Қайднома

Қидирув

Суперлига ва Про-лигада трансферлар авжида...

Суперлига ва Про-лигада трансферлар авжида...

  18.01.2019 00:33
  0
  774
Суперлига ва Про-лигада трансферлар авжида...

Ўтган мавсумлар давомида «Машъал» ва «Металлург» каби жамоалар сафида ишончли ўйин кўрсатиб, Ўзбекистон олимпия термаси шарафини ҳимоя қилган мамлакат миллий жамоасига номзод, ёш ва умидли дарвозабонлардан бири Жавоҳир Илёсов «Локомотив» билан 3 йиллик шартномага имзо чекди. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар тарқатди. Ушбу трансфер орқали «Локомотив» келажакка ажойиб пойдевор қўймоқда. Ёш бўлишига қарамай, Жавоҳир сўнгги мавсумлар давомида ўз жамоаларининг асосий таркиб посбонига айланди.

***
"ПАХТАКОР"

Пойтахтнинг “Пахтакор” клуби ҳам мавсумни АГМК қатори бошқалардан эртароқ бошлайди. “Шерлар” айни кунларда янги мавсумга ҳозирлик кўриш жараёнини давом эттирмоқда. Клуб матбуот хизматининг маълумот беришича, машғулотлар “Жар” стадионида кунига икки маҳалдан ўтказиляпти. Мураббийлар асосан футболчиларнинг жисмоний ҳолатини яхшилаш устида иш олиб бормоқда. Маълум бўлишича, 19 январь куни пойтахтликлар “Жар” стадионида “Андижон”га қарши назорат учрашуви ўтказишни режалаштирган. Жамоа 25 январдан БАА йиғинига жўнаб кетади ва 6 февралда Тошкентга қайтиб келади. Эслатиб ўтамиз, “Пахтакор” БАА йиғинидан қайтганидан сўнг, Осиё Чемпионлар лигаси 2-саралаш босқичи доирасида Ироқнинг “Эйр Форс” жамоаси билан кейинги босқич йўлланмаси учун кураш олиб боради.

«НАВБАҲОР»

Наманганликлар ўз қароргоҳларидаги машғулотларни бугун ниҳоясига етказишади. Режага кўра, «Навбаҳор» Наманган шаҳридаги «Динамо» стадионида Про-лига вакили - Фарғонанинг «Истиқлол» жамоасига қарши ўртоқлик учрашуви ўтказади. Шундан сўнг футболчиларга қисқа муддатли таътил берилади ва 21 январь куни жамоа аъзолари Қрим шаҳрига парвоз этишади. Андрей Канчельскис шогирдлари у ерда 10 кун давомида ўқув-машғулот йиғинини олиб бориб, 2та ўртоқлик учрашуви ўтказишни режалаштиришган. Спарринг-рақиблардан бири Тавриянинг «Симферополь» клуби эканлиги маълум. Иккинчи рақиб номи эса ҳозирча аниқ эмас. Таркибдаги ўзгаришларга тўхталадиган бўлсак, жамоа машғулотларида ўтган мавсумни Озарбайжоннинг «Кешля» жамоаси таркибида ўтказган самарқандлик ҳужумчи Баҳодир Насимов, асли наманганлик бўлган, ўтган мавсум Россиянинг «Арсенал» (Тула) жамоасида тўп сурган ярим ҳимоячи Одил Асқаралиев, шунингдек, 2018 йили Бекободнинг «Металлург» клубида ўйнаган ярим ҳимоячи Зафар Тўраев иштирок этишмоқда. Бунгача жамоа кўригида бўлган сербиялик ярим ҳимоячи Иван Рогач ҳамда ўтган йили Фарғонанинг «Нефтчи» клубида тўп сурган ҳужумчи Шерзод Ҳакимовга эса жавоб бериб юборилди.

***

«БУНЁДКОР»

Бошқа клублар қатори «Бунёдкор» ҳам янги мавсумга тайёргарлик жараёнини давом эттирмоқда. Биласиз, жамоа мураббийлар штабида ўзгаришлар рўй берди. Эндиликда «қалдирғочлар»ни Вадим Абрамов бошқаради. Жамоа янги бош мураббий бошчилигидаги дастлабки машғулотларни ҳам ўтказди. Клуб 3-12 январь оралиғида илк йиғинни ўтказганди. Тайёргарликнинг иккинчи босқичига 14 январдан киришилди. Жамоа 26 январга қадар мазкур йиғинни давом эттиради. Йиғин доирасида 3та ўртоқлик ўйинида майдонга тушиш кўзда тутилган. Шулардан бири кеча «Оқ-тепа» жамоасига қарши бўлиб ўтди.

***

«БУХОРО»

«Бухоро» ўтган мавсум жамоа сафида ўйнаган бир қатор футболчилар билан хайрлашди. Жумладан, Арсланмурот Аманов, Санъат Шихов, Артём Филипосян, Шавкат Муллажонов, Шаҳбоз Эркинов, Суҳроб Неъматов, Влад Ларинов ва Вадим Чемиртанлар жамоани расман тарк этишди. Жавоҳир Қаҳрамонов ва Эргаш Исмоиловлар ижара муддати тугаганлиги сабабли «Бунёдкор»га қайтишди.

***

«НАСАФ»

Қаршининг «Насаф» жамоаси ҳам айни пайт янги мавсумга ҳозирликни давом эттирмоқда. Қаршиликлар машғулотларга 3 январдан киришгандилар. Жамоа қароргоҳида таъмирлаш ишлари давом этаётгани боис, тайёргарлик жараёни Спутник қўрғонидаги ёшлар жамоаси қароргоҳига кўчирилди. Рўзиқул Бердиев шогирдлари кунига икки маҳалдан шуғулланишди. «Аждарлар» кеча «Қизилқум»га қарши назорат учрашуви билан йиғинни якунлашди. Мазкур йиғин давомида «Насаф» «Шўртан» билан ҳам ўзаро куч синашди. Учрашувда қаршиликлар 4:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. Ўйин давомида ҳар икки жамоа устозлари ҳам янги футболчилар ҳаракатларини кузатиш имкониятига эга бўлишди.

***

АГМК

2019 йилги мавсумга қизғин ҳозирлик кўраётган АГМК ўз сафини кучайтиришга уринмоқда. Клуб матбуот хизматининг маълумот беришича, жамоа Дилшод Жўраев, Ойбек Қиличев, Бобур Йўлдошев, Санъат Шихов, Мурод Тошматов, Миржамол Қосимов каби футболчилар билан келишувга эришди. Бу ўйинчилар аллақачон олмалиқликлар сафида машғулотларни бошлаб юборишди. Шунингдек, ўтган мавсумни «Навбаҳор»да ўтказган дарвозабон Акбар Тўраев, «Бунёдкор» вакиллари Суҳроб Султонов ҳамда Мирғиёс Сулаймоновлар ҳам янги мавсумда АГМК сафида ўйнайдиган бўлишди. Қайд этиш жоизки, Олмалиқ клуби ушбу футболчиларнинг тиббий кўрик натижаларини тақдим этгач, шунингдек, лицензиялаш талабларини бажаргач, яқин бир ой ичида мазкур ўйинчилар билан шартномаларини ПФЛ рўйхатидан ўтказиши мумкин бўлади. Миржалол Қосимов бошчилигидаги жамоа «Миллий» стадионининг сунъий қопламали майдонларидан бирида Суперлига дебютанти ҳисобланган «Андижон» билан назорат ўйини ўтказди. Қизиқарли кечган учрашув 1:0 ҳисобида олмалиқликларнинг устунлиги билан якунланди. /алаба голи АГМКнинг янги аъзоси Санъат Шихов ҳисобига ёзилди.

***

«АНДИЖОН»

Айни дамда ўқув-йиғин машғулотларини Тошкентда олиб бораётган «Андижон» ўз таркибини кучайтириш мақсадида бир қатор футболчилар билан келишувга эришди. Жумладан, охирги икки йилни «Бухоро» сафида ўтказган Акмал Турсунбоев «Андижон» йиғинига келиб қўшилди. Иқтидорли дарвозабон 2016 йилги мавсумда ҳам «бургутлар» шарафини ҳимоя қилганди. Мудофаа чизиғини кучайтириш мақсадида «Металлург» билан хайрлашган Аброр Ҳусинов таклиф этилди. Ушбу футболчи куни кеча «Андижон» билан расман келишувга эришди. Ундан аввалроқ яна бир тажрибали ҳимоячи Бобур Акбаров ҳам таркибга қўшилганди. Қанот ярим ҳимоясидаги бўшлиқни тўлдириш мақсадида, «Машъал» билан хайрлашган иқтидорли футболчи Абдуллоҳ Олимов ва ўтган мавсум «Нефтчи» шарафини ҳимоя қилган Абдураҳмон Абдулҳақов таклиф этилди. Ушбу футболчилар ҳам раҳбарият билан музокара ўтказишгач, «Андижон» учун ўйнашлари аниқ бўлди. Ҳужум чизиғидаги рақобатни ошириш ниятида ўтган мавсумни «Навбаҳор»да ўтказган Сардор Сулаймонов билан Рўзимбой Аҳмедов жалб этилди. Ушбу футболчилар ҳам янги мавсумни «бургутлар» сафида ўтказишади.

Жамоа раҳбарияти ва мураббийлар штаби ўзаро маслаҳатлашган ҳолда, бу йил легионерлар хизматидан тўлиқ фойдаланишга келишиб олишди. Ҳозир бир қатор хорижлик футболчилар билан музокара олиб борилмоқда. Яқинда Арманистондан кўрикка таклиф этилган марказий ярим ҳимоячи Арам Саргсян мураббийларда ижобий таассурот қолдирмагани учун ортга қайтиб кетди. У билан бирга беларуслик ҳужумчи Микалаю Земкога ҳам жавоб берилди. Уларнинг ўрнига молдовалик ярим ҳимоячи ва ҳужумчи таклиф этилди. Ҳозир улар кўрикдан ўтказилмоқда. Агар ушбу футболчиларнинг ҳаракатлари мураббийларга маъқул келса, расман шартнома тузилади. Бундан ташқари, яна айрим ўйинчилар билан музокара жараёни давом этмоқда.

«Андижон» бош мураббийи Элдор Сакаев клуб матбуот хизмати билан бўлган суҳбатда тайёргарлик борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди: «Янги мавсумга тайёргарликни декабрь ойидаёқ бошлагандик. Аввалига Андижонда қисқа муддатли йиғин ташкил этилди. У ерда асосан ўтган йилги таркибда ҳаракат қилган футболчилар ва маҳаллий ўйинчилар кўрикдан ўтказилди. 9 январдан эса Тошкентга келдик. Бу ерда режага кўра таркибга бир қатор янги ўйинчилар қўшилди. Шу ўринда клубимиз вице-президенти Маъруфжон Абдисаломовга жамоанинг янги мавсумга ҳар томоналама пухта тайёргарлик кўриши учун қулай шароитларни яратиб бераётгани ва доимо бизга ёрдам қўлини чўзаётгани учун миннатдорчилик билдираман. Жамоамиз Тошкентдаги муҳташам «Ўзбекистон» меҳмонхонасида истиқомат қилиб, «Турин» стадионида машғулот ўтказмоқда. Раҳбарият бу йил дебютант бўлишимизга қарамай, Суперлигада ҳам юқори ўринни эгаллашни олдимизга вазифа қилиб белгилаган. Шунга монанд таркибни кучайтириш мақсадида, селекция ишлари билан кенг қамровда иш олиб бормоқдамиз. Янги футболчиларнинг таклиф этилишидан олдин албатта, раҳбарият билан бу мавзуда маслаҳатлашган ҳолда, иш тутмоқдамиз. Шу кунга қадар ўнга яқин янги футболчилар жамоага таклиф этилди. Биз бу билан селекция ишларини якуланмоқчи эмасмиз. Суперлигада ҳар бир ўйин ҳақиқий жанг бўлади, мухлислар биздан фақат ғалаба кутишади. Таркиб шунга монанд шакллантирилмаса, ҳаракатларимиз зое кетишини тушуниб турибмиз. Ички имкониятдан келиб чиқиб, хорижлик футболчилар лимитидан ҳам тўлиқ фойдаланиш ниятидамиз. Бу бўйича ҳам ҳозирда изланишдамиз ва айтишим мумкинки, бугунги кунда ҳам айрим легионерларни кўрикка таклиф этиб, уларни кўздан кечиряпмиз. Легионер футболчилар катта пулга келади. Шундай экан, уларни танлашда адашмаслик зарур, деб биламан. Режага кўра, февраль ойида Туркиянинг Анталия шаҳрида хориж йиғини ташкил этмоқчимиз. Унга қадар таркибни аниқлаштириб олишимиз шарт».

***

«ШЎРТАН»

Ўтган мавсум Про-лиганинг 14-тур учрашувидан эътиборан «Шўртан» жамоаси бош мураббийлигига тайинланган Ёрқин Назаров бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан «Оқ бўрилар» билан расман хайрлашди. У билан бирга жамоада ёрдамчи мураббий сифатида иш олиб борган Мурод Отажонов ҳам /узорни тарк этди. «Шўртан» 7 январдан эътиборан ўз қароргоҳида йиғин ўтказмоқда. 14 январь куни «Шўртан» футболчилари дастлабки синов-назорат учрашувида майдонга тушиб, «Насаф»га қарши ўйинда 1:4 ҳисобида имкониятни бой беришди. Жамоа раҳбариятининг маълум қилишича, йиғинга яна бир қатор тажрибали футболчилар таклиф қилиниши кўзда тутилмоқда.

Ж.Бобохонов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz