Қайднома

Қидирув

Ҳинд суперқаҳрамони

Ҳинд суперқаҳрамони

  18.01.2019 08:21
  0
  639
Ҳинд суперқаҳрамони

Ҳиндистон футболининг чин юлдузи Сунил Четри терма жамоалар тўпурарлари рўйхатида Лионель Мессидан ўзиб кетди. Ҳа, Осиё кубоги гуруҳ босқичи 1-турида Таиланд термаси дарвозасини 2 марта нишонга олган ҳинд ҳужумчиси жаҳон футболи мегаюлдузидан олдинга ўтиб олди. 4:1 ҳисобида тугаган ўйиндан сўнг Сунилнинг Ҳиндистон термаси учун урган голлари сони 67тага етди. Тўғри, ҳинд ҳужумчиси бу борада замонамизнинг яна бир ёрқин намояндаси Криштиану Роналду (85та гол)дан ҳали анча орқада. «Йўқ, мени Месси ва Роналду билан таққослаш шарт эмас, тўғри, тан оламан, бу жуда ёқимли. Муҳими, гол уриш учун туғилган ҳар бир имкониятдан унумли фойдаланишга ҳаракат қиляпман. Шундай иштиёқни сақлаб қолиш баробарида сидқидилдан ишлашда давом этишим керак», - деди ОК-2019да «дубл»лар ҳисобини очиб берган Четри таиландликларга қарши кечган омадли учрашувдан кейин. Хўш, бу голеадор ҳақида яна нималар маълум? Sports.ru сайти ижодкорлари шу саволга жавоб излашди.

 

Сунил Четри фаолияти давомида Ҳиндистонда нақ 5 марта йилнинг энг яхши футболчиси бўлган, бироқ Европада иши юришмаган. Аниқроқ айтсак, ҳужумчи 2012 йили Лиссабоннинг «Спортинг» жамоаси сафига қўшилганди. Ҳиндистонда Португалия клуби машҳурлигини ошириш дастури доирасида лиссабонликлар таркибидан жой олган Сунил «Спортинг» ўринбосарлар жамоасида бир неча марта майдонга тушганидан кейин ортига қайтган. Демакки, у асосий жамоа талабларига мувофиқ келмаган.

Ҳинд футболи афсонаси кейинчалик «Канзас» билан шартнома тузиб, MLSга юзланди. Бироқ тўлиқ мавсум давомида АҚШ клубининг бирор расмий ўйинида кўриниш бермади.

Четри айни пайт 34 ёшда, шунга қарамай, яқинда «КПР» сафига қўшилиши мумкин эди. Фақат Англияда ишлаш учун рухсатнома ололмагани туфайли ҳинд лигасида қолди.

Умуман олганда, 5 йилдирки, Сунил маҳаллий лигада асосий «рамз» бўлиб қолмоқда. Эътиборли томони, 34 ёшли фахрий ҳали-вери тўхтамоқчи эмас.

Четри ва Ҳиндистон терма жамоасининг амалдаги бош мураббийи Стивен Константин ўртасида олдиндан қалин ришталар мавжуд. Бинобарин, англиялик мутахассис Непал миллий жамоасини бошқарган вақтда ҳинд ҳужумчисини тарихий ватани учун ўйнашга кўндирмоқчи бўлган (Четрининг отаси ҳам, онаси ҳам Катмандудан). Бироқ ўша вақт энди 16 ёшга тўлган йигитча таклифни қабул қилмаган. Константин ўшанда роса ранжигандир, аммо ҳозир хурсанд бўлса, ажабмас.

Таъриф

- Европада ҳиндистонлик футболчиларга умуман қизиқишмасди. Шунинг учунми, 2008 йили «Лидс», «Спортинг» ва «Бенфика» каби клублар панжоблик ўсмирга каттагина сумма таклиф этишга тайёр тургани ҳақида хабарлар тарқалгач, ҳамма қаттиқ ажабланганди. Сунил Четри шу тариқа футбол давралари муҳокамасига тушганди. Бугунга келиб, у жаҳон футболидаги энг машҳур ҳиндга айланди. Ҳиндистон миллий жамоасида 100тадан кўп ўйин ўтказган ягона футболчи ҳам айнан Четридир. У «ЖКТ» клубидаги илк 11та баҳсда 12та гол урган ва ҳамон ҳинд футболи рекордчиси бўлиб турибди. Ҳужумчи бир қатор манфаатли таклифлар олганига қарамай, ҳинд диёридан четга чиқишни истамади. Айни пайт мамлакатнинг энг кучли клубларидан бири - «Бенгалару» шарафини ҳимоя қилаётган фахрий ҳужумчи ҳамон маҳсулдорлиги билан ажралиб турибди. Tribuna.com экспертлари.

- Сунил ҳақиқий профессионал. У ҳар бир ўйинда терма жамоа манфаати йўлида бор кучини сарфлашга одатланган. Қисқаси, туғма голеадор ва чинакам жонкуяр. Стефан Конс-тантин (Ҳиндистон терма жамоаси бош мураббийи).

Айтганча...

Осиё футболининг яна бир суперқаҳрамони - жазоирлик ҳужумчи Боғдод Бунеджаҳ 2018 йили гол уриш бобида ҳам Лионель Месси, ҳам Криштиану Роналдуни ортда қолдирди. Қатарнинг «Ал-Садд» клуби вакили ортда қолган йили 40та ўйинда иштирок этиб, рақиблар дарвозасини 59 марта (!) нишонга олди. Месси ва Роналду эса йилни тегишлича 51 (54та ўйинда) ва 49та (51та ўйинда) гол билан тугатишди. Жазоирлик ҳужумчи «Ал-Садд»да еврофутбол юлдузлари - Хави ва Габи билан ёнма-ён ўйнаганини ҳам айтиш ўринли. Асосийси, у машҳурлар олдида ўз ўрнига эга. Ҳар ҳолда, Боғдод Бунеджаҳ Қатар лигасининг бош сиймоларидан бирига айланиб улгурди.

Содиқжон Раҳмонов тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz