Қайднома

Қидирув

Юрий Саркисян: «Асосийси - натижа»

Юрий Саркисян: «Асосийси - натижа»

  17.01.2019 05:15
  0
  808
Юрий Саркисян: «Асосийси - натижа»

Ўзингизга маълум, яқинда Тошкентнинг «Бунёдкор» клубида бир қатор ўзгаришлар рўй берди. Жумладан, клуб бош директори Мурод Алиев ўрнига Улуғбек Мирзаев тайинланди. Жамоа бош мураббийи лавозими эса тажрибали мутахассис Вадим Абрамовга топширилди. Биздаги маълумотларга кўра, клубнинг янги устозига  Шуҳрат Мақсудов ва Юрий Саркисянлар ёрдам берадиган бўлишди. «Бунёдкор»даги ислоҳотлар, албатта, кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортади. Лекин шуни унутмаслик керакки, айни пайтда юртимиздаги деярли барча футбол ишқибозларининг нигоҳи БААда ўтаётган навбатдаги Осиё кубогига қаратилган. Туркманистонликларга қарши баҳс олдидан биз Юрий Вазгеновични суҳбатга тортдик.

 

- Юрий Вазгенович, суҳбатимиз аввалида «Бунёдкор» жамоасидаги ўзгаришлар борасида тўхталиб ўтсангиз...

- Футболга бефарқ бўлмаган барчанинг хабари бор, клубимизда жиддий ўзгаришлар юз берди. Дейлик, клуб раҳбарияти ўзгарди, жамоа мураббийлар штабида янги мутахассислар, жумладан, олдин мен билан бирга «Нефтчи»да фаолият юритган Вадим Абрамов, шунингдек, фарғоналиклар таркибида футболчи бўлиб ўйнаган, сўнгра «Нефтчи»да менга мунтазам ёрдам берган Шуҳрат  Мақсудов иш бошлашди. Шунингдек, «қалдирғочлар» таркибига иқтидорли ёш футболчилар жалб этилди. Ушбу ўйинчилар янги мавсумда ўз маҳоратларини намойиш этиб, «Бунёдкор»нинг муваффақиятларига муносиб ҳисса қўшишади, деган умиддаман.

- Бизга маълумки, «Бунёдкор»да жамоанинг собиқ футболчиси Сергей Симоненкодан қарздорлик борасида муаммо юзага келган. Бу эса табиийки, кўплаб ортиқча қийинчиликларни келтириб чиқармоқда. Сизнингча, ноқулай вазиятдан чиқиб кетишнинг йўли борми?

- Умид қиламизки, янги раҳбарият мазкур муаммони ижобий тарзда ҳал этади ҳамда клубимиз янги мавсумда Суперлигада муносиб иштирок этиш учун бор имкониятини ишга солади. Менимча, айни пайтда клуб масъуллари мазкур муаммо устида изланишяпти.

- Барчамизнинг диққатимиз марказида турган Осиё кубоги-2019 мусобақаси ҳақида фикрларингиз қандай? Мутахассис сифатида мазкур қитъа чемпионатининг кутилмаган натижалари ҳамда миллий терма жамоамизнинг дастлабки ўйини борасида нима дея оласиз?   

- Осиё кубоги-2019нинг кутилмаган натижалари борасида нима дейишим мумкин? Ҳар қандай жамоа майдонда рақиб унга қандай имконият беришига қараб, ўйин кўрсатади. Шундай экан, гранд терма жамоаларнинг ҳам баъзида мағлубиятга учраши - табиий ҳолат. Йирик мусобақада бундай кутилмаган сенсациялар бўлиб туради. Боиси, футбол йилдан-йилга ривожланиб боряпти ва буни деярли барча мамлакатларда кузатиш мумкин. Миллий терма жамоамизнинг 1-турдаги уммонликларга қарши кечган баҳси борасида тўхталадиган бўлсам, асосийси - натижа эди. Ўша учрашувда Эктор Купер шогирдлари қандай ўйин намойиш этишганидан қатъий назар, зафар қучишди. Муҳими, шу.

- Сиз 2000 йили Ливанда ўтказилган қитъа чемпионатига бош жамоамизни олиб боргандингиз. Ўша биринчилик билан таққослаганда, бу сафарги Осиё кубогида қандай ўзгаришлар бор?

- Юқорида таъкидлаганимдек, футбол барча мамлакатларда ривожлан­япти, ўсяпти. Илгари футболи унчалик тараққий этмаган терма жамоалар бугунга келиб кучли рақибларга ҳам муносиб қаршилик кўрсатишяпти. Буни мазкур қитъа чемпионати тасдиқламоқда. Бунга мисол тариқасида австралияликларнинг Иордания термасидан мағлубиятга учрашгани ҳамда Хитой термасининг қир­ғизистонликлар устидан катта қи­йинчилик билан ғалаба қозонишганини келтириш мумкин. 2000 йилги турнирдан буён орадан анча йил ўтди. Шунинг учун ўша мусобақани ҳозиргиси билан солиштириш қийин. Хуллас, миллионлар ўйини жадал суръатда тараққий топиб бормоқда ва ривожланмоқда.

У.УМАРОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz