Қайднома

Қидирув

Одил АҲМЕДОВ:«Мухлислар ҳурмати учун ғалаба қозониш шарт»

Одил АҲМЕДОВ:«Мухлислар ҳурмати учун ғалаба қозониш шарт»

  17.01.2019 13:04
  0
  498
Одил АҲМЕДОВ:«Мухлислар ҳурмати учун ғалаба қозониш шарт»

Бугун Ўзбекистон миллий жамоаси БААда давом этаётган Осиё кубоги-2019 гуруҳ босқичи доирасидаги 3-тур учрашувини ўтказади. Дастлабки икки ўйинда ғалаба қозониб, муддатидан аввал «плей-офф» йўлланмасини қўлга киритган Эктор Купер шогирдлари Японияга қарши майдонга тушишади. «Кунчиқар юрт» вакиллари ҳам 6 очко билан 1|8 финал чиптасини қўлга киритиб бўлишган. Бугунги ўйин квартет етакчиси номини аниқлаб беради. Дуранг натижа ҳам жамоамизни кейинги босқичга гуруҳғолиби сифатида олиб чиқади. Биз мазкур ўйин олдидан термамиз етакчиси Одил Аҳмедов билан суҳбатлашдик. Сардоримизга берган дастлабки саволимиз Туркманистон билан учрашувда қўлга киритилган ғалаба мавзусида бўлди.

 - Тўғриси, бу даражада осон ғалаба қозонамиз деб ўйламагандим, - дея сўз бошлади 9-рақам соҳиби. - Лекин майдонга фақат ғалаба илинжида тушгандик. Ўзингиз кўрганингиздек, 90 дақиқа давомида ташаббус тўлиқ биз томонда бўлди. Тезкор гол ўйин учун белгиланган вазифамизни анча енгиллаштирди. +олаверса, рақиб жамоа ҳимоясидаги хатолардан ҳам унумли фойдаландик.

- Туркманистоннинг Японияга қарши ўтказган ўйинидан кейин бу рақиб ҳақида фикрингиз ўзгарганмиди?

- Дерби мақомидаги ўйинлар ҳамиша қийин ва мураккаб кечган. Марказий Осиё дербисидан ўрин олган мазкур учрашув ҳам бундан мустасно эмас. Туркманистонлик футболчиларнинг ўйин бошидаги дастлабки ҳужуми анча хавфли чиқди. Бахтимизга улар томонидан тепилган жарима тўпи ноаниқ бўлди. Акс ҳолда, бизга қийин бўлиши мумкин эди. Муҳим ўйинда ғалаба қозониб, кейинги босқичга чиққанимиздан жуда хурсандмиз.

- Японияга қарши кечадиган ўйиндан нималар кутяпсиз?

- Шубҳасиз, қийин ўйин бўлади. Кўпчилик дуранг натижа ҳам бизни гуруҳ ғолиби сифатида нимчорак финалга олиб чиқади, деяпти. Аммо биз бўлажак учрашувда ҳам фақат ғалаба учун майдонга тушамиз. Ҳужумкор, мазмунли ўйин намойиш этиб, мухлисларимизни хушнуд этишга ҳаракат қиламиз. Кўряпсиз, Ўзбекистондан қанча мухлислар атайин бизни қўллаб-қувватлаш учун БААга етиб келишган. Бу ернинг ўзидан ҳам анча ҳамюртларимиз термамиз иштирокидаги учрашувларга ташриф буюряпти. Уларнинг ҳаққи-ҳурмати учун ҳам Япония билан ўйинда ғалаба қозонишим шарт. Бунинг учун майдонда боримизни бериб ўйнаймиз.

- Шахсан сиз учун кейинги бос-қичдаги рақиб қайси жамоа бўлишининг аҳамияти йўқми?

- Жамоамиз олдига қўйилган вазифа - ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш. Шу боис ҳам ҳозир фақат Япония термаси ҳақида ўйлаяпмиз. Бу учрашувдан сўнг 1|8 финалдаги рақибимиз маълум бўлади ва шунга қараб кейинги баҳсга тайёргарлик кўрамиз. Осиё чемпионатининг «плей-офф» босқичига гуруҳдан кучсиз жамоанинг ўзи чиқмайди. Ҳар бир рақиб ҳурматга лойиқ. Фақат ноқулай рақиблар бўлиши мумкин. Ўзи у даражада кучли эмасдир, аммо ноқулай рақиблиги билан қийинчилик ва муаммо туғдиради. Умуман олганда, шахсан менга қайси жамоа билан ўйнашнинг унчалик ҳам аҳамияти йўқ. Барибир, мақсадга эришиш учун қитъамизнинг кучли жамоалари билан ҳисоблашиб, уларни мағлуб этиш керак.

Эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистон ва Туркманистон терма жамоалари ўртасидаги учрашувни томоша қилиш учун Дубайдаги «Рашид Стэдиум»га Эрон футболи юлдузи Сардор Азмун ҳам келди. У ўйинни бевосита фахрий меҳмонлар учун мўлжалланган трибунада кузатиб борди. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор, албатта. Биринчи галда, Ўзбекистон ва Эрон термалари финал йўлида ўзаро тўқнаш келиб қолишлари мумкин. Иккинчидан, Одил Аҳмедов ва Сардор Азмун жуда қалин дўст. Буни Азмуннинг ўзи ҳам учрашувдан сўнг берган интервьюсида айтиб ўтди: «Бугун мен учун дам олиш куни эди. Шу боис ҳам дўстим Одил Аҳмедовнинг ўйинини томоша қилиш учун стадионга келдим. Ўзбекистон терма жамоасининг ғалабасидан кейин Одил учун хурсанд бўлдим. Шахсий фикрим, бугунги ўйиннинг энг яхши футболчиси бу - Аҳмедов! Ўйиндан кейин Одилни табрикладим. Осиё чемпионатига келсак, чемпионлик учун фаворитлар етарли. Буни мен айтмасам ҳам кўпчилик билади. Эрон ва Ўзбекистондан ташқари, Австралия, Жанубий Корея, Япония термалари ҳам ғолиблик учун кураш олиб боришади».

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди

Дубай, БАА

Manba: "InterFutbol" gazetasi



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz