Қайднома

Қидирув

Дубайда довул...

Дубайда довул...

  17.01.2019 01:06
  0
  527
Дубайда довул...

Ғалаба дарёси Дубайда тошди,

Тун аро ёришди гўё чор тараф.

Термамиз дастлабки довондан ошди,

Шу шиддат шаънига бўлсин шон-шараф!

Зориқиб кутилган, расмий ўйиндаги ёрқин ғалаба, йўлига интизор боқилган йирик ҳисоб муборак, муҳтарам мухлис! Барчамиз музаффар ютуқ кайфияти ила юксак-юксакларга парвоз қилмоққа ҳақлимиз. Бугун бир бутунликда ғалабани нишонлайлик. Зеро, бутунликда гап кўп. Бутунлик баландликни бўйлайди. Бутунлик фақат олға бориш ҳақида ўйлайди. Заррача шубҳа-гумон орзуларнинг ёруғ йўлига соя солади. Ишонч - бутунликнинг мустаҳкам илдизидир. Умидсизлик ва ишончсизлик мана шу мустаҳкам илдизни болта мисоли қирқиши мумкин. Кўпчилик мухлислар «Менинг фикрим билан ўйин сифати ёки унинг натижаси ўзгариб қолмайди!» - деб ўйлашади. Йўқ, ўзгаради!

 

«Бирники мингга, мингники туманга» дейди доно халқимиз. Бу фоний дунёда айтилган яхши ёки ёмон ният изсиз кетмайди. Онгу шууримизда кечган ўй-хаёллар воқеликка таъсир ўтказади. Бутун ва ёруғ ният қилсак, футболчиларимиз индинга Япония терма жамоасини ҳам енгишади. Кимдир Япония терма жамоаси имкониятларини юқори баҳоласа ва терма жамоамиз ғалабасига ишончсизлик билан қараса, орзу ва ғалаба бутунлиги дарз кетади. Кейин яна мағлубият сабабларини қидириб, мураббий ёки футболчиларни айблаймиз. Келинг, бу каби нохуш ҳолатлар бош­қа такрорланмасин. Мағлубиятлар даври ўтиб кетгани рост бўлсин! Унутмайликки, мусобақага ҳар жиҳатдан тайёр терма жамоа ғалаба қозонолмаяптими, демак, ўша терма жамоа мухлислари ниятида ёруғлик ва қорон­ғулик аралаш. Биз ҳозир ён-атрофимиздаги мухлисларда фақат ва фақат ғалабага ишонч руҳини мус­таҳкамлайлик. Уларнинг руҳиятида енгилмас ва бутун УМИД дарахтини парваришлайлик. Эслайлик, Сульшер «МЮ»ни қабул қилиб олгач, Уэйн Руни унга «Футболчилар учун эркинлик зарур!» - дея маслаҳат берди. Ҳа, Уэйн Руни юрак-юрагидан ҳис қилган ҳақиқатни Жозе Моуриньо сезмади ёки сезса-да, тан олишни истамади. «МЮ», хусусан, де Хеа ва Погба «Тоттенхэм»га қарши кечган муҳим учрашувда нима сабабдан мардонавор ва илҳомбахш ўйнади?! «Иблисона» ғалабанинг боиси эркинлик ва жамоага эркин кайфиятни туҳфа айлаган Сульшерга ҳурмат ҳамда фидойиликдир. Савияси юқори мураббийлиги шак-шубҳасиз бўлган Жозе Моуриньо эса футболчилар истаган эркинликни чегаралади. Бошқача айтганда, эркинлик дарёсига ўжарлик ва фойдасиз маҳорат тўғонини қурди. «Реал»да ҳам, «Челси»да ҳам унга мана шу ўзбилармонлик ва оқимга қарши самарасиз сузиш панд берганди.

Таъкидлаш лозимки, Эктор Купер унинг мисолида тажрибали мураббий муваффақиятсизлигини кўриб, билиб турибди. Жозедан фарқли равишда Эктор Купер вазиятларни тўғри баҳоламоқда. Уммон термасига қарши ўйин учун у танлаган услуб, очиғи, ўзини оқламади. Сардор Рашидов ва Жалолиддин Машарипов ҳимоявий ўйин услубига мослашолмади. Бундай ўйин услуби ҳар икки футболчи табиатига зид экани кўриниб қолди. Хайриятки, ўта қалтис вазиятда Эктор Купер фикрини ўзгартириш учун ўзида куч топди. Элдор Шомуродов, Достон Ҳамдамов ва Икром Алибоевни майдонга тушириб у наинки терма жамоамизни, балки ўз шаънини ҳам қутқарди. Аён бўлдики, терма жамоамиз Куперона услубда ҳимояга ётиб олса, ҳатто уммонлик футболчилар босимига ҳам бардош беришда қийналар экан. Ҳимояланиш - терма жамоамиз табиатига бегона тушунча. Аниқроғи, муттасил ҳимоя футболчиларимиз асабини бузади. Жуда катта бардош эвазига ҳимояланадиган ва маълум натижаларга эришадиган ўртамиёна жамоалар еврофутбол муҳити учундир! Дейлик, «Атлетико» «Реал» ва «Барселона»нинг мислсиз ҳужумларини сабр-бардош билан қайтаради, босимни енгади ва фурсат топиб қарши ҳужумга ўтади. Миллий феъл-атворга кўра терма жамоамиз бу каби машаққатли вазифани бажаролмайди. Тўғри, Эктор Купер терма жамоамизнинг оғриқли нуқтасини заргарона аниқлади. Лекин оғриқни даволаш жараёнида у бир оз адашди. Назаримизда, терма жамоамиз табиатига ҳимоявий ўйин услубини сингдириш учун у бесамар уринди. Уммон ва Туркманистон термаларига қарши танланган икки хил ўйин услуби фикримизни тасдиқлайди. Туркманистон термасига қарши ўйинни асосий таркибда бошлаган Элдор Шомуродов ва Достон Ҳамдамов ҳаракатларини олқишлаган ҳолда айтамизки, уларнинг ўрнида Сардор Рашидов ва Марат Бикмаев ҳам фаол ҳамда самарали тўп суришарди. Демоқчимизки, гап футболчиларда эмас, балки ўйин услубининг ўзгаришида. Албатта, биз барча футболчилар бир хил савияда тўп суришади, деган фикрдан йироқмиз. Ҳар бир футболчи - алоҳида олам, индивидуаль ҳодиса. Буни ҳеч ким инкор этмайди. Бироқ шундай ўйинлар бўладики, уларни футболчилар эмас, аксинча, умумий руҳ, кўтаринки кайфият бошқаради.

Туркманистон терма жамоасига қарши кечган учрашувда футболчиларимиз анчайин эркин ўйнашди ва натижада Дубайда довул турди. Ливан, Яман, Вьетнам, КХДР, Филиппин, Уммон, Қирғизистон, Туркманис­тон каби терма жамоалар аввалданоқ аутсайдерлар сирасига киритилган бўлса-да, Ҳиндистон ва Таиланд терма жамоалари иштирокидаги хусусий ҳолатлар таъсири ўлароқ умумий хулосаларда бирдан бурилиш кузатилди. Ҳолбуки, аутсайдерлар ўз савия­ларидан ўзиб кетишмаганди. Демакки, хавотирлар ҳам ортиқча ва ўринсиз эди. Футболчиларимиз шу ҳақиқатни яна бир бор исботлашди. Офарин уларга!

Ғалаба юлдузин юракка тақиб,

Майдонда тўп сурмоқ футболчи шаъни.

Кучли бўлсин, майли, ҳарқанча рақиб,               

Курашиб енгмоқ шарт, шундадир маъни!

Муҳаммад ВАЛИ, “ИнтерФУТБОЛ” газетаси


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz