Қайднома

Қидирув

Арслонмурот Аманов: «Ўзбекистон термасига тажриба қўл келди»

Арслонмурот Аманов: «Ўзбекистон термасига тажриба қўл келди»

  17.01.2019 16:12
  0
  657
Арслонмурот Аманов: «Ўзбекистон термасига тажриба қўл келди»

Ўз тарихида иккинчи маротаба Осиё кубоги финал босқичида иштирок этаётган Туркманистон термаси биринчи турда Японияга муносиб қаршилик кўрсатиб, кичик шов-шув сабабчисига айланганди. Гарчи мағлубиятга учраган бўлсалар-да, қардошларимиз «кунчиқар юрт» термаси дарвозасини икки бор ишғол қилишни уддалашди. Учрашувда ҳисобни очган Арслонмурот Аманов шедевр гол муаллифига айланди. Туркманистон миллий жамоаси сардори ўтган мавсумни «Бухоро» клубида ўтказганди. Бизга қарши кечган 2-тур учрашувида туркманистонлик футболчилар ва хусусан, Амановнинг ўзи ҳам ҳеч нарса қила олмади. Аниқроғи, вакилларимиз бунга йўл қўйишмади. Бу икки мамлакат термаларининг Осиё кубоклари доирасидаги иккинчи ўйини эди. Дастлабки тўқнашув 2004 йилги қитъа чемпионатида ўтказилиб, унда жамоамиз Миржалол +осимовнинг ягона голи эвазига зафар қучганди. Демак, ўзаро ўйинларимиздаги натижани янада яхшилаб олдик. Жами ўнта учрашувнинг саккизтасида жамоамиз ғалаба нашидасини сурган. Битта баҳсда дуранг қайд этилган, яна бирида мағлубиятга учраганмиз. Бу галги Осиё кубоги доирасидаги ўйиндан сўнг Арслонмурот Амановдан интервью олдик.

 

- Арслонмурот, йирик ҳисобдаги мағлубиятнинг асосий омили нимада бўлди?

- Очиғи, Ўзбекистон термасига кучимиз етмади. Футболчилар ўртасидаги маҳорат, тажриба ўз сўзини айтди. Миллий жамоангиз кучли футбол намойиш этди ва ҳақли равишда ғалабага эришди. Рақибнинг устунлиги барча жабҳаларда кўзга ташланди. Фурсатдан фойдаланиб, термангизга кейинги ўйинларда омад тилайман.

- Япония билан ўйинда кўп куч йўқотдинглар. Балки бу ҳолат ҳам йирик ҳисобдаги мағлубиятингизга сабаб бўлгандир?

- Йўқ, мен бундай деб ўйламайман. Ўзбекистон ҳар томонлама биздан устунлик қилди. Мағлубиятни ҳам тан ола билиш керак. Рақиб жамоа ўйинга яхшироқ тайёргарлик кўрибди.

- Балки жисмоний жиҳатдан ўйинга тайёр бўлмагандирсизлар?

- Жисмоний тайёргарлик маромида эди. Кўпроқ руҳий томонлама панд едик, деб ўйлайман. Ҳаттоки, техник томондан ҳам бизнинг ўйинда нуқсон кузатилмади. Энг асосийси, футболчиларнинг маҳорати, даражаси, савияси Ўзбекистонда сезиларли даражада кучлироқ эди.

- Келинг, энди Ўзбекистондаги фаолиятингизга ҳам тўхталсак. Ўтган мавсумни «Бухоро» жамоасида ўтказдингиз. Адашмасам, бу клуб билан шартномангиз ниҳоясига етди. Шундайми?

- Худди шундай. 31 декабрь куни амалдаги шартномам якунланди. Лекин ҳали келгуси фаолиятим борасида бир тўхтамга келганим йўқ. Шуниси аниқки, «Бухоро»ни тарк этдим. Келаси мавсумда аниқ бу жамоа шарафини ҳимоя қилмайман.

- Мендаги маълумотларга қараганда, сизга айни пайт +атар, Таиланд, Малайзия каби давлатлардан таклифлар бўлаётган экан. Бу хабарни тасдиқлайсизми?

- Инкор этмайман. Кўплаб хориж клубларидан қизиқиш бўлди. Агентларим ҳар томонлама яхши таклифлар бўлаётганини айтишяпти. Аммо ҳозир бу ҳақда ўйлашнинг фурсати эмас. Бор эътиборимни Осиё кубогидаги иштирокимизга қаратганман. Биз учун ушбу мусобақа расман якунланганидан сўнг таклифларни кўриб чиқаман.

- Янги мавсумни аниқ Ўзбекистонда ўтказмас экансизда?

- Нега энди, ҳамма нарса бўлиши мумкин.

- Гапингиздан келиб чиқсак, Ўзбекистон клубларидан ҳам таклифлар бўлаётгани ойдинлашади...

- Ҳа, таклифлар бор. Лекин ҳозирча бу маълумотни айта олмайман.

- Ўтган мавсум якунларига кўра «Бухоро»дан юқорида жойлашган жамоалар эканлиги аниқ.

- (кулади) Худди шундай.

- Сир бўлмаса, бу қайси клублар?

- Ҳозир бу борада тайинли фикр билдиролмайман. Чунки ҳали ҳеч қандай музокаралар ўтказилгани йўқ. Шунчаки, гап-сўзлар, холос.

- «Бухоро» раҳбарияти ўтган мавсум учун футболчилар билан ҳисоб-китоб қилдими? Қарздорлик йўқми?

- Йўқ десам ёлғон гапирган бўламан. Лекин шу кунларда тўлиқ ҳисоб-китоб қилишга ваъда беришган. Кутяпмиз, тез орада ушбу масала футболчилар учун ижобий ҳал бўлиб қолади, деган умиддамиз.

- Қарздорлик қанчани ташкил этади?

- Бу ҳақда маълумот беролмайман. Каттагина сумма эканлиги аниқ.

- Умуман, БАА мезбонлигида ўтаётган Осиё кубоги шахсан сизда қандай таассурот қолдиряпти?

- Туркманистон термаси 15 йиллик танаффусдан сўнг яна катта мусобақада иштирок этди. Шунинг ўзи биз учун катта ютуқ. Тан олиш керак, қуръа натижасига кўра, гуруҳимизга кучли жамоалар тушиб қолганди. Япония ва Ўзбекистондан ташқари Уммон ҳам биз учун кучли рақиб ҳисобланади. Бу терма яқинда Кўрфаз кубогида чемпион бўлганди. Шунинг ўзиёқ бугунги Уммоннинг имкониятларини кўрсатиб турибди. Шунга қарамай, Осиё кубоги катта тажриба мактаби вазифасини ўтаб берди. Бу тажриба ЖЧ-2022 саралаш баҳсларида асқотишига ишонаман.

 

К.АЛИМОВ суҳбатлашди  Дубай, БАА



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz