Италия «А» сериясининг 18-турида «Аталанта» ўз майдонида «Ювентус» билан 2:2 ҳисобини қайд этди. Захирадан ўйинга қўшилган Криштиану Роналдунинг саъй-ҳаракатлари лига етакчисини мағлубиятдан асраб қолди. Туринликлар чемпионатнинг ўртамиёна клубини кучсизланган таркиб билан доғда қолдиришни кўзлашганди, аммо бергамоликлар ҳужумчиси Дуван Сапата уларнинг режаларини бузди. Айнан шу футболчининг «дубл»идан сўнг «Юве» турнирда иккинчи марта очко йўқотди.
Эътиборлиси, «Аталанта» «А» сериянинг жорий мавсуми биринчи даврасида энг кўп гол урган жамоа бўлди. Жан-Пьеро Гасперини шогирдлари рақиблар дарвозасини 39 марта аниқ нишонга олишди. Бу борадаги иккинчи энг яхши кўрсаткич «Ювентус»га тегишли - 38та гол.
Дуван Сапата қаторасига олтита учрашувда рақиблар дарвозасини ишғол қилди: декабрда «Наполи», «Удинезе», «Лацио», «Женоа», «Ювентус» ҳамда «Сассуоло» киперларини ранжитди. Ваҳоланки, 27 ёшли колумбиялик форвард бунга қадар ноябрда фақатгина «Болонья» билан ўйинда гол урганди, холос.
Қуйида Сапатага тааллуқли қизиқарли ва муҳим маълумотларга тўхталамиз.
* Дуван икки йил мобайнида «Наполи»да ротация ўйинчиси вазифасини ўтади. 2014|2015 йиллар мавсумида у бир ўйинда ўртача 29 дақиқа тўп суриб, 6та гол урганди. Кейинчалик Сапатанинг ҳаётига Маурицио Сарри таъсир ўтказди. Ротацияни ёқтирмайдиган ушбу мутахассис «Наполи»га келгач, Сапатани ёддан чиқарди. Неаполликлар колумбиялик форвардни икки мавсумга «Удинезе»га ижарага беришди, кейинчалик қайтиб келганида эса умуман имконият беришмади. Аммо ушбу футболчининг уни сотиш орқали 17 миллион евро фойда кўришди.
«Сампдория»га ўтишдан аввал Дуван ўз интервьюсида «Наполи» манзилига дил изҳорларини йўллади: «Ферреро мени ўз жамоасига қабул қилишни ваъда бериб, сўзининг устидан чиқди. «Наполи»да менга нисбатан яхши муносабатда бўлишмади. Икки ой мобайнида якка ҳолда машғулот ўтказдим, ҳаттоки, ўртоқлик ўйинларида ҳам майдонга тушмадим. Бу ҳафталар жуда оғир ўтди. Саррининг ишига баҳо беролмайман, чунки унинг қўл остида шуғулланмаганман. «Наполи» ҳақида гапирадиган бўлсам, у ерда деярли мавжуд эмасдим».
* Cапата - «А» серия тарихидаги колумбиялик энг яхши тўпурар. У 149та ўйинда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 49 марта ишғол қилган. Ҳозирга келиб, Дуван Италияда тўртта клубда ўйнаган, бир мавсум давомида энг кўп голни «Сампдория»да урган - 11та. Айнан шу жамоада Сапатани мухлислар ёқтириб қолишди ва уни сотиб юборган раҳбариятни ҳақоратли сўзлар билан «сийлашди». «Аталанта» Дуванни 14 миллион евро эвазига икки йилга ижарага олди, аммо келишувга қўшимча 12 миллион евро тўлаб, тўлиқ сотиб олиш бўйича банд ҳам киритилди.
* Сапатанинг асосий характеристикаси унинг голлари билан боғлиқ. «Наполи»даги мураккаб даврда унга Москванинг ЦСКА ва «Локомотив» клублари харидор бўлишганди. Ҳар икки клубга неаполликлар рад жавобини беришди, ваҳоланки, Дуван уларнинг ўзига ҳам керак эмасди. Колумбиялик «Сампдория»да ўйнаб юрган кезлари унинг гол сезиш қобилиятига «Боруссия Д» юқори баҳо берганди, аммо бу футболчи учун 40 миллион евро сўрашди. Афтидан, бунинг барчасига Сапатанинг ўзи сабабчига ўхшайди - «А» серияга шунчалик мослашиб қолганидан, чемпионатни ўзгартирмоқчи эмасдек, гўё.
* Сапата фаолиятини Колумбиянинг «Америка де Кали» жамоасида бошлаган. Карьерасидаги яна бир қи-йинчилик айнан шу клуб билан боғлиқ. «Мазкур жамоа гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланадиганларга тегишли эди. Ўша йиллари тергов-суриштирувлар сабаб уларнинг ҳисоб-рақамлари «музлатилганди». Оқибатда сотувдан тушган пулларни ололмай, шартнома имзолаш кечга сурилаверди. Футболчиларни маош бўйича муаммолар қийнарди», - дейди Дуван ва Колумбия ҳозир анча ўзгараётганини қўшимча қилди. «Америка де Кали» уни «Эстудиантес»га сотиш орқали атиги 90 минг евро ишлаганди.
* Дуван декабрдаги голли сериясини «Наполи» дарвозасини ишғол қилиш билан бошлаган, аммо ўшанда жамоаси мағлубиятга учраганди. Сўнгра «Удинезе» билан ўйинда «хет-трик» қайд этди. Сапатанинг жорий мавсумдаги сермаҳсул статистикаси эътирофга лойиқ: 19та ўйинда 10та гол ва 5та самарали узатма муаллифига айланди. Муаммо шундаки, колумбиялик ҳужумчи айни пайтга келибгина гол уришни бошлади, «Сампдория»да эса фақат мухлислар уни соғинишади, клуб эмас. Ҳа, аввалги мавсум Дуван учун омадли келди, бироқ унинг «Сампдория»даги ўрни қайта порлаётган Квальярелла ҳамда «Рома»дан келган Дефрел ҳисобига тўлдирилди.
Шунга қарамай, Дуваннинг фаолиятидаги рўй берган ўзгариш «Аталанта»нинг еврокубоклар йўлланмаси учун курашдаги фаоллигини оширди. Ҳаттоки, жамоани тўртинчи ўринда бораётган «Лацио»дан атиги 4 очко ажратиб турибди, холос.
И.Раҳимов тайёрлади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20