Қайднома

Қидирув

Матонатли Максга ўхшаганини қидиряпмиз-ми...?

Матонатли Максга ўхшаганини қидиряпмиз-ми...?

  18.01.2019 02:08
  0
  741
Матонатли Максга ўхшаганини қидиряпмиз-ми...?

ОК-2019да юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган футболчилар рўйхатида бир нафар номинал ҳужумчи бор, холос - Марат Бикмаев. Эътиборлиси, у ҳам «Локомотив»да аксарият ҳолларда вингерга айланади. Худди шу гап Элдор Шомуродовга ҳам тааллуқли. Тўғриси, миллий жамоамизга мухлислик қилишни бошлаганимдан бери ҳали хоҳ ЖЧ саралаши, хоҳ Осиё кубоги бўлсин, ҳужум чизиғида бу қадар тақчиллик кузатмагандим. Шундай паллада ишқибозлар кўз ўнгига яқин ўтмишнинг ажойиб форварди, қийин вазиятларда термамизга ғалабали голларни туҳфа этган Максим Шацких келади. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон миллий жамоасининг тенгсиз тўпурари фаолиятига яна бир бор назар солиш истаги пайдо бўлди.

 

Макс термамиздаги фаолиятини якунлагач, фақатгина Гейнрих унинг ўрнини билинтирмай турганди. Тан олайлик, Шацкихдан сўнг миллий жамоада унинг савиясидаги ҳужумчи ўйнамади, деярли. Ҳа, Украина чемпионатида ўз ўрнига эга юртдошимиз кейинчалик ўз диёридаги бирор клубда тўп сурмади. У Европа футболи ҳавосидан нафас олди, ўша муҳитда тарбияланди. Максимнинг устун томони ҳам шунда. Термамиз аъзолари орасида ўзининг ўйин услуби ва оғир характери билан ажралиб турарди. Бунга сабаб айнан «кўҳна қитъа» футболида камол топгани бўлди.

Шацкихнинг илк марта кўзга ташланиши 1993 йили Англияда бўлиб ўтган халқаро мусобақага тўғри келган. Бу пайтда у «Пахтакор»нинг 14 ёшгача бўлган жамоасида футбол сир-асрорларини ўрганаётганди. Турнирга ҳам шу жамоа билан ташриф буюриб, тўпурарлик маҳоратини намойиш этади. Келажаги порлоқ сифатида қаралаётган форвардда кейинчалик Москванинг «Спартак» клубига ўтиш имкони туғилади. Мазкур жамоанинг бир қанча йиғинларида иштирок этганига қарамасдан, Олег Романцев унга эътибор бермайди. Маълумки, ўзининг принципиал характерига эга мураббийи Жаъфар Ирисметовга ҳам шундай муносабатда бўлганди.

«Балтика»да ўйнаб юрган кезлари Шацкихга Киевнинг «Динамо» клуби қизиқиш билдиради. Андрей Шевченкони «Милан»га сотиб юборган жамоанинг бош мураббийи Валерий Лобановский Макснинг ўйинларини кузатиш учун ёрдамчиларини юборади. У Шевченконинг ўрнида айнан ўзбек ўғлонини кўради. Ҳамюртимиз жисмонан бақувват футболчилар билан ишлашни ёқтирадиган Лобановскийнинг талабларига мос келарди. Унинг Чемпионлар Лигасидаги дебюти ажойиб кечган. Шу кечада у Вильнюснинг «Жальгирис» клуби дарвозасини икки марта ишғол қилиб, жамоасининг 2:0 ҳисобидаги ғалабасига катта улуш қўшган. Максим еврокубокларда гол урган илк осиёлик эди. Шундай бўлсада, «сариқ қитъа»да у назардан четда қолган, асосий эътибор Ғарбий ва Жанубий-Шарқий осиёлик футболчиларга қаратиларди.

Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичига йўлланма берувчи ўйинда «Динамо Киев» Даниянинг «Ольборг» жамоаси меҳмони бўлади. Киевликларнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан тугаган баҳсда ғалаба тўпини бизнинг вакилимиз киритади. Жавоб учрашувида украинлар мураккаб вазиятда қолишади, яъни ўйинда «Ольборг» 2:1 кўринишида зафар қучиш арафасида турганди, бутун Киев мағлубиятни тан олиб бўлганди, фақат Шацкихдан ташқари. Ўйиннинг 90}2-дақиқасида Макс тезлик билан ҳужумга ўтиб, рақиб дарвозасига тўп киритади. Шацких ўша мавсум 20та гол билан Украина чемпионати тўпурари бўлган.

Бу орада Ўзбекистон миллий жамоасидан таклиф олган Максим Озарбайжонга қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушиб, термамиздаги дебют ўйинида «хет-трик» қайд этган илк футболчи бўлганди. Мавсум сўнгида у терма ва клуб ўртасида ноқулай аҳволга тушиб қолади: «Динамо Киев» ЕЧЛда иштирок этаётган бўлса, бу ёқда миллий жамоамиз ОК-2000 саралаш баҳсларида қатнашаётганди. Келишувда қайд этилганидек, у 20 ноябрь куни Бангладешга қарши майдонга тушиб, иккита тўп киритади ва 24 ноябрь куни «Реал Мадрид»га қарши Чемпионлар Лигаси ўйинида майдонга тушади. 26 ноябрь куни саралашнинг сўнгги учрашувида БААга қарши тўп суриб, ўйин тақдирини ҳал қилувчи гол муаллифига айланади. Бироқ Ливанда ўтган Осиё кубогида термамиз муваффақиятсиз иштирок этгани сабабли, Шацких Осиёда порлаш имкониятидан маҳрум бўлади.

2004 йилги қитъа чемпионатида эса Хитойда тарқалган грипп туфайли қатнашишни истамайди. ОК-2007да у ёмон ўйин намойиш этмади. Саудия Арабистонига қарши баҳсда Максимнинг голи ҳисобга олинмаганлиги адолатсизликнинг бир намунасидир.

Украина футболида ўз ўрнига эга бўлиб улгурган Максим киевликлар шарафини ўн йилга яқин вақт давомида муносиб ҳимоя қилди. «Динамо Киев»га ўзбекистонлик футболчиларнинг «кушандаси» бўлган Юрий Сёмин келгач, Шацких дастлаб майдонда кам кўрина бошлади, сўнг бутунлай захирага «михланди». Унинг ўйин амалиётисиз қолиши термамизнинг ЖЧ-2010 саралаш ўйинларидаги иштирокига салбий таъсир ўтказмай қолмади. Сёмин нафақат Макс, балки Маминов, Пашинин, Денисов каби термамиз аъзоларининг ўйин амалиётисиз қолиб кетишига сабабчи бўлган.

Шунча йиллик ёрқин фаолиятидан сўнг жамоасини тарк этишга мажбур бўлган Максим кейинги йилларда Украинанинг «Арсенал», «Черноморец», «Говерла» каби клубларида, маълум муддат Қозоғистон чемпионатида ҳам тўп суришга улгурди. 2011 йили Қатарда ўтказилган Осиё кубоги унинг фаолиятида сўнгги йирик мусобақа бўлди. Шацких 2014 йили Тошкентда, Уммонга қарши ўртоқлик учрашувида хайрлашув ўйинини ўтказди. Шу куни ЖАР стадионига тўпланган минглаб ишқибозлар олқиши остида термадаги фаолиятини якунлади. Унинг «Динамо Киев» ва термамиз учун қилган хизматлари таҳсинга сазовор. Макс бугун мураббий сифатида фаолият юритмоқда. Балки бир кун келиб Ўзбекистонга қайтар?! Албатта, буни вақт кўрсатади. Факт шуки, барча мухлислар Шацкихни Ўзбекистон миллий жамоаси тарихидаги энг кучли ҳужумчилардан бири сифатида ёдда сақлашади.

Абдулазиз ИСКАНДАРОВ, “ИнтерФУТБОЛ” нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz