Қайднома

Қидирув

Легионерлар бўйича талаблар кучайтирилади...

Легионерлар бўйича талаблар кучайтирилади...

  13.01.2019 01:00
  0
  201
Легионерлар бўйича талаблар кучайтирилади...

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси 2019 йилги мавсум ички чемпионатда рақобатни янада кучайтириш учун регламентнинг бир қатор бандларига ўзгартириш киритди. Унга кўра, 2019 йилги мавсумда Суперлига ва Про-лига «А» учун легионер футболчилар лимити 4+1 бўлади. Про-лига «B» жамоалари эса 2+1 кўринишида легионер футболчилар билан шартнома имзолашлари мумкин.

 Шуни қайд этиш жоизки, ҳозирга қадар миллий чемпионатимизга клублар кўп ҳолларда савияси у қадар юқори бўлмаган легионерларни олиб келишган. Агар хориждан келадиган футболчи маҳаллий ўйинчилардан «бир бош» устун бўлмаса, маҳаллий футболчилар ундан нимадир ўрганишмаса, легионерлар учун лимитни шунчаки кўзбўямачилик учун тўлдиришдан нима наф? Профессионал футбол лигаси келаётган мавсумдан легионерлар савияси масаласига жиддий эътибор қаратишни мақсад қилиб, клублар раҳбарлари билан бўлган йиғилиш давомида уларнинг бу борадаги фикрлари билан қизиққанди. Бироқ ҳеч бир клуб ушбу масала юзасидан аниқ таклиф билан чиқмади. Профессионал футбол лигаси ишчи-гуруҳи янги мавсумдан бошлаб легионерлар учун қўйиладиган талабларни ишлаб чиқди. Мазкур талаблар амалга оширилишидан олдин футболимиз жамоатчилиги ва мухлисларнинг фикрини билиш лозим. Хўш, сизнингча, қуйидаги талаблар амалга татбиқ этилса, клублар бундан буён савиялироқ легионерлар билан шартнома имзолайдими?

2019 йилги мавсумдан бошлаб клублар қизиқаётган легионер қуйидаги талабларга мос бўлиши лозим:

УЕФА

УЕФА ассоциациялари клуб рейтингида дастлабки саккиз поғонада бораётган мамлакатлар юқори дивизионида иштирок этувчи клуб рўйхатидан ўтган ва шу лиганинг сўнгги мавсуми доирасидаги камида 2та учрашувда майдонга тушган футболчи;

УЕФА ассоциациялари клуб рейтингида дастлабки саккиз поғонада бораётган мамлакатларнинг иккинчи рақамли дивизионида иштирок этувчи клуб рўйхатидан ўтган ва шу лиганинг сўнгги мавсуми доирасидаги камида 5та учрашувда майдонга тушган футболчи;

УЕФА ассоциациялари клуб рейтингида дастлабки ўн беш поғонада бораётган мамлакатлар юқори дивизионида иштирок этувчи клуб рўйхатидан ўтган ва шу лиганинг сўнгги мавсуми доирасидаги камида 5та учрашувда майдонга тушган футболчи;

УЕФА ассоциациялари клуб рейтингида дастлабки ўн икки поғонада бораётган мамлакатларнинг иккинчи рақамли дивизионида иштирок этувчи клуб рўйхатидан ўтган ва шу лиганинг сўнгги мавсуми доирасидаги камида 15та учрашувда майдонга тушган 30 ёшдан ошмаган футболчи;

УЕФА ассоциациялари клуб рейтингида дастлабки йигирма поғонада бораётган мамлакатлар юқори дивизионида иштирок этувчи клуб рўйхатидан ўтган ва шу лиганинг сўнгги мавсуми доирасидаги камида 10та учрашувда майдонга тушиб, уларнинг ҳеч бўлмаганда 60 дақиқасида тўп сурган 30 ёшдан ошмаган футболчи;

УЕФА ассоциациялари клуб рейтингида дастлабки ўттиз поғонада бораётган мамлакатлар юқори дивизионида иштирок этувчи ҳамда сўнгги мавсумни кучли тўртликда якунлаган клуб рўйхатидан ўтган ва шу лига доирасидаги камида 20та учрашувда майдонга тушган 30 ёшдан ошмаган футболчи;

УЕФА ассоциациялари рейтингида кўрсатилган мамлакатлар миллий терма жамоасининг 2018 йилги мавсумдаги камида 5та учрашувида 60 дақиқадан кўпроқ ўйнаган ҳамда 30 ёшдан ошмаган футболчи;

УЕФА ассоциациялари рейтингида кўрсатилган дастлабки саккиз мамлакат миллий терма жамоаси сафида камида 40та учрашувда иштирок этган ва 35 ёшдан катта бўлмаган футболчи;

УЕФА таснифидаги U19 ва ундан юқори бўлган терма жамоалар иштирокидаги мусобақаларда дастлабки тўрт ўринни қўлга киритган мамлакат термаси сафида бўлган ҳамда ўша мусобақадаги ўйинларнинг тенг ярмида майдонга тушган 23 ёшдан ошмаган футболчи.

ОФК

ОФК ассоциациялари клуб рейтингида дастлабки етти поғонада бораётган мамлакатлар юқори дивизионида иштирок этувчи клуб сафида сўнгги чемпионат ўйинларининг ярмидан кўпида майдонга тушган ва 30 ёшдан ошмаган футболчи;

ОФК рейтингида дастлабки етти поғонада бораётган мамлакатлар миллий терма жамоаси сафида камида 15та учрашувни асосий таркибда ўтказган ва шу ўйинларда 60 дақиқадан кўпроқ ўйнаган футболчи;

ОФК рейтингида қайд этилган мамлакатлар миллий терма жамоаси сафида камида 20та учрашувни асосий таркибда ўтказган ва шу ўйинларда 60 дақиқадан кўпроқ ўйнаган, 2018 йил давомида эса терма шарафини камида 3та ўйинда ҳимоя қилган 30 ёшдан ошмаган футболчи.

АМЕРИКА

Бразилия, Аргентина, Уругвай, Парагвай, Чили, Колумбия, Мексика ва АҚШ каби мамлакатлар юқори дивизионида иштирок этувчи клуб рўйхатидан ўтган ва шу лиганинг сўнгги мавсуми доирасидаги камида 5та учрашувда майдонга тушган футболчи;

Бразилия, Аргентина, Уругвай, Парагвай, Чили, Колумбия ва Мексика каби мамлакатларнинг иккинчи рақамли дивизионида иштирок этувчи клуб рўйхатидан ўтган ва шу лиганинг сўнгги мавсуми доирасидаги камида 10та учрашувни 60 дақиқадан кўпроқ ўтказган 30 ёшдан ошмаган футболчи;

Мексика ҳамда CONMEBOLга тегишли бўлган 10та мамлакат миллий ва олимпия терма жамоалари сафида ўйнаган 35 ёшдан ошмаган футболчи;

Мексика ҳамда CONMEBOLга тегишли бўлган 10та мамлакат ёшлар ёки ўсмирлар терма жамоаси сафида қитъа ёки жаҳон чемпионатида иштирок этган 32 ёшдан ошмаган футболчи;

CONMEBOL ва CONCACAF миллий терма жамоалари сафида 2018 йилги мавсум давомида камида 3та расмий учрашувни 60 дақиқадан кўпроқ ўтказган 30 ёшдан ошмаган футболчи.

АФРИКА

Африка қитъаси миллий терма жамоаси сафида 2018 йилги мавсум давомида камида 3та учрашувнинг 60 дақиқадан кўпроқ вақтида ўйнаган футболчи.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz