

- «Барселона» ютқазганда, уйингизда ҳеч ким футболдан сўз очмаслиги ростми?

- Аввал шундай эди, ҳозир эмас. Мағлубиятлар ва ёмон натижаларни ҳазм қилиш ҳамиша қийин бўлади, аммо Тьяго ўйин пайти нималар рўй бергани, нега ғалаба қозона олмаганимизни изоҳлашимни талаб қилади. Бугунги кунга келиб ўғлим билан тез-тез суҳбатлашишга одатланганман.

- Агар сизга «Ўғлингиз келажакда буюк футболчи бўлади, аммо «Реал»да ўйнайди», деган башоратни айтишса, қандай муносабат билдирардингиз?

- Тьяго келгусида футболчи бўладими, йўқми, билмайман. Шунчаки, қилаётган ишидан роҳатланиши, ўз йўлини топиб кетишини истайман. Муҳими, ўзини бахтиёр сезсин.

- Тьяго чап оёқда ўйнаяптими?

- Йўқ. У каби ўнг оёғидан унумли фойдаланадиганлар кам.

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz