Қайднома

Қидирув

Йилнинг дастлабки суперхариди

Йилнинг дастлабки суперхариди

  15.01.2019 14:20
  0
  1068
Йилнинг дастлабки суперхариди

Таркибни кучайтиришга астойдил бел боғлаган «Челси» қимматбаҳо нархга футболчи сотиб олишда давом этмоқда - йил бошидаёқ «кўклар» ажойиб трансферга қўл уришди: Кристиан Пулишич Лондонга кўчиб ўтди. Soccer.ru мазкур келишувга атрофлича тўхталишга қарор қилди.

Пулишич ким ўзи? Йигирма ёшли америкалик футболчининг отаси хорватиялик. Марк Пулишич шоуболчи бўлган - бу хоккей майдонига ўхшаган жойда ўйналадиган футбол тури. Шу боис, Кристианнинг миллионлар ўйинига меҳр қўйганига ажабланмасак ҳам бўлаверади. У АҚШ ўсмирлар термасида ўйнаган, «Боруссия» Дортмунд мактабида таҳсил олган. Англияда ўтказган даврини ҳисобга олмаганда, Кристианнинг Европага келганига уч йил бўлди - онасининг иши туфайли уларнинг оиласи Буюк Британияга кўчиб ўтганди. Уч ярим мавсум давомида Кристиан Бундеслига юлдузига айланиб, АҚШ миллий жамоасида ўйнашга улгурди. 23та ўйин ўтказиб, 9та гол урди!

Унинг клубдаги статистикаси ҳам ажойиб. Ваҳоланки, эндигина 20га тўлган, энг юксак формасига эса нари борса 25 ёшда чиқса керак. «Қовоғарилар» либосида 107та турли турнирларда қатнашиб, 12та гол ва 16та самарали узатма муаллифига айланган. Балки Мбаппе сингари эмасдир, аммо француз билан солиштирганда, бажарадиган роллари турлича, гарчи позицияси ўхшаш бўлсада - ҳар иккиси қанотда тўп сурадиган ҳужумкор футболчилар. Фарқи шундаки, Пулишичда ҳимоявий ҳаракатлар бўйича кўрсаткичлар ҳам салмоқли - акс ҳолда, Сарри уни «Челси»га қабул қилиши амримаҳол эди.

Немисларга бу сотув фойдалимиди? Ватцке ва Цорк бошқарувидаги «Боруссия»ни танқид қиладиганлар кўпчиликн ташкил этди: гўёки, жамоа «Бавария»ни қувиб ўтишда асқотадиган футболчиларни таркибда сақлаб қола олмаётганди. Жорий мавсумни ажойиб тарзда ўтказаётган дортмунд-ликлар қулай таклифдан воз кечолмасдилар - текинга қайтариб олган футболчисини 64 миллион еврога пуллаш имкониятини бой беришни ким ҳам хоҳларди?

Бинобарин, аввалроқ Пулишич «Челси»га 50 миллион еврога ўтиши мумкинлиги айтилганди, аммо немислар шартларни яхшилашни қойиллатишди. Ўз навбатида, Чемпионлар Лигаси «плей-офф» босқичида асосий футболчиларидан бирининг хизматидан фойдаланиш ҳуқуқига эгалар - «Тоттенхэм»га қарши ўйнаш осон бўлмайди. Кристиан ёзгача Дортмундда қолади, сўнгра Лондонга кўчиб ўтади, ахир АПЛда тўп суриш болаликдаги орзуси-да!

Кристиандан «Челси»га нима наф? Албатта, «кўклар» бу трансферни амалга ошираётганларида АҚШ термаси вакилининг «Арсенал» ёки «Ливерпул»га ўтмаслигини таъминлаш ҳақида ўйлашган, десак унчалик тўғри бўлмайди. «Аристократлар»нинг рақобатчилари америкалик ярим ҳимоячига оғиз солишганди, бироқ «Боруссия»га таклиф жўнатишда энг мақбул вариант айнан «Челси»дан келиб тушди. Қолаверса, айнан Сарри Кристианнинг нима сабабдан Лондон клубига ўтиши кераклигини аниқ-тиниқ тушунтира олди.

Биринчидан, Пулишич бу мавсум «Боруссия»да иккинчи планга тушиб қолди. Бундеслиганинг атиги бешта учрашувини асосий таркибда бошлади, битта гол урди, 2 марта шерикларига ассистентлик қилди. Унга янги чорлов керак, зеро ўнг қанотдаги жойи Санчо томонидан эгаллаб олинди. Иккинчидан, Педро ва Виллианнинг ўйини ҳар доим ҳам Саррига ёқавермаяпти. Умуман, Пулишич бошқа позицияларда ҳам бинойидек тўп суради. Бу эса 2019 йилнинг асосий трансферларидан бирига туртки бўлди.

Америкалик футболчи таваккалга қўл урдими? «Челси»да омадсиз трансферлар тез-тез кузатилади - Мората, Торрес, Шевченко, Бакайоко... уларнинг барчасига катта пул сарфланганди. Оскар ҳам имконияти даражасида тўп суролмай, кейинчалик йирик маблағ эвазига Хитойга йўл олди. Пулишич «Челси»нинг қимматбаҳо трансфери борасида учинчи бўлади, ундан юқорида Кепа ва Мората бор. Хўш, Кристиан айни пайт «Боруссия»нинг асосий таркибида ўйнамаётган экан (Ройс, Санчо ва ҳаттоки, Ларсен ҳам ундан фойдалироқ тўп суришмоқда), «кўклар» ўйинини кучайтира олармикан? Ўринли савол.

«Челси»га қандай ёрдам беради? Пулишичнинг харид қилиниши Сарри америкалик футболчини ярим ҳимояга - учликдан бирига қўйишини англатмайди. Чунончи, Кристианнинг ёшида ҳужумдан майдон марказига ўтиш ҳам мумкин. Ҳозир рақиб жарима чизиғига яқин жойда Канте тўп сурмоқда, имкон туғилганда эса тортинчоқ француз учун бироз орқароқда ҳаракатланиш қулайроқ, албатта.

Келгусида Пулишич Жоржиньо ва Кантедан бироз олдинроқда ўйнаши мумкин. Бундай схема Маурисиони қониқтиради. Бошқа томондан, Кристиан юқори спорт формасида бўлганида, унинг ҳужумда кўпроқ фойдаси тегиши мумкин. У Бундеслиганинг жорий мавсумида Гётце билан деярли бир хил вақт мобайнида тўп сурган бўлсада, голли ҳолатларда камроқ қатнашди. Мазкур ҳолатда футболга тааллуқли бўлмаган бошқа бир жиҳат ҳам бор. Пулишич «Челси»га экипировка етказиб берадиган фирма билан шартномага эга.

2016 йилнинг кузида улар 15 мавсумлик келишув имзолашган, шу тариқа клубни германиялик ишлаб чиқарувчидан «тортиб олишганди». Гап 900 миллион фунтлик шартнома ҳақида бораркан, Пулишични таркибга қўшиб олишдан нафақат Сарри, балки асосий ҳомийлардан бири ҳам манфаат кўргандир, эҳтимол. Америкаликлар ўзлари билан ҳамкорлик ўрнатган ҳамюртларининг АҚШда либослари сотуви оммабоп бўлган клубда кўришни хоҳлашлари табиий.

Қўшма Штатларда соккерга қизиқиш тобора ортиб бормоқда. ЖЧ-2026 океан ортида спортнинг бу тури янада мустаҳкамланишига туртки бўлиши турган гап. Бу гап айёрона реклама кампаниялари, кўргазмали турнирлар ва бошқа тижорий мақсадларни кўзлаганларга ҳам тегишли. Мисол учун, «Тоттенхэм», «Челси» ва «Барселона»нинг либосларини Америка футболи услубида чиқаришни йўлга қўйишди. Пулишични Nike компаниясининг ҳар бир йирик тақдимот маросимига таклиф қилишади - буни ҳам инобатга олиш лозим.

Азар ёзда «Реал»га кетадими? Катта эҳтимол билан шундай, чунки Пулишич сотиб олингач, воқеалар ривожи шунга етаклаши мумкин. Эден ҳар ҳафта «қаймоқранглилар» сафида ўйнаш нияти борлигини айтганда ҳам «Челси» янги футболчилар учун кўп пул сарфлади. Энди эса Пересга юлдуз керак, Азар эса - янги чорлов, бинобарин, «Челси»нинг бельгиялик ҳужумкор ярим ҳимоячига боғланиб қолгани ҳеч кимга сир эмас.

Балки Азар сингари АПЛнинг 19та ўйинида 10та гол ва 9та ассист қайд этиш Кристианга насиб қилмас. Бу футболчиларнинг тажрибаси, савияси ва формати турлича. Пулишич янгилик яратадиганлар тоифасидан эмас, аммо Сарри жамоасининг асосий таркибида уни тасаввур қилиш мумкин. Америкалик ярим ҳимоячининг «Челси»га ўтиши АПЛ клубларининг нечоғли бадавлат эканлигини кўрсатмоқда - ўтган молиявий йилда «кўклар»да 443,4 миллион фунт миқдоридаги рекорд даражада пул айланмаси кузатилиб, энг йирик даромад - 62 млн. фунт билан мақтанишди.

Мана шу ердан янги футболчиларга маблағ ортади. «Челси»даги хатога йўл қўйишганда ҳам ўзларига бўлган ишончни йўқотишмайди. Ҳаттоки, ёзгача ҳеч нима дейишмаса ҳам, Азарнинг қандай қарор чиқаришини тахмин қилишмоқда. Шунингдек, лондонликлар АҚШ бозорига кириб боришни режалаштиришган. Океан ортидаги соккер ихлосмандлари ёқтирадиган вундеркинд ёрдамида бу ниятни амалга ошириш осонлашади.

Қўшимчасига, Кристианнинг ўзи ҳам иқтидорли ва серқирра. Сарри уни АПЛ юлдузига айлантириши мумкин, яъни америкалик футболчи ҳисобига Азарнинг ўрнини ёпиш имконияти мавжуд. Хуллас, бу 2019 йили «Челси» амалга оширган сўнгги йирик трансфер бўлмаслиги кундек равшан.

А.Ҳамидов тайёрлади. 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz