Қайднома

Қидирув

Кашфиёт: Шотландиялик паҳлавон

Кашфиёт: Шотландиялик паҳлавон

  16.01.2019 02:34
  0
  583
Кашфиёт: Шотландиялик паҳлавон

Ортда қолган йилда «Ливерпуль» нафақат Англия, балки Европа грандлари ўртасида ҳам энг ёрқин таассурот қолдирди. Ҳужумкор, чиройли комбинацияларга асосланган ўйинлари эвазига жамоа аввал ЕЧЛ финалига қадар етиб келди, Серхио Рамоснинг разиллиги туфайли Муҳаммад Салоҳ майдонни тарк этгач, нуфузли соврин рақибга бой берилди. Йилнинг иккинчи ярмида эса мавсумни муваффақиятли бошлаган ҳолда АПЛда пешқадамлик қилди. Юрген Клопп ва унинг шогирдлари шаънига айтилмаган мақтов қолмади. Тўғри, юксак эътирофларнинг «қаймоғи» ҳужумчилар учлигига насиб этди: Салоҳ, Мане, Фирмино триоси уюшқоқ бўғин ва алоҳида ҳолида ҳам ҳайратланарли ўйин кўрсатди. Жамоанинг қолган аъзолари ҳам бош мураббий ва олдинги чизиқ вакилларичалик бўлмасада, ҳаракатларига яраша тақдирланишди. Дарҳақиқат, Милнер, Хендерсон, ван Дейк ёки Вейналдум каби ўйинчилар улушини тан олмаслик адолатдан эмас. Бироқ ташкилотчиларда камтарин қаҳрамон - Эндрю Робертсон кучлироқ таассурот қолдирди.

Шотландиялик ҳимоячи «қизиллар» сафига элитани тарк этган «Халл Сити»дан ўтганди. 1,5 йил ичида у шиддатли тараққиётга эришди. Юрген Клопп жамоасида Эндрю чап қанот ҳимоячиси позициясини ўзиники қилиб олди. Энди у АПЛдаги касбдошлари орасида ҳам етакчилар қаторида тилга олинмоқда. Чунки Робертсон яққол кўзга ташланиб турадиган камчиликлардан холи, тезлик ва рақибидан тўпни тортиб олиш бобида рисоладагидек савияга эга, вазиятга тўғри баҳо бера олиши эвазига позиция танлашда янглишмайди. Шу сабабли рақибини қўполлик билан тўхтатишга мажбур бўлмайди, «подкат»дан унумли фойдаланади. Бундан ташқари, Эндрю камдан-кам ҳолларда тўпни олдириб қўяди, ҳар бир учрашувда бор куч-маҳоратини ишга солади. Қолаверса, қулай вазият юзага келган пайтларда ҳимоячи олдинги чизиқдаги жамоадошларига ёрдамга отланади. Бунинг учун Эндрю тўпни моҳирлик билан назорат қилиш, дриблинг ва ҳужумчиларни аниқ узатмалар билан таъминлаш хусусиятларига эга. 2018 йилда у ўз ҳисобига 12та самарали узатма ёзиб қўйди. Ҳимоячи учун ҳавас қилишга арзийдиган натижа. Шотландиялик футболчининг ягона салбий жиҳати сифатида кучли зарба соҳиби эмаслигини кўрсатиш мумкин. Аниқроғи, бу борадаги кўрсаткичи бошқа натижалари каби юқори эмас.

Ўзининг ажойиб ўйинлари билан Робертсон «Ливерпул»нинг ЕЧЛдаги зафарли юришига муносиб ҳисса қўшди. У айниқса, ҳимоя чизиғининг мустаҳкамлигини оширди. Аввалги мавсумнинг биринчи даврасидаги омадсизликларга ҳимоядаги муаммолар сабаб бўлганини яхши биламиз. Жумладан, «қизиллар» «Севилья»га қарши баҳсда 3та тўп фарқи билан олдинда борган ҳолда ғалабани қўлдан чиқаришганди. Ўшанда мураббий асосан Альберто Моренога ишонч билдирар ва кўпинча ундан кўнгли тўлмасди. Ниҳоят, Клопп шотландиялик дебютантга имконият беришга қарор қилди ва Робертсон ўз маҳоратини намойиш этишга киришди.

Табиийки, курашга чанқоқ футболчи асосий таркибдан мустаҳкам жой олиш учун бор куч-маҳоратини сафарбар этди ва устози кўрсатмаларини аъло даражада уддалашга интилди. Тез орада ўзига бўлган ишончи ортиб, мавриди келганда ҳужумчиларга кўмаклаша бошлади. Шу тариқа ундаги «дирижёр»лик қобилияти ҳам намоён бўлди. Қисқаси, Эндрю ўз қанотининг барча ҳудудларида ишончли тўп суришга кўникди. Тинимсиз интилишлар якунда жамоага 12та гол кўринишида самара келтирди.

Жорий мавсумда ҳам шотландиялик ҳимоячи самарали фаолиятини давом эттирмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, «Ливерпуль» ички чемпионатда етакчилик қилмоқда, ўтказиб юборилган голлар бўйича ҳам энг яхши натижа «қизиллар»га тегишли. Албатта, ҳимоя чизиғи мустаҳкамлигида дарвозабон Алиссон Беккер, марказий ҳимоячи Виржиль ван Дейк ва бошқа футболчиларнинг улушлари катта. Бироқ шуни ҳам тан олиш керакки, ишончли қанотлар кўмаги бўлмаса, ҳимоя қўрғони мукаммал бўла олмайди. Эндрю эса ўз позициясидан таш-қари, марказда, керак бўлса, қарама-қарши қанотда ҳам шерикларини қўллаб-қуввтламоқда. Шу тариқа унинг очилмаган қирралари бўй кўрсатиб, улкан салоҳияти ойдинлашмоқда. Футболчи эндигина 24га чиққанини ҳисобга олсак, тез орада дунёнинг етакчи ҳимоячилари қаторидан жой олишига умид пайдо бўлади. Демак, Робертсонга йил кашфиёти мукофоти берилгани бежиз эмас.

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz